Эҳтиёт бўлинг!!! Банкадаги заҳар

077ab55046ce80eaf9a3ddea999597ca_LСўнгги йилларда дунёнинг қатор давлатларида овқатдан заҳарланиш, жумладан, ботулизм касаллигига чалиниш ҳолати кузатилмоқда. Таҳлилларга кўра, овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти уй шароитида тайёрланган сифатсиз консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида юз бермоқда. Қуйида ботулизмнинг келиб чиқиши, унинг олдини олишда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ва касаллик билан боғлиқ жиҳатлар  хусусида вилоят юқумли касалликлар шифохонаси шифокори Жамилахон Орипованинг фикр ва мулоҳазалари билан танишамиз:

— Ботулизм хасталигининг мудҳишлиги шундаки, у герметик ёпиқ идишда ҳам ривожланаверади. Кислород йўқ ерда ботулотоксин заҳар чиқаради. Бу заҳар эса вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, беморнинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлади. Ботулизм билан касалланиш ҳолатлари мамлакатимизда ҳам учраб туради. Бунинг олдини олишда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини янада кучайтириш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, ҳар бир инсоннинг ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиши муҳим аҳамиятга эга.

КАСАЛЛИК БЕЛГИЛАРИ ҚАНДАЙ?

Ботулизм асосан сифати бузилган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида келиб чиқади.

Бош оғриғи, иштаҳасизлик, кўнгил айниши, қайд қилиш, қорин оғриғи,     дастлаб ич кетиши, сўнгра ич қотиши касалликнинг дастлабки клиник белгиларидир. Бундай ҳолатлар юз берганда, зудлик билан тез тиббий ёрдамни чақириш ёки шифокорга мурожаат қилиш керак. Уй шароитида ўзи билганча даволаш натижасида касалликнинг оғир шакллари — юрак қон-томир ва ўпка хасталиги юзага келиши, беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Бундай беморлар, албатта, юқумли касалликлар шифохонасида ётиб даволаниши мақсадга мувофиқ. Чунки ана шу тиббиёт муассасаларида ботулизмни даволаш учун ишлатиладиган антитоксин зардоби ва  бошқа дори-дармонларнинг заҳираси яратилган.

НИМАГА ЭЪТИБОР ҚИЛИШ КЕРАК?

Кўчадаги ошхонада овқатланиш шунчаки олдингизга келтириб қўйган таомни паққос тушириш дегани эмас. Овқатланаётган жойингизнинг тозалиги, саранжомлиги, ошпазларнинг бунга нечоғли эътиборлилиги хўранданинг саломатлигини белгилайди. Агар сиз кирган ошхонада хизмат қилаётган ходимнинг қўлида ёки бошқа аъзосида юқумли касаллик бўлса, эътиборсизлик оқибатида бу хасталик мижозга ҳам юқиш эҳтимоли бор. Касаллик вируси кир кийимларда ҳам ўрнашиб қолган бўлиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун умумий овқатланиш жойларида ишлайдиган ишчи-хизматчилар малакали билимга эга бўлиши зарур. Улар овқат пишириш технологияларини, маҳсулотларни сақлаш, ишлов бериш, тайёрлаш, тарқатиш, иш қуролларини ишлатиш тартиби, идишларни ювиш, зарарсизлантириш қоидаларини, хизмат кўрсатиш маданиятини мукаммал билиши шарт!

Ҳозирда овқатланиш борасида энг хавф туғдираётган маҳсулот — бу консерваланган банкалардаги турли сабзавотли салатлар. Асосан, уй шароитида тайёрланиб, маринадланган маҳсулотлар қиш ёки баҳорда сотувга чиқарилганда унинг сифати ва яроқлилигини ҳеч ким назоратдан ўтказмайди. Аксарият ҳолларда кишилар ана шундай консерваланган сабзавотларни истеъмол қилиш орқали ўткир заҳарланиш — ботулизм хасталигининг жабрдийдасига айланади. Шунингдек, дўкондан харид қилинган айрим егуликлардан ҳам заҳарланиш ҳолатлари кузатилади. Харидор дўкондан маҳсулотни сотиб олгач, уни ошхонада қолдиради. Ёрлиғида +5 даража ҳароратда сақланиши керак бўлган маҳсулот ошхонадаги 20-30 даража иссиқликда сифатини йўқотиб, айнийди. Шунингдек, ҳаводаги микроорганизмлар маҳсулотга тушиб, унинг сифатини бузади. Қарабсизки, бу маҳсулот истеъмол қилинганида киши заҳарланади.

ЭСЛАТМА:

— Истеъмол қилиш учун харид қилаётган маҳсулотни, албатта, белгиланган тартибда сақлаган ҳолда савдо қилаётган, сифатига жавоб берадиган дўконлардан харид қилишга ҳаракат қилинг;

— Маҳсулотнинг сифатини белгиловчи сертификатнинг бор-йўқлигини билишга ва унинг ёрлиғига эътибор қаратинг;

— Уй  шароитида тайёрланган маҳсулотларни фақат совутгичларда сақланг;

— Юқори ҳароратда сақланаётган маҳсулотни истеъмол қилишдан тийилинг;

— Овқатланиш уйғунлигига эътиборни қаратинг. Яъни, истеъмол қилаётган маҳсулотларни навбатдагиси билан тўғри келиш-келмаслигини эътиборга олинг. Масалан, ёғли овқат билан қайнамаган сувни ичиш, ширинлик билан ўта ёғли таомни тановул қилиш ҳам ошқозонда номутаносибликни келтириб чиқаради ва заҳарланиш ҳолатини юзага келтириши мумкин.

 

Умида АДИЗОВА ёзиб олди.

Мақола 740 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*