Айбсиз айбдор

missed-connection_feature3
Жон Луц
Ёмғир шаррос қуяр, осмонда яшин чақнарди. Наджер ёмғирпўштини шамолга қаратиб тутганича пиёда кетиб борарди. Чўнтагидан вагонли уйнинг манзили ёзилган қоғозчани чиқариб уйни топишга уринди. Нихоят 307 рақамли вагонни топиб, унинг темир эшигини тақиллатди.
— Мен Наджерман — деб ўзини таништирди.
Остонада турган аёл унга бошидан оёқ разм солди. Ёмғир томчилари аёлнинг ранги учган кўк кўйлагини ҳўл қилиб, шамол унинг малла сочларини тўзғита бошлади. Бўйи узун, жуда озғин, кўзлари кўк бу аёл бир қарашда ўн икки ёшли қизчага ўхшаб кўринди. Аммо унга яхшироқ назар солганида унинг 25 -26 ёшларда эканлиги билинди.
— Ёмғир даҳшат-ку! — деди ниҳоят.
— Менинг ҳам бўларим бўлди! — деди Наджер.
Аёлнинг танаси ҳаяжондан титраб кетди ва хижолатомуз табассум қилди.
— Мен Холли Энн Адамсман. Узир, жаноб Наджер. Қани ичкарига киринг.
Вагонли уйнинг ичи кичкина ва арзон уй жиҳозлари билан тўлдирилганди. Эски диван ёнидаги кичкина столда турган оқ-қора телевизордан шовқинли кулгу овозлари эшитилиб турар, уйнинг ҳавосини куйган таомнинг ҳиди тутиб кетганди.
Холли Энн стулдаги журналларни олди. Наджер ёмғирпўштини йиғиб стулга ўтирди. Аёл энди гап бошламоқчи эди, бир нарса ёдига тушиб асабий ҳолда ўрнидан турди-да телевизорни ўчириб келди.
— Сиз чиндан ҳам хусусий изқувармисиз? — деди.
— Худди шундай. Мени кимдир сизга тавсия қилган бўлса керак. Шундайми, Адамс хоним?
— Исмингизни телефон китобидан олдим. Агар менга ишламоқчи бўлсангиз мени Адамс хоним демасдан шунчаки Холли Энн деб чақиришингиз мумкин.
— Чек қоғози бундан мустасно.
— Албатта. Буни унутганим йўқ. Сизга аллақачон чек ёзиб қўйганман. Ундаги рақамлар сизни қониқтирса керак. Аммо менинг ишимга рози бўлмаслигингиз мумкин.
— Нега?
— Чунки бу иш қаллиғим Куртис Колт билан боғлиқ.
Наджер бир неча сония томга тарсиллаб тушаётган ёмғирга қулоқ солиб турди.
— Келаси ҳафта қатл этиладиган Куртис Колтми? — деди ниҳоят.
— Топдингиз. Лекин қаллиғим спиртли ичимликлар дўконидаги сотувчи кампирни ўлдирмаган. Бу аниқ. Унинг «чақмоқни миниши» адолатдан эмас.
— Чақмоқни миниши?
— Бу элэктр стулида ўтирғизиб қатл этиладиган махбусларнинг ибораси. Куртис бунга лойиқ эмас. Мен буни исботлайман.
— Бундай дейишга бироз кеч бўлмадимикан? Ёки Куртисни оқлайдиган бирор далилингиз борми?
— Йўқ. На ҳуқуқшунослар на судя мен ҳақимда билишади. Куртис буни истамайди. Шу сабаб мен ҳақимда ҳеч кимга айтмаган.
— Менга қаллиғингиз ҳақида гапириб беринг. Иложи борича кўпроқ маьлумотга эга бўлишим керак.
— Полиция Куртисни спиртли ичимликлар сотиладиган дўконни тунаганликда айблаяпти. Қаллиғим шериги билан ўша кеча уч жойни тунагани рост. Лекин бу жойлар дўкон эмас, газли ёқилғи қуйиш шахобчалари бўлган. Полициянинг тахминича ароқ дўкони хўжайини орқа хонадан чиқиб келганида қўлини тепага кўтариб турган хотинига Куртис тўппонча ўқталиб турганини кўради. Қария иккиланмай Куртисга ташланади. Йигитим чолга ўқ узади. Буни кўрган кампир ҳам додлаб унга ташланади. Куртис уни отади. Натижада ўша ернинг ўзида кампирнинг жони узилади. Қария тирик қолди аммо хуши ўзида эмас.
Наджер энди эслади. Куртис Колт яқинда қотиллик ва талончиликда айбланиб қамоққа олинганди. Айбдорларни газ билан захарлаб қатл этиш қонунунан бекор қилинди. Энди у сўнгги йигирма беш йил ичида элэктр стулида қатл этилган биринчи қотил бўлади.
— Куртисни кейинги шанбада қатл этишади, жаноб Наджер — деди Холли Энн. Унинг катта мовий кўзлари Наджерга қадалди. — Қандай қилиб бўлса ҳам қаллиғимга ёрдам беришим керак.
— Полиция Куртиснинг шериги, яни ўша кеча уни ташлаб кетган хайдовчини қўлга олдими?
— Йўқ. Куртис унинг кимлигини айтмаяпти.
— Сиз ўша хайдовчини танисангиз керак?
— Ҳа. У менга йигитим билан иккиси талончилик пайти ўша дўкондан минглаб чақирим узоқда бўлганини айтди.
Наджер иягини қўли билан ишқалаб Холли Эннга термилди.
— Полиция бошқача фикрда — деди.
— Бу ёлгон! Буни… — аёл хайдовчининг исмини айтишдан ўзини тийиб қолди.
— Буни Куртиснинг дўсти ҳам тасдиқлайди — Наджер унинг гапини тугатиб қўйди. — Агар у топилиб келиб Куртис иккиси ўғирлик пайти дўкондан узоқда бўлганликлари ҳақида гувоҳлик берса олам гулистон.
— Биламан — Холли Энн бош ирғади. — Лекин бу унинг қўлидан келмайди. Шунинг учун ҳам сизни ёлладим. Куртисни дўконда кўрган гувоҳлар янглишяпти. Сиз уларни шунга кўндиришингиз керак. Гувоҳлар билан гаплашинг. Куртиснинг қотил эмаслигига уларни ишонтириб, фикрини ўзгартиринг.
— Гувоҳлар фикрини ўзгартирса ҳам Куртиснинг айбсизлиги исботланмайди?
— Эҳтимол. Аммо гувоҳлар кўрсатмасисиз уни қатл этишмайди. Кейинроқ уни оқловчи далил топиб қамоқдан чиқариб оламиз.
Наджер бу аёлга қойил қолди. У иложсиз нарсага ўзини ишонтиряпти.
— Менга ёрдам берасизми, жаноб Наджер?
— Албатта.
Эртаси куни Наджер ишга киришди.
— Нега мени адашяпти деб ўйлаяпсиз? — деди гувоҳлардан бири Ренди Гантнер.
Наджер Холли Энн унга берган Куртис Колтнинг суратини гувоҳга кўрсатди.
— Манави суратга яхшилаб қаранг. Ундаги эркак чиндан ҳам ўша спиртли ичимликлар дўконидаги босқинчими? Агар янглишаётган бўлсангиз бир бегуноҳнинг қотилига айланасиз.
Гантнер суратга тикилди.
— Бу ўша Куртис Колт. У мен ва дўстим Сандерс дўкон орқасида турганимизда чол-кампирни отди. Агар ўша пайтда кўриб қолганида бизни ҳам отарди.
— Бу айнан ўшалигига аминмисиз?
Гантнер асабийлаша бошлади.
— Бу ҳақида полицияга ҳам айтганман, Наджер.
— Воқеага бевосита гувоҳ бўлдингизми?
— Йўқ. Дўкон орқасида арзон ароқ излаб юрганимизда ўқ овозини эшитдик. Кейин Колтни дўкондан отилиб чиқиб қора ёки тўқ яшил рангдаги «Форд» машинасига минганини кўрдик.
— Хайдовчини кўрдингизми?
— Мен рулда озғин, жингалак қора соч, мўйловли бир эркак ўтирганини кўрдим.
Бошқа гувоҳлар ҳам суратдаги эркак Куртис Колт эканини тасдиқлашди. Сўнгги гувоҳ Айрис Лонгеркерт исмли ёши катта аёл ҳам хайдовчини Гантнер тасвирлаганидек озғин, жингалак қора соч ва мўйловли эркак эканини айтди. Унинг мўйлови ва сочи Колтникига ўхшашини қўшимча қилди. Наджер фотосуратга термилди. Куртис Колт ҳам озғин, жингалак қора соч, ингичка мўйловли эди. Балки ўша хайдовчи Куртиснинг ўзи бўлиб, шериги дўкон эгаларига ўқ узгандир?
Наджер Куртис Колт ва ўша кунги босқинчилик ҳақида кўпроқ маьлумот тўплашга қарор қилди. Шу сабаб Учинчи Округ полиция махкамасига йўл олди.
Полиция лейтенанти Жек Хаммерсмит ўн йил аввал Наджернинг полициядаги шериги эди.
— Ўтир, Надж — Хаммерсмит жой таклиф қилди.
— Менга ёрдаминг керак — деди Наджер.
— Албатта.
— Мен Куртис Колт ҳақида кўпроқ нарса билмоқчиман.
Хаммерсмит сигарета тутатди.
— Колт? Чақмоқни минадиган йигитми?
— Бу иборани иккинчи марта эшитишим. Буни биринчи марта Колтнинг маьшуқасидан эшитгандим. Маьшуқаси уни айбсиз деб ўйлаяпти.
— Маьшуқаси шундай ўйлайверсин. Сен унга ишлаяпсанми?
Наджер бош ирғади.
— Бу ишни ўзим тергов қилдим. Колт айбдор, Надж.
— Хайдовчининг белгилари Колтникига жуда ўхшайди. Балки ўша кеча рулда Колтнинг ўзи бўлгандир?
— Колтнинг адвокати ҳам шуни таькидлади. Лекин суд бунга ишонмади. Мен ҳам ишонмайман.
— Колтнинг иши бўйича хужжатларни кўрсам бўладими?
Хаммерсмит сигаретасини чекиб тугатди.
— Нега ўша хонимчанинг ўзи келиб гувоҳлик бермайди? У ўша кеча Колт билан бирга бўлгани ҳақида ёлғон гувоҳлик берса, шунинг ўзи кифоя.
— Колт у ҳақида билишларини истамаяпти.
— Унда нега маьшуқаси унинг айбсизлигига ишоняпти?
— Маьшуқаси ўша кеча Колтнинг дўкондан узуқда бўлганини биларкан.
— Дўкондан узоқда? Қаерда? Унинг олдидами?
— Йўқ.
Хаммерсмит телефон гўшагини олиб Колтнинг иши бўйича ҳужжатларни олиб келишларини сўради. Наджер ҳужжатларни кўздан кечириб чиқди лекин ҳеч қандай янгиликни топмади. Хужжатларда ёзилишича талончиликдан ўн беш дақиқа ўтгач, газли ёқилғи қуйиш шахобчасида сигарета сотиб олаётган Куртис Колтни машинада айланиб юрган икки полициячи кўриб қолади. Уларга дўкондаги босқинчининг кўриниши ҳақида хабар берилганди. Полиция машинаси ёқилғи қуйиш шахобчасига етиб келиши билан бир машина тезлик билан жўнаб қолади. Полициячилар фақат бу машина тўқ яшил рангдаги Фордлигини, рақами «L» ҳарфи билан бошланганини кўра олишади холос. Улар Колтни Учинчи Округ полиция махкамасига олиб кетишади. Эртаси куни айбланувчи гувоҳлар билан юзлаштирилди. Тўрт гувоҳнинг машина ҳақидаги кўрсатмалари ҳам полициячилар кўрган Фордга мос келди. Талончиликдан тушган пул Колтда эмасди. Аммо пуллар унинг машинастда қолган бўлиши мумкин.
— Тўппонча ҳақида нима дейсан? Колт қўлга тушган пайти унда тўппонча бўлмаган. Бу жуда ғалати — деди Наджер.
— У сигарета сотиб олмоқчи бўлган. Тўппончаси машинада қолган.
Наджер хужжатларни лейтенантнинг столи устига ташлади.
— Ҳаммаси тамом, Надж. Ўша маьшуқаси нима сабабдан Колтни айбсиз деяпти, хайронман?
— Шўрлик аёл қаллиғининг элэктр стулида жон бераётганини тушларида кўриб чиқаркан.
— Колт ҳам шундай тушларни кўраётган бўлса ажаб эмас.
Эртаси куни Наджер Холли Энннинг вагонли уйига борди.
— Гувоҳларнинг ҳеч бири Куртис Колтнинг қотил эканлигига шубҳа қилмаяпти — деди изқувар.
— Улар Куртисга нима бўлишини яхши билади. Айбсиз одамни ўлимга ҳукм қилиб, хато қилаётганларини билишни истамаяпти. Шу сабаб бу одамлар Куртисни кўрганликларига ўзларини ишонтиришяпти.
Аёл Наджерга бироз термилиб турди-да гапида давом этди.
— Мен сизга Куртиснинг айбсизлигини исботлайман.
— Қандай қилиб?
— Буни айтолмайман. Кечқурцн келсангиз биласиз.
— Нега кечқурунгача кутишимиз керак?
— Кейин айтаман.
Кечки соат саккизда Наджер Холли Энннинг ошхонасидаги кичкина стулда ўтирар, унинг рўпарасида 28 — 29 ёшлардаги, енги узун кўйлак кийган, шляпали, қора кўзойнак таққан, озғин бироз асабий бир эркак ўтирарди. Холли Энн эркакни Лен деб таништириб, бу унинг ҳақиқий исми эмаслигини, у қотиллик содир этилган ўша кечадаги Колтнинг шериги ва ҳайдовчиси бўлганини айтди.
— Мен ва Куртис ўша қариялар отиб кетилган кечада ароқ дўконининг яқинига ҳам борганимиз йўқ — деди Лен.
Наджер унга қараб туриб Лен уни таниб қолмасликлари учун қора кўзойнак тақиб олганини тахмин қилди. Унинг елкасига тушиб турган узун малла сочларига ва қўлини қимирлатганида билагидаги кўк-қизил доғларга эьтибор қилди. Бу доғлар татуровка эди. Наджер Лен нега енги узун кўйлак кийганини энди тушинди.
— Талончилик содир бўлганига уч ой бўлди. Шунча вақт ичида сочларингиз бунчалик узун бўлиб ўсиб кетиши кутилмаган ҳолат. Гувоҳлар эса хайдовчининг Куртисники каби сочи калта ва мўйлови бор дейишганди — деди Наджер.
— Сизга очиғини айтаман. Куртис билан бир биримизга жуда ўхшаймиз. Мен ўша кеча Куртисникига ўхшаган қора жингалак ясама соч кийгандим. Бир ой аввал мўйловимни олиб ташладим — деди Лен.
— Қотиллик вақтида шаҳарнинг бошқа томонида бўлганингизни исботлай оласизми?
— Йўқ. Лекин мен ҳақиқатни гапиряпман. Мен шунчаки Куртиснинг айбсизлигига ишонишингизни ҳохлайман.
Наджер Лен нега бирданига бу ерга келишни ҳохлаб қолганини тушунди. Агар Колт қотилликда айбдор деб топилиб ўлимга ҳукм қилинса, унинг шериги ҳам айбдор ҳисобланади ва бир умрга қамалиши ёки олий жазога тортилиши муқаррар.
— Холли Энн менга тўлаши учун пулни сиз бердингизми?
— Ҳа мен унга Куртис билан бирга ўғирлаган пулларимиздан бергандим.
《Ифлос пуллар! Ифлос касб! Бироқ Куртис Колт айбсиз…》 — Наджер ўйланиб қолди.
— Жуда соз. Мен суриштирувни давом эттираман — деди ниҳоят.
— Миннатдорман. Мен кетганимдан сўнг Холли Энн билан ўн дақиқа шу ерда қолсангиз. Ортимдан пойлаб боришларини истамайман. Бу сизга ишонмаслигимдан эмас, кўнглим хотиржам бўлиши учун шундай қилишим зарур.
Лен ташқарига чиқиб югуриб кетди.
— Бу суҳбат ҳақида полицияга айтишим керак. Розимисиз?
Холли Энн бош ирғади.
— Фақат бир муаммо бор. Агар айтсам полициядагилар сизни сўроқ қилишлари мумкин.
— Менга фарқи йўқ. Мен Леннинг қаердалиги, ҳатто унинг ҳақиқий исмини ҳам билмайман. У Куртис ҳақида газеталардан ўқиб хабар топган.
Наджер эртаси куни полиция махкамасига йўл олди.
— Мен бунга ишонмайман! — деди Хаммерсмит. — Бу Лен деганлари имкон қадар ўзини бу ишдан четга олишга уриняпти.
— Фикринга қўшиламан — деди Наджер.
— Леннинг ташқи қиёфаси ҳақида айтиб берсанг яхши бўларди. — Хаммерсмит жаҳл билан сигарета тутатди.
— Етарлича гапирдим. Холли Эннни сўроқ қиласанми?
— Қиламан. Лекин бундан бирон иш чиқмаса керак. Эҳтимол у чиндан ҳам Лен қаердалигини билмас.
— Аёлнинг уйини кузатувга олишинг керак.
— Лен Холли Энннинг хуштори бўлиши мумкин деб ўйлаяпсанми?
— Йўқ.
— Унда улар бир бири билан қайта кўришмаслиги аниқ. Шу боис аёлнинг уйини кузатсак вақтни беҳуда сарфлаган бўламиз.
Наджер лейтенант тўғри айтаётганини тушуниб индамай ўрнидан турди.
— Энди нима қилмоқчисан? — деди Хаммерсмит.
— Гувоҳлар билан яна гаплашиб кўраман. Хужжатларни ўрганиб чиқаман. Куртис Колт билан ҳам гаплашиб олишим керак.
— Колтнинг олдига сени киритишмайди, Надж.
— Ёрдам бера оласанми?
Хаммерсмит ўйланиб сигарета тутатди.
— Сенга қўнғироқ қиламан — деди ниҳоят.
Ўша куни Наджер тўртта гувоҳ билан яна учрашди. Бироқ уларнинг ҳеч бири фикрини ўзгартирмади. Изқувар Холли Энн хизматчи бўлиб ишлайдиган ресторанга бориб бу ҳақида унга айтди. Кечқуран Хаммерсмит Наджерга қўнғироқ қилди.
— Колт сен билан гаплашишни истамаяпти. Ҳеч кимни кўргиси келмаяпти — деди лейтенант.
— Маьшуқасига ишлаётганимни биладими?
— Билади. Аммо бундан хурсанд эмас.
Наджер сўкинди.
Бунда сенинг айбинг йўқ, Надж — Хаммерсмит уни юпатишга уринди.
— Қатл кунигача яна бир кун бор. Мен яна гувоҳлар билан гаплашаман.
— Вақтингни беҳуда кетказяпсан, Надж.
Хаммерсмит ҳақ эди. Наджер Куртис Колтга ҳеч қандай ёрдам бера олмади. Шанба куни эрталаб соат саккизда, Наджер квартирасида нонушта тайёрлаётган пайтида Колт элэктр стулида қатл этилди. Наджер бу ҳақида ошхонасидаги радиодан эшитди. Тушлик пайти изқувар севгилисини жазодан қутқариб қола олмагани учун Холли Энндан кечирим сўради. Аёл барчасини босиқлик билан қабул қилиб, ўзини тутишга уринди. Ресторан ҳўжайини унга бир кунлик таьтил берди.Наджер мижозини уйига олиб бориб қўйди.
Наджер кейинги икки кеча тўрт соатгина ухлади. Душанба куни Куртис Колтнинг дафн маросимига борди. Қабр атрофида ўн иккита одам бор эди. Қора либосдаги Холли Энн Наджернинг кўзига ўйинқароқ қизчага ўхшаб кўринди. Улар суҳбатлашишмади, шунчаки бир бирларига термилиб туришди. Дафн маросими тугагач, Наджер аёлнинг ортидан қараб қолди. Холли ортига қайрилиб ҳам қарамай, таксига ўтирди.
Ўша кеча Наджер уни нима безовта қилаётганини англади. У Колтнинг ўлимигача бўлган вақт ичида биринчи марта тинчгина ухлади.
Эрта тонгдан Наджер Холли Энннинг вагонли уйини кузатишни бошлади. Етти яримда ресторан хизматчисининг сариқ кийимидаги Холли Энн уйидан чиқиб таксига ўтирди. Наджер машинасида уни кузатиб борди. Такси Холли Энн ишлайдиган ресторан олдига бориб тўхтади. Кечки соат олтиларда Холли Энн ишхонасидан чиқиб яна такси тўхтатди. Уйга қайтишида озиқ-овқат дўконига кириб ўтди. Бир ҳафта давомида ҳар куни шу ҳолат такрорланди. Аёл нотаниш кишилар билан учрашмади.
Кейинги душанба куни Холли Энн ишга кетганидан фойдаланиб Наджер унинг уйини тинтув қилди. Бир соат деганда излаган нарсасини топди. Ваннахона орқасида бир қути яширинган бўлиб, унинг ичида етти юз доллар, ҳамда Наджерни хайратга солмаган бир нарса бор эди. Наджер қутини оғзини ёпиб, уни жойига қайтариб қўйди.
Изқувар энди ишонч билан Холли Эннни кузатишда давом этди. Икки ҳафтадан сўнг аёл ишига бориб, уйига қайтмади. У ўтирган такси шаҳарнинг шарқий томонига қараб юрди. Наджер таксини ортидан кузатиб бир нечта тор кўчалардан ўтди ва бир устахонанинг олдига борди. Устахонанинг тепасига «Клиффнинг машина таьмирлар устахонаси» деб ёзилган эди. Наджер машинасини четга олиб кутиб ўтирди. Ўн дақиқадан сўнг Холли Энн тўқ қизил рангли Фордни хайдаб ўтиб кетди. Машинанинг рақами «L» харфи билан бошланарди.
Наджер кўчма уйлар жойлашган ҳудудга етиб келганида Холли Энннинг вагони олдида турган қизил Фордни кўрди. У Фордга яқин бориб эшигини калит билан қириб кўрди. Машинанинг янги қизил бўёқлари остидан тўқ яшил ранг кўринди.
Эшик тақиллаши билан Холли Энн югуриб келиб уни очди. Остонада турган Наджерни кўриб жилмайишга уринса-да буни эплай олмади. Қўлида виски солинган қадаҳни тутиб турганича ўн ёшга қаригандек кўринарди.
— Нима бўлганини биламан — деди Наджер.
— Қачон тўхташни эса билмайсиз, жаноб Наджер — деди Холли Энн яна жилмайишга уриниб.
Изқувар аёлга эргашиб ичкарига кирди. Холли Энн унга ичимлик таклиф қилди аммо Наджер бош силкиб рад қилди.
— Хўш, нимани биласиз, жаноб Наджер?
Холли Энн аслида Наджерни эшитишни ҳам истамасди лекин бунга мажбур эди.
— Хар куни таксида қатнаш учун маошингиз камлик қилади. Сиз эса ҳамма жойга таксида борасиз.
— Машинамни таьмирлатиш учун устага бергандим.
— Пуллар ва парикни топганимдан сўнг мен ҳам шундай таҳмин қилдим.
— Парик?
— Ваннахона орқасидаги қутида турган парикни айтяпман. Сизнинг озғинлигингиз, парик тақиб, ясама мўйлов ёпиштириб олганингиз гувоҳларга сизни Куртисга ўхшатишлари учун етарли бўлди. Бу жуда ақлли хийла эди.
Холли Энн Наджерга хайратланиб қаради.
— Айтмоқчисизки, ўша кунги босқинчилик пайтида Куртиснинг шериги мен бўлганман?
— Эҳтимол. Бундан ташқари сиз кимгадир уни Лен бўлиб, мени Куртиснинг шериги эканлигига ишонтириши учун унга пул бергансиз. Парикни топганимдан сўнг қўшниларингиз билан гаплашдим. Улар сизнинг яқин кунларгача тўқ яшил Фордни хайдаб юрганингизни айтишди.
— Куртис ва Лен менинг машинамдан фойдаланишарди.
— Лен деганингиз сиз ёллаган бир алдоқчи холос.
— Агар мен чиндан ҳам Куртиснинг шериги бўлсам, менга хусусий изқувар ёллашнинг нима кераги бор?
— Мен ҳам дастлаб хайрон бўлдим. Кейин Куртиснинг айбсизлигини исботлаш сизни қизиқтирмаслигини тушундим.Куртис қамоқхонада сиз ҳақингизда айтиб қўйишидан қўрққансиз. Бундан ташқари гувоҳлар фикрини ўзгартирмаганига, ҳамда полиция Лен ҳақида суриштирмаганига ишонч ҳосил қилиб олмоқчи бўлгансиз.
— Нега бундай қилишим керак?
— Чунки сиз барча талончиликларда Колтга шерик бўлгансиз. Спиртли ичимликлар дўконини тунаган пайтингизда қаллиғингиз машинада бўлган. Сотувчиларни аслида сиз отгансиз. Колт эса барча айбни ўз бўйнига олди. Чунки у сизни қаттиқ севарди. Сиз эса уни қурбон қилиб бўлса ҳам яшаб қолишни хохладингиз.
Холли Энн анча вақт қўлидаги қадаҳга индамай қараб турди.
— Мен ўша чолни отмоқчи эмасдим аммо ўзи мени шунга мажбур қилди. Кейин кампир менга ташланди… — Аёл Наджерга ёқимсиз жилмайди. — Мен ўзимни бошқара олмай қолдим. Кампирга ўқ уздим.
— Сиз уни ўлдирдингиз. Шунингдек сизни жонидан ортиқ севган қаллиғингизни ҳам умрига зомин бўлдингиз.
— Сиз ҳеч нарсани исботлай олмайсиз!
— Тўғри айтдингиз. Исботлай олмайман. Аммо Куртис Колт айбсиз айбдор бўлди. Унинг даҳшатли тушлари ўзи билан бирга кетди. Сизга эса бу тушлар узоқ йиллар тинчлик бермайди.
Аёл жавоб бермади. Наджер ўрнидан туриб пешанасидаги совуқ терни қўлининг орқаси билан артди. Кичкина вагонда иссиқдан терлаб кетганди.
Наджер ва Холли Энн хайрлашишмади. Фақат уйни тарк этаётганида изқувар шиша идишнинг чарсиллаб синган товушини эшитди…
Мақола 919 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*