Чўпоннинг чопони

3E0CFC67-FBCD-4275-9381-FA7B2C9CE486_cx1_cy7_cw99_w610_r1_s_r1Олийгоҳни энди тугаллаб келган йилларим эди. Ўша кезлар энг кўп нусхада чоп этиладиган “Олға бос” газетасига ишга жойлашдим. Аввалига иш бошлашим бироз қийин бўлди. Бу даргоҳда ўттиз – қирқ йил ишлаб, суяги газетачиликда қотган устозлар кўп эди. Мен ана шу қалами қайралганлар сафига кирдим.

Бир куни бош муҳаррирнинг навбатдаги топшириғи билан икки кун қир-адирларда юриб “Чўпоннинг чопони” деб номланган мақола ёзиб, таҳририятга олиб келдим. Албатта, мақолани биринчи бўлиб, қишлоқ хўжалиги бўлими мудири Қайсарбек Кимсанбоевга кўрсатишим керак эди. Аста хонасига мўраладим. Бўлим мудири ғоят берилган ҳолда диққат билан нималарнидир ёзиб, тағин ўчириб ўтирган экан

– Қайсарбек Кимсанбоевич, кирсам майлими?

– Кимсан? – деди у киши қоғоздан бошини кўтармай. – Муддаоингни ўша ердан айтиб кетавер.

– Бу мен, янги келган ходимман.

– Ҳа, сенмисан, кир.

– Мақола тайёрлаб келгандим, шуни…

– Битта мақола ёзиш учун икки кун кетасанми? Ана, мендан ўрнак олсанг, бўлмайдими? Телефон орқали факт олиб, бир соатда ёзиб ташлайман, бунақа нарсаларни.

– Кечирасиз, мен қаҳрамоним билан суҳбатлашиш учун тоққа чиқиб келдим. Уларнинг яшаш шароитини ўргандим. Ёмғирда сел келиб оқиб кетаётган қўзичаларни қутқардим, – дедим худди айб иш қилган кишидек қунишиб.

– “Тандир”чалар ҳам едингизми? – деди бўлим мудири менга бақрайиб. қараганча. – Ҳа, хўп. Ҳали ёшсан, секин-секин киришиб кетарсан. Қани, “ашъорингизни” берингчи? – деди “ашъор” сўзига алоҳида урғу бериб. Кейин ёзганларимга кўз югуртираркан, негадир, бирдан авзойи ўзгара бошлади.

– Ўв, журналист! Менга қара, қачон ёзишни ўрганасанлар-а? Сизларга университетда нимани ўқитишган ўзи? Буни қара, сарлавҳанинг ўзидан бемаънилиги билиниб турибди. Тавба, “Чўпонинг чопони”. Нима бу? Сен тикувчи эмасмисан? Чўпонинг чопони билан нима ишинг бор. Энди буёғига, мақоланинг бошланишига қара: “Чўпоннинг таёғи оғир, еган нони қаттиқ бўлади… Иҳм, иҳм… Ёмғирда шалоббо бўлган чопони ҳали қуримасдан, яна сурув кетидан чопиб кетди. Иҳм, иҳм… Тавба-ей… Қўй: “мени туёғимдан қаттиқ одам боқади, деган экан. Шунинг учун ҳам ҳаммаям чўпонлик қилавермайди…”

– Менга қара, бу сен ўқиган журналистикада нима, қўй тили ҳам ўтадими? Қўйнинг шунақа деганини ким эшитган? Нима қиласан ёлғон ишлатиб. Энди бу гапинга қара? Нима учун чўпон еяётган нон қаттиқ бўлиши керак. Ахир, чўпонларга шогирд тушадиган бирорта ёш қолмади. Энди-энди чўпон бўламан, деб турганларни ҳам йўлдан қайтармоқчимисан?! Шу сўзнинг ўрнига “дастурхонга энди узилган оппоқ бўрсилдоқ нонлар қўйилиши билан, маданий ҳордиқ чиқараётган чўпонинг иштаҳаси очилиб кетди”, дейиш мумкинмиди? Мумкин эди…

Бўлим мудири “еган нони қаттиқ” деган жумлани ўчириб, ўзича неларнидир ёзди-да, минғирлашдан давом этди.

– Энди манави жумлангга қара “чўпоннинг таёғи оғир”. Бу нима деган гап? Ҳеч бир замонда зил-замбилдай таёқ кўтарган чўпонни кўрганмисан, ўзи? Борибсан, чўпоннинг таёғини кўтариб кўрдингми? Мана, нима деб ўзгартирамиз. “Чўпон ўзининг силлиқ ва бежирим, енгилгина таёғини олиб сурувнинг орқасидан қушдек учиб борарди”. Ана бу бошқа гап!

Устоз ўзининг ёзган сўзларидан сармаст эди. Мен энди гап бошламоқчи эдим. Афсус, ўз ишидан мамнун Қайсарбек Кимсанбоев яна гапни илиб кетди.

– Бу гапингни қара, “Чўпон, қишнинг қаҳратон кунларида, ёзнинг жазирама иссиқларида доимо ўзига йўлдош бўлган ва ўзи учун қадрдон бўлиб қолган чопонини шогирдига, яъни ўғлининг елкасига ёпди”. Шу ҳам жумла бўлдими? Чўпон келиб-келиб ўзининг ўғлига шунча йил кийилган эски чопонини ёпадими? Ахир, бир қўзичоқни сотса ўнта чопон бўлади-ку? Мана қара, нима деб ўзгартирамиз. “Донгдор чўпон Сурувбек Қўчқоров ўзининг шогирди яъни Алпомиш келбатли ўғлига уйда қалашиб ётган зарбоп тўнлардан бирини ёпди”.

Очиғи, борган сайин кайфиятим бузила бошлади. Устозга нима дейишни билмай, бошим қотди.

– Мен, ахир…

– Нима, ахир? Мана, бу жумлангга қара! Тавба-ей, “Сурувбек Қўчқоровнинг чопонини кийган ўғли бир пасда улғайиб қолди. Шунча йил отасининг елкасига соябон бўлган чопонда минглаб қўйларнинг изи, ҳиди яширинган эди. Шогирд уни ҳидлай-ҳидлай сурув томонга ички бир ҳаяжон ва ҳадик ила қараб қўярди”.

– Бу нима деган гап! Чет элликлар бу мақолани ўқиб қолса, нима деган одам бўламиз? Булар ҳали ҳам қолоқ экан, дейишмайдими? Мана, қара қандай ёзамиз: “Сурувбек Қўчқоровнинг яп-янги зарбоф тўнини кийган ўғли ўзини гўё куёвлардек ҳис қилиб, француз атири анқиб турган тўнни қайта-қайта ҳидлаб қўярди. Буни кўрган қўй-қўзилар хурсандликларидан маъраб юборишди”.

Қайсарбек Кимсанович кўзойнагининг тепасидан менга ғалати қаради.

– Биласанми, бу ерни таҳриррият деб қўйибди, ўз номи ўзи билан таҳрир… рият. “Ҳар бир мақола обдон таҳрир-р-р қилинсин ва ҳеч кимнинг риясига, яъни райига қараб ўтирилмасин” дегани, бу!

Мен энди гапириш учун оғиз жуфтлаган эдим, устоз яна давом этди:

– Эсингдами, ўтган сонда кетган парранда фабрикасидан ёзиб келган мақолангни ҳам устидан ишлаб бергандим. Сен нима деб ёзгансан: “Сепилган донларни товуқлар ютоқиб-ютоқиб ер эди”. Шу ҳам жумла бўлдими? Кейин нима деб ўзгартирдик, ёдингдами: “мисоли дурдек сеплган донларни еган товуқлар бизга қараб мамнун жилмайди”. А, “летучка”да сенга раҳмат айтишди, междупрочим. Ҳеч қиси йўқ, ҳали сендан шундай журналист тайёрлайки, журналистикада сенга сабоқ берган ўқитувчинг кўрса, ёқа ушлаб қолсин!

Устозим тўғри айтган экан. Орадан анча вақт ўтиб Тошкентга боргандим, тасодифан журналистикадан дарс берган ўқитувчимни кўриб қолдим. Қўлида менинг мақолам чоп этилган газета бор эди. Узоқдан менга кўзи тушган шекилли, ўқитувчимиз ҳақиқатан ҳам ёқасини маҳкам ушаб турарди…

Рамазон Ашуров

«Yoshlik» журналидан олинди.

Мақола 526 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*