Бахт ва бахтсизликнинг ниқоби

photo_2016-11-28_12-13-53

Қуйида эътиборингизга ҳеч бир таърифу тавсифга муҳтож бўлмаган асарлардан парчаларни ҳавола қилмоқдамиз. Улар адиб Назар Эшонқул қаламига мансуб. Инсоннинг бу ҳаётдаги ўрни, яшашдан мақсад-муддао, бахт ва бахтсизлик ва яна бир қанча баланд саволларга жавоб топишни истаган одам бу асарлардан албатта бохабар бўлиши зарур…

«ГЎРЎҒЛИ»

Кексалик ўзининг хўрлик занжирини ҳамманинг устида ҳам айлантиравермайди. У ҳамма нарсани чертиб-чертиб, ибрат қилиб, намуна сифатида танлайди; аммо ҳамманинг бошида бир хил тирикчилик парраги айланаверади. Биров бу парракка юзини тутади, биров қўлини, биров кўзини, биров бошини, биров оёғини, биров…

***

Қизиқ, ташвишдан холи ёки ҳеч қурса, иши юришиб турган кишига бошқаларнинг заҳархандаси ҳамиша эриш туюлади.

***

Гарчи одамзод юрган ҳар қандай йўлнинг охири йўқлик билан тугаса-да, барибир у яшаш касалига мубтало бўлаверади. Ҳаёт ўзи мубталоликдан бошқа нарса эмас.

***

Иши юришиб, ташвиш қарғалари дарахтига қўнмай қўйган одам ҳамиша мурувватли бўлгиси келади.

***

Мурувват ҳасадга айланса, ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Ҳасад ҳам тириклик белгиси. Одамзод бир умр шундай яшайди, алдов унинг қувончига, ҳашамига, умрининг мазмунига айланади. Алдовга ўрганган кўнгил усиз яшай олмай қолади, у ўзини бахтли кўрсатиш учун бир умр алдайди, алданади, бир кун умр поёнига етганда изига қараса, алдов ва ёлғондан бошқа ҳеч нарса кўринмайди. Ёлғон бу дунёга кўнгил қувончи, шавқи, завқи қилиб жўнатилган. Ёлғон одамдан, одамзоддан кўра кучлироқ салтанат, одамзодни қириб ташлаш, йўқ қилиш мумкин, лекин ёлғонни йўқ қилолмайди, чунки у қалб ўйини, қалб ҳарами, қалб қароргоҳи…

***

– Бир кеча уйғониб кетдим, – деди Н. столнинг синиқ оёғига тикилганча. – Чироқни ёқиб, хонага кўз тикдим. Ҳамма нарса тартиб билан жойлашган, ҳамма нарса етарли эди. Умуман, бир одам бахтли яшаши мумкин бўлган ҳамма нарса бор эди. Бироқ шунда нимадир етишмаётганини англаб қолдим. Биласанми, нима? Мен қандайдир ўликка ўхшаб яшарканман. Ўлик каби кечамдан кунимнинг, бугунимдан эртамнинг фарқи йўқ экан. Ўликларда шундай бўлади: менинг эса тирилгим келди ва олдингга мени тирилтир, азобларингни, уқубатларингни менга ҳам юқтир, деб келдим.

***

…кичкина одамлар ҳамиша ҳар қандай одамда самимият пайдо қилади, баъзан уларни назарларига илмайдилар. Шунинг учун ҳамма нарсани очиқ гапириб ташлашади, жиноятни аниқлашга эса худди шу нарса керак.

«ТУН ПАНЖАРАЛАРИ»

Мен ҳозир бахт ва бахтсизлик ҳақида гапирмоқчиман. Одам ҳаётда ўз ўрнини билиши учун бу саволларга жавоб топиши зарур деб биламан.

***

Тун хушбўй сиёҳранг атиргулга ўхшайди. Бу гулни ким узиб кўк қўйнига қўйиб кетди экан, мен билмайман.

***

Муҳаббат ҳам одамга омадини синаб кўриш учун умр каби бир марта берилади. Ундан олдин ёки кейин содир бўладиган туйғулар бу сирли юртга бориш ёки ундан қайтиш йўллари, холос. Биринчи ёки шунчаки муҳаббат дейишлар яна севиб қолармикинман, дея ўзини овунтириб яшашдан бошқа нарса эмас.

***

Кўнглингиз ёлғизлик зардобига тўлганда, бу зардобни фақат аёл даволай олиши мумкин.

***

Аёл ва эркак аслида бир бутуннинг икки қисми. Бахт бутун бўлиши учун аввало мана шу икки қисм бутун бўлиши зарур. Бироқ бунинг учун аёлни севиш керак. Бизнинг бутун умримиз ана шундай аёлни кутиш билан ўтади. Афсуски, бундай аёллар ҳам ҳар бир одамга кейинчалик бир умр соғиниб ўтиши учун бир марта берилади, холос.

***

Даҳшат! Дунёдаги ҳеч нарсадан ҳайратланмай қўйиш даҳшат!

***

Адабиёт инсоннинг оғриқларидир… Қачонлардир уни бир-бирларига юракларидаги оғриқларни айтиш ва ибрат қилиб кўрсатиш учун ўйлаб топишган…

Азоб тугаган жойда фаолиятсизлик бошланади: худбинлик, хиёнат, лоқайдлик бошланади.

***

Онаси чироқни ёқади, қизи изидан ўчириб юради; у онасига нисбатан ақллироқ – чироқ пулга ёқилишини билади, умрларининг мазмуни қаердадир ҳафтасига икки марта сомса пишириб сотишу яна мана шу бир-бирини шанғи сўзлар билан ғажиб ётишдан иборат… Мен бундай хонадонларга бахт ҳам, бахтсизлик ҳам ёпирилиб кирмаса керак, деб ўйлайман. Бахт ва бахтсизлик қушлари ҳар бир қадамини минг хил мулоҳаза билан ташлайдиган одамларнинг дарахтларигагина кўчади.

***

Мурдани тирилтириб бўлмайди, буни мен ҳам биламан, лекин хотира ҳамиша тирикдир, у сен билан бирга хонангда, хаёлинг ва кўз олдингда яшайди, сен билан узун тунлар суҳбат қуради ва сени олис ёмғирли оқшомга бошлаб боради. Ёлғиз кўча кезган ва дунёда дўстим йўқ деб хулоса қилган одамнинг хаёлидан бошқа бу ерда ҳеч қандай ғайритабиий нарса йўқ. Кимки менга ўхшаб бепоён тун салтанатида хаёл ва ёлғизлик билан бирга қолса, у мени тушунади.

***

Лекин барибир мен унга ҳавас қиламан. У ҳали ҳам ёш болага ўхшайди ва шу гал, албатта йиқитаман, деб яна қайтиб тураверади.

***

Ҳаётни кашф қилмаслик керак. Уни кашф қилиш – газак олган ярани очиш билан баробар. Ҳаётни кашф қилганинг сайин ўзингга ўзинг панжара қуриб борасан.

***

Бу ёзганларим нима ўзи, бу ажи-бужи ёзувлар ўзи нима? – қалбимдаги учқуннинг тутунлари, холос, гўё мен қаламни сиёҳга эмас, мана шу тутунга ботириб ёзаётгандайман: ҳарфлар эмас, кўксимдан чиққан тутунлар қоғоз юзида буралиб-буралиб сузиб юргандай.

***

Ҳеч қурса, қайси пайтда яшаш имконияти инсоннинг ўз ихтиёрида, улуғвор Вақт чархи ҳар кимнинг ўз қўлида бўлса эди. Унда мен ҳозир нимагаки эришган бўлсам, ҳаммасидан жон деб воз кечардиму мени ҳамон тош йўлда кутиб турган, толдан эшилган жамалагига ўзининг жажжигина орзуларини ҳам қўшиб ўрадиган Робиянинг сарғиш сочларига, Терс ота сувидек тиниқ, ҳар лаҳза тўлқинланиб турадиган хаёлчан кўзларининг умидбахш қирғоқларига бир умрга қайтган бўлардим.

«ҚОРА КИТОБ»

Баъзан инсон ижод этган ёвузликлар яратганни ҳам лол қолдирса керак деган шубҳага бораман. Инсон ёвузликни улуғ санъат асари даражасига кўтарувчи бирдан-бир жонзот.

***

Вайсақилик қобилият эмас, одам ўз бахтсизлигини яшириш учун қиладиган ниқоб. Одамзод қанча вайсаса, билингки, у шунча бахтсиздир.

***

Сизга шуни алоҳида эътимод билан айтмоқчиманки, мен кўп йиллик тажрибамдан шундай хулосага келдимки, гўзал нарсаларнинг ҳаммаси ҳалокатдир. Ҳар қандай гўзаллик ортида ваҳшийлик яширинган бўлади, гўзаллик ваҳшийликнинг ювош кўринишидир… Мана бу гул қандай нафис дейишингиз билан кўнглингизда шу гулни узиб олиш истаги пайдо бўлади. Гўзалликка эришиш учун ваҳшийлик қилишингиз шарт бўлади.

***

Мана сиз бекатда ўтирибсиз, қандайдир поездни кутаяпсиз. У сизни бу ерда қаергадир ола кетиши керак, поезднинг қандайлигини, қайси томондан келишини, қай томонга кетишини ҳам билмайсиз. Бироқ бекатда ўтириб кутишга маҳкумсиз. Одамзоднинг бор-йўқ умри ана шу кутишдан, кутиш пайтидаги орзу-ю хомхаёллардан ўзга нарса эмас.

***

Ҳозир хиёбон четига бораман, мени қора китоб кўчаларидан олиб ўтган ёлғон ва хиёнатга, фаҳм ва шон-шавкатга интиқ ўтган қалбимнинг шоҳсупасига чиқиб, худди ярадор айиқ нажот излаб сўнгги бор ҳайқиргани ва улуғ жангу жадалдан сўнг эзгулик ва ёвузликнинг, ўлим ва ҳаётнинг моҳияти қолмаган маҳшар кунида вайрон бўлган замину замоннинг харобалари устида, ҳам бу харобаликдан хушнудлик, ҳам янги, тозарган, фориғланган янги мавжудот яратиш шавқи билан тўлган улуғ ва зафарли овоз каби мен ҳам нафс яралари бўғаётган танамни, дўзах тўзони билан тўлган қалбларни ва Иблис билан бир тўшакда ухлаб ётган ушбу дунёни ларзага солиб, масту мустар ҳайқираман: майли, менинг бу ҳайқириғим дунёнинг адашган сўнгги ҳайқириғи бўлиб қолсин.

Мақола 474 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*