Алвидо!

alvidoГи Де Мопассан

Икки дўстнинг кечки овқат вақти тугаш арафасида эди. Кафе деразалари орқали одамлар билан гавжум бульвар кўриниб турарди. Улар иссиқ ёз оқшомлари Париж бўйлаб эсаётган ма­йин шаббода таъсирида инсон ғам-ташвишлардан холи аллақаерларга, дарахтлар остига элитилиб, ойдин уммонлар, ёнар қўнғизлар-у сўфитўр­ғайлар ҳақида хаёл суришарди.

Улардан бири Анри Симон чуқур хўрсиниб, сўзлади:

— Эҳ, қарияпман! Бу нақадар ачинарли. Илгарилари бундай кечаларда ўзимни бекаму кўст ҳис этардим. Энди эса фақатгина афсус-надоматларга кўмилганман. Умр қисқа экан.

Қирқ беш ёшлар чамасидаги бу одам кал ва анчагина семиз эди.

Уларнинг бошқа бири Пер Карниер ёши каттароқ бўлсада, аммо озғин ва хушчақчақ эди.

— Эҳ, болакай! — ҳикоя қила кетди у. — Қачон қариб қолганимни сезмабман, ҳатто. Мен доимо қувноқ, соғлом, ғайратли ва ҳоказо-ҳоказолар бўлганман. Ҳар куни кўзгуга қараб, секин-аста ёши ўтиб бораётганини пайқамас экан одам. Аслида у билимсизгина қиёфангизни ўзгартириб бораверади. Икки-уч йиллаб ҳасратда юрсакда, ғам-қайғудан ўлмаганимизнинг сабаби ҳам шунда. Кошки, вақт чизгиларини тушуна олсак. Унинг қадрига етиш учун юзингизга олти ой умуман қараманг… Сўнг… О, қандай зарба!

Дўстим, афсуски, аёл жуда ожиза хилқатдир. Уларнинг барча қувонч-у шодлиги, бор куч-ғайрати, бутун ҳаёти атиги ўн йилда тугаб битадиган ўткинчи гўзаллиги ортида ётади.

Боя қачон-қариб улгурганимни пайқамай қолганимни айтгандим. Элликка кирганимда ҳам, ўзимни деярли ёш деб ҳисоблардим. Заррача заиф­ликни сезмай, бахтли ва хотиржам эдим. Мени олти ой ичида яксон қилган тушкунлик сири жуда оддий ва даҳшатли эди. Сўнгра мен тақдирга тан бердим.

Барча эркаклар қатори мен ҳам тез-тез севиб қолардим. Аммо айнан уни…

Тахминан ўн икки йил олдин, эндигина уруш тугаган пайтларда уни Этретатдаги денгиз бўйида учратдим. Эрталаб денгизда чўмилиш асносида, бу қирғоқдан ўзга гўзал манзара йўқ эди гўё. Кичик тақасимон шаклдаги соҳил атрофини ғалати ўралар билан ўйилган «Портес» номли баланд қоялар қоплаб олиб, бир тарафи худди гигант оёғи каби океанга қараб чўзилган, иккинчи томони калта ва йўғон эди. Аёллар ўзларининг чиройли халатлари билан атрофни кўркам боғга айлантириб, бу баланд қоялардаги тор қум йўлакларда тўпланишарди. Қуёш соҳилни, ранг-баранг соя­бонлар-у зангори денгизни аямай қиздирарди. Барча шод-хуррам ва мамнун эди. Сув бўйида ўтириб, чўмилаётганларни томоша қилишингиз мумкин эди. Аёллар жимир-жимир тўл­қинлар кўпигига яқинлашганида, сузиш либосларида латофат билан ўзларини сувга отишарди. Улар тезкор майда қадамлар билан сувда ҳаракатланиб, дамба-дам муздек сув ва қисқа нафасдан ҳансираб, тўхтаб олишарди.

Улар қисқа муддатлик сузиш синовидан ўтишарди. Уларни тўпиғидан то халқумига қадар баҳоласа бўларди. Айниқса, сув юмшоқ баданларга катта қувват берсада, бироқ сув устидагиларнинг камчиликларини фош этарди.

Мен ўша ёш жувонни илк бора денгизда кўрганимда, шод ва бахтиёр эдим. У синовдан аъло даражада ўтганди. У ерда бир қарашданоқ ҳусн-таровати билан ўзига мафтун қиладиган, бир зумда сизни ҳайратга сола оладиган чеҳраларни учратардингиз. Гўёки сиз мана шу аёлни севиш учун яратилгансиз. Бу ҳислар бутун баданимни қамраб олди.

У билан таништиришди ва мен ҳар қачонгиданда абгор аҳволга тушдим. Юрагим унга талпинарди. Ёшгина бир аёлнинг сизни бунчалар мағлуб этгани ҳам ёқимли, ҳам даҳшатли эди. Бу туйғу ҳам азоб, ҳам ғалати завқ бағишларди. Унинг қараши, унинг кулгуси, унинг шамолда ҳилпираётган сочлари, унинг юзидаги майда чизиқлар, унга хос нозик ҳаракатлар мени қувонтирарди, мени ҳаяжонга соларди, мени адойи тамом қиларди. У ўзининг имо-ишоралари, хулқ-атвори, ҳаттоки қисқа муддат ичида устига илиб олган ки­йим-кечаклари биланда мени, онги-шууримни ўзига асир айларди.

Жиҳозлар панасидаги унинг чимматли кўриниши азобимни янада кучайтирди. У қўлқопини стул устига ирғитди. Унинг либослари менга бетакрор туюларди. Унинг шляпасига ўхшаши ҳеч кимда йўқ эди.

У турмушга чиққанди, аммо унинг эри фақат шанба кунлари келиб, душанбада жўнаб кетарди. Нима бўлганда ҳам эридан ташвишланмасдим. Негадир ундан рашк ҳам қилмасдим. Ҳаётда бу одамчалик заррача эътиборимга молик бўлмаган бошқа мавжудот бўлмаса керак.

Лекин у! Уни нақадар севар эдим! У шунчалар гўзал, латофатли ва навқирон эдики! У ёшлик, нафислик ва софликнинг тимсоли эди. Авваллари аёл зотининг бу қадар зебо, нозик, мафтункор, жозибали ва ҳурмат-эъзозга сазоворлигини ҳис этмаган эканман. Ёноқлардаги бурумлар, лаблар ҳаракати, қулоқдаги қизғишликлар, ахмоқона шаклдаги тана аъзоси бўлмиш бурундаги ажиб гўзаллик олдинлари мени ҳеч қачон ўзига жалб этмаганди.

Бу уч ой давом этди… Сўнг ғам-қайғу азобида эзилганча, Американи тарк этдим. Аммо унинг ёди мени тарк этмади, абадий ва ёрқин… Масофа олис бўлсада, ҳамон у ёнимда тургандек бутун борлиғим уники эди. Орадан йиллар ўтдики, уни унута олмадим. Унинг фусункор қиёфаси кўз ўнгимдан, юрагимдан кетмади. Севгилим билан боғлиқ ҳаё­тимда учратган энг гўзал ва сеҳрли хотираларим каби унга бўлган муҳаббатим софлигича қолди.

Умр чизгиларида ўн икки йил ҳеч қанча вақт эмас. Унинг қандай ўтганини пайқамай қоласан киши. Йиллар бир-бирига секин ва тезкор тарзда эргашиб кетаверади. Ҳар бири узоқ вақтдек туюлсада, аммо бир зумда ўтиб кетади! Йил-йилга уланиб, ортида бир қанча изларини қолдиради. Токи ўтган даврларга назар солиш учун ўгирилганингда, кимдир ҳеч вақони кўрмайди, кимдир эса қачон қариб қолганини тушунмай қолади. Йиллар эса бир-бирини қувиб ўтаверади. Тасаввуримда, Этретат қумликларидаги ўша бир неча ойлик дилбар мавсум мен учун яратилганди.

Ўтган баҳор, мен Маисонс-Лаффиттега дўстларим билан овқатланиш учун йўл олдим.

Поезд жўнаб кетаётганида, баҳайбат, семиз аёл тўртта кичкина қизларини эргаштириб, менинг аравамга чиқди. Гулдор ленталар билан безатилган шляпа остидаги ойсимон шаклли тўла юз соҳибаси бўлган улкан ва думалоқ бу она товуққа базўр кўз ташладим.

У тез юриб келишга мажбур бўлганидан нафаси тиқилиб, пишилларди. Болалар эса чуғурлашни бошлашди. Мен қоғозларимни очиб, мутолаа қилишга киришдим.

Эндигина Асниересдан ўтганимизда, қўшним менга ўгирилиб, кутилмаганда сўз қотди:

— Кечирасиз, тақсир! Мабодо сиз жаноб Карниер эмасмисиз?

— Ҳа, мадам, — жавоб бердим.

Сўнг у кулиб юборди, гўзал аёллар каби… Бу ҳол аянчли эди.

— Сиз мени танимаган кўринасиз, — деди жувон.

Иккиландим. Бу қиёфани аввал қаердадир кўргандекман… Аммо қачон? Қаерда?

— Ҳа ва йўқ, — давом этдим. — Сизни танишим, шубҳасиз. Бироқ ҳануз исмингизни эслай олмадим.

— Мадам Жулие Лефевре, — деди у бироз қизариб.

Ҳеч қачон бунчалик шокка тушмагандим. Бир сония ичида дунё кўзимга қоронғу кўриниб кетди. Кўзларимдан пардалар юлиб олингандек, даҳшатли ва юракни пора-пора этадиган кашфиёт қилгандим гўё.

Наҳотки у! Мана шу дағал, бесўнақай, баҳайбат аёл у бўлса?! У эндиликда ёнидаги тўрт қизнинг онасига айланганди. Бу кичик мавжудотлар ҳам онаси каби менга ҳайрон тикилишарди. Фарзандлари унинг бир бўлаги эди… Улар катта бўлиб қолишган, ҳаётда аллақачон ўз ўринларига эга эдилар. Ҳолбуки, уни ортиқ гўзаллик тимсоли ва нафислик тилсими деб бўлмасди. Унинг кечаги ва бугунги кўриниши мени лол қолдирарди! Ахир шундай бўлиши мумкинми? Қайғули изтироб қалбимни эзғилади. Табиатга қарши исён, бундай ваҳшийликка қарши беҳисоб ғазаб ва абгорлик алами вужудимни титратди.

Мен унга беихтиёр қарадим. Сўнг қўлини қўлларимга олганимда кўзимга ёш келди. Унинг йўқолган ёшлиги учун йиғладим. Мен бу семиз жувонни танимасдим…

У ҳам ҳайратланиб, дудуқланди:

— Жуда ўзгариб кетганман, тўғрими? Сиз нимани кутгандингиз — ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати бор! Кўриб турганингиздек, энди фақатгина яхши онаман, холос. Қолганига эса алвидо, шу билан тамом! Эҳ! Учрашиб қолганимизда мени таниб олишингизни ҳеч қачон кутмагандим. Сиз ҳам ўзгарибсиз. Ҳатто сиз эканлингизга ишонч ҳосил қилиш учун бироз вақт кетди. Сочларингиз оқарибди. Тасаввур қилинг-а! Ўн икки йил олдин! Ўн икки йил! Тўнғич қизим аллақачон ўн ёшга кирди.

Болага қарадим. Унинг нималаридир онасининг аввалги латофатини эслатарди. Бироқ нималаридир ҳали тўлиқ шаклланмаган, нималаридир келажакдан дарак берарди. Ва ҳаёт юраётган поезд мисоли жадаллик билан ўтиб бораётгандек туюларди менга.

Етиб келдик. Маисонс-Лаффитте. Эски танишимнинг қўлидан ўпиб қўйдим. Мен сийқаси чиққан изоҳдан бўлак мутлақо ҳеч нарса топмадим. Айтишга-да оғир.

Тунда уйда ёлғиз ўзим кўзгу қаршисида узоқ вақт, жуда узоқ турдим. Ва ниҳоят қандай бўлганимни эсладим, ва ниҳоят хаёлий кўзларимда жигарранг мўйловим, қора сочларим ва юзимдаги ёш ифода гавдаланди. Энди мен қариман! Алвидо!

Инглиз тилидан Гулноз МАМАРАСУЛОВА таржимаси

Мақола 484 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*