Халқ банкининг филиал бошқарувчиси мижозларнинг катта миқдордаги маблағини ўзлаштирганлиги учун қамоққа олинди

sudd(2)2010 йилнинг 20 декабридан 2015 йил 21 сентябрига қадар Халқ банки Пайариқ филиали бошқарувчиси вазифасида ишлаган Алишер Каримов жиноий гуруҳга раҳбарлик қилиб, банк мижозларининг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириб юборган, деб ёзади sof.uz сайти.

Жумладан, шу туманда яшовчи фуқаро Зариф Эргашев томонидан омонатга қўйилган 40 миллион сўм, Н.Жўраевнинг 7 072 000, Салтанат Эргашеванинг 6 242 000, Салим Маҳмудовнинг 14 300 000, Абдурауф Ҳаққуловнинг 8 963 000 сўм ва бошқа фуқаролар томонидан омонатга қўйилган жами 152 409 000 сўм миқдордаги маблағларни жиноий шериклари билан ўзлаштириб юборган. Қилган жиноятлари фош этилишининг олдини олиш мақсадида омонатчиларнинг омонат дафтарчаларига омонат суммалари кирим қилинганлиги ҳақида сохта ёзувлар киритиб, ҳужжатларни сохталаштирган.

Бундан ташқари у филиал мижози бўлган Пайариқ туманидаги «Пахтакор» МЧЖнинг ҳисоб рақамидан 45 миллион сўм пул маблағини «қишлоқ хўжалик маҳсулоти олиш учун» тўлов мазмуни билан асоссиз равишда чиқим қилиб, талон-тарож қилган.

Жиноий гуруҳ аъзолари банк хазинасидаги 362 687 500 сўмни ҳамда сўмга нисбатан қиймати 166 386 000 сўмга тенг бўлган 63 580 долларни ҳам ўзлаштириб юборишган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушбу жиноят фош этилиб, суд ҳукмига кўра, Алишер Каримов 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Фуқаровий даъвогарларга нисбатан етказилган зарарнинг қопланмай қолган қисми эса Халқ банки ҳисобидан ундирилиши белгиланди.

Мақола 947 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*