Бизда врач бўла оласанми?

bizda vrach bo'lasanmiАзиз Несин,  турк ёзувчиси   

Ўзи бизда шундоғам  врачлар етишмайди-ку,  баъзилари бўлса пул кетидан қувиб Америка ва Европага  кетиб қоляптилар. Ўзимизда ўсган донолар бўлса,  чет элда ўқиб қайтган врачлар олдин қайта имтихон  топшириб,  кейин даволаш ишларига киришишларини талаб қилишмоқда.   

— Нега келдингиз, — деб сўради имтихон олувчи қари тажрибали врач.

— Ишлаш учун, одамларни даволаш учун!

— Ҳмм, тушунарли…   Яна қанақа ишлар қўлингиздан келади?

— Яъни…   Тушунмадим.

— Нима?  яъни масалан, мусиқа   басталаш, шеър ёзиш, кинога тушиш, пудратчи бўлиб ишлаш, тижорат билан  шуғулланиш.  Балки,  миллий кенгаш депутати-ми, министрми бўларсиз?  Сиёсат йўлидан кетарсиз.  Бари-бир нима биландир шуғулланасиз.

— Йўқ,  мен фақат даволайман…  Мен оилам билан фақат ойликка яшай олмайман, шунинг учун шахсий  даволаш ишлари билан ҳам шуғулланмоқчиман.

— Ҳа-ҳа-ҳа…   Доцент, профессор унвонларисиз шахсий даволаш ишлари билан шуғулланиш.  Ким сизга  мижозларни жўнатади?
— Яъни беморларними?

— Ха, беморларни.

— Менимча, улар ўзлари келишса керак.

— Қанақасига беморлар ўзлари келишади?

— Бирон-бир оғир аҳволдаги беморни кимдир олиб келади…

— Яхши, ўша оғир аҳволдаги беморни олиб келадиган одам ким    дейилади?

— Мен у одамни танимайман исмини ҳам билмайман.  Ахир у ҳали  касал олиб келмади-ку, олдимга.

— Мен унинг исмини эмас,  ўша оғир аҳволдаги беморни жўнатадиган одамни ким деб аташларини сўраяпман.

— ?.

— Унақа одамларни маклер дейишади.  Маклер…  Тиббий маклер…  Сен

ўзинг поликлиника беморини шахсий врач  кўригига  жўнатмайсан-ку.  Агар ҳеч ким йўналтирмаса сенга бемор қандай келади?  Сизларни чет элда ҳатто  шунга ҳам  ўргатишмаган.  Хўп яхши, қани айтчи, касбий солидарлик дегани нима?

— Ўзаро ёрдам-ми?

— Билмасанг,  тушунтираман.  Мана масалан,  сенинг олдингга бавосилдан шикоят  қилиб бир бемор келди…   Уни  яхшилаб текширгач, ўз   танишинг

— аёллар касалликлари бўйича мутахассисга жўнатасан.

— Беморда бавосил бўлса мен уни қандай қилиб…   гинекологга жўнатаман?

— Сенинг танишинг кўрик учун ўз ҳақини олади-да,  беморни ўзининг таниши —     тиш дўхтирига жўнатади.

— Бироқ…

— Тиш дўхтири уни тери касалликлари врачига жўнатади,  тери

касалликлари врачи — рентгенологга, рентгенолог — кўз дўхтирига…   Энг охирида беморни асаб касалликлари дўхтирига кўрсатиш керак бўлади.  У пайтгача  касалнинг асаблари   таранглашган бўлади.  Агар унинг ейишга овқати, ичишга суви бўлса ўзи тузалиб кетади,  агар  йўқ бўлса ўлади ва азобдан қутулади.  Ўлганидан кейин яна  дўхтирларлар қўлига боради  яъни,  паталогоанатом  қўлига.  Энди менга айтчи, маълум ва машҳур бўлиш учун нима қилиш керак?

— Мен ўз устимда шундай ишлаб беморларни яхши даволашга ҳаракат қиламан.

— Ҳих…  Менга қара.  Сен газетада:  «Кам таъминланган беморларни ҳар куни тушликдан кейин текин қабул  қиламан»,  — деб эълон берасан.  Касаллар келишни бошлагандан кейин фақат душанба ва пайшанба кунлари қабул қиласан, кейин ҳафтасига бир марта қабул қиласан,  ундан кейин  ойига бир марта қабул қиласан.  Беморлар  ёпирилиб келишни бошлагандан сўнг текин қабулни тўхтатасан.  Сўнгра қабулингни пулли қилиб,  қабул пулини  муттасил ошириб борасан.  Шунда одамлар  қиммат олаётган экан, демак,  даволашнинг қандайдир сирли усулини  билса керак, деб ўйлайди.  Ва ҳамма беморлар сенга қараб чопишади.   Ҳа-я,  кейин онда-сонда газетада   касаллар номидан миннатдорчилик хатларини ҳам жойлаштириб туриш керак.  Мабодо  сенга бир бемор келса-ю  сен уни  обдон текширгач, ҳеч қандай касаллик топа олмасанг, нима қиласан?

— Мен унга соппа-соғсиз, дейман.

— Воҳ-воҳ!  Мана бу врачга бир қараб қўйинглар,  ахир дунёда касалликсиз одам бўлади-ми-а?  Агар беморнинг ҳеч қандай касали бўлмаса ҳам,  тушунарсиз рецепт ёзда,  дорихонага жўнат.  Нима бўлган тақдирда ҳам психиатр,   унда ўзига ишончсизлик ҳиссини аниқлайди.  Ҳа айтгандай рецептинг қанчалик тушунарсиз бўлса,  ҳисоб ҳақинг  шунчалик аниқ ёзилиши керак…

Ундан кейин газеталарда ҳар хил  мавзуларда мақолалар ёзиб туриш керак.  Масалан:  «Уй-жой ижараси  тўғрисида»,  «Ўрмонлар ҳимояси тўғрисида»,  «Одамлар нега жинни бўлишади» ва ҳоказо.   Шунда сенинг исминг газеталарда доим чиқиб  туради ва одамлар сени кўп биларкан, деб ўйлашади!   Бундай қилмасанг келажакда кўтарила олмайсан.  Яъни депутатми,  губернатор ёки министр бўлмоқчи бўлсанг, шулар керак бўлади.   Менга сенинг бу ерда врач бўлиб ишлай олмаслигинг кундай равшан бўлиб қолди.  Энг яхшиси, ўша ўқиб  келган томонинг  Германиягами-Америкагами қайтиб кета қол.

— Раҳмат, соғ бўлинг.

— Сен ҳам соғ бўл ўғлим,  касал бўлма!!!!.

Бахтибек АСҚАР таржимаси.

 

Мақола 542 марта ўқилган

1 Комментарий для Бизда врач бўла оласанми?

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*