“Айбим ҳомиладорлигим”

photo_2017-01-06_17-54-24— Бу ҳаётнинг ишлари жуда ҳам қизиқ экан-да, — деди чуқур «уҳ» тортганча бир мухлисамиз.
— Умр шуниси билан қизиқ-да, — дедим уни гапга солиш учун.
— Кимлигимни айтмайман-у, бир жиянимнинг бошига тушган савдоларни айтсам, сиз ҳам даҳшатга тушасиз.
2004 йилнинг ёзида жияним Навбаҳорни қўшни қишлоқлик Ўткир исмли бамаъни бир йигитга турмушга бердик. Иккалови кўринишидан ҳам, характер жиҳатидан ҳам узукка кўз қўйгандек бир-бирига муносиб эди. Очиғи, уларни кўрган киши ҳавас қиларди. Аммо, бир кам дунё деганларидек, орадан икки-уч йил ўтса ҳамки, улар фарзандли бўлишмади. Акам билан янгам қизи рўзғоридан тиниб-тинчиб кетиши учун қўлидан келган ҳамма ишни қилишди. Тошкентми, Самарқанд демай ҳамма дўхтирларга кўрсатишди. Лекин натижа чиқмади. Эр-хотин фарзанд бўлмаса ҳам тинч-тотув яшашаётганди. Аммо қайнона ўғлининг тақдирига индамай туролмади. Жиянимизни кетишга ундади. Бир куни акамларникига борсам, жияним йиғлаб ўтирган экан.
— Нима бўлди? — дедим.
—Қайнонам «ўғлим билан ажраш», дейди. Эрим бўлса «сендан бошқаси керакмас» дейди. Нима қилишни билмай бошим қотди. Худойим шунча одамга берган фарзандни бизга ҳам берса нима қиларкан. Ёки Аллоҳнинг олдида шунчалик ҳам гуноҳимиз кўпми? — дея зорланди.
Жиянимни нима деб овутишни билмасдим. Акам билан янгам ҳам бу гаплардан ҳайрон бўлганча қандай чора кўришни билмай туришган экан. Жаҳл устида жиянимнинг қайнонасининг олдига бордим.
— Нима мақсадда бордингиз?
— Нима учун борганимни билмайман, жиянимнинг кўз ёшларини кўриб раҳмим келди.
Қайнонасига:
— Нега икки ёшни бир-биридан ажратасиз, қўйинг яшайверишсин. Худойимнинг раҳми келиб, сабр-тоқати эвазига фарзанд берар, — дедим.
Қудамиз аввалига жаҳл қилиб менга бақирди. Кейин йиғлаганча:
— Қушнинг ҳам инини бузиш осон эмас, синглим. Лекин ўғлим бир кам ўттиз бешга кирди. Жиянингиз билан оз эмас, етти йил яшади. Энди ўзларидан билиб ажрашишармикан девдим. Лекин бундай бўлмаяпти. Мен ҳам ўғлимнинг ота бўлишини, эл-юрт олдида қадди тик юришини хоҳлайман. Айрим тенгдошлари ўғлимга «Ишқилиб ўзингга ишонасанми, нега хотинингга бунча ёпишиб олдинг?»  дейишганмиш. Шундай гапларни эшитиш менга осон эмас, — деб кўз ёш қилди.
Аёлнинг ўрнига ўзимни қўйиб, раҳмим келди. Жиянимга вазиятни тушунтирдим.
— Юлдузинг-юлдузига қўшилмаган экан. Пешонангда борини кўрасан, уларни ҳам қийнама. Эрингнинг олдини оч. Ҳеч бўлмаса биттанг болали бўл, — дедим.
Шу гапим билан иккаласи ажрашишди. Куёвимизнинг онаси аллақачон келин топган эканми ёки иккаласининг яна топишиб кетишидан қўрқдими, бир ойга қолмай ўҚлини яна уйлантирди. Буни эшитиб жиянимнинг эзилганини кўрсангиз эди…
Шундан кейин уч ой ўтгач куёвимизнинг хотини ҳомиладор эканлигини эшитдик. Жияним баттар изтиробга тушди. Энди унинг оти «туғмас»га чиқиб бўлганди-да.
Нима қилишни билмай бошимиз қотиб юрган кезлар эди. Акамникига хотини вафот этиб, икки ёш боласи билан қолган эркакдан совчи келди. Уларга туғмайдиган аёл керак экан. «ўзи туғмасагина ўзганинг етимига онасидек меҳр бера олади», деди совчи бўлиб келган аёллардан бири. Гарчи аччиқ бўлса-да, жиянимизнинг энди фарзандли бўлмаслигига ҳаммамиз ишониб бўлгандик. Дунёдан ёлғиз ўтмасин, дея акам шу совчиларга розилик берди. Аммо…
— Кейин нима бўлди? — дедим аёлнинг жим қолганига сабрим чидамай.
— Худонинг марҳаматини қарангки, жияним ҳомиладор бўлиб қолди.
— Наҳотки?!
— Аммо бу нарса куёвимизга ёқмади. Ҳозир жияним беш ойлик ҳомиласи билан яна ота уйига қайтиб келган. Унинг қувончига ҳам, аламига ҳам қандай изоҳ беришни билмай бошимиз қотяпти.
— Куёвингизга бола керак эмасмикан?
— Керак эмасдирки, уч ойдан буён хотинидан хабар олмайди. Ҳозир бошимиз қотган. Куёвимиз инсофга келиб бола билан онасини ўз уйига, бағрига олсин дея Худодан сўраб ўтирибмиз. Мени даҳшатга солгани, жияним бечора олдинги рўзғоридан бефарзандлиги туфайли ажрашган бўлса, бу уйидан ҳомиладор бўлгани учун қувилди.
— Куюнманг, ҳали ҳаммаси изига тушиб кетади. Куёвингиз ўз зурриёдини олиб кетгани албатта келади. Жиянингиз ҳам оналик бахтига муяссар бўлиб, хотиржам турмуш кечиради.
—    Илоҳим айтганингиз келсин. Худодан фақат шуни сўрайман.

ХОНЗОДА суҳбатлашди

Мақола 2 469 марта ўқилган

3 Комментариев для “Айбим ҳомиладорлигим”

  1. ўҚлини яна уйлантирди.

    Savodsizlikga qarshi kurashamiz, O’qil emas o’g’il bo’ladi😊😊😊

  2. беш кол баравар болмаганидек хамма одамлархам бир хил эмас

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*