Беморлар

hikoya

Инсон — анчагина ажабтовур мавжудот. Йўқ, у маймундан тарқалган, деган гап эҳтимолдан узоқ. Қария Дарвин бу масалада жиндай адашган.

Инсонларнинг хатти-ҳаракатлари эса нима десак экан, ғирт одамларга монанд. Агар билсангиз, ҳайвонот олами билан ҳеч қандай ўхшашлиги йўқ. Мабодо жониворларнинг ўзларига хос тиллари бўлганда ҳам улар мен яқинда эшитганим каби суҳбат қуришлари амри маҳол.

Ҳаммаси шифохонада юз берди. Амбулатория қабулида. Камина ҳафтада бир марта ички касалликлар бўйича даволанади. Доктор Опушкинда. Кўп нарсани тушунадиган, яхши шифокор. У беш йилдан буён мени даволайди. Ҳар ҳолда тузукман, хасталик кучаймай турибди-ку.

Яқинда яна шифохонага бордим. Нав­батга еттинчи ўринда ёзилдим. Бошқа илож йўқ — кутишга тўғри келади. Йўлакдаги диванга ўтирдим ва кута бошладим.

Қулоғимга навбатда турган беморларнинг ўзаро гап-сўзлари чалинди. Суҳбат бирмунча осуда, оҳиста, бежанжал кечарди.

Калта пальто кийган башараси баркашдай амаки ёнидаги одамга шундай деди:

— Бу, мен сизга айтсам, азизим, чурра ҳам касалликми, у тезда, бир туфлаб артиб ташлагандай барҳам топади. Башарам баркашдай бўлиб кетганига эътибор берманг. Аслида мен жуда хастаман. Буйракларим оғрийди.

Суҳбатдоши бироз хафа бўлган оҳангда сўзлади:

— Чуррадан бошқа дардим ҳам бор. Ўпкамда касаллик бор. Қулоғим яқинида шиш пайдо бўлган.

Баркаш башара жавоб қилади:

— Буларнинг аҳамияти йўқ. Шу касалликлар буйрак билан тенглаша олармиди!

Туйқусдан суҳбатга навбатини кутаётган  рўмол ўраган хоним қўшилди:

— Нима бўпти буйрак оғриса? Жиянимнинг ҳам буйраги оғрийди, бир чиройли юради-ку. Ҳатто чеварлик қилади, дазмол  босади. Сизга эса шундай башарангиз бор экан, касаллик таъсир қилмайди. Хасталикдан ўлмайсиз ҳам.

Баркаш башара шундай дейди:

— Мен ўлмас эмишман. Эшитдингизми? Бу аёл буйрак хасталигидан ўлим топмайди, деяпти. Кўп нарсага ақлингиз етаркан, хонимча! Яна тиббиёт масалаларига аралашишингизни қаранг.

Хонимча жавоб қилади:

— Мен сизнинг касаллигингизни камситмоқчи эмасман, ўртоқ. Хасталигингизнинг ўзига яраша мавқеи бор. Буни тан оламан. Фақат ўзимдаги касаллик сизнинг буйрагингизга қараганда жиддийроқ эканлигини айтмоқчиман. Мен саратонга мубтало бўлганман.

Баркаш башарада дарҳол жавоб тайёр:

— Саратон бўлса нима қилибди. Саратоннинг ҳам ҳар хили бор.  Баъзи бир тури умуман, зарарсиз ҳисобланади. У ярим йилдаёқ ўтиб кетиши мумкин.

Бундай ноўрин таҳқирдан хонимчанинг ранги бутунлай ўчиб, титроқ босди. Қўлларини бир-бирига уриб шундай деди:

— Саратон ярим йилда тузалармиш. Кўрдинглар-а! Сен қандай саратонни учратган экансан, билмадим. Касаллигидан шишиб кетган башарасини қаранглар.

Баркаш башарали киши таҳқирлашга муносиб жавоб қайтармоқчи эди, лекин қўлини силтади ва тескари ўгирилди.

Шу пайт навбатдагилардан бири мийиғида жилмайди ва бундай деди:

— Ҳурматли фуқаролар, нима билан мақтаняпсизлар ўзи?

Беморлар сўзлаётган кишига қарадилар ҳамда қабулни кутишда давом этдилар.

 

                              Русчадан Нурбек АБДУЛЛАЕВ таржимаси

Мақола 1 141 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*