Барчаси Ислом Каримов ҳақида

КаримовХалқимиз ўзининг қисқа муддат — 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда айнан Президент Ислом Каримов номи билан боғлайди ва шу улуғ инсоннинг беқиёс хизматлари деб билади.

Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таржимаи ҳоли

Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилган.

Миллати — ўзбек. Олий маълумотли, Ўрта Осиё политехника ва Тошкент халқ хўжалиги институтларини тугатган. Муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликларига эга. Иқтисод фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлаган.

1961 йилдан 1966 йилгача В. П. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади.

1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан Республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди.

1983 йилда Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, Республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди.

1986-1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби, 1989 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимларида ишлади.

1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди.

1991 йил 31 август куни Ислом Каримов тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди.

1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

1995 йил 26 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига кўра Ислом Каримовнинг Президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди.

2000 йили муқобиллик асосида ўтган сайлов натижаларига кўра, Конституцияга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Ислом Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

2007 йили муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

2015 йили муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

Оилали, икки фарзанди, беш нафар набираси бор. Рафиқаси Т.А. Каримова — мутахассислиги бўйича иқтисодчи, иқтисод фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар академияси Иқтисодиёт институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаган, айни пайтда — пенсияда.

Ислом Каримов суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда бу борада матонат ва жасорат кўрсатганлиги учун «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони, «Мустақиллик» ва Амир Темур орденлари билан тақдирланган. Шунингдек, у бир қанча хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан ҳам мукофотланган.

Ислом Каримов Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси. Айни вақтда у иқтисодиёт, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун кўплаб хорижий мамлакатлар университет ва академияларининг фахрий фан доктори ҳамда академиги этиб сайланган.

Буюк хизматлар

Ислом Каримов мамлакатимизда амалга оширилган улкан ишлар, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамосидир:

  • Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, мамлакат мустақил тараққиёт дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат арбобидир;
  • демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўла жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий муаллифи ва уни ҳаётга татбиқ этишнинг ташкилотчисидир;
  • у марказий ҳокимият ва унинг жойлардаги бўғинларини ислоҳ қилиш, давлат, жамият ва инсон муносабатларини уйғунлаштиришга қаратилган янги сиёсий-ижтимоий тизим тамойилларини ишлаб чиқди ва амалга оширди;
  • халқимизнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда илғор жаҳон тажрибаларини мужассамлаштирган иқтисодий ислоҳотларнинг янги моделини ишлаб чиқди. Бу ривожланиш йўли иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, қонун устуворлиги, ўтиш даврида давлатнинг бош ислоҳотчи эканлиги, ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш, кучли ижтимоий ҳимоя каби машҳур беш тамойилни ўз ичига олади ва у дунёда «Ўзбек модели» деб эътироф этилган;
  • Ўзбекистон давлатининг ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга қодир Қуролли Кучлар, Чегара ва Ички қўшинларни замонавий ислоҳотлар асосида ташкил этиш ишига бошчилик қилди;
  • КПСС Марказий Комитети бошчилигидаги кучлар Ўзбекистонда адолатсизлик ва тазйиқларни авж олдирган йилларда ўзбек халқининг номини ноҳақ таҳқир ва ҳақоратлардан ҳимоя қилиш, халқимизнинг ор-номусини, миллий ғурурини тиклашда фидойилик намунасини кўрсатди;
  • халқимиз маънавий қадриятларига ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш, асраб-авайлаш ва ривожлантириш, муқаддас динимизни, урф-одатларимизни, бебаҳо тарихий меросимизни ҳаётга қайтаришни давлат сиёсати даражасига кўтарди;
  • халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини юксалтириш, ўзбек номини бутун дунёга тараннум этишга улкан ҳисса қўшди;
  • одамларнинг тафаккурини ўзгартириш, уларнинг онгида янги миллий ғоя, миллий мафкура асосларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш ишига раҳнамолик қилди;
  • юртимизда тинчлик-осойишталикни, миллатлар ва фуқаролар ўртасида тотувлик ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш, уни сақлаш ҳамда мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшди;
  • моҳият-эътиборига кўра, мутлақо янги таълим-тарбия тизими — Кадрлар тайёрлашнинг миллий дастурини яратиш ва уни амалга оширишда бевосита етакчилик қилди;
  • маҳалланинг давлат ва жамият бошқарувидаги нуфузини ошириш, ваколат ва ҳуқуқларини кенгайтириш, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш тизими сифатида уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ташаббускори бўлди;
  • юртимизнинг турар жойларида янги қурилишлар, шу жумладан, улуғ аждодларимизнинг қадамжоларини обод қилиш, иқтисодимизнинг салоҳиятини оширишда катта ўрин тутган йирик-йирик корхоналарни бунёд этишда, кўпгина шаҳар ва қишлоқларимиз, авваламбор, пойтахтимиз Тошкентнинг шакл-қиёфасининг тубдан ўзгаришига бевосита раҳбарлик қилди.
  • Мухтасар қилиб айтганда, Ислом Каримов Ўзбекистон давлати ва давлатчилигини барпо қилиш, демократик фуқаролик жамияти қуриш асосларини яратди, мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини ишлаб чиқди, юртимизнинг ёруғ истиқболи йўлида кўпмиллатли халқимизни бирлаштириб, уни улуғ мақсадлар сари бошлаб борди.

Ислом Каримов олиб борган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг асосий устувор йўналишлари

  • мамлакатни модернизация қилиш, жамиятни янгилаш, иқтисодиёт жадал суръатлар билан ўсиши ва унинг макроиқтисодий мутаносиблигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, бу йўналишларни амалга оширишнинг   гарови бўлмиш тадбиркорлик, кичик бизнес ва фермерлик ҳаракатининг изчил қадамлар билан эркин ривожланишига кафолат ва имтиёзлар берадиган сиёсатни давом эттириш ва кучайтириш;
  • иқтисодиётдаги чуқур таркибий ўзгаришларни янги босқичга кўтариш, фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш, солиқ юкини камайтириш, юксак технологиялар билан қуролланган тармоқ ва ишлаб чиқариш корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш;
  • ўрта синф вакиллари — тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати ва хусусий бизнес тузилмаларининг, барча моддий ва интеллектуал мулк эгаларининг манфаатларини устун қўйиш, уларга тўлиқ имтиёз ва имкониятлар яратиб бериш, уларни қўллаб-қувватлаш;
  • иқтисодиёт юқори суръатлар билан ривожланишини таъминлаш ҳисобидан халқимизнинг реал даромадлари ва фаровонлигини ошириш, муҳим ижтимоий дастурларни ҳаётимизга муваффақиятли тадбиқ этиш;
  • замонавий меҳнат бозорини янада кенгайтириш асосида янги иш ўринлари ташкил этиш, соғлиқни сақлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёрдам ва кўмакка муҳтож тоифаларга, кам таъминланган оилаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтиришга қаратилган ижтимоий ҳимоя сиёсатини амалга ошириш;
  • кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига босқичма-босқич ўтишга эришиш;
  • ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга доир ислоҳотларни фаол давом эттириш, шу аснода инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият ва бойлик сифатида жамиятимиз ҳаётида асосий ўринга қўйиш, «Инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ» деган тамойилни амалда рўёбга чиқариш;
  • мамлакатни модернизация қилиш ва замонавий жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган янги авлод кадрларини тайёрлаш;
  • «Юксак маънавият — енгилмас куч» деган ҳаёт ҳақиқатидан келиб чиққан ҳолда, маданий ва маърифий соҳаларда олиб бораётган ишларнинг таъсири ва самарасини кучайтириш;
  • Жамиятимизда демократик жараёнларни янада чуқурлаштириш, жумладан, бу масаланинг энг муҳим шарти ва гарови бўлган кўппартиявийлик тизими, фуқаролик институтлари ва нодавлат ташкилотлар фаолиятини,   уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кучайтириш, жамиятимиздаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, оммавий ахборот воситаларининг том маънода тўртинчи ҳокимият сифатида фаолият юритиши учун зарур бўлган барча ҳуқуқий ва ташкилий  тадбирларни амалга ошириш;
  • суд-ҳуқуқ тизимини ҳуқуқий давлатни шакллантиришнинг зарур таркибий қисми сифатида чуқур ислоҳ этиш ва эркинлаштириш бўйича бошлаган ишларнинг таъсири ва самарасини кучайтириш,  суд тизими мустақиллигини таъминлаш;
  • «Адолат — қонун устуворлигида» деган тамойилни амалий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни  замон талаблари даражасига кўтариш йўлида янги, амалий қадамлар қўйиш;
  • ташқи сиёсат соҳасида бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, дунё мамлакатлари билан тенг ҳуқуқли асосда шерикчилик қилиш, юзага келадиган ҳар қандай  можаро ва муаммони фақат тинч йўл билан, сиёсий  ва ҳуқуқий воситалар орқали ҳал этиш, узоқ ва яқин қўшниларимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва тотувликда  яшаш тамойилига қатъий амал қилиш;
  • юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, барқарорликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ўртасида тотувлик, турли миллатлар ва диний конфессиялараро ҳамжиҳатликни янада кучайтириш;
  • Қуролли Кучларимиз қудратини ошириш, миллий армиямизни модернизация қилиш жараёнларини янада чуқурлаштириш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини кўз қорачиғидай асраш.

Шарҳ ва тафсилотлар

Ислом Абдуғаниевич Каримов собиқ Ўзбекистон ССРнинг раҳбари этиб тайинланган пайтларда халқимизнинг собиқ шўро тузумининг адолатсизлигидан чекаётган азоблари авжига чиққан эди.  Бу ҳақда Президентимиз шундай ёзган эдилар:

«Ўзингиз ўйлаб кўринглар, азиз дўстлар, мустабид тузум, мустамлакачилик даврида биз ким эдик?

— Тақдиримиз, эркимиз кимларнинг қўлида эди?

— Каъба деб қаерга сиғинар эдик? Ҳар тонг «Ассалом!» деган мадҳия оҳанглари остида кимларга қуллуқ қилиб уйғонардик?

— Тилимиз, динимиз қай аҳволда эди? Имом Бухорий, Имом Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбандларнинг муқаддас хокларига эътибор бормиди? Амир Темур, Бобур Мирзо ва бошқа улуғ бобокалонларимизнинг буюк номлари қайси тупроқларда қоришиб ётган эди?

— Миллий ғуруримиз, инсонлик шаънимиз, урф-одатларимиз қандай тушунчаларга алмаштирилган эди?

— Хўш, ўзимиз-чи? Ўзимиз ўзлигимизни билармидик? Қандай мўътабар замин, улуғ аждодларимизнинг ўлмас мерослари билан озикланган элнинг фарзандлари эканимизни англармидик?

— Айтинглар, ўша кезлари Ўзбекистонни дунёда биров билармиди? Биров биз билан ҳисоблашармиди?

— Юртимиз қандай ва қанча беқиёс бойликлар хазинаси эканидан қай биримиз хабардор эдик?

— Гўё миллий ифтихор бўлмиш пахта, ҳақиқатда миллий ғурур ўрнига бўйинтуруқ бўлиб, халқимизни ялангоёқ қилишдан, бошимизга азоб-уқубат, таъна-маломатдан бошқа нима келтирарди?

Дарҳақиқат, яқин тарихда халқимиз ўз бошидан кечирган бундай азоб-уқубатларни, тақдиримиз жар ёқасида турган машъум кунларни унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ”.

Айтинглар, азиз ёшлар, сиз мана шундай ватанда яшашни истармидингиз?

Миллатнинг дардлари кўп эди. Уларга дармон керак эди. Дармондан ҳам олдин “шамолга қараб” иш қилмайдиган, ўзимиздаги эски тузум тарафдорларининг қаршилигини енгишга қодир, “миллат дарди — менинг дардим”, деб майдонга чиқадиган жасоратли раҳнамо керак эди. Майдонга ана шундай раҳнамо — Ислом Абдуғаниевич Каримов чиқдилар.

Президент Ислом Каримов томонидан ўртага ташлаган илк шиор — “Ўзбекистон — келажаги буюк давлат!”, деган шиор бўлди. Ўшанда бу шиорга иккиланиб қараганлар кўп эди.  Чунки Шўро давлати бизни мутелик, қарамликка ўргатиб қўйган, бу иллатлар айниқса мустақилликнинг биринчи йилларида кучли эди.

Собиқ Марказ халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий ночорликдан норозилигини бостириш, чалғитиш учун янгидан янги найранглар ўйлаб топа бошлади. Шулардан бири — миллатлараро можаро бўлди. Президент Ислом Каримов Бўкага бориб, якка ўзи, от миниб, ғазабга тўлган оломон ичига жасорат билан кириб борди. Одамларга бу қилмишларни ким, нима мақсадда ташкил қилаётганини тушунтириб, оломонни тинчлантиради. Бутун Марказий Осиёни қамраб олиши режалаштирилган биродаркушлик оловини ўчиради. Бунинг учун шу урушни тўхтатиш қудратига тенг ирода, матонат керак эди.
Ва бу ирода Ўзбекистон Президентида намоён бўлди.

Марказ халқимизни ёмон отлиқ қилиш мақсадида Гдлян ва Ивановлар бошлиқ махсус терговчилар гуруҳларини юборди. Юртимизда “Пахта иши”, деган ёвуз ишлар бошланди. Унинг асосий жабрдийдалари — механизатор, бригадирлар бўлишди. Ўша пайтларда Қашқадарё вилоятининг раҳбари бўлиб ишлаётган Ислом Каримов ноҳақ қамалган юртдошларимизни озод қилишга киришди. Дастлаб вилоятда, 1989 йилдан бошлаб бутун республикамизда “Пахта иши” туфайли ноҳақ қамалга минглаб юртдошларимиз озод қилинди.

Бу можароларнинг асосий сабаби миллатлараро келишмовчиликда эмас, халқнинг оғир иқтисодий аҳволида эди. Вазиятни ўнглаш учун Президент Ислом Каримов қабул қилган биринчи қарорлардан бири — қишлоқ аҳолисига 700 минг гектардан зиёд томорқа ер берилсин, деган қарор бўлди. Буни фарғоналик маҳалла фаолларидан бири Эркинжон Абдуллаев шундай эслайди:

“Мен Сизга 27 йилдан буён қалбимда асраб юрган бир гапимни айтмоқчиман. 1989 йилда мен Фарғонада институтда ўқирдим. Ётоқхонада турардим. Шанба-якшанба мен уйга боролмас эдим. Ётоқхонада қолиб кетардим. Чунки  кичкина, 4 сотих ховлида 21 киши қисилиб яшардик. Акаларим уйланган, менинг ухлаб туришимга жой йўқ эди. Ана шундай азобли кунларимда муҳтарам Президентимизнинг “Аҳолига уй-жой қуриш учун ер ажратиш тўғрисида”ги қарори чиқди. Қарор шарофати билан тўрт акам ер олиб, чиқиб кетишди. Мен бирданига бир ховлининг эгаси бўлиб қолдим.

Бугун Президентимиз ташаббуси билан қурилаётган намунавий лойиҳадаги уйлар қишлоғимиз кўркига кўрк қўшмоқда. Халқимиз бу уйларни фахр билан «Президент уйлари» деб аташмоқда. Фарзандим ҳам ҳавас қилиб, шу уйлардан олди.

Муҳтарам Президентимиз бундан 27 йил олдин мени уйли қилган эдилар. Мана бу йил боламни уй-жойли қилдилар. Бу яхшиликни унутиб бўладими, яхшилар?!”

Кимнинг дони ўзиники бўлмаса — қўлда нони омонат. Бировнинг қўлига қарам бўлишга маҳкум бўлади. Маккор Шўро доҳийлари буни яхши биларди. Шу боис мустақилликнинг биринчи йилларида мамлакатимизда очарчиликка бир ҳафта қолган кунлар бўлди. Ўшанда ўз халқининг бу аҳволига ич-ичидан суюниб, “Ана. СССР бузилди. Нонни ғамлаб, қуритиб қўйинглар демаганмидим?! Мана энди кўрасанлар”, деган “башоратчи”лар ҳам чиқди. Президент Ислом Каримовнинг оқилона қарорлари, қатъияти Ўзбекистонга кириб келаётган очарчиликни тўхтатди. Дунёнинг нариги четидан бўлса ҳам, дон келтирилди.

Ўзбекистон биринчи вазифалар қаторида дон мустақиллигига эришди. Мана бугун дон ҳам, нон ҳам ўзимизники. Бошқаларга ҳам илинаяпмиз. Ҳурматли ёшлар! Ҳар куни дастурхонимизда иссиқ нон ушатаётганингизда бунинг шукронасини айтинг. Ука-сингилларингизга ибрат кўрсатган бўласиз. Бугун дастурхонларимиз тўкин. Унинг 98 фоизини ўзимизнинг фермерлар тўлдираётир. Экспорт йилдан йилга ошмоқда.

Президент Ислом Каримов Ўзбекистонни автомобиль саноатига асос солдилар. Юртбошимиз 1992 йилда “Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқарамиз”, деб яхши ният қилганларида ҳам бунга ишонмаганлар кўп бўлди. Мана бугун сон саноқсиз ўзбек автомобилларини кўриб кўзларимиз яйрамоқда.  Бу соҳада ҳам мустақилмиз. Экспортермиз. Буларнинг барчаси бевосита Ислом Каримов раҳбарлигида амалга оширилди.   Бундай мисоллар жуда кўп.

1991 йил 9 декабрь. Соат 9:00. Наманган шаҳрида тўпланган жоҳил оломон вилоят ҳокимлиги биносини эгаллаб олади. Ана шунда Ислом Каримовнинг шахсий жасорати яна яққол намоён бўлди. Қайтиб чиқишга кафолати йўқ жойга оломон орасига бир ўзи, соқчиларсиз кириб борадилар. Бу ҳақда халқаро эксперт Зураб Тодуа: “Бундай бинога бир ўзи, кўзи қонга тўлган оломон қуршовига кириб бориш учун одамда мислсиз катта жасорат, ирода бўлиши керак. Ўзбек халқи учун ҳал қилувчи ана шу кунда Ислом Каримовдек раҳбарнинг бўлгани Ўзбекистоннинг омади, деб ҳисоблайман”, дейди ҳурмат ва эҳтиром билан.

Бу ҳақда йигирма йилдан кейин Президентимиз оломон билан учрашган ўша жойда туриб истиқлол тенгдоши бўлган бир ёш йигит шундай дейди: “Агарда Президентимиз ўшанда мана шу мен турган турган жойда бўлмаганларида, ўз сўзлари билан одамларни тинчитмаганларида бизнинг келажагимиз ҳозиргидек бўлмаган бўлар эди”.

Академик Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзидан бебаҳо илмий, ижтимоий-сиёсий мерос қолдирди. Ватанимиз Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура”(1996), “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”(1996),   “Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир”(1996), “Янгича фикрлаш ва ишлаш давр талаби”(1997), “Хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида”(1998), “Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз”(1999), “Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт — пировард мақсадимиз”(2000), “Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак”(2002), “Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди”(2006), “Юксак маънавият – енгилмас куч”(2008), “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари”(2009), “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”(2011), “Она Ватанимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир”(2015) ва бошқа асарлари ҳамда маърузаларида баён қилинган ғоялари асосида ривожланишнинг равон йўлига чиқиб олди.Бунинг амалий исботини мамлакатимизнинг қудрати ва иқтисодий салоҳияти тобора ортиб, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати юксалиб бораётганида яққол кўриш мумкин.

Энг муҳими, эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлод янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етмоқда Айни шундай ёшларни ҳал қилувчи куч сифатида тайёрлаш давлат ва жамиятнинг устувор вазифаси даражасига кўтарилгани нақадар узоқни кўзлаган тарихий қадам бўлгани тобора аён бўла бормоқда.

Ислом Каримов ижодкори бўлган Истиқлол ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилди, топталган қадриятларимиз, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятлар эшигини очиб берди.

Президент Ислом Каримов асарларида кўтарилган ғоялар Ўзбекистон халқининг Миллий ғоясининг яратилишига асос бўлди.

Ўзбекистоннинг биринчи Президенти раҳбарлигида мамлакатимиз суверенитетининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган энг муҳим стратегик дастурлар, жумладан, Ўзбекистоннинг ғалла мустақиллиги, ёқилғи-энергетика, транспорт-коммуникация соҳасидаги мустақиллигини таъминлаш, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, замонавий корхоналар барпо этиш ва уларни илғор техника ва технологиялар билан жиҳозлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Мустақилликни қўлга киритиб, ночор иқтисодиётдан, “шок терапияси” каби номаъқул моделлардан бутунлай воз кечдик. Муҳтарам Президентимизнинг беш тамойилга асосланган “Ўзбек модели” бизни мана шундай фаровон кунларга олиб келди.

Юртимиз илгариги қолоқ, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олган аграр ўлкадан бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланди. Ислом Каримов томонидан пухта ишлаб чиқилган иқтисодий стратегия туфайли мамлакат иқтисодиётида саноатнинг улуши 34 фоизга етгани, экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 70 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда. Бугунги кунда иқтисодиётимизда етакчи ўринни эгаллаб турган нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, автомобилсозлик, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқларнинг жадал ривожланаётгани илмий ва амалий жиҳатдан пухта амалга оширилган сиёсатнинг меваларидир.

Ислом Каримовнинг оқилона сиёсати туфайли мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробардан зиёд ошди, олтин-валюта заҳираларимиз барқарор суръатлар билан кўпайди.

Мамлакатимизнинг халқаро майдонда обрўси ва рақобатдошлигини ошириш, иқтисодиётимизни янада модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан тараққиётимизнинг локомотиви бўлган етакчи тармоқларни жадал ривожлантириш, Конституциямизда кўзда тутилган хусусий мулкнинг устуворлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришборасида амалга оширилган ислоҳотлар халқимизнинг реал даромадларини кескин оширди.

Халқимизнинг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи 1990 йилда импорт ҳисобидан қопланган бўлса, бугунга келиб уларнинг 96 фоизи мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда.

Мустақиллик йилларида аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,4 баробар, сут ва сут маҳсулотлари — 1,5 карра, картошка — 1,9 марта, сабзавот — 2,6 баробардан ортиқ, мева 6,3 марта кўпайди.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш ва бошқа умуммиллий дастурларимизни амалга ошириш натижасида мамлакатимизда ўн икки йиллик мажбурий ва бепул, умумий ва ўрта махсус таълим тизимига, икки босқичли олий таълим тизимига асос солиниб, замонавий янги авлод кадрларини тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор яратилиб, Ўзбекистонимизнинг жаҳон майдонида рақобатдошлигини таъминлашнинг ишончли замини яратилди.

Жамиятимиз учун ўта муҳим бўлган соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, давлат бюджетининг ижтимоий соҳаларга йўналтирилган йиллик харажатлари изчил ошиб бориб, биргина 2015 йилда ушбу рақам 60 фоиздан ортди.

Ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг энг устивор йўналиши даражасига кўтарилди.Шу мақсадда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, уч босқичли спорт мусобақалари тизими ташкил этилди. Жамғарма маблағлари ҳисобидан барча вилоят, шаҳар ва туманларимизда 300 га яқин мусиқа ва санъат мактаблари, 1 минг 900 дан зиёд спорт иншоотлари бунёд этилди.Сўнгги ўн йилда болалар ва ўсмирлар ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси 30 фоиздан 57 фоизга, қизлар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етди.

Ватанимизнинг дунё рейтингларида йилдан йилга обрўси ошиб бормоқда. 12 йилдан бери иқтисодий ривожланишимиз 8%дан тушмай келмоқда. Шу боис Ўзбекистон дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига чиқаётир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети олимлари 158 та мамлакатга бориб, ижтимоий тадқиқотлар ўтказишган. Тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”да Ўзбекистонимиз 158 мамлакат ўртасида 44-поғонани эгаллади. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида 1-ўринни эгаллагани тан олинди.

“Халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани албатта барчамизга мамнуният етказади. 

Бундан ташқари, 2015 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилди”[1]. 

Айниқса, дунёда ўхшаши кам бўлган Сургил комплекси, Ангрен-Поп темир йўлидаги дунёда узунлиги бўйича 13, қурилишининг мураккаблиги бўйича 8-ўринда турадиган 19,2 километрлик туннелнинг очилиши, Тошкентдан Бухоро шаҳрига «Афросиёб» тезюрар поезди ва Фарғона водийсига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган вагонлардан иборат йўловчи поездининг йўлга қўйилиши мустақиллигимизнинг 25 йиллиги олдидан халқимизга тўйга тўёна бўлди.

Самарқанд, Қарши, Бухоро шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поездининг елиб бораётгани халқимизни мамнун қилмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, барча соҳаларда бунёдкорлик. Ривожланмаган соҳа қолмади.

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида яқинда бўлиб ўтган ХХ1 Ёзги Олимпия ўйинларида 4та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза медалларнинг қўлга киритилиши болалар спортини ривожлантиришга қаратилган сиёсатимизнинг улуғ ғалабаси ва спортчи ёшларимизнинг Ватанимизнинг 25 йиллик тўйига муносиб тўёнаси бўлди.

Юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва миллий армиямизнинг салоҳиятини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Бундай ютуқларнинг барчаси бугун биз бошимиздан кечираётган ўта таҳликали замонда, ён-атрофимизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, миллатлар ва фуқаролараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш эвазига эришилди.

Энг муҳими,  сизлар каби ёшларнинг янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етаётганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Бу ҳақда ёшларимиз ўз мустақил фикрларини баралла айтмоқда.
Ғайрат Расулов — Термиз давлат университети ёш ўқитувчиси:
1991 йилда мен 4 ёшли бола эдим. Мен муҳтарам Президентимизнинг асарларини ўқиб, У киши жасорат билан,  не-не қийинчиликларни енгиб халқимизни мустақилликка олиб чиққанлигини англаб етдим.

Муҳтарам Президентимиз бизга оқни қорадан ажратишни  ўргатдилар.

Юртбошимиз: “Ўзбекистон ёшларини ҳеч кимга бермайман”, дейдилар. Биз ёшлар, қўлимизни кўксимизга қўйиб, баланд овоз билан айтамиз: “Биз ёшлар мустақилликни ҳеч кимга бермаймиз!!!”.

Муҳтарам Президентимиз доимо сиз ёшларни «МЕНИНГ АЗИЗ ФАРЗАНДЛАРИМ» дер эдилар.

“Мен ёшларимизга, менинг болаларимга қарата, ўрганишдан ҳеч қачон чарчаманглар, деб айтмоқчиман. Ўрганиш, интилиш ҳеч қачон айб саналмайди. Ниманидир билмасанг, уни ўрганиш зарур. Авваламбор, энди ҳаётга кириб келаётган ёшларга нима лозим? Ўрганиш, ўрганиш ва яна бир бор ўрганиш керак. Касб ўрганган, илм ўрганган киши, ўзбекона айтганда, ҳеч қачон кам бўлмайди,”[2]– дейилади “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китобида.

Азиз ёшлар, “ўрганиш” сўзига алоҳида эътибор беринг. Нега айнан ўрганинг, дейилмоқда? Чунки фақат билим, ўқишнинг ўзи билан кўп нарсага эришиб бўлмайди. Билимларни қўллай билиш керак. Ҳаётда бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг маъно-мазмунини ҳам, касб-ҳунарни ҳам нафақат ўқиб, балки кўриб, кузатиб, қўллаб кўриб, ўрганилади. Хуллас, “ўрганиб олган” киши билганларини бажариб кўрсата олади.

Азиз укажонлар, сингилжонлар! Мен бугунги машғулотимизни Муҳтарам Президентимизнинг юракларни титратиб юборадиган бир самимий сўзлари билан якунламоқчиман. Чунки бу сўзлар айнан сизларга — ёшларга бағишланган:

Эй болам, сенинг Ватанинг битта — барчамизга азиз, бетакрор мана шу Ўзбекистон. Ота-боболарингнинг хоки шу ерда ётибди. Шу муқаддас замин сени дунёга келтирган, сен уни обод этишинг, ҳимоя қилишинг шарт. Нафақат сенинг ўз ҳаётинг, балки сенга умид кўзини тикиб турган ота-онанг, опа-сингилларинг, ёш гўдаклар, нуроний қарияларимизнинг ҳаёти ҳам ана шу бурчингни нечоғлиқ адо этишингга боғлиқ.

Ислом Каримов

 

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг порлоқ хотираси қалбларимизда абадий сақланиб қолади.

Эътиборингиз учун раҳмат.

[1]Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси

[2] Ислом Каримов. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир. — Т.: “Ўзбекистон”, 2015. 240-бет.

 

Таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишланган “Хотира дарси”нинг намунавий матнидан олинди. 

Мақола 6 887 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*