Тақдир ҳукми ёки тириклай кўмилган чақалоқ

taqdir hukmi…Вужуди қақшаб, ҳолсиз ётган Зеби хола қўшни ҳовлидан келаётган карнай-сурнай овозига қулоқ тутди. Қўшниси Акрам ака билан Нигора опа бугун ўғли Анваржонни уйлантираяпти. Шодон кулгулар, қийқириқлар эшитилиб турган ҳовлида янги ҳаёт бошланаяпти. Хонадонларида урф-одатларни бажаришиб, никоҳ тўйини қайси бир тўйхонада қилишмоқчи экан.
Ноғоранинг чилдирашию болажонларнинг бақир-чақирлари, куёв жўраларнинг ҳазил-мутойибаларидан тўйхонада барчанинг хурсанд эканлиги билиниб турибди. Кўп бўлмади, қўшниси Нигорахон бир товоқ ош кўтариб, ҳол-аҳвол сўраб кетди. Соғлигининг мазаси йўқ­да, бўлмаса борарди у ҳам тўйга. Ташқарида ғовур-ғувур, қий-чувлар тугаб, барча тўйхонага жўнаб кетгач, атрофга жимлик чўкди. Касал одамга вақтнинг ўтиши ҳам қийин экан. У яна хаёлотга берилди. Сўнгги йилларда ёлғизлиги жуда билинди. Тез-тез ўтмишини эслайдиган, кечалари даҳшатли тушдан қўрқиб уйғониб кетадиган одат чиқарди. Совуқ терга ботиб уйқуси қочгач, тонг отишини кутиб чарчайди. Кундуз куни яна зерикади. Ҳозир ҳам тўй баҳона бўлдими, жимжитликдан зерикдими, хуллас кўз ўнгидан ёшлиги бирма-бир ўта бошлади….
…Улар икки опа-сингил эдилар. Зебинисо кенжа эканлиги учун жуда эрка ўсди. Вояга етган опаси Севара уй юмушларини бажарар, у эса қўлини совуқ сувга ҳам урмас эди. Хонадонлари доим тоза, озода бўлганлиги боис ота-онаси уни кўп тергамас, вақти-соати келса бўйнига олади, деб ўйлашарди. Афсус­ки, ундай бўлмади. Қизалоқ йил ўтган сайин тантиқ ва қайсар бўлиб ўсди. Фарзандимиз ҳеч кимдан кам бўлмасин деб, оғзидан чиққан нарсани муҳайё қилган ота-онасига бетгачопарлик қиладиган, фақат ўзини ўйлайдиган одат чиқарди. Эсида, шамоллаб, иситмаси кўтарилган онасига дори ичиш учун бир пиёла сув узатмасдан, сув сўраган онасининг гапини эшитмасликка олиб кўчага отилганди. Ўшанда онаси зор-зор йиғлаган эди.
Опасини тўй-томоша билан яхши, бамаъни хонадонга узатишди. Чақ­қон ва эпчиллиги сабаб бир хонадоннинг гулдек келини, бекаси бўлди у. Ўзи-чи? Енгил-елпи ҳаёт кетидан қувиб, ҳаётини, келажагини барбод қилди. Бетайин бир йигитнинг ёлғон ваъдаларига чув тушиб, ихтиёрини унга топширди. Институтда ўқийман, деб юрган йигит бирданига дом-дараксиз йўқ бўлиб кетди. Исмини ҳам, кимлигини ҳам яшириб, уни алдаб келганини қиз кейин тушунди. Аммо “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”, деганларидай ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолмади. Кўп ўтмай ҳомиладор эканлигини сезиб қолди. Юзига тушган доғларни кўриб, онаси ҳам гумон қилди шекилли, қизини қистовга олди…
– Яшамагур, юзимизни ерга қарат­динг. Шарманда қилдинг бизни, беномус… – дея оҳ-фарёд солди онаизор. Қиз бошини эгганча, миқ этмай тураверди. Эридан ҳеч гапни яширмай айтишга ўрганган онаси уни бу сирдан ҳам воқиф қилди. Ҳўнг-ҳўнг йиғлаганча, қўрқа-писа отасига ҳақиқатни айтди. Қизининг қилиқларини эркаликка йўйиб юрган ота ундан бу ишни кутмаган эди. Асабийлашганидан қон босими ошиб, аҳволи оғирлашди. Ярим танаси ишламай, тилдан қолди. Бир ойча шифохонада ётиб, охири жон берди. Қизининг тақдирини ўйлай-ўйлай дунёни тарк этган отасининг жасади қаршисида фарёд солиб йиғлаган Зебинисо ўйламасдан иш тутгани учун қаттиқ пушаймон бўлди. Лекин вақтни, беғубор ёшлигини орқага қайтариб бўлмас, меҳрибон дадажонисининг дийдорини қайта кўриш насиб этмас эди….
Кун ўтган сайин вужудидаги бола шаклланиб, ҳаётга талпина бошлади. Ундан қутилиш учун нималар қилмади. Лекин худо фарзанд бераман деса, беравераркан. Ой куни яқинлашгач, онаси уни бошқа туманда яшайдиган холасиникига жўнатди. Ҳали вужудини болалик туйғулари тарк этмаган қиз ўн саккиз ёшида она бўлди. Жажжи қўлчаларини мушт қилиб, ширингина ухлаб ётган ўғлига қараб, зор-зор йиғлади. Тақдирига шу гўдак айбдордек, ундан қандай қутилишни ўйлади. Эл-юрт олдида айбини ёпиш учун турли йўлларни излади. Охири бир йўлни танлаб, ниятини амалга ошириш учун кеч бўлишини кутди. Зебинисо шу дамда хато устига хато қилаётганлигини ўйламас, унинг жиноят эканлигини билса-да, қабиҳ ниятида қатъий туриб олган эди….
Ҳовлида ҳеч ким қолмаган пайтда у ташқарига чиқиб, оғилхона атрофидаги гўнг уюми томон борди. Шу ердан белкуракда чуқур ковлади. Билинмаслиги учун устига бир боғ қуриган хашакни ёйиб қўйдида, секингина уйга кириб, қоронғу тушишини кутди. Унинг бутун вужуди қалтирар, юрагининг дукурини бутун дунё эшитаётгандек эди гўё. Кўзларини очганча онасини мириқиб эмаётган гўдагига қаради. Эти жимирлаб, кўзлари ёшга тўлди. Назарида ҳозир унинг олдида икки йўл бор эди. Бири тезроқ боладан қутулиб, ҳеч нарса кўрмагандай яшаш, иккинчиси нозиккина жисмида онасига нисбатан меҳри жўш уриб турган мурғаккина гўдаги билан қолиш. Зебинисода бир лаҳза оналик меҳри устун келиб, боласини қаттиқ бағрига босди. Ҳаётнинг барча аччиқ-чучугига чидашга аҳд қилди. Хиёл ўтмай, бу беғубор туйғу ўрнини нафрат эгаллади. “Ҳали болалик бўлишга улгураман, ҳаётим олдинда,” деди у ўз-ўзига…
…Ухлаётган фарзандини ўраб-чир­маганча ковланган чуқурга қўйди. Онаси қўйнидан тинчи бузилиб, жойи ўзгарганини сезган гўдак кўзларини очмай инграган эдики, устига гўнг тортилди. Дунёга келиб эндигина ёруғ оламга мослаша бошлаган мурғак жон ҳеч нарсани англаб етмасдан, вужудини тобора босиб бораётган оғирликдан азият чекиб, жон талвасасида қолди…
…Зебинисонинг кейинги ҳаёти ўзи ўйлагандек яхши кечмади. Ўтмишига нуқта қўйиб, барчасини янгидан бошлаш ниятида турмушга чиқди. Эри унинг ҳаётидаги қора доғларини сезмадиям. Лекин бегуноҳ гўдакнинг уволи урди чоғи, унга бошқа фарзанд кўриш бахти насиб этмади. Йил ўтган сайин Зебинисонинг умиди ҳам сўна бошлади. Ўзи бир пайтлар кўмган фарзандини тез-тез эслар, тушларига чинқираган чақалоқнинг йиғиси эшитилиб, унга тинчлик бермасди. Турмуш ўртоғи билан саккиз йил яшагач, ниҳоят улар ажрашишди. Эри Воҳид бошқага уйланиб, бола-чақали бўлди. У эса яна енгил ҳаёт ортидан қува бошлади. Фирибгарлик билан одамларни алдаб пул топадиган енгилоёқ аёлга айланди қўйди. Ҳеч ким унинг исмини тўлиқ айтмас, Зеби дейишарди, холос. Поччаси ҳам опасини бу нопок синглиси билан борди-келди қилишига йўл қўймасди.
Умр ҳам бирпасда ўтдию кетди. Онаси дунёдан ўтгач, ота уйига келиб яшаяпти. Мана ҳозир боши ёстиққа тегиб, касалманд бўлиб қолди. “Агар фарзандим тирик бўлганида, бу кунларни кўрмасдим. Бир пиёла чой дамлаб берадиган кишинг бўлмаса қийин экан. Ўшанда болажонимни тириклай кўмганимдан кўра бошқа бировга фарзандликка берсам бўларди-ку. Нега унинг тақдирини бундай ҳал қилдим. Нима ҳаққим бор эди”, миясига қуйилган кетма-кет саволлар унга тинчлик бермасди. Ёшликда қилган жиноятининг даҳшатини Зеби хола энди ич-ичидан ҳис этар, ёлғиз Яратган гувоҳ бўлган ўша машъум тундаги қабиҳлиги жазосини ҳар соатда, ҳар лаҳзада тортар эди. “Ҳеч ким билмади, лекин Оллоҳ кўриб турди, жазойимниям берди. Бир умр тирноққа зор бўлдим”, дея виждон азобидан қийналарди у.
…Бу орада қўшни хонадон эгалари тўйни ўтказиб қайтишди. Тун ярим бўлса-да, ҳовлидан таралаётган хурсандчилик шовқини қон босими ошган Зеби холанинг қулоғига аранг эшитиларди. Кўзи бир оз илингандек бўлдими, тушида бегуноҳ гўдаги кулиб турибди. Бирдан боланинг кўзлари қонга тўлдию жажжи қўлчалари билан онасининг бўғзига чанг солди…
Эрта тонгдан келинчакни саломга тайёрлаётган тўйчилар бир йилдан буён тўшакда ётган етмиш ёшли Зеби холанинг тонгга яқин жон таслим этганини билишмасди ҳам…

Маърифат ШАРИПОВА

Интернет манбаларидан олинди.

Комментарии (4)

  1. Hayot bizni shoshqaloqligimiz uchun jazolaydi. Agar biz shoshqaloq bulmaganimizda edi gunohlarimiz ham kam bulardi. Eng zur professional qotillar ham shoshqaloqliklari uchun xato qilib qulga tushib qolisharkan. Balki bu peshonaga yozilgan TAQDIRdir.

  2. киши ўз ҳатосини йиллар ўтгани сари англаб етади. шунинг учун ҳар биримиз босаётган қадамимизни билиб босишимиз, қилаётган ишларимизни яхшиликк ва эзгуликка хизмат қилиши учун базаришимиз даркор. бу дўнё синов дунё. азизлар умримизни гўзал ўтказиш ҳаётимизни бошқаларга ибрат бўлаоладиган қилиб яшаш ўзимизнинг қўлимизда сизларда ушбу йўлда омад тилайман. хато қилишдан сақланинг зеро бу хато сизни бир ўмир дахшатга солиб, оғриқли нуқтангизга айланмасин.

Оставить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *