Англаш ҳаловати

382Энди бундай яшай олмаслигимга кўзим етиб турибди. Ҳаммасига буюк рус адиби Фёдор Достоевский – “айбдор”!

Мен унинг “Қиморбоз”, “Ойдин тунлар”, “Маъсума” каби асарларини ўқиб чиқ­дим. Таассуротларим олам­жаҳон. Ҳаяжонимнинг, қалб кечинмаларимнинг че­ки йўқ. Қизиқ, Достоевский ўз битиклари персонажларини реал одам­лардан олганмикан, ёки тў­қима образ яратганмикан? Аммо ўша асардаги образлар – мен (ҳа-ҳа, айнан ўзим)! Мен бир вақтнинг ўзида ҳам “Қиморбоз”, ҳам “Тип”ман. Ҳар не бўлган тақдирда ҳам унинг нозик руҳшунослиги, ҳаётни энг майда икир-чикир­ла­ригача теран англай олишлиги, улкан истеъдод соҳиби эканлиги якқол кўриниб турибди. Асардаги қиморбоз йигитнинг хулқ-атвори, ўй-кечинмалари мен билан бир хил (қимор ўйнамасам ҳам). Йигитлик давридаги ички ғалаёнлар, ўша ҳис-туйғулар, ўша каби фикрлар айнан меники каби. Фақат асарни ўқиб билганим, агар мен ўз иймонимга зид равишда иш кўрсам, нафсимга бироз эрк берсам мени аянчли тақдир кутади.

Ҳаётнинг ўзи катта қиморхона, деган экан маш­ҳурлардан бири. Бу гапда жон бор. Теваракка боқиб худди ўшандай ўйин атрофимизда давом этаётганини англаймиз, тушунамиз. Ҳатто мен ўйин столи устида, ўйинчилар қаторидаман. Бирғикки марта кичик, жуда ҳам кичик улушимни тикиб, ютқазиб ҳам бўлганман. Ана энди мен қизилми-қорами, ра­қамми-зероми, деб ҳи­соб­лашга чоғланганман. Бу ўйин даврасидан нари кетишнинг иложи йўқ. Айнан ҳаёт туфайли бизғбарча-барчамиз ўша, сассиқ, жирканч, қо­ронғу ва дим қиморхонага қулфланиб олганмиз. Аммо бу ўйинни биз бошлаган эмасмиз, йўқ! Бизни бунга ақлимиз етмасди. Биз бу ўйинга томошабин сифатида кириб келиб, қизиқиш туфайли (ҳеч бўлмаса бир марта) “ПУЛ” тикканмиз ва ютган – ютқазганимиздан қатъий назар, шунда қолиб кетганмиз. Менимча бу қиморни ўз яқинига нафс туфайли қўл кўтарган биринчи одам бошлаб берган. Бу қиморхонадан ўғриларни худди адиб тасвирлагандек улоқтиришади, аммо ҳеч нарса ўзгармайди, ўша ҳолат, устасифаранг каззоблар бамайлихотир, ўз ишлари билан банд бўлишади.

Тўғриси, бугун тонгда уйғонганимда ўйладим. Мени бир неча йиллардан буён қийнаб келадиган ичимдаги хуноб, терс – дағал, дангаса “мен”им бир кечада “тип”га айланибди. Мен ичимда ўз-ўзимни учинчи шахсда гапирардим, худди роман ўқиётгандек эдим. Бошимда эса мислсиз ором лаззати, сокинлик, тиниқлик! Мен бутунлай ўзгарган эдим. Ғайри ихтиёрий очиқлик – софлик бор эди менда.

Информацион оқим, ахборотлар кенглиги, узлуксизлиги, бир зумда янгиланиши – буларнинг барчаси ўша сокинликни йўқотадиган унсурлардир. Инсонни жазавага тушириб қўяди улар. Энг ёмони, улар ёрдамида инсонни исталган кўйга солиш мумкин. Масалан, Настинкани олайлик, у ўзини алдангандек ҳис қилди, бирданига дилидан қанчадан-қанча ҳислар жой олиб уни абгор қилди. У енгилди, у тақдирга бўйсунди ва оқибат “тип”нинг таклифига рози бўлди.

Ҳозирги замонамизда деярли ҳар бир дақиқада бир қиз “Настинка” бўлади. Фикримнинг давоми ўлароқ, Настинка, чин севги (агар шундай дейиш мумкин бўлса) ҳақида тасаввурга эга эмас. У фақатгина балоғат ёшидаги касалликка чалинган, холос. Аминманки, агар ўша замонада Настинка оқибат бахтиёр бўлган бўлса, ҳозир ундай эмас.

Муҳаббат деса кўр-кўрона эргашиб кетаверадиган, қайсиниси ҳақиқий эканлигини англагунча умри ўтиб қолаётганлар жуда-жуда кўп. Айтиш керакки, замон ва макон ўзгарса-да инсон, унинг ўй-фикрлари, қарашлари ўзгармай қолиши мумкин экан (Буни ўзимда синаб турибман). Одам ўзини, инсонийлигини йўқотмаса бас. “Сувни лойқалатаётганлар ким, сув қачон тиниқлашади?” Наҳот, сув остидаги жонзотлар (то сув тиниқлашмагунча) балчиқда яшашга мажбур? Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, сув тиниқлашмаса, эволюцион назарияга мувофиқ (фан исботлаган) сув остидаги жонзотлар лойқа сувда яшашга ўрганадилар. Ҳатто унда ҳаёт кечириб, (биб-бинойидек) яшайверишади. Аммо, сув тиниқлашармикан?! Сув ти­­ниқлашса, шунча ҳаракат (ўзгариш)нинг оқибати балчиқсиз туролмаслик, сувни атай лойқалатиш бўлиб қолиши табиий (яшаш инстинкти)! Ана энди ўзингиз ўйлаб кўринг, миллионлаб жонзотлар ҳаёт кечириш мақсадида тиниқ ҳовузни лойқалатсалар нима бўлади? Айтишим мумкинки, яшаш учун кураш инсониятни тўғри йўлдан оздирди, ҳозир ҳам сувни лойқалатишга уринаётганлар бор. Энди инсониятни на эволюция қутқара олади ва на янгиланиш.

Алам қиладигани шуки, улуғ адиб Достоевский ўз асарларида инсон шахсиятини аввал пок сувдан олди, ҳозир эса ўша сув бир неча марта хиралашиб, бир неча марта тиниқлашган. Инсон ўз ишига, ўз дунёқарашига, ҳаёт тарзига жавоб бера олади, аммо инсоният жавоб бера олмайди. Ўша ҳовузда ҳам тоза сувни истовчи, ҳам балчиқни истовчилар бор. Балчиқни истовчилар шунчалар тубан кетиб борадилар ва шунчалар сувни лойқатадиларки, тоза сувда яшовчиларнинг сув юзасидан бошқа борадиган жойлари қолмайди.

Ўзимни оладиган бўлсам, мен ҳозир кундалик юмушлардан бошқа нарсани ўйлолмайман. Достоевский даврида инсон ҳис-туйғулари қанчалар эъзозланган бўлса, ҳозирда айни тескариси. Фақат ўзини англаган кишилардангина иборат жамият дунёни тутиб турибди. Мабодо ўша жамият кишилари орасида низо тарқалса, нафс зўрлигидан дунё остун-устун бўлди деяверинг. Ўшанда биз қадрлаган, эъзозлаган соф туйғулар ҳам бутунлай, ҳа, бутунлай, абадийга йўқ бўлиб кетади. Барчаси кул бўлади, барчаси ботқоққа ботади. Шуларни ўйлар эканман, дафъатан “бундай яшай олмайман!” – дейман ўзимга-ўзим. Дун­ёни ўзгартиргим келади. Йўқ, мен ўзимдан хавотир олмайман, бу портлаш, бу чўкиш балки юз эллик йил, балки юз миллион йилдан кейин бўлар, балки умуман бўлмас. Мен ўзимдан чўчимайман, менинг биргина, арзимаган жоним бутун ҳаётим давомида нимани ҳам талаб қиларди? Фақат кундалик юмушлар-у, кундалик рўзғор ташвиши. Ишим ўзимга ёқмайди. Айниқса охирги вақтлар билиб қолдим.

Мен ишимни ўзгартирсам, ҳаёт тарзим ҳам ўз­гаришига ишонаман. Мен билганим, инсонни меҳ­­нат ва муҳаббат қутқаради. Мен “тип”га ўхшаб олтмиш йилдан кейин ҳам мана шу хонада ёлғиз ўтиришим мумкин. Аммо олтмиш йил умр кўришим учун ўзим яхши кўрган меҳнат билан шуғулланишим керак эмасми? Ёқимли хона, ёқимли кишилар, ёқимли қўшнилар, ёқимли иш ва муҳаббат бўлмаса, унда мақсад қолмайди.

Достонбек Шарипов

«Yoshlik» журналидан олинди.

Мақола 465 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*