Дуо ижобати

Client Resources%5CHTML Pages%5C430%5Cphotos12121Қадимдан кексаларни эъзозлаш маънавий қадриятларимизнинг ўзаги бўлган. Чунки, кексалар ҳар бир хонадоннинг барака булоғи ва келажак ворислари бўлмиш ёшлар ҳаёт йўлининг нурафшонларидир. Албатта «Қариси бор уйнинг, париси бор”.

Халқимиз севган ёзувчи Ўткир Ҳошимов «Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобида ”Хонадонингизда кекса одам борми? Бахтли экансиз! Дунё ташвишларидан тўйиб кетсангиз, шуларни зиёрат қилинг: ҳаёт абадий эмаслигини ўйлаб, таскин топасиз. Хонадонингизда гўдак борми? Сиз ҳам бахтли экансиз… Дунё ташвишларидан тўйиб кетсангиз, гўдакни бағрингизга босинг: ҳаёт абадий эканини ўйлаб, таскин топасиз.” — деб ёзган. Қаранг, агар истасак кўнглимиз кекса авлоддан ҳам кичик авлоддан ҳам таскин топаркан.

Шундай экан, биз ёшлар кекса ота-оналаримизнинг дуоларидан, ҳаёт тажрибаларидан ва ибратли ҳикоятларидан қанча кўп баҳра олсак, улардаги шукроналик ҳисси билан дилимизни тобласак, эртанги кунимиз кўп ёруғ ва хўп баракали бўлади.

Донолар айтади: Кексалик — яхши инсонлар учун муаллимлик, устозлик демакдир. Кексалик — инсон ҳаётининг интиҳоси эмас, гултожисидир. Ёшлик — доноликни ўрганадиган палла, Кексалик- уни қўллайдиган палла.

Бугунги суҳбатимиз «Дуо ижобати” тўғрисидаги ривоят ҳақида. Ривоятни эртамиз давомчилари фарзандларимизга ҳам ўқиб беринг.

Бир пири комил шогирдлари билан мадраса кўчасидан борардилар. Одоб-аҳлоқ бобида устоз ва шогирдларнинг суҳбати авжида эди. Уларни кўрган йўловчиларнинг ҳаваси келарди ва салом-алик билан ўтардилар.

Ногаҳон шогирдлар йўловчилар орасида бир йигитни кўриб қолишибди. У одобли ва билимли ёшларга хос ораста кийинган эди. Устоз бу йигитни қўшни қишлоқдан эканлигини, унинг ота-боболарини ҳам танишлигини айтибди. Шогирдлар бу йигитга ҳавас қилишиб, уни ўз гуруҳларига олишни таклиф қилибдилар. Шунда устоз бир оз ўйланибди-да: «Бу йигит иймон-эътиқодли, яхши таълим-тарбия олган. Лекин умри калта, уч кундан сўнг вафот этади, бу Яратганнинг иродаси”- дебди.

Пири комилнинг бу хабаридан шогирдлар эсанкираб қолибдилар. Ноилож, одамзоднинг жони ҳам моли ҳам Аллоҳга омонат…

Орадан уч кун ўтибди. Шогирдлар мадраса томон кетаётганларида, тўсатдан бояги йигитга дуч келибдилар, кўзларига ишонмабдилар. Йигит салом бериб ўтиб кетибди. Улар ҳайрон эди, наҳотки ўша йигит…

Иккала шогирд устознинг аввалги фикрига эътирозли оҳангда бу ҳодисанинг тафсилотини сўрабди. Пири комил шогирдлар эътирозини тўғри қабул қилибди, бу йигитнинг тақдир йўли бутунлай ўзгарганлигини билдирибди. Бунинг сабабини устоз шундай изоҳлабди.

…Уч кун аввал йигит уйига кетаётганда, катта ариқ устидаги кўприкдан ўтолмай қопга суянган ҳолда ўтирган бир чолга дуч келибди. У ўта ҳорғин ва мадорсиз эди. Йигит саломлашибди. Аввал қопни ариқнинг нариги қирғоғига олиб борибди. Сўнгра чолни опичлаб кўтариб кўприкдан олиб ўтибди ва манзилига кузатиб қўйибди. Йигитдан минатдор бўлиб юзидан нур таралиб турган бу кекса қўл очиб: «Аллоҳ умрингни узоқ қилсин, ризқингга барака берсин, бола-чақанг ва молинг кўп бўлсин” — деб йигитни дуо қилибди. Сўнгра «Балли болам, отангга раҳмат” — дея елкасини қоқиб қўйибди.

Яратганнинг иродаси билан кекса кишининг дуоси ижобат бўлибди. Йигитга узоқ умр, баракали ризқ насиб этибди. Бу — дуонинг ижобати эди.

Шундан сўнг пири комил шогирдларининг сўрови билан, кексаларни қадрлаш одоби ва дуонинг аҳамияти тўғрисида таълим берибди.

Азизлар! Қиссадан ҳисса шуки, кексалар дуоси ҳаёт йўлимизни безайди. Энг аввало шукроналик ҳисси билан яшаётган киши яхшилик учун дуо қилади.

Ҳар бир кишининг одамийлиги унинг аҳлоқига қараб баҳоланади. Ота-боболарнинг «Олтин олма, дуо ол” каби ўгитларига амал қилиб, бир-биримизга янада хокисор бўлайлик. Бир қўшиқ бор: «Қўлимни чўғ куйдирмас, тош чиқмайди ошимдан. Чунки ота тоғим бор, онам дуо боғим бор”.

Шукроналар айтиб, меҳригиё ота-онамизни дуосини олайлик. Оллоҳ дастимизга берсин, уйлар қурайлик, тўйлар қилиб элга ош берайлик. Қани энди марҳамат, дошқозонда пишган тўй ошини дуогўйларимиз бошлаб беришсин.

Ғафур ЮЛДАШЕВ.

«Uchquduq» газетасидан олинди.

Мақола 702 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*