«Биз гадой эмасмиз!»

photo_2016-12-23_17-32-17

Ўша гадойларни учратган онда менда уйғонган ҳисларни ҳеч қачон унута олмасам керак….

Тун зулмати, биз кафедан егулик олиб, машинамизда тановул қилаётган эдик. Шу пайт кимдир машинамиз деразасини оҳиста чертди. Очсам, бир киши турибди. Кўринишидан қишлоқдан эканлиги маълум, ортида эса 10 ёшлардаги бола ҳам бор.

— Йигитлар, илтимос, ёрдам беринглар! Бироз пул берсангиз етарли, ўғлимга у-бу егулик олиб беришимга еса бас!

Ҳар доимгидек менда ишончсизлик ҳиси уйғонди. Ҳозир бориб бир бутилка ароқ сотиб оладида, жонга тегди бу пиёнисталар! Бир суҳбатини олайчи:

— Нега ишламайсиз? Оддий одамларга ўхшаб оилангизни таъминлаш ва болаларингизни боқиш учун. Наҳотки, ўғлингизни етаклаб, гадойчилик қилишга уялмайсиз?

— Кечирасизлар…

У дарҳол маҳзун кўзларини олиб қочди ва ўғлининг қўлидан етаклаб, шошиб юриб кета бошлади. Менимча, у биздек бемеҳр инсонлардан тезроқ узоқлашишга қарор қилганди.

Шу пайт виждоним уйғондими, билмадим. Менга нимадир бўлди, кўксимдаги юрак бошқача ура бошлади ва мен машинамда ўтира олмадим. Тушиб:

— Ҳой, тўхтанг! Сизга нима бўлди? Ўзи тунги соат 3 да бу ерда нима қилиб юрибсиз?

— Биз уйга кета олмаяпмиз. Бу ерга қишлоқдан касалхонада ётиб даволанаётган аёлимни кўргани келган эдик. Ҳозир нархлар баланд, ҳамма нарса қиммат!… Бор йўқ пулимни дори- дармонга ишлатиб юбордим. Анча қарзга ботиб ҳам қолганмиз, нима қилишни ҳам билмаяпман… Мен ўзимга эмас, майли, кам бўлса ҳам шу ўғлимга егуликка… У деярли бир суткадан бери ҳеч нарса егани йўқ. Агар билсангиз эди, мен жуда хижолатдаман, жуда уяляпман….

Эшитганларимиздан сўнг биз дўстим билан машинадан пулларимизни олиб, таом буюртма беришга югурдик.

— Тўхтанг, шошманг, кетиб қолманг! Пулимиз борича егулик олиб уларга тутдик. Аввалига у киши бироз хижолат бўлди, у қўлимиздаги нарсаларни нарсаларга шундай қарашардики, уларнинг оч эканликларини билиш қийин эмасди.

Биз улардан уйларига қандай этиб олмоқчи эканликларини суриштира кетдик. У кишининг айтишича, 2 соатдан сўнг уларнинг қишлоқларига борадиган электричка ўтаркан. Улар унда яшириниб етиб олишни мўлжаллаётганликларини эшитиб, ҳамёнимда қолган пулларни ҳам олдим:

— Бу пуллар уйингизга етиб олишингизга етадими?

— Бу нима деганингиз, ярми ҳам етади!

— Майли, олаверинг, йўлда яна у-бу нарса оларсизлар.

— Катта раҳмат! Мен ҳаммасини қайтараман! Келинглар, мен сизларни телефон рақамингизни ёзиб оламан. Бир неча кундан сўнг, мен яна келаман ва пулларингизни қайтараман.

— Қўйинг, уйингизга бемалол етиб олсангиз бўлди!

— Ўғлим, амакиларингга «раҳмат» айт!

— Болакай, оҳиста бизга миннатдорчилик билдирди, бироқ бусиз ҳам унинг кўзларида ҳаммаси намоён эди…

Мен ўша дамда ҳис этганларимни сўз билан таърифлай олмайман. Улар иккиси вокзал томонга тез-тез юриб кетишар ва ортларига қараб — қараб қўйишарди…

Бу воқеага анча бўлди. Лекин уни кеча ўғлим, кўчада олма сотаётган қари бувижондан керак бўлмасада, унга ёрдам бўлсин учун сотиб олганини айтганда жуда хурсанд бўлдим! «Тўғри қилибсан, ўғлим!»

Зиёда Зияева таржимаси.

Мақола 2 513 марта ўқилган

2 Комментариев для «Биз гадой эмасмиз!»

  1. Акмалжон Туйчиев // Декабрь 24, 2016 в 10:55 дп // Ответить

    Йигламасликни иложиси йук. Бунака холатни милиондан бири бу. Ёрдам беручини хам ОЛЛОХ саломат килсин

  2. Hikoyani tarjima qilishda Ziyoda opamni mahoratlariga qoyilman.

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*