Балоғат бекатида адашманг!

7145963Қизгина ўн олтига қадам қўйди. Унинг ҳусну малоҳати кичкина шаҳарчадаги йигитларнинг диққатини ўзига жалб этмай қолмади. Кетма-кет айтилган дил изҳорлари унга қанот берар, кундан-кун ҳаволаниб борарди. Унинг тунданда қора кўзлари, сутдан тиниқ юзлари, қалдирғоч қанотидек қайрилма қошлари, орқасини қоплаб турган сумбул сочлари чинданда таърифга лойиқ эди.

Афсуски, ёшликнинг ўткинчи ҳис-туйғуларига алданган қиз тўғри йўл қолиб, ҳаётида чиқиб бўлмас, кечириб бўлмас эгри йўлига илк қадамни ташлади. У соатлаб ойнага термулар, ўзини-ўзи суқланиб томоша қилар экан, кибру ҳаво йўлларига банди бўлди.

”Йўлимда ҳар бир сочим толасидек йигитлар сон-саноқсиз. Бир қиё боқсам жонини беришга тайёр туришибди. Шошиб нима қиламан, ёшман ўйнаб-кулиб қолай. Оила қуриш бўлса, қочмас”.

Қизининг чакки босган қадамини сезиб она унга панд-насиҳат қилди. Ота қаттиқ гапирди, ака қўл кўтарди. Барибир фойдаси бўлмади, қизгина ўз билганидан қолмади. Она куйиб-куйиб қизининг қилган гуноҳларини кўтара олмай, ёруғ дунёни бевақт тарк этди. Ана ундан кейин ота ва ака томонидан уйидан бадарға қилинди.

Йиллар бир-бирини қувиб ўтаверди. Бу гўзал қиз одамлар ёдидан бироз кўтарилганди ҳам, унинг ота уйидан бош олиб кетганига ҳам 20 йил бўлди-ёв.

Орадан 20 йил ўтиб қадрдон шаҳарчасида унинг пайдо бўлиши кўпларни таажжубга солди. Мен ҳам ўша ҳусни тилларда достон бўлган қизни, йўқ-йўқ жувонни кўрдим. Аввалига танимадим. Қўлига ароқ ушлаб, кўчадаги пиянисталарга «улфат” бўлиб ўтирганди. Юзлари ажин билан қопланган. Қўллари қалтираб, сочлари тўзғиган. Устидан ароқнинг кўланса ҳиди мункиб турган кир ва ранглари униққан кўйлакли бу аёлни ўша қиз эканлигига сира ишонмадим. Бир пайтлар у қандай сулув эди-я!…

Агар йўлида қоқилмай тўғри ҳаёт йўлини танлаганида касб-ҳунар ўрганиш мақсадида ўқиб билимини оширганда ажойиб уй бекаси, меҳрибон она, севимли ёр, етук мутахассис бўлармиди? Эс-сиз, бекорга сарф этилган умр. Бир аёлнинг умри шундай фожеа билан якунланса-я?

Эндигина балоғат остонасига қадам қўяётган гул қизим! Дунёга очиқ кўз, ёруғ юз билан қара. Сенинг ўқиб билим олишинг, танлаган касбингнинг етук мутахассиси бўлиб камолга етишинг йўлида ота-онанг, устоз-мураббийларинг, элу-юртинг қанчалик жонбозлик қилмоқда. Ана шундай фидоийликка жавобан ҳаётнинг алдовлар, ёлғонлар изғиб юрган кўчасидан эмас, илм-билим эшигини оч. Сени нурли манзиллар сари етакловчи билим эшигидан дадил қадамлар ва беғубор кулгу билан кир!. Босган қадамингдан гул унсин, шунда ҳаётинг гуллар каби гўзал бўлади!

Чўлпон орзулаган ой юзли қизлар,

Ибодан, ҳаёдан ол ёноқ қизлар.

Майин кулгулари гул бўлиб унган,

Балоғат бекатида адашманг қизлар!

 

Райҳон ҚОДИРОВА

«Uchquduq» газетасидан олинди.

Мақола 677 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*