Донолар бисотини қайси нодон “Бизаяпти?”

скачанные файлы

Бир муддат илгари масхарабозликни ўзига касб қилиб олган бир уюм такасалтанглар каттасаҳнага қай йўллар биландир чиқиб, халқ донишмандлигининг, донолигининг рамзи,ифодаси бўлган мақолларни, ҳикматли сўзларни бузиб (ўзларининг шеваси билан айтгандабизиб”) айтиб, гўёки одамларни кулдирган бўлишди.

Ёмон тарафи эса, уларнинг ана шу “бузғунчилиги” айрим ёшлар, болалар забонида ўрмалаб қолди. Улар эшитганига кўр-кўрона ишониб, катта саҳнада айтилдими, демак тўғри келган жойда айтаверса бўларкан-да, деган фикрга келишди чоғи тушунса-тушунмаса, “бизилган” мақолларни жой танламай айтиб кетаверишди.

Юқорида айтганимиздай, мақоллар, ҳикматли сўзлар – халқ донишмандлигининг рамзи. Уларда азалдан такомиллашган донолик, топқирлик, кузатувчанлик мужассам. Масалан, табиат ҳодисалари хусусидаги “Ҳамал келди – амал келди” ёки “Ҳут кирди – ер остига дуд кирди, деҳқоннинг пайтавасига қурт кирди, дастурхонга қут кирди” каби шеърдай айтиладиган мақоллар халқ кузатувчанлиги ифодаси бўлиб, табиат билан бир бутун бўлиб яшаган ота-боболаримизнинг ўткир зеҳнидан, нозик уқувидан далолат бериб туради.

Сўзлашувда ҳам мақоллар ёки ҳикматли сўзлар айни нишонга уради – бир нечта гап билан ҳам ифодалаб бўлмайдиган фикрни уч-тўрт сўзли нақл ёрдамида аниқ ифода этиш мумкин.

Масалан, кўпчиликни бир ишга бошлай олмай хуноб бўлиб турганингизда, ҳар қандай панду насиҳатдан кўра “Тўртовлон тугал бўлса тепадагини эндирар”, “Бирлашган ўзар” каби мақоллар тезроқ, аниқроқ таъсир қилади.

Хуллас, мақолда ҳикмат кўп.

Аммо тилимизга, сўзлашувимизга сингиб кетган шундай нақллар ҳам борки, улар нима мақсадда айтилганига, мантиғи нимада эканига тушунмайсан киши.

Масалан, “Отамнинг ўлишини билсам, бир ҳовуч кепакка ёки бир ҳовуч арпага алмашардим”, деган мақолни олиб кўрайлик. Қулоққа ғалати эшитилади. Мантиқ тугул, ахлоқдан ҳам нари туюлади. Тўғри-да, ким ҳам отасини, умуман, яқин кишиларини арзимас нарсага алмашиши ёки тенг қўйиши мумкин? Ҳеч ким. Унда бу мақолдан мурод нима? Не сабаб у тилимизда мудом яшаб келаяпти?

Аслида бу мақолнинг замирида бошқа гап бор. Яъни унда аслида отам эмас, отим, деб айтилган. Яъники отимнинг ўлишини билсам, бир ҳовуч арпага алмашардим.

Сўзлашувда эса “отим” сўзи ўрнига “отам” деб айтиш бирмунча қулай ва осонроқ. Ана шу фонетик сабаб билан бемаза бир мақол пайдо бўлиб қолган.

“Узумини енгу боғини суриштирманг”. Бу мақол кунда-кунора турфа сабаблар билан ишлатилади. Аслида бу нақл таг-замирида меҳнат қилиб, боғ кўкартирган, мевасидан кўпчилик баҳраманд бўлгану ўзини мақташларини у қадар ҳам хоҳламайдиган камтар деҳқон образи мужассам. Аммо давр ўтиши бу мақолга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмаган. Эндиликда у қандай йўл билан топилганидан қатъи назар қаердан, кимдан келганини суриштирмай, берилган нарсани олавер, деган маънони ифодалаб қолган. Кўпинча бу мақол тамагирлар учун дастак вазифасини ўтайди.

Ёки “Сочи узуннинг ақли калта бўлади” деган гапни олайлик. Хўш, бунда қандай мантиқ, маъно-мазмун бор? Менимча, ҳеч қандай. Чунки сочнинг узунлиги ақлга умуман боғлиқ эмас. Аммо узун сочига андармон бўлиб, ўзини, оиласини, дунёни унутиб қўйган, қиладиган иши, рўзғор юмушлари ўлда-жўлда қолиб кетадиган қизларга қачонлардир пичинг билан шу нақл ишлатилгану давр ўтиши билан у ўзаро сўзлашувга сингиб кетиб, ҳатто айримлар, демак сочи узуннинг ақли қисқа бўларкан-да, деган қатъий фикрга келиб, ҳатто айрим калтафаҳм йигитлар қизнинг сочи узунлигидан хабар топиб, совчи зотини йўлидан қайтаргани ҳам рост.

Яқинда ўзимизнинг радиони эшитиб турсам, сухандон фоже бир тарзда “Донолар бисотидан” деди ва “ҳикматли” бир воқеани айтиб берди. Эмишки, бир одам доим қувноқ юраркан. Боисини сўрашса, ҳар куни ойнага қарайман-да, бугун қувноқ юришим керак, дейман. Бу – шунинг натижаси, дебди.

Ўта кулгили ҳолат бўлса-да, сухандон буни худди биров ўлиб ё йўқолиб қолгандай кўринишда ўқиб бердию мен хаёлга толдим.

Бир қараганда, шуям гапдай, нимадир дейилмоқчидай унда. Энди бир ўйлаб кўринг: оилавий ташвишлардан, ишдаги бошоғриқлардан чарчаган одам ойнага қараб, бугун қувноқ бўламан, деб ўзига сўз берди. Таъсир қилармикан? Муаммо ҳал бўлиб қолармикан? Йўқ. Ойнага қараб, юмалаб кулмайсизми, ҳеч нарса ўзгармайди.

Аслида шу матални кўпчилик эътиборига ҳавола қилган кишилар сиқилиб юрма, фойдаси йўқ, ундан кўра кўнглингни кенг тутишга ҳаракат қил, ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади, дейишлари ҳам мумкин эди. Маталдан кўра яхшироқ таъсир қиларди. Кейин, бу маталнинг донолар бисотидан эканига ҳам шубҳа туғилади кишида. Худди кимдир ўтири-и-б тўқигану “донолар бисотидан” дея туфлаб ёпиштириб, шундай десак тўқилгани билинмайди, деб ўйлашгандай.

Яқинда худди шундай бир китоб қўлимга тушиб қолди. Адашмасам, номи “Донолар хазинасидан” эди. Дарҳақиқат, унда яхши гаплар, ҳикматга тўлиқ сўзлар кўп экан.

Бу китобчада ҳам бир “ҳикматли” воқеа эътиборимни тортди. Унда айтилишича, кўп йиллар яшаган бир одамдан узоқ яшашнинг сирини сўрашганда, бояги кекса “Аслида бундан ҳам кўпроқ умр кўришим мумкин эди, бир куни менга овқатни кеч олиб келишди, умримнинг анчаси ўшанда қисқарганди”, дея жавоб берган экан.

Яъни унда айтилмоқчики, ўз вақтида овқатланиш умри узоқликда муҳим омил.

Бу ҳақда “Кўп яшай десанг, кам е, кам де, кам ухла” деган ғоят аниқ, ғоят пишиқ нақл ҳам айтилган. Аммо юқоридаги “ҳикмат” бунинг ғирт тескариси. Яъни унда гўёки узоқ яшаш сири айтилгану, аслида ўзининг овқатини ҳам биров келтириб берадиган, биров келтириб бермаса, ўрнидан туриб ҳатто олиб келишга уринмайдиган ишёқмас, дангаса, танбал, тепса-тебранмас одам қиёфаси очилиб қолганини назардан четда қолдиришган.

Бундай бўлгандан кейин ҳар қандай одам узоқ умр кечиради-да. Аммо бундай умр умрми? Шуни тарғиб қилаётган ҳикмат ҳикматми? Ҳамма масала шунда.

Ана шундай “ҳикмат”лар катта саҳналарда, оммавий ахборот воситаларида жаранг сочиб тургани учун ҳам турли мантиққа зид мақоллар, иборалар урчиган, урчияпти. Маънодан холи бўлса-да, сўзлашувда, муомалада бўлган шу каби “мақол”ларни, табиийки, ёшлар ҳам ишлатади ва бу бемаза “ҳикмат”ларнинг умри яна узаяди.

Ўзини санъаткор, сухандон ва шунга ўхшаш номлар билан атайдиган кишилар эса кўпнинг ҳукмига ҳавола қилаётган фикрини халқ донолигининг ифодаси бўлган мақолу нақллар билан зийнатлашдан аввал айтаётган гапининг нимага хизмат қилишини ўйлаб, унинг туб-замирида нима гизланганидан бохабар бўлиб сўз юритишса, айни муддао бўларди. Шуни унутмаслик керакки, донолик ифодаси бўлган нарсаларни фақат нодонларгина бузади.

Кўраяпсизми, мақоллар, ҳикматли сўзлар қандай кучга, таъсирга эга. Энди унинг бузиб талқин қилинган кўринишлари қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қилиб кўринг. Тўғри, бир жойни ўт олиб ё сув босиб кетмайди, аммо кишилар, айниқса, ёшлар дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Ҳечқурса, тилимизни, маънавий бойлигимизни бузишга “хизмат қилади”.

Б.ЎКТАМ

Мақола 421 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*