Дуонинг залвори

0ST2RchBEE8Ҳикоят қилинишича бир куни фақирона кийинган, маъюс бир аёл сабзавот дўконига киради. Дўкон соҳибига тортинибгина яқин борди ва эри оғир хасталик туфайли бирор бир ишга ярамай, тўшакка ётиб қолгани, етти боласи борлиги, уларнинг очлик азобидан қийналаётганини айтди. Сотувчи унга терс қараб:

-Эй, тиланчи хотин, тезда дўконни тарк эт.- деди. Аёл эса болаларининг емак ейишга эҳтиёжи борлигини айтиб ёлворганча:

-Илтимос, тақсир, болаларимнинг қорнини тўйдириб, одамларнинг эшигига ишлагани жўнатаман. Улар ишлаб пул топиб келган заҳоти қарзингизни қайтараман,-деди.

Дўкондор аёлнинг илтижоларига парво қилмай, уни танимаслиги, доимий харидорларидан эмаслигини айтиб, илтимосини рад этди. Шу пайт дўкон ташқарисида турган бир мижоз сотувчи билан аёл ўртасида бўлаётган суҳбатни эшитиб қолди ва ичкарига кириб дўкондорга:

-Бу аёлга сўраган нарсаларини бер, мен кафил бўламан, қарзини қайтаради,-деди. Унинг гапига кўра сотувчи аёлга қаради-да, истамайгина:

-Оладиган нарсаларингни рўйхат қилганмисан?-дея сўради. Аёл тасдиқ маъносини бериб бош ирғади.

-Ундай бўлса уни тарозининг бир палласига қўй-да, иккинчи палласига ўзинг оладиган нарсаларни қўй. Рўйхат қоғозингни вазнига тенг нарсаларни бераман,-деди.

Аёл бир муддат турди-да, бошини қуйи эгиб чопонининг чўнтагидан қоғоз парчасини олиб тарозининг бир палласига қўйди. Шу пайт дўкондор ва кафил мижознинг кўзлари ҳайратдан катта – катта очилди. Тарозининг тош қўйиладиган палласи қоғоз парчасининг оғирлигидан чўкиб кетганди. Дўкондор кафил мижозга қараб эзғин товушда:

-Ишонмайман… Ишониладиган ҳолат эмас… – деди.

Тарозининг маҳсулот қўйиладиган палласи керагидан ортиқ нарсалар билан тўлди. Дўкондор ваъдага биноан аёл олган ҳамма егуликларни халтага жойлаб, қўлига тутқазди. Зудлик билан нималардир ёзилган қоғозни қўлига олди-да, ўқиди. Унга харид қилинадиган маҳсулотлар рўйхати эмас, қуйидаги сўзлар ёзилганди: &Аллоҳим! Нимага эҳтиёжим борлигини ёлғиз ўзинг биласан. Шунинг учун ўзимни Сенга таслим этаман. Ўзингга таваккал, Ўзинг омонат берган болаларимнинг ризқини етказ!”.

Дўкондор тош каби қотди-қолди. Аёл унга ташаккур айтиб, дўкондан чиқди. Аёлнинг харидига кафиллик қилган мижоз бир даста пулни дўкондорга берди ва &Қайтими керак эмас”, деди. Мижоз дўкондан чиқиб кетаётиб, тарози паллаларининг синганига кўзи тушди. Нима сабабдан тарози палласи сингани ва дуонинг кучи нақадар залворли экани ёлғиз Аллоҳгагина маълум эди…

Қиссадан ҳисса шуки: Аллоҳга чин кўнгилдан қилинган илтижо бу — дуодир. Аллоҳнинг марҳамати кенг, астойдил сўралган эзгу ният албатта эртами-кечми ижобат бўлади. Ана шундай шафоатли кунларда ҳар биримиз ҳам Яратгандан яхши амалларни сўраб дуога қўл очайлик!

Абдужалол ТУРДИЕВ

Мақола 803 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*