Ана шунақа

 

photo_2016-11-18_16-52-20

Биринчи тақриз

Машҳур француз адиби Ги де Мопассан ёзувчи бўлишидан олдин денгиз вазирлигида масъул бир вазифада ишлайди. Ўн йил умри шу ерда ўтади. Бироқ адабиётга муҳаббат сабаб ишини қўйиб, ўқиш-ўрганиш, ёзиш билан машғул бўлади. Флобер қўлида олти йил шу тарзда тарбиялангач, машқлари услуб ва мазмун жиҳатидан устозига маъқул тушади ва уларни эълон қилишга рухсат олади.

Бир неча йиллардан сўнг Мопассан ишлаган вазирлик архивидан у ҳақидаги бир тавсифномани топишади. Унда шундай дейилганди: “Ҳаракатчан ходим, лекин ёмон ёзади”.

 

Уйи баробар китоб ёзган адиб

Устоз Абдулла Қаҳҳор Лев Толстойни “бўйи баробар китоб ёзган” дея таърифлайди. Шу маънода, испан драматурги Лопе де Вега (1562–1635) ҳақида бемалол “уйи баробар китоб ёзган” деб айтиш мумкин. Чунки у 2000 га яқин пьеса ва 3000 га яқин сонет муаллифидир. Де Вега пьесаларининг 426 таси бугунгача етиб келган.

Драматург асосан тарихий, ишқий ва ҳажвий мавзуларда қалам тебратган. Унинг пьесалари Уйғониш даври испан драматургиясининг мумтоз намуналари саналади.

 

Ёзолмаган ёзувчи

Дедектив романлари билан жаҳонга танилган Агата Кристи дастлаб ҳарбий касалхонада, сўнг дорихонада ишлаган. Заҳарлар ва уларнинг таъсирини жуда яхши билган. Шу сабабли асарларида қотилликлар кўпинча заҳар ёрдамида амалга оширилади.

Китоблари тўрт миллиарддан ортиқ нусхада чоп этилган ва дунёнинг юздан ортиқ тилига таржима қилинган Агата хоним дисграфия дардидан азият чеккан – қўлда ёза олмаган. У барча машҳур романларини айтиб туриб ёздирган.

 

Машҳур кеманинг прототипи

“Титаник” кемаси ҳалокатга учрашидан 14 йил олдин – 1898 йили америкалик фантаст ёзувчи Морган Робертсон “Беҳудалик” номли қисса эълон қилади. Асарда тилга олинган “Титан” кемаси апрель оқшомларининг бирида музтоққа урилиб, чўкиб кетади. Йўловчиларнинг жуда кўпи ҳалок бўлади. Қизиқ томони, “Титан” ҳажм жиҳатидан ҳам “Титаник”ка жуда яқин келади.

Қисса 1912 йили “Титаник” ҳалокатидан сўнг айрим ўзгартиришлар билан “Беҳудалик ёхуд “Титан”нинг ҳалокати” номи остида чоп этилади ва машҳур бўлиб кетади.

 

Ориф Толиб тайёрлади.

«Ёшлик» журналидан олинди.

Мақола 403 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*