Буюк эҳром сирлари

photo_2016-11-29_12-29-20

Бир қарашда, Хеопс эҳроми ҳақида тоғ-тоғ мақолалар ёзилгандай кўринади. Аммо бу абадиятга дахлдор мавзуга яна ва яна қайтишга ундайдиган янгидан янги маълумотлар пайдо бўлаверади.

Масалан, у ибтидода қандай бўлган? Америкалик муҳандис Раймонд Д. Маннерс 1996 йил ноябрида чоп этилган мақоласида Буюк эҳромни унинг илк кўринишидан алоҳида икки белги ажратиб турганини айтган: ялтироқ сирт ва ўрта қисмдаги ботиқ ёқлар. Қадимги қурувчилар эҳромга силлиқланган оҳактош қатламини қоплаб чиққан эдилар. Унинг қирралари шу қадар ярқироқ эдики, юзлаб километр жойдан ҳам кўриш мумкин бўлган. Эрталаб ва чошгоҳда бу ойнадай сиртда акс этган қуёш нури ҳатто Ойдан ҳам кўринади. Кўп асрлар давомида маҳаллий аҳоли эҳром ва унинг силлиқ тошларига қўрқув билан қараган. Қоплама тошлари тўғри чизиқда 0,25 миллиметрлик чегара билан тўғри бурчак оғишини ҳосил қилади. Замонавий технология ҳам бундай тоштахталарни шу қадар катта аниқлик билан жойлаштириш имконига эга эмас. Қоплама тошларини бириктириб, уларни сув ўтказмайдиган қилган оқ цемент ўзи маҳкамлаган тоштахталардан кўра ҳам бутунроқ ва мустаҳкамроқ сақланган. Ёқнинг ботиқлиги нимага тааллуқли эканлигини биринчи бўлиб Наполеон армияси билан бирга Мисрга келган француз олимлари аниқлашган.

Кейинроқ буни таниқли британ тадқиқотчиси Флиндерс Петри ҳам тасдиқлайди. Бизнинг давримизда эса аэрофотосъёмка ўта аниқлик билан ёқларнинг ботиқлиги, гарчи сезилмас даражада — бор-йўғи бир метр бўлса ҳам, ҳақиқатан борлигини кўрсатди. Қизиғи, кейинги эҳромлар теп-текис ёқли қилиб қурилган. Кўринадики, Буюк эҳром меъморлари ўз авлодларидан ботиқликни юзага келтирадиган омиллар ва унинг технологияси сирини яширган. Бир қанча олимларнинг фикрича, эҳромнинг томонларидаги ўзига хос ботиқ “кўзгу” ёзги қуёш туриши вақтида офтоб нурларини тутиб туришга хизмат қилган. Бу чинакам мўъжиза бўлган: Буюк эҳром сайқалланган сирт туфайли худди олмос каби нур таратган! Ботиқ “ойна”да ҳарорат минг даражагача кўтарилган ва одамлар қулоқни қоматга келтирадиган момақалдироқ овозига ўхшаш қасир-қусур товушни эшитишлари мумкин бўлган. Ёрқин нур ва марказий уюрма гумбуридан эҳром чўққисидан юқорига қизиган ҳаво тўлқинлари кўтарилган ва бу оқим эҳромдан кўтарилган оловли устунга ўхшаб кўринган. Бу эса мисрликлар эътиқодига кўра, одамлар қошига маъбуд Ранинг ўзи тушиб келадиган йўл бўлган…

* * *

Олимларнинг ҳисоб-китоблари Гизадаги учта асосий эҳромнинг жойлашувига доир ҳеч бир нарса асло тасодифий эмаслигини кўрсатади: уларнинг ҳамма параметрлари бир-бирлари билан боғлиқ ва улар пухта ўйланган ўзига хос ғояга кўра қурилган. Франциядаги Бург обсерваторияси директори аббат Море янаям ҳайратланарли маълумотларни ошкор қилди. Буюк эҳромнинг 148,21 метр деб олинган баландлигини бир миллиардга кўпайтириб, у Ердан Қуёшгача бўлган масофа 148 миллион 210 минг километр эканлигини аниқлади. Ваҳоланки, 1860 йилга қадар бу масофа бирмунча каттароқ – 154 миллион километр деб ҳисобланарди. Буюк эҳромнинг тўрт томони асосини ўзаро қўшиш ва чиққан натижани эҳромнинг орттирилган баландлигига бўлганда келиб чиқадиган “пи” сони ҳам шунга боғлиқ, деб ҳисоблайди аббат Море. Унинг ишончи комилки, эҳром қурувчилари яна кўп нарсаларни билишган: кабиса йилининг муддатлари; Ернинг  ўз орбитасида айланиб чиқиш вақти; Ер моддасининг зичлиги; сайёрамизнинг ўртача ҳарорати ва бошқалар. Сўнгги йиллардаги тадқиқотларга кўра, уч эҳром ва Сфинкс орасидаги ўзаро масофа, ўлчам, катталик ва оғирлик Қуёш, Венера, Ер ва Марс орасидаги қиёсий пропорцияни такрорлайди. Синчков текширувлар эса шуни кўрсатдики, эҳромлар ижодкорлари “олтин кесим” каби тушунчаларни ҳам билишган.

Х асрда яшаган араб тарихчиси ал-Масъудийнинг фикрича, эҳромлар нафақат қадимги мисрликларнинг фалакиёт, санъат ва динга доир барча билимларини ўзида жамлаган хазина, балки улар ўзида пайғамбарона башоратларни ҳам акс эттиради. Тадқиқотчилардан бири Роберт Мензис 1865 йилда агар мисрликларнинг сирли дюймини асос деб ҳисоблаб, эҳромнинг ички бўлмалари узунлиги ўлчанса, нафақат ўтмишдаги, балки келажакда содир бўлиши мумкин бўлган кўпгина муҳим воқеаларнинг хронологик санасини аниқлаш мумкинлигини айтган эди.

Шотланд қурувчи-муҳандиси Дэвид Дэвидсон ҳам 25 йилни Хеопс эҳромини ўрганиш ва таҳлил қилишга сарфлаб (1884-1956 йиллар), худди шундай ўлчаш ишлари билан шуғулланган. Улар эришган натижалар чиндан ҳам ҳайратланарли. Маълум бўлишича, охирига қадар ечилмаган жумбоқ – қадимги мисрликларнинг “Марҳумлар китоби” деб номланган қўлланмасидаги сирли ёзувлар Хеопс эҳромида ҳам бор экан. Тўғрироғи, эҳром бу китобдаги ёзувларга қўшимча белгилар билан тўла ва бу белгилар иншоот меъморий ечимида ўз аксини топиб, инсоният  тарихидаги кўпгина муҳим воқеа-ҳодисалардан башорат қилади. Масалан, эҳромнинг “Ҳақиқат хонаси” деб аталган бош галереясида 1914 йилнинг августида бошланган биринчи жаҳон урушига доир ёзувлар ўрин олган. Ёзувчи Питер Лемезурье ўзининг “Буюк эҳром жумбоғи” асарида Хеопс эҳроми ўзида инсоният келажаги билан боғлиқ башоратларни ифодалашини таъкидлаган. Бу башоратлар ичида дунёнинг тугаши, бугунги кундаги жаҳон иқтисодий инқирози ва олис келажак – 3989 йилда содир бўлиши кутилаётган оламшумул ўзгаришлар ҳақидаги башоратлар ҳам ўрин олган…

Муаллиф: Валдис ПЕЙПИНЬШ.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.

Мақола 1 318 марта ўқилган

1 Комментарий для Буюк эҳром сирлари

  1. Bu dunyoda sirla kop. Xudoyam odamlani qanaqadur yomonliladan qaytariw ucun paygambarlani jonatgan. Balkim buyam xudoni mojizasidir. Xammasi yaratgandan.

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*