Бемор қонидан ОИТСни юқтирган аёл ва гап-сўзларга қолмай дея ОИТСга турмушга чиқаётган қиз…

photo_2016-11-05_16-17-01Навбатчилиги тинч ўтаётганидан мамнун ўтирган Нодирани огоҳлантиришди: дарҳол жарроҳлик хонасини тайёрланг, кўричаги ёрилган беморни олиб келишяпти. Саҳарга яқин бошланган жарроҳлик иши соат олтиларга бориб якунланди. Ҳамшира билан ходимлар бажарадиган юмушлар қолганди. Нодира барча тиббий асбобларни ювиб, қайта ишлатишга тайёрлаш учун махсус идишларга солди. Ҳадемай навбатчиликни топшириши кераклигини ўйлаб шошилди. Шпритсларни йиғиштириб олаётганда, эҳтиётсизлик қилди, шекилли, бармоғига игна суқилиб, қон сизиб чиқди. Санитар аёл унинг бармоғини боғлаб қўйдида, қолган ишларни ўзи амаллади.

…Бир неча ойдан сўнг Нодира ўзида кучли чарчоқ, ланжлик сеза бошлади. Кейин йўтал, ҳарорат кўтарилиши тез-тез такрорланаверди. Ҳамшира эмасми, аввалига ўзини ўзи даволаган бўлди. Аммо ҳалиги аломатлар ўзгармади. Шифокорлар маслаҳати билан бир неча таҳлиллардан ўтди. Натижасини эшитиб… нақ ҳуши бошидан учди: ОИТС!
Буни оиласидан узоқ яшириб юролмади. Барибир айтиш керак, деган хулосага келди. Турмуш ўртоғининг бундай нохуш гапга муносабатини тахмин қилганди, тўғри чиқди:
– Ҳамширадан яхши хотин чиқмайди, дейишганди. Бу бир гапда, деб эътибор бермагандим… Йўқол, кўргани кўзим йўқ…
Нодиранинг юраги узилиб товонига тушди гўё, аммо дадил туриб деди:
– Икки фарзандим ҳаққи, айбим йўқлигини исботлайман.
– Уриниб кўр…
Тиббиётчилар орасида юрган киши бу вазиятда қандай йўл тутишни билади. Ушбу касаллик уч хил йўл билан юқиши маълум. У фақат қон орқалигина юқтирганига амин бўлди. Ҳамширалар кўплаб жарроҳлик ишларида иштирок этади. Лекин бармоғига игна суқилиши ҳамишаям бўлавермайдиган ҳол. Нодира ўша кунги беморнинг барча таҳлилларини олдириб, кўриб чиқди. Адашмаган экан, айнан ундан юққани аниқ бўлди. У оиласи олдида ўзини оқлади, аммо соғлиғини, аввалги ширин ҳаётини қайтара олармиди?!
Тақдирнинг туҳфасини қарангки, тунни тонгга улаб кимнингдир ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшсангу эвазига сени шундай дардисар билан сийласа…
Ҳа, йигирманчи аср инсониятга ана шундай бедаво дардни раво кўрди. Афсуски, унга йўлиқиш хавфидан ҳеч ким кафолатланмаган. Дунё илм-фани ҳозирча бу касалликка даво топишга ожиз. Бироқ унга чалинишнинг олдини олиш учун чора-тадбирлар белгиланган.
2013 йил 23 сентябрда қабул қилинган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, мамлакатимизда ҳам эҳтиёт чоралари кўрилмоқда. Қонуннинг 20 моддасига кўра, ОИВни юқтириб олганлар бепул, махсус даволанади. Ўн саккиз ёшга тўлмаганлар касаллик босқичидан қатъи назар қонун ҳужжатларида белгиланган ҳар ойлик ижтимоий нафақа ва ногирон болалар учун имтиёзларни олиш ҳуқуқига эга. ОИВни юқтириб олган болаларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ишдан вақтинча озод қилинган ва вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини олган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда даволаш-профилактика муассасасида (стационар шароитда) болалар билан бирга бўлишлари мумкин.
– Президентимизнинг 2008 йил 26 декабрьдаги 1023 сонли қарорига асосан мамлакатимизда ОИТСга қарши курашнинг ягона тизими яратилган, — дейди Республика ОИТСга қарши кураш маркази эпидемиологик мониторинг бўлими мудири Абдувоҳид Нурматов. – Мазкур тизимга мувофиқ барча вилоятларда марказлар ташкил этилган. Уларда ОИВ инфекцияси профилактикаси, ташхис қўйиш ва уни даволаш бўйича аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, тиббиёт муассасаларини услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда ушбу вазифаларни амалга оширишнинг замонавий усулларини жорий этишни зиммасига олади. ОИВ юқишининг жадаллигига таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлаш ва уларнинг фаоллигини баҳолаш бўйича махсус эпидемиологик тадқиқотлар ҳам ўтказади. Касалликнинг тўртта босқичи бор. Ўтган йилги натижаларга қараганда, мурожаат қилган беморларнинг 92,8 фоизида ОИВ инфекцияси биринчи ва иккинчи клиник босқичларда аниқланган. Бу бир томондан яхши. Негаки, иложи борича касаллик дастлабки босқичдан аниқланса, беморнинг умрини узайтириш чоралари ортади ва кутилгандек самара беради. Бизда дори воситасига содиқлик, деган қоида бор. Бемор ана шу қоидага умрининг охиригача амал қилиши шарт. Агар режим бузилса, организмда сезувчанлик ошиб, вирус дори воситасига ўрганиб қолади, яъни бари бекорга кетади. Ҳозирги кунда Республика бўйича 10 мингдан ортиқ шахс махсус дори воситасини олмоқда. 2014 йилнинг ўзида Глобал Жамғарма ҳисобидан 3,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағга махсус дори препаратлари харид қилинган. Шунингдек, даволаш тадбирларига давлат бюджетидан 1 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилди. ОИВ инфекцияли беморларни тиббий ва руҳий-ижтимоий қўллаб қувватлаш борасида жойларда инфекционист, психолог ва ижтимоий ишчидан иборат мултидистсиплинар жамоа фаолият кўрсатмоқда.
Бизга кўпинча, иммунитети доим паст юрадиганларда қачондир шу касаллик келиб чиқиши мумкинми, деб савол беришади. Йўқ, ОИВ вируси фақат ўша уч йўлдан бири орқали организмга тушган тақдирдагина юқиши мумкин. Инсон ўзини ана шулардан асрай олса, бундай хавотирга ўрин йўқ. Мана, сўнгги статистик маълумотларни олайлик: ушбу хасталикка чалинган оналардан туғилаётган фарзандларнинг 98,7 фоизи соғлом экани аниқланган. Албатта, уларга касалликнинг онадан болага юқиши олдини олишнинг бир неча тадбирлари амалга оширилади ва натижада бола бу хавфдан холи улғаяди…
Кўп касалликлар соғлом турмуш тарзига амал қилмаслик оқибатида келиб чиқади. Аммо ОИТСга нисбатан бундай деб бўлмайди. Негаки, ўз касалини яшириб, стоматолог ёки хизмат кўрсатиш салонларига бемалол кириб-чиқадиганлар бор. Ўзини ҳар қанча асрамасин, улар туфайли бошқалар ҳам азият чекаётир. (Сўзимиз аввалида келтирилган воқеа ҳам буни тасдиқлайди). Ҳолбуки, қонуннинг 19 моддасига кўра, ушбу вирус билан касалланган шахс “…тери ва шиллиқ қатламларнинг яхлитлигини бузувчи муолажаларда санчиладиган ва кесадиган асбоблардан фойдаланадиган тиббиёт ходимларини ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларини ўз касаллиги тўғрисида хабардор этиши шарт”.
Республика Вазирлар Маҳкамасининг 365 сонли қарори билан тасдиқланган низом ҳамда мазкур қонуннинг 15 моддасига асосан 50 ёшгача бўлган никоҳланувчилар ОИВ инфекциясига тиббий текширувдан ўтишлари мажбурий қилиб белгиланган. Агар улардан бирида ушбу инфекция аниқланса, иккинчисининг аризаси билан никоҳ қайд этилмайди. Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин…
Умида (исмлар ўзгартирилди) болалигидан милиционер бўлишни орзу қиларди. Орзусига эришди. Севган касбида астойдил иш бошлади. Унинг форма ярашган қадди-бастига ошиқ бўлганлар кўп эди. Улардан бирини танлашга тўғри келди. Унаштирув маросимидан сўнг бўлажак келин-куёв тиббий кўрикдан ўтишди. Таҳлил натижалари тайёр бўлгач, улар тиббиёт муассасасига боришди. Шифокор иккисини алоҳида қабул қилишини айтди.
– Аввал сен кирақол, – деди йигит ва шифокорнинг нигоҳига қараб негадир кўнгли ғаш бўлди.
Умида натижаларни эшитиб, қайғуга ботишини хаёлигаям келтирмаганди. У бир муддат икки ўт орасида қолди. Шифокорнинг сўзлари қулоғига кирмади, жуда олисдан эшитилгандай бўлди:
– Танлаш имкони фақат сизда, истасангиз рад этинг.
У охири бир қарорга келди:
– Иложим йўқ, энди шу одам билан яшашим керак.
– Нега, бунга мажбур эмассиз, яхшилаб ўйлаб кўринг!
– Тўғри, аммо шуниси маъқул кўриняпти. Чунки мен милицияда, эркаклар орасида ишлайман. Шундан келиб чиқиб, ўзимни айблашади. Бир гапи бордирки, унаштирувни бекор қилди, дейишади. Бунинг устига, боғланмай туриб узилган ришталарни хосиятсизлик белгиси, дейди кексалар…
Ҳа, таассуфки, орамизда гапга тўн бичадиганлар топилади. Одамлар нима дейди, деган андиша ҳаётимизнида ўзгартиришга қодир. Балки бу тақдир ёзиғидир?! Умиданинг қарорини фақат андиша ўзгартирмади. Унинг қатъийлиги, жасурлиги ҳам бунга сабаб бўлди. Ахир касалга чалинганларни четга чиқариб қўйиб бўлмайди. Аксинча, қонунда уларни камситмаслик, ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзосидек ҳис қилишлари учун кўмаклашиш зарурлиги қайд этилган.
Аввало, тўғри йўлда қўйилган қадам, яхши ният, пок туйғулар бизни аянчли қисматдан асрашини англашимиз лозим. Бизга инъом этилган ҳар бир неъматни борида қадрлашимиз керак. Токи, бетартиб ҳаёт тарзи, покликка хиёнат бир куни исён бўлиб, тақдиримизга дахл қилмасин…

Холида ФАЙЗИЕВА

uzhurriyat.uz архивидан олинди.

Мақола 2 022 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*