Бахт улашган тонг

baxt ulashgan tongТонг палласи. Рисолат ая якка-ю, ягона набираси Зуфарбекни уйғотиш учун уйга кирди. Набирасини уйғотиб чиққач, бироз хаёлга чўмди. «Унинг пешонасида шу кунлар ҳам бор экан. Бир томондан Зуфарбек — ногирон, иккинчи томондан уни дадаси ташлаб кетган. Қизи Моҳинисо билан етим бўтадек бир ҳовлида яшашади.

Ногирон фарзанди ва хотинидан юз ўгириб, улардан воз кечгани учун тақдир уни ҳам сийламаган. Назар ака иккинчи турмушидан фарзанд кўрмади…

Ичкаридан Зуфарбекнинг нимадир сўраб чақирган овози эштилди-ю, Рисолат аянинг хаёли бўлинди. У якка-ю, ягона набирасининг келажагини ўйлаб, ундан ташвишланарди.

Унинг кўнгли бузилмасин, дея онаси ҳам, бувиси ҳам отаси ҳақида кам гапирар, ўз жигарбандидан юз ўгирган отадан буткул умидларини узишганди.

Орадан йиллар ўтди. Зуфарбек гарчи ногирон бўлса-да, илмга чанқоқ, тиришқоқ бўлиб ўсди. У баъзи бир соғлом кишилар орасида зийраклиги , билимдонлиги билан ажралиб турарди. Зуфарбек доимо олдинга интилар, ўйлаган мақсадини амалга оширмасдан қўймасди.

У мактабни тамомлаб, олийгоҳга ўқишга кирди. Зуфарбек яхши ўқигани боис, институтда ҳам устозлари эътиборига тушди. Унинг азалдан бир орзуси бор эди: у ҳам бўлса, ўқишни битириб, магистратурада ўқишини давом эттириш ва илмий иш қилиш. У бу орзусини амалга ошириш мақсадида институтнинг энг тажрибали профессорларидан бири Назар Соиповичнинг ҳузурига шошилди. Устозидан маслаҳат олиш учун унинг хонасига кирганида Назар Соиповични юраги «жиз» этиб кетди.

Назар Соипович Зуфарбек билан яқиндан гаплашар экан, унинг ўғли эканини билиб, анча вақт ўзини тутолмай турди. Кейин эса бу сирни ҳозирча айтмасликка қарор қилди. Чунки ўғлига бор гапни айтса, ўғли отасини бирданига кечирмаслигини, эндигина топганида йўқотиб қўйишидан қўрқарди.

Назар ака Зуфарбекни тез-тез кўриб туриш мақсадида уни ҳузурига чақириб турарди. Зуфарбек ҳам Назар акага шундай боғланиб қолгандики, ҳатто, бирон бир ишни ундан бемаслаҳат қилмасди.

Бир куни:

— Қани, менинг ҳам сенингдек билимли, меҳрибон ўғлим бўлсайди, — деди Назар ака. — Минг афсуски, фарзанд кўрмадик. Кейин аянг билан шу тўғрида тез-тез тортишиб қоламиз. У эса фарзанд тўғрисида қайғурмайди ҳам. Менинг топганларимни совуриб, тўплаган мол-дунёсини кўз-кўз қилиш билан овора.

— Устоз, ҳафа бўлманг, мен ҳам оилада ёлғиз фарзандман. Мен туғилганимдаёқ отам ташлаб кетган экан. Лекин ойим отам ҳақида ҳеч ёмон гапирмаган. Мен отам қаердалигини сўрасам, «билмайман, ўғлим. Вақти келиб улар билан кўришасан», деб мени овутади. Ҳар тонг Аллоҳга отамни кўриш менга насиб этсин, деб илтижо қиламан, — деди Зуфарбек.

Шу пайт Назар Соиповнинг қўл телефони жиринглаб қолди. Уларнинг гапи бўлиниб, Зуфарбек устозидан изн сўраб, ташқарига йўналди.

Эртаси куни илмий иш қораламасини ёзиб тугаллаган Зуфарбек севинчини ичига яширолмай, ойисига қўнғироқ қилди. У ойиси ва бувисини шаҳарга чақириб, устози билан таништирмоқчи бўлди. Лекин Назар акани бундан хабари йўқ эди.

Моҳинисо ва Рисолат аялар шаҳарга келишгач, Зуфарбек уларни устозиникига олиб бормоқчи бўлди. Улар йўлга тушдилар. Устозининг уйига етиб боришгач, уларни устозининг умр йўлдоши Солиҳа кутиб олди. У меҳмонларни менсимай қарши олди-да, тезда ортига қайтди. Уйга кириб, эрига қараб бақир-чақир қилди.

-Анови ногиронингиз сиздан сўрамай меҳмон олиб келибди, савиллар-ей…

Назар ака хотинига бир пўписа қилдида, кўча томон шошилди. У Моҳинисо ва Рисолат аяларни кўриб, турган жойида қотиб қолди. Наҳотки, улар…

Шу пайт ҳамма жимиб қолди.

— Ойижон, сизга нима бўлди? — деди жимликни бузган Зуфарбек. Моҳинисо ва бувиси вазиятни тушуниб, Зуфарбекни имлаб ортга қайтардилар. Зуфарбек йўл бўйи ҳайратини яширолмай, уларни сўроққа тутарди. Рисолат ая бор ҳақиқатни унга айтишга мажбур бўлди. Бу гапларни эшитиб, Зуфарбек ўзини йўқотиб қўйди. Наҳотки… У дадасини топганидан ичида қувонса, ота меҳрисиз ўтган йилларини эслаб ўкинарди.

Назар ака Зуфарбекни бир неча бор чақиртирди. Аммо Зуфарбек ўзини тортарди. Эндигина дилбандини топган ота эса ундан яна айрилишни истамасди.

Бу хусусда Назар ака хотини Солиҳа билан узоқ тортишди. Муросага келишолмади. Уларнинг ҳаётида на маъно, бир-бирини боғлайдиган на бир ришта бор эди… Улар келиша олмай, фарзандсизлик туфайли ажралишга қарор қилдилар.

Назар ака ўғлини ва оиласини излаб. уларнинг уйларига келди.

— Моҳинисо, мени кечир. Қадрингга етмаган эканман. Ўғлим, ойижон, мен гумроҳни кечиринглар, — деди ўкинч билан.

Зуфарбек дадасининг бағрига ўзини отди. Ундан яна бир оила бўлиб яшашни илтимос қилди. Ўғлининг келажагини ва раъйини ўйлаб, Моҳинисо ҳам эрини кечирди.

Рисолат буви, Моҳинисо ва Зуфарбеклар яна бир оила бўлиб яшай бошладилар. Орадан бир йил ўтгач, бу оилада қиз фарзанд дунёга келди. Бу қизалоқ тонгда туғилгани учун унга Шабнам деб исм қўйишди. Бу тонг уларнинг оиласига бахт-қувонч улашди.

Гўзалой АБДУЛЛАЕВА.

Интернет манбаларидан олинди. 

 

Мақола 987 марта ўқилган

1 Комментарий для Бахт улашган тонг

  1. Ажойиб…рахмат

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*