​Аёлни қандай севиш керак? Эркаклар диққат билан ўқисин!

420x232_article_1476178877_L-e7q3Эркак киши оилавий муносабатларда аёлларчалик талабчан эмас. Рисоладаги эркак севган аёлининг унча-мунча инжиқликларини кўтара олади. Бироқ баъзан “бу аёлга нима керак ўзи, нима қилсам чакаги ёпилади” деб ўйлаб қолишлари турган гап. Мақола ана шундай боши қотиб турган эркакларга мўлжалланган.
1. Бир-бирингиздан нима исташингиз аён бўлсин

Аёллар бор, эрига онадек ғамхўр, аёллар бор, ўла-ўлгунча ёш боладек эрка, аёллар бор, эрига худди дўст-ўртоқдек ва яна аёллар борки, Фармонбибидек ҳукмфармо. Хуллас, биз роса ҳар хилмиз. Сиз ёнингизда кимни кўришни истайсиз? Қайси турдаги аёл билан бир умр ҳаёт кечиришга тайёрсиз? Ана шу саволларга жавобингиз бўлиши керак. Аввал бошданоқ, бир-бирингиздан нима кутаётганингизни билсангиз, тушунмовчиликларнинг олди олинади. Оилавий зиддиятларнинг аксари жуфтлар бир-биридан кутганлари оқланмагани туфайли юзага келади. Ҳафсала пир бўлганидан ёмони йўқ. Шу сабабли бўлажак жуфтингиз билан келажак ҳақида самимий суҳбатлашиб олинг.

2. Қарорни сиз қабул қилинг!

Эркак киши аниқ-равшан фикрлайди, масъулиятни зиммасига ола билади, журъатли ва иродали. Аёллар туйғулар таъсирида хаёлларининг минг кўчасига кириб чиққунча эркак бир қарорга келади-қўяди. Албатта, унинг қарори муҳокама қилинмайди, айтдими, тамом, бажарилади дегани эмас бу. Шунчаки, аёллар узоқ ўйланиб, чўзилиб ўтирадиган эркакларни ёқтиришмайди.

Тавсия этилмайди:

Дадаси, бугун бирор жойга бориб, овқатланайлик.
Фарқи йўқ… Бугун мажлисдан кейин қаёққа истасанг олиб бораман, нимани айтсанг олиб бераман.
Тавсия этилади:

Дадаси, бугун бирор жойга бориб, овқатланайлик.
Жон дейман. Айтганча, бир янги ресторанни биламан, дўстларим мақташганди, ўша ёққа олиб бораман сени.
3. Огоҳлантирмасдан йўқ бўлиб қолманг.

Аёллар хавотир ва ваҳимага мойил бўлади. Шуни билиб туриб, кутилмаганда қўнғироқ ва СМСларига жавоб бермай қўйсангиз ҳамда одатдагидан кеч қоладиган бўлсангиз, табиийки, энг совуққон ва ақлли аёл ҳам “Нима бўлди экан? Машина уриб кетдимикан? Ё янги келган ходима кўзини суздимикан? Балки умуман бошқа хотини ҳам бордир-у, ҳозир у эримга ўғил туғиб бераётгандир…(кеэээтди бу ёғи)” деб ўйлай бошлайди. Шу сабабли вақтинча алоқага чиқа олмасангиз ёки кеч қолаётган бўлсангиз, огоҳлантириб қўйинг. Унинг кўнгли, сизнинг эса қулоғингиз тинч бўлади.

4. Бузилган нарсаларни тўғрилашни билинг.

Тасаввур қилингки, бир уюм тозаланмаган сабзавотлар, суяк-саёқ гўшт ва ўт-ўланлардан бирор соат ичида аёлингиз уч хил мазали таом пишириб келса, кўнглингиз қандай яйрайди? Худди шундай, битта мих қоқиш ёки жўмракни тузатиб қўйиш орқали аёлингизнинг кўз ўнгида супер қаҳрамонга айланишингиз мумкин. “Қўлимдан келмайди, механик, дурадгор ё сантеҳникка қўнғироқ қил” деб ўтирманг, уриниб кўринг. Қўлида болға тутган ва уни ишлата билган эркак ҳар қандай аёлда ҳурмат хиссини уйғотади. Ягона муқобил вариант: “Менга қара, бу ишларга вақтим йўқ, пулнинг жойини биласан, олгин-да, янги унитазни устаси билан бирга буюртма қил, ортган пулга ўзингга битта туфли сотиб олсанг ҳам розиман”. Ана унда сиздан ўтадиган қаҳрамон бўлмайди дунйода. Фақат ҳамёнингиз шунга имкон берса. Акс ҳолда болға ишлатишни ўрганинг.

5. Айтмасидан билинг, сўрамасидан муҳайё қилинг.

Аёлларнинг кайфияти жуда ўзгарувчан, ҳар дақиқада янгиланиб туради. Аммо маълум муддат кузатиб, ёрингизни яхши билиб олсангиз, бу ўзгарувчанликдаги маълум қонуниятни илғаб оласиз. Масалан, об-ҳаво, ой кунлари ёки ғийбатлар таъсирида ўзгариши мумкин бўлган кайфиятни сиз ўта сезгир бир ускуна ўлароқ бошқариб боришингиз мумкин. Олайлик, аёл киши ҳайз олди кунлари жиззаки бўлиб қолади. Яна ширинликка (баъзилар аксинча, аччиқ, шўр нарсаларга) ўч бўлади. Демак, шу кунлари уйга у истаган нарсаларни олиб келиш, жанжал чиқаришга бўлган уринишларини эса ҳазил билан енгиб ўтиш талаб қилинади. Икки кунда ўтиб кетади.

Мақола 1 648 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*