«Боламнинг кийилмаган туфлиси қолди…»

420x232_article_1481717255_gxRD4G

Газетада америкалик адиб Эрнест Хемингуэйнинг ҳаёти ҳақидаги мақолани ўқиб “э-воҳ” деб юбордим. Шу кунгача ўзимни “Йўқ, бунинг ҳаммаси тасодиф” деб ишонтириб келардим. Ўтган ҳаётим кўз олдимга келса, миямнинг бир четида қилган номаъқулчилигим уйғониб қолса, эсдан чиқаришга, ҳаммасини тасодифга йўйишга ҳаракат қилардим. Гарчи мен қилган иш боламнинг тақдирига тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаса ҳам ўзимни айблайвераман. Айниқса, ёзувчининг дунёдаги энг қисқа ҳикоясини ўқиб…

Келинг, бир бошидан гапириб бераман. Тўйимиздан кейин бир ой ҳам ўтмай кичик қайнсинглимнинг фотиҳаси бўлди. Ҳали у билан тузукроқ танишиб ҳам улгурмасимдан узалиб кетди. Келин бўлиб тушган уйим анчайин камхаржроқ эканини, бизнинг тўйимиздан кейин яна тўй қилишга жуда қийналишганини уйдаги гап-сўзлардан, қайнсинглимга қилинган сеплардан билиб турардим. Турмуш ўртоғим яқиндагина институтни тамомлаб, янги ишга кирган, маоши ҳам шунга яраша эди. Оила аъзоларига тўй учун молиявий ёрдам беролмасди, олий ўқув юртида ўқиётганим учун талаба хотинига кундалик харажатларига амаллаб пул топар, ўзи эса ишхонада тушликсиз юрарди. Шуларни кўриб, мен ҳам ёрдам бергим келар, шундоқ ҳам шартнома пулини тўлаётган ота-онамдан сўрашга ботинолмасдим. Эртага қайнсинглимнинг «мол ёяр» куни деганда, ярим кечаси қайнонам ошхонада йиғлаб ўтирганини кўрдим. Олдига боришни ҳам, бормасликни ҳам билмай турсам, қайнонам кўз ёшларини артиб, деди:

— Қўрқманг, хурсандчиликдан йиғлаяпман. Эркатой қизимни узатаётганим учун ҳам йиғлаяпман. Кўрмайсизми, шу кенжатойимнинг тўйини қудалар шошириб, тайёргарчилигимиз йўқ бўлса ҳам тезлаштириб юборишди. Эртага опаларингиз билан мол ёйиб келасиз, қайнонасига ёқмаслиги аниқ. Мебелни олишга олдигу ичини тўлдиришга тузукроқ ҳеч нима йўқ. Қўлида куёв берган бир узук, қулоғида болалигидаги зираги. Дадангиз иккимиз нафақага чиқиб, ишламаяпмиз-да, иккита опасини узатганимизда ёш эдик, бунчалик қийналмагандик, энди қарз устига қарз бўлиб кетди.

Эрталаб сервантимдаги энг яхши сервис, чинниларимни олиб қутига жойладим. Юк машинаси келганда олиб чиқиб, қайнонамга кўрсатдим. “Ойижон, ҳали бундан яхшиларини ўғлингиз олиб беради, мен бир кўрувдан ўтдим, энди ҳеч ким уят қилмайди. Шуларни Нодирахонга бериб юборамиз, майлими?” дедим. Қайнонам аввалига қаттиқ қаршилик қилди, Нодиранинг қизиқувчанлик билан қутини очиб кўриб, чинниларни ушлаб жавдираб турганини кўриб, сўнг рози бўлди. Тан оламан, мен туғилиб ўсган оила ниҳоятда тежамкор эди, бировга уни ёки буни шунчаки совға қилиб юбориш қаттиқ қораланар эди. Агар онам бу қилган ишимни билса яхшигина гап эшитишим, ҳатто қудаларнинг орасига совуқчилик тушиши аниқ эди. Ўша пайтда янги келин эмасманми, менинг ҳам бир мардлик қилгим, уйдагиларнинг меҳрини тезроқ қозониб, ишонган кишисига айлангим келарди. Ўша куни турмуш ўртоғим бемаслаҳат қилган ишимдан қаттиқ хафа бўлди, “Эрта бир кун миннат қилмасанг бўлди”, деди. Шундай қилиб, тўйга бир кун қолганда қуда томон қўнғироқ қилиб, қайнонамга “Қуда, яқиндагина ўзингиз келин туширган эдингиз, ҳамма нарсанинг замонавийси қанақа бўлишини кўргандирсиз. Молни ёйиб кетдинглар-у, ҳамма нарсадан нафталин ҳиди келяпти, деразаларни очиб қўйдим,” деб қайнонамнинг қон босимини ошириб юборди. Тўй ҳам бўлиб ўтди, эртасига келинсалом ўтди, индинига қовурдоқ олиб бордик. Қарасам, Нодиранинг кўзлари қизарган.

— Тинчликми, Нодирахон?

— Бугун эрталаб қайнонам хонамга кириб, қандай тилла тақинчоқларингиз бор, нега қўлингиз бўм-бўш, деб сўради. Нима дейишимни билмай, ойим бир ойдан кейин ҳайитга олиб бораман, дегандилар, деб жавоб бердим. Энди буни ойимларга қандай айтаман…

Қайнисинглим уввос тортиб йиғлаб юборгандан кейин қўлим тўла узукларни кўриб, ўзим уялиб кетдим. Энг катта, кўзга кўринарли узугимни олиб қўлига тақдим.

— Сиз ҳайитгача мана шуни тақиб туринг, ойижон албатта комплект олиб берадилар, мен айтаман, кейин секин қайтариб бераверасиз, — дедим.

Бир ой ўтгач, ҳайит йўқловга ҳақиқатан ҳам тилла узук ва занжир олиб бордик. Турмуш ўртоғим дўкон билан келишиб, ҳар маош олганда қанчадир қисмини берадиган бўлди. Ҳайитнинг учинчи куни меҳмон бўлиб борсак, қайнсинглим мендан кўзларини яшириб, негадир хижолат тортаверди. Мен ҳам унинг қўлида узугимни кўрмай, сўрашга уялиб қайтиб келавердим.

Хуллас, орадан яна бир ой ўтди.  Қайнисинглим бир ойда бир марта уйга келганида бадани моматалоқ бўлиб кетганини кўрсатиб, роса йиғлади. Машина тузатадиган уста бўлган эри ичишни яхши кўраркан. Ичиб олган куни ишга бормай, тўполон қилар, бунинг устига кечаси алламаҳалгача йўқ бўлиб кетиб, кейин ҳиринглаб кулиб уйга келар экан. Қайнонаси эса “Ҳаммасига сиз айбдорсиз, бунгача ўғлим туппа-тузук эди”, деб келинга айб тўнкар экан. Ва маълум бўлдики, куёв айнан мен берган узукни олиб қаёққадир гумдон қилибди, “топиб беринг” деса, уриб шу аҳволга солибди. Қайнонасига йиғлаб айтиб берса, “Ўзингиз ёлғон гапирсангиз майли-а, бировнинг узугини тақиб олиб?! Балки ўғлим олмагандир, нега сизга ишонишим керак?” деб калака қилибди. Узук йўқолганини билиб, ичимдан қиринди ўтиб кетди, аммо дамимни чиқармай, “Майли, топилиб қолар” дедим. Эримга айтдим, у “Кўринишини чизиб бер, ясатиб бераман, онанг билмай қолсинлар”, деди. Аммо уйга келган пул фақат қарз тўлашга кетаётган эди, узугимни ясатиш масаласи унут бўлиб кетди.

Кейинги сафар қайнисинглим уйга меҳмонга келганда ҳомиладор эканини айтди. Тўйимиздан беш ой ўтган бўлса ҳам ҳали менда ҳеч ўзгариш йўқ эди. Унинг янгилигидан ҳаммамиз хурсанд бўлдик, негадир қайнонамнинг юзи тунд эди. Қайнотамга “Бу куёв нобопроқ чиқди, ҳиринглаб юришидан наша чекармикин, ишқилиб гиёҳванд эмасмикин, болага таъсир қилмасмикин, ақлини йиғиб олармикин”, деётганини эшитиб қолдим…

Орадан икки йил ўтди. Нодиранинг боласи бир ёшдан ўтганда менинг кўзим ёриди. Онам биринчи набирасига атаб бешиктўйга дунёнинг бор нарсасини сарпо қилиб келди. Қайнисинглим эса бу пайтда нимжонгина боласи билан ҳовлимиздаги кичкина хонада яшарди. У турмушга чиқиб бир кун ҳам рўшнолик кўрмади, ичадиган эри гиёҳванд ҳам бўлиб чиқди. Эрининг сотиб ичмаган нарсаси қолмади. Нодира қишнинг совуқ кунида қорнидаги тўққиз ойлик боласи билан афтодаҳол қайтиб келганида, эгнида пальтоси ҳам йўқ эди. Бу пайтда ўқишим ҳам битиб қолган, энди кун бўйи уч аёл — қайнонам,  Нодира ва мен уйда ўтирар эдик. Бир кун дўст бўлсак, иккинчи кун орамиздан оламушук ўтиб, аразлашиб қолардик. Нодиранинг боласи кўп касал бўлаверар, эримнинг топгани болакайни даволашга кетарди. Негадир ўша болага кўп эътибор қилишаётганини, ҳамма уни кўтариб юришини кўриб, баъзан рашк қилардим. Бешик тўйда боламга атаб қилинган кийим-кечакларнинг асосий қисми қайнисинглимнинг ўғлига тўғри келар, эрим баъзан мендан сўрамасдан ўша чиройли кийимларни олиб чиқиб, жиянига совға қиларди. Икки ёшдан ошгандан кейин Нодира ўғли Бобурни боғчага бериб, ўзи тикувчиликни ўргана бошлади. Янги йил байрами олдидан ўғлига атаб, зарлар қўшиб чиройли кўйлак ва шим тикиб берди. Фақат оёғига кийишга туфлиси йўқ эди. Буваси “Байрамгача нафақамни олсам, ўзим янги туфлини совға қиламан” деди, лекин бор пулини яна қарзини қайтариш учун бериб юборди.

Янги йил олдидан онамникига меҳмонга бордим, онамга қайнисинглимга қанча яхшилик қилмай, мен билан уруш қилавериши ҳақида обдон ҳасрат қилдим. Онам эса ҳаммасида ўзимни айблади, не қийинчиликлар билан қилган тилласи, чиннисини бериб, кўкка совурганимни, ҳатто эгнимдаги кийимимгача тутқазиб, унинг бурнини кўтарганимни айтди. Бу гаплардан фиғоним фалакка чиқиб уйга келсам, Бобур оёғига янги туфли кийиб “папоқ оберди тоға” деб мақтанганча югуриб чиқди.

— И-я, бу туфли сандиқда турган эди-ку? Аслиддинга бувиси олиб келган-ку! — дедим ғазабимни ичимга ютолмай.

— Акам Бобур кияверсин, ҳали Аслиддин кичкина, юрадиган бўлганида бошқа олиб берамиз, деб берди. Эртага фақат байрамда кияди, таги кир бўлмайди, боғчага этигида боради…

— Ҳа, акангиз ҳар куни узугингни ясатиб бераман, пальтоингни янгилайман, ўғлимиз катта бўлса, ундоқ қиламан, бундоқ қиламан, деб ваъда бергани-берган. Бешик тўйда ният қилиб онам олиб келган бирорта нарсани болам ҳали охорли қилиб кийгани йўқ. Олдин Бобур кияди, ундан ортса, ўғлимга!

Нималар деб саннаганим эсимда йўқ, эримнинг битта тарсакиси билан жойимга ўтириб қолдим. Байрамга Бобур ўзининг этигини кийиб кетди. Орадан беш ойча ўтиб, қайнисинглим бефарзанд бир одамга турмушга чиқди, ўғлини ҳам олиб кетди.

Ўғлим Аслиддин бир ярим ёшдан ошди, лекин ҳалиям қадам ташлай демасди. Ўрнидан туришга, зинадан чиқишга, баъзан ҳатто эмаклашга ҳам ҳоли келмасди, ўрнидан турмоқчи бўлса оёқ қўлларини ёзганча қимирлай олмасди. Шифокорлар даҳшатли ташхис қўйишди: «қурбақа» ҳолат — Вердниг-Гоффман спинал амиотрофияси. Бу наслдан наслга ўтувчи мушаклар фаолиятининг бузилиши экан. Касалхонама-касалхона югурардик, ҳали уқалашга, ҳали иссиқ ваннага олиб борардик, бир неча марта қон қуйдириб ҳам кўрдик. Бу касаллик жуда тез ривожланди, болам уч ёшга тўлишига бир кун қолганда бизни ташлаб кетди…

Орадан беш йил ўтди. Ўғлимдан кейинги қиз кўрдик, иккига тўлди, шукрки, ҳозир олдимда югуриб юрибди. Бироқ тўнғичим Аслиддинимни эсласам, дунёларга сиғмай кетаман. Болам юрганида кияди, деб Бобурга кийдирмаганим, боламнинг ғужанак бўлиб қолган оёқчасига бирор марта ҳам ўлчаб кўрмаганим – ўша туфличанинг чангини ҳар куни артаман. Бобурнинг оёқ кийимлари ҳозир жуда кўп, қайнисинглим иккинчи турмушидан бахтини топди, бадавлат ва меҳрибон турмуш ўртоғи бор…

* * *

Газетада ёзишларича, Эрнест Хемингуей дунёдаги энг қисқа — олтита сўздан иборат ҳикоя ёзишга қарор қилиб, ушбуни ёзган экан: «Болалар оёқ кийими сотилади, кийилмаган (For sale: baby’s shoes, don’t used). Бу ҳикоя ўз ичига қанчадан қанча вазиятлар-у тақдирларни ўз ичига олади, ҳар ким ўз тасаввурича ўқийди бу ҳикояни.

Азиза ҚУРБОНОВА ёзиб олди.

Darakchi.uz

Мақола 581 марта ўқилган

1 Комментарий для «Боламнинг кийилмаган туфлиси қолди…»

  1. Juda ajoyib
    Xatto etim seskanib ketti

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*