Дадам билан учрашув

103320421_2749438_papa_i_dochkaДунёга келганимни ёлғиз онам кутиб олган экан. Чунки дадам менинг ёруғ дунё юзини кўришимни кутишга сабри етмай онам иккимизни ташлаб кетган…

 Ҳозирда талабаликдан сўнг, онам раҳбарлик қилаётган ички касалликлар бўлимида ишлаётган оддий шифокорман. Яқинда рўй берган воқеа туман ичида йитган болалигимга қайтишга, ҳаётимдаги воқеаларнинг ҳеч бири бежиз рўй бермаганини тушунишга ундади.

Ота-онам талабаликда танишиб турмуш қуришган. Ўқишни тугатмай оила қуришгани сабаб жуда қийналишган экан. Аввало турар жой масаласи, кейин рўзғор, ўқиш…

Тўйдан сўнг юкларини кўтариб кириб- чиқмаган кўчалари қолмаган. Ижарама-ижара юрганларида онам ҳомиладорлигини билиб қолибди. Шундан кейин ҳақиқий қийинчиликлар бошланибди. Дадам ойимнинг кўнгли тусаган егулигини олиб беролмас, худди атайлаб қилгандек, мен ҳам ойимни жуда қийнаган эканман. Балки шундай шароитда дунёга келгим келмагандир?

Ўқишдан кейин дорихоналарда навбатчи бўлиб ишлаган дадам арзимаган пул топар, дарсларни ўзлаштириши ҳам пасайиб кетаверибди. Онамнинг айтишича, баъзида тушликка мўлжалланган овқатларни тўйиб емасдан, ярмини кечқурунга олиб қўйишар экан. Дадамнинг ота-онаси ёрдам бера олмас, ойимнинг ота-онасидан ёрдам сўрашга эса рухсат бермас экан. Ойимнинг сўзларига кўра, дадамни йўқчилик, биридан сўнг бири пайдо бўлаверган муаммолар йиқитганмиш. Ҳомиладор аёлини парвариш қила олмаганидан эзилиб, муаммолар гирдобидан чиқолмай ичадиган бўлиб қолганди, дейди дадамни ёмонлашни истамай.

Ўғлининг кундан-кун ичкиликка берилаётганидан хавотирга тушган бобом институтдан ҳайдалмасин, деб ўқишидан бир йиллик таътил олиб қишлоққа олиб кетибди. Ойимга эса таътил берилмабди. Дадам ўқишни ташла деганида ойим рози бўлмаган ва дадамнинг инсофга келишини кутибди. Лекин менинг дунёга келишимга саноқли кунлар қолганида дадамдан ажрим қоғози келибди.

…Битирув имтиҳонларини топшираётган ойимга холам ёрдамга келибди. Онам имтиҳонларни топширгунча холам мени кўтариб, институтни айланиб юраркан. Ўша йили холам мени деб ўқишга ҳам кирмаган экан. Ойим ўқишни тугатиб ишга киргач, ўқишга кирган холам биз билан яшай бошлабди.

Каттароқ бўлганимдан кейин уларнинг гап-сўзларидан дадам ҳозир Тошкентда яшаётгани, уйлангани, тиббий марказ очгани ҳақида эшитиб турардим. Лекин шу йиллар давомида дадам бизни бирор марта ҳам сўраб келмади.

Олтинчи синфда ўқиётганимда дарсдан сўнг сузиш спорт секциясига қатнардим. Қиш бўлганлиги учун эрта қоронғи тушадиган маҳал. Секция машғулотларини тугатиб ғира-шира қоронғуда уйга қайтаётгандим. Йўллар муз билан қопланган. Сирпаниб кетмай деб йўлдан секин ўтаётганимда чап томондаги кўчадан кутилмаганда бир машина катта тезликда чиқиб келди. Югуриб ўтишга улгурмасимдан машина қўлимда осилиб турган сумкамни туртиб ўтиб кетди. Қаттиқ зарбадан икки-уч қадам нарига сирпаниб учиб кетдим. Қаттиқ тормоз бериб тўхтаган машина ҳайдовчиси шошиб тушди. Ўрнимдан турганимни кўриб, «хайрият-эй!”,-деб уст-бошимни қоқиб, пешанамдан ўпди-да, тезда машинасига ўтириб, газни босди.

Қўрққандан шокка тушар даражада ҳайдовчига қаттиқ тикилибманки, қўрқувдан катта очилган кўзлари хотирамда муҳрланиб қолди. Ортимдан шошиб келган амаки мендан сўради:

-Машина сени туртвордими ёки узоқдан менга шундай туюлдими?- деди у иккиланиб.

-Туртворди…-дедим хўрлигим келиб. Амаки машинанинг ранги ва рақамларига қарамаганимни сўраб билгач, уйгача узатиб қўйди.

Менга зарар етмаганини кўрган ойим «боламнинг жони соғ қолганига шукр” деб машина эгасини суриштирмади.

Ўша одамни қайтиб учратмаган бўлсам-да, чеҳраси кўз ўнгимдан бир умр кетмайди.

Йиллар ўтгани сайин кўп воқеалар ёддан кўтарилди. Лекин ўша ҳодисани эслашим билан кўзлари даҳшатдан катта-катта очилган чеҳра хотирамда намоён бўлаверади…

Дадамни унутолмаган ойим бошқа турмуш қурмадилар. Мактабни тугатганимдан сўнг мен ҳам тиббиёт институтига кирдим. Бир куни навбатчилигимда егуликдан заҳарланган қизни олиб келишди. Қизнинг ўзи ҳам дўстлари ҳам ғалатироқ эди. Ошқозонини ювиб, томчи дори қўйиб ётқизиб чиққанимда, уни олиб келган икки йигит ва бир қиз мени четга тортиб:

-Дўхтир,-деди улардан бири хориж валютасини беписанд бармоқларига қистирганча.-Бу хизмат ҳақингиз! Фақат қизнинг ота-онасига ҳеч нима айтманг, – шундай дея у юз долларни халатимнинг чўнтагига солди. Ўзимдан нари борса икки-уч ёш кичик йигитларнинг беписанд муомаласи нафсониятимга тегди.

-Пулингизни олиб қўйинг,-дедим оғирлик билан ва икки буклаб кўйлагининг чўнтагига солиб қўйдим.

-Олавермайсизми, ярим ойлик маошингиз-ку, бу! Хавотирланманг бу қизнинг пули кўп. Дадаси миллионер…-деди ёш боладек мақтаниб.

-Бир икки кун кутинглар, аҳволи яхшиланса, олиб кетасизлар. Меҳмонингиз экан, нега мунча кўп ичирдинглар? – дедим хонамга кириб кетарканман олифта йигитнинг кўзига тик қараб.

Бир маҳал йўлакда шовқин-сурон эшитилди. Шошиб чиқдим.

-Нега мен оддий палатада ётибман? Люксдан жой топилмадими? Шприцни бир марта ишлатиладиганидан фойдаландингларми? Намунча чойшаблар кир-исқирт ?…

Юзидаги бўёқлари чапланиб кетган, жазавага тушиб бақираётган қизга қараб бунга қандай ота-она тарбия берган экан-а, деб ачиниб кетдим.

-Ўзингизни босинг! Ҳеч қаер исқирт эмас. Бизда шприцлар фақат бир марта ишлатилади,-дедим ўзимни аранг босиб.

-Мен беморман, овозингизни кўтарманг, ҳозир дадамни чақираман,-деди у чинқириб. Кейин телефонда дадаси билан ҳам худди шу оҳангда гаплашди.

Мен уни ўз ҳолига қолдириб хонамга қайтдим. Бир маҳал яна шовқин-сурон бўлди, чиқсам, бир киши қизни худди ёш боладек тинчлантирмоқчи бўлар, қиз эса баттар инжиқланиб ҳиқилларди. Палатага кириб борганимда эркак мен томонга кескин ўгирилди. Жойимда қотиб қолдим. Хотираларимда яшайдиган ўша кўзлари қўрқувдан катта-катта бўлиб кетган, қошлари чимирилган чеҳра эди бу. Қалқиб кетгандек бўлдим. Дарров ўзимни қўлга олдим.

Қизнинг дадаси биздан қайта-қайта кечирим сўради. Туни билан бу одамга бор гапни айтсамми, деб ўйлаб чиқдим.

Эрталаб навбатчиликни топшириб, ташқарига чиққанимда касалхона ҳовлисида ойим билан турган ўша одамга кўзим тушди.

Уларга яқинлашганимда ойим ғалати оҳангда мени таништирди: — Бу ўғлим Фахриддин… Бу киши эса… даданг!.

Қотиб қолдим. Демак, қоронғида мени машинаси билан туртиб юборган, кейин пешонамдан ўпиб, қочиб кетган одам дадам экан-да!

-Сен ҳам шифокор бўлибсан-да… –деди дадам менга бошдан оёқ разм соларкан, аранг кўз ёшларини ютиб, жилмайишга ҳаракат қиларкан.

Жавоб беришга тилим айланмади.

-Сен мендан кўра иродали экансан, ёлғиз оёққа туриб, ўғлимиз… ўғлингга ҳам яхши тарбия берибсан, ўқитибсан! Мен эса… Қизим онасининг худди ўзи бўлган. Унинг кечаги қилмиши учун яна бир бор кечирим сўрайман… – деди хижолат бўлиб.

Бир пайтлар менинг дунёга келишиб сабаб ажрашиб кетишган ота-онам яна мен сабаб учрашиб туришибди. Тақдирнинг бу ҳазилига кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қотиб турардим. Онамдан кечиб бойлик орттирса-да, оиласида ҳаловат топмаган бу одамга қараб ачиниб кетдим.

Ота учун ноқобил фарзанддан ортиқ жазо борми, деган ўй ўтди хаёлимдан.

Узоқ йиллар мени қийнаган жумбоқ ечим топгани билан кифояландим…

Энди мени бир пайтлар машинасида туртиб кетган одам дадам эканлигини билардим. Фақат тақдир нега бизни яна учраштирганини билмасдим. Онамнинг ёш тўла кўзлари меҳр билан боқиб турганини кўриб, бу саволимга ҳам кўп ўтмай жавоб топсам ажабмас, деб ўйладим. Ҳеч гапдан хабари йўқ ойим эса уни менинг тўйимга айтишга ваъда бериб, хайрлашди.

Райҳон ҚОДИРОВА

«Uchquduq» газетасидан олинди.

Мақола 590 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*