Актриса

Презентация1Агата КРИСТИ

Театр залининг тўртинчи қаторида ўтирган, одмигина костюмдаги, ўрта яшар бир эркак сал олдинга интилиб, саҳнага диққат билан тикилди, сўнг ишончсизлик билан ўз-ўзига шивирлади:

— Бўлиши мумкин эмас — бу Нэнси Тэйлор-ку! Худо ҳаққи, Нэнсининг худди ўзи!

У чўнтагидан театр дастури қоғозини олиб, очди ва энг йирик ҳарфлар билан ёзилган исм-шарифни ўқиди.

«Олга Стормер! Демак, сен ҳозирда ўзингни шундай атаяпсан… Барибир юлдуз бўлибсан-да. Демак, пулларинг ҳам тўлиб-тошгандир. Ҳақиқий исмингни, балки, унутиб ҳам юборгандирсан? Ҳечқиси йўқ, Жейк Левит сенга буни эслатиб қўяди!»

Биринчи кўриниш тугаб, парда туширилди ва зал томошабинларнинг гулдурос қарсакларидан титраб кетди. Театр саҳнасига бир неча йил олдин кириб келган ва ҳозирда ҳаммага яхши таниш бўлган Олга Стормер «Қарғовчи фаришта» драмасида Кора ролини ижро этаётганди. Қарсаклар мана шу ижрога ва кўпроқ актрисанинг ўзига аталганди.

Фақат Жейк Левит қарсак чалмасди — у мийиғида кулиб ўтирарди: «Э, худо! Мана, омадим келди! Мен, қаердан пул топишни билмай, бош қотириб  юриб­ман-а. Мана, ўлжа тайёр-ку! Ҳа, у ўзини олиб қочишга ҳаракат қилади, лекин мен ҳам анойилардан эмасман. Ахир, бу соҳада анча-мунча тажрибам бор. Э, бу аёл ҳақиқий олтин кони-ку!»

Эртасига тонгда «олтин кони» бўлмиш бу аёл ўз уйидаги меҳмонларни кутиш хонасида ўтириб, Жейк Левитнинг мактубини ўқирди. Унинг ҳар хил тусларга кирувчи юзи худди оқиш ниқоб кийгандек эди, қошлари чимирилган, ўйноқи кулранг-яшил кўзлари эса мактубга худди заҳарли илонга қарагандай қадалган эди.

Актриса ҳис-туйғуларнинг энг нозик қирраларигача акс эттира олувчи жозибадор овози билан котибасини чақирди:

— Мисс Жонс!

Шу заҳотиёқ қўшни хонадан батартиб кийинган, қўлида ёндафтар ва қалам ушлаган чиройли қиз кириб келди.

— Илтимос, жаноб Дэнхенга қўнғироқ қилинг. У менга ҳозироқ керак.

Сид Дэнхен — унинг менежери, ҳар қандай ҳолатга тайёр ҳолда хонага кирди. Унинг бутун умри буюк актрисаларнинг сон-саноқсиз инжиқликларию ожизликлари билан курашда ўтган. Дэнхен вазият талаб этадиган турли ҳолатларда мадҳ этиш, кулдириш, қизиқтириш, кўндириш, қўрқитиш ва тинчлантириш санъатларини мукаммал эгаллаган киши. Унинг уринишлари туфайлигина Олга ўзини мана шундай хотиржам тутишга ўрганган.

Олга стол ортидан унга хатни улоқтирди:

— Ўқиб чиқинг!

Хат оддий, арзон қоғозга хатолар билан ёзилганди.

«Ҳурматли хоним.

Мен кеча кечқурун «Қарғовчи фаришта»даги сизнинг чиқишингиздан бағоят ҳайратдаман. Бир пайтлари Чикагода менинг яхшигина дўстим бўларди. Унинг исми Нэнси Тэйлор эди. У ҳақида мақола ёзиш ниятим бор. Агар бу сизни қизиқтирса, куннинг ёки туннинг исталган пайтида ҳузурингизга боришим мумкин.

Ҳурмат билан Жейк Левит».

Дэнхен савол маъносида қошларини кўтарди:

— Хўш, нима бўпти? Ким экан бу Нэнси Тейлор?

— Бу қиз ўлиб кетгани яхшийди, Дэнни… — Олганинг овозида умрининг ўттиз тўрт йиллик барча чарчоғу қувончлари мужассам эди. — Ўзи у, йўқ эди, ўлик эди, то мана бу гўрков уни ковлаб олмагунича.

— А!? Демак, бу…

— Ҳа, Дэнни, бу менман.

— Шантаж қилмоқчи шекилли?

Аёл боши билан тасдиқлади:

— Ҳа. Ва бу одам ўз ишини билиб қилади.

Дэнхен кулимсиради. Олга эса, нозик ва узун бармоқлари орасидан унга хотиржам ва синчков назар солди.

— Ҳаммасини инкор қилсангиз-чи? — сўради Дэнхен. — Орадан шунча вақт ўтган. Бу айнан сиз эканлигингизга у шунчалик ишонармикан?

Олга бошини чайқади:

— Левит ўзи аёлларни шантаж қилиш билан умр кечиради. У ҳеч қачон адашмайди.

— Полиция-чи? — ишончсизлик билан таклиф қилди Дэнхен.

Олга ўз саросималарини яшириш учун бор кучи билан зўрға сунъий жилмайди. Аслида эса, унга худди оёғи остидаги ер қулаб кетаётгандек туюларди.

— Сиз ўйлаб кўрмадингизми, ҳалиги… ҳаммасини сэр Ричардга айтиб берсангиз-чи? Бу ҳар қандай шантажнинг олдини оларди.

Олга Стормер ва парламент аъзоси сэр Ричард Эверарднинг унаштирилиши бир неча ҳафта олдин эълон қилинганди.

— Кеч. У менинг қўлимни сўраб бўлган, мен розилик берганман.

— Демак, ҳаммаси тамом экан-да? — хитоб қилди Дэнхен.

Олга истеҳзоли кулимсиради:

— Бугина эмас. Сиз тушунмайсиз, Дэнни. Ҳаммаси тамомдан ҳам баттар. Энди, агар Левит ҳужумга ўтса, нафақат менинг, балки Ричарднинг ҳам келажаги қулади, деяверинг. Менинг тушунишимча, вазиятдан чиқиб кетишнинг иккитагина йўли бор.

— Хўш, қандай?

— Пул билан оғзини ёпиш. Тўхтовсиз пул бериб туриш ёки ғойиб бўлиб, ҳаммасини бошқатдан бошлаш, — унинг товушида яна ҳорғинлик сезилди. — Энг кулгилиси шуки, Дэнни, мен ҳеч нарсага ачинмайман. Мен унда оч-наҳор бир дайди қиз эдим ва бу ҳолдан тезроқ қутулишни истардим. Тағин, мен биттасини отиб қўйганман. Тўғри, у кўпроқ ҳайвонни эслатар ва бу ўлимга лойиқ эди. Бундан таш­қари, бу шундай ҳолатда содир бўлдики, ҳар қандай суд ҳам мени айбдор деб ҳисобламасди… Буларни эндиликда биламан, лекин ўшанда мен ахмоқ ва қўрқоқ бир қизча эдим ва қочиб қолганман.

Дэнхен бош ирғади.

— Левитнинг ўзини бирор нима билан қўлга тушириб бўлмайдими? — секингина сўради у.

Олга бош чайқади:

— Бунга шубҳам бор. У ўта қўрқоқ, жиддийроқ бир иш қилишга ярамайди, — у хўмрайди, худди ўз гапини эшитиб кўраётгандек давом этди. — Қўрқоқ! Менимча, бундан фойдаланса бўлади!

— Агар сэр Ричард у билан учрашиб, қўрқитиб қўйса-чи? — таклиф қилди Дэнхен.

— Ричард ўта нозик табиатли киши. Бунақа ишлар оқ қўлқопларда қилинмайди.

— Унда мен бир уриниб кўрсам…

— Кечирасиз-у, Дэнни, лекин сиз бунга янаям мос келмайсиз. Бу ерда куч ва ақл ўртасидаги нимадир керак. Бу ишга айёрлик керак. Бошқача қилиб айтганда, буни аёл киши уддалаши мумкин. Шундаям, ҳаётнинг қоронғи томонларини ҳам яхшигина биладиган аёл бўлиши керак. Ўйлашимча, Олга Стормер бунга энг яхши номзод. Жим бўлинг, мени чалғитманг.

У олдинга сал эгилиб, юзини қўллари билан беркитди. Салдан сўнг бирданига бошини кўтариб, сўради:

— Менга дублёр бўлмоқчи, ўрнимга саҳнага чиқмоқчи бўлган қиз бор эди-я? Исми Маргарет Райан эди шекилли? Унинг сочлари меникига жуда ўхшайди.

— Сочлари-ку ўхшайди-я, — норози оҳангда деди Дэнхен, Олганинг ярқироқ сочларига қараркан. — Тўғрисини айтганда, сочлари худди сизникидек, лекин бош­қа ўхшашлиги йўқ. Уни кейинги ҳафтада ишдан бўшатмоқчиман.

— Бўшатишни сал орқага суришга тўғри келади, Дэнни, балки, унга Кора ролини ҳам берармиз. — Олга, ўрнидан туриб кетаёзган менежерини бир имо билан ўрнига ўтқазиб қўйди. — Менга тўғрисини айтинг-чи, Дэнни, сизнингча, мен ролни яхши ўйнайманми? Йўқ, мен бу ерда қимматбаҳо, жимжимадор кийимларда саҳнага чиқиб ўзини кўз-кўз қилиш эмас, балки ҳақиқий ижрони назарда тут­япман.

— Ижроми? Э худо! Олга, сиз шунчаки актриса эмас, энг аълосисиз! Мен Дузе давридан буён сиздақасини учратмаганман!

— Яхши. Демак, унда ҳаммаси яхши чиқади. Албатта, агар мен адашмаётган бўлсам ва Левит қўрқоқ бўлса. Йўқ, Дэнни, мендан ҳеч нарса сўраманг. Фақат ўша қиз — Райан билан гаплашинг ва у мени қизиқтираётганини айтинг. Менинг номимдан уни тушликка таклиф қилинг. Рад этмаса керак, деб ўйлайман.

— Йўқ, албатта.

— Яна, менга қандайдир кучли таъсир этадиган таблеткалардан керак. Шундай бўлсинки, кишини бир-икки соатга ухлатиб қўйсин, лекин унга жиддий зарар етказмасин.

Дэнхен кулиб қўйди:

— Шунақасидан бор. Тўғри, дўстимизнинг боши ҳавас қилиб бўлмайдиган даражада оғрийди, лекин шу билан ҳаммаси ўтиб кетади.

— Яхши. Ишга киришинг, Дэнни. Қолганини мен ўзим бўйнимга оламан. Мисс Жонс!

Салдан кейин кирган котиба ёндафтарига ёзар, Олга бўлса, хона ичида у ёқдан бу ёққа юриб, айтиб турарди. У ҳеч қачон жавобларни ўз қўли билан ёзмасди.

* * *

Узоқ кутилган хатни олиб очаркан, Жейк Левитнинг оғзи қулоғида эди.

«Ҳурматли жаноб!

Фикримча, сиз хатда тилга олган аёлни мен танимайман. Бироқ, мен жуда кўп одамлар билан учрашаман ва бу борада адашган бўлишим ҳам мумкин. Агар бу англашилмовчиликни тўғрилашда менга ёрдам берсангиз, сиздан жуда миннатдор бўлардим. Сизни бугун кечки соат тўққизда кутаман.

Ҳурмат билан Олга Стормер».

Левит ҳаммасини тушуниб, бош ирғади. Ақлли ёзилган жавоб! Тан олиш керак, унинг сал жаҳли ҳам чиқди, лекин, барибир, Олга у билан учрашишга рози бўлди-ку. Олтин кони ишга тушди!

* * *

Роппа-роса соат тўққизда у эшик қўнғироғини босди. Уйдан ҳеч ким жавоб бермади, лекин эшик очиқ экан. У эшикни очиб, залга кирди. Атрофга қараб, ўнг томонга — қизил-қора ранглар билан жило берилган, нимқоронғи меҳмонхонага кирди.

Стол устида, чироқнинг доирасимон ёруғида хат ётарди:

«Илтимос, кутиб ўтирсангиз. Мен тезда қайтаман. О.Стормер».

Левит ўтириб олди. Унинг сабр-тоқати беқиёс эди, аммо кутиб ўтириб, жуда ўнғайсизланди.

Қандайдир ноқулай эди. Хонада мутлақо тинчлик, ўлик сукунат ҳукм сурарди, шундай бўлса ҳам, Левитни ғалати бир ҳис ҳеч тарк этмасди. Худди у бу ерда ёлғиз эмасдек эди. У пешонасидан терни сидириб, ўз қўлига ҳайратланиб қаради.

Ўнғайсизлик ҳисси тобора ортиб борарди. Ўзича шивирлаб сўкиниб қўйиб, Левит ўрнидан турди ва хона ичида юра бошлади. «Ҳа, майли, бу куттирганларинг учун яхшигина ҳақ тўлайсан ҳали…»

Қора бахмал парда тагидан чиқиб турган қўлни кўриб, Левит ҳовлиққанидан қичқириб юбораёзди. Эгилиб, унга секин қўл теккизиб кўрди — қўл муздай эди.

У пардани силтаб очди. Олдида бир аёл юзтубан ҳолда ётар, унинг бир қўли гавдаси остида қолган, иккинчиси парда тагидан чиқиб турганди. Унинг олтинранг сочлари боши атрофини ўраб олганди. Олга Стормер!

Левит титроқ бармоқлари билан унинг қўл томирини босиб кўрди. Ўйлаганидек, пулс йўқ эди. «Жин урсин! Бу қизча мендан қочиш учун яхшироқ йўл танламабди!»

Унинг нигоҳи Олганинг елкасида ётган иккита қизил чилвирнинг учида тўхтади. Улар тилларанг сочлар остидан чиқиб турарди.

Левит эҳтиёткорлик билан чилвирнинг бир учини тортди ва кутилмаганда аёлнинг боши шилқ этиб бурилиб, юзи кўриниб қолди. У ўлик, кўкимтир рангда эди. Левит чўчиб, ўзини орқага олди.

Унинг боши айланиб кетди, бу ерда қандайдир сир бор эди. Лекин икки нарсага у амин эди: бу аёл ўлдирилган ва у Олга Стормер эмасди!

Орқадан шитирлаган овозни эшитиб, дарҳол бурилган Левит хизматчи аёлнинг нигоҳига дуч келди. У деворга суяниб турар, юзи ҳам худди фартугидай оппоқ эди, кўзлари эса даҳшатдан қотиб қолганди. Левит унинг бунчалик тикилиб қарашига ҳайрон бўлди, хизматкор аёл эса даҳшатга тушиб деди:

— Эй худо! Сиз уни ўлдирдингиз!

Эркак бирданига лол қолди, сўнг, нима бўлаётганини тушуниб, шошиб хитоб қилди:

— Йўқ, йўқ… Мен келганимда у ўлган эди.

— Мен… Мен ҳаммасини кўрдим. Сиз уни бўғдингиз.

Левитнинг пешонасидан муздай тер чиқиб кетди: балки, айнан у чилвирни тортаётган сонияда хизматкор кириб қолгандир? Левит нажот истагандай унга назар солди, у эса ўлгудек қўрқиб кетганди. Шубҳа қилмасаям бўлади — полицияда ҳам у айнан шундай дейди. Ҳаммаси унинг кўзи олдида содир бўлди, у шу гапида қатъий туриб олади. Ва бу Левитга анча қимматга тушади — у жонидан айрилади.

«Эй худо! Бунчаликка бормаса керак! Ҳатто ишониш ҳам мушкул… Тўхта! Балки, айнан ишонмаслик керакдир?»

У бирдан хизматкорга қаради:

— Бу сизнинг бекангиз эмаслигини сиз яхши биласиз.

— Албатта, — ўз-ўзидан тасдиқлади у. — Бу унинг дугонаси. Улар иккаласи ҳам шу ерда эдилар ва, одатдагидай, жанжаллашишарди. Актрисалар ҳаммаси шунақа ўзи.

Қопқон! Левит буни энди тушунди.

— Бекангиз қани унда?

— Ўн дақиқа олдин чиқиб кетганди.

«Қопқон! Мен худди қуёндек унга илиндим. Жин урсин! Ахир, бу ярамасдан эҳтиёт бўлиш кераклигини билардим-ку! Буни қара-я, бир ўқ билан икки қуённи урибди: ҳам рақибасидан, ҳам мендан қутуляпти. Ё Раббим, энди мени осишади-ку! Ўзим қилмаган қотиллик учун осишади!»

Хизматкорнинг ҳаракати унинг хаёлини бўлиб юборди — у эҳтиёткорлик билан эшик томон сурилиб борарди. Левит яшин тезлигида фикрлай бошлади. Унинг нигоҳи телефонга кўчиб, яна аёлга қайтди. Қандай қилиб бўлса ҳам унинг оғзини ёпиш керак эди, бу дордан қутулишнинг ягона йўли эди. Ёнида қуроли йўқ… Тезда хонани кўздан кечириб, хизматкорнинг ёнгинасидаги столда ётган тўппончани кўрди. Унга биринчи бўлиб етиб олиш керак эди.

Аёл унинг нигоҳини пайқаб, дарров столга отилиб, тўппончани олди ва унинг кўкрагига тўғирлади. Гарчи тўппонча учи қалтираб, у ёқ-бу ёққа ўйнаб турган бўлса ҳам, Левит тушундики, бундай вазиятда адашмаслик керак. Олга Стормердай аёлнинг тўппончаси мудом ўқлоғлиқ бўлишига эса шубҳа қилмасаям бўлади.

Левит турган жойида қотиб қолди. Хизматкор уни мўлжалга олиб турса ҳам, эшикдан ярим метр узоқликда турар, ўтиб кетиш мумкин эди. Левит ўйладики, агар хизматкорга тегмаса, у ҳам отишга ботинолмайди. У чуқур нафас олиб, ўзини эшикка урди ва зал орқали кўчага чопиб чиқди. Унинг ортидан чиқиш эшиги ёпиларкан, хизматкорнинг ожизгина қичқириғи эшитилди:

— Полиция! Қотиллик!

Левит югуриб бораркан, аёлнинг ўрнида ўзи бўлганида бор овози билан бақириши мумкинлиги хаёлидан кечди. У тезда атрофига қараб, кўчани кесиб ўтди, бурилишдан сўнг эса, шошиб кетаётган оддий одамдек қадам ташлаб кетди.

У энди нима қилиш кераклигини яхши биларди. Энг аввало, имкон қадар тезроқ Грейвс-Эндга етиб олиши лозим. У ердан дунёнинг энг узоқ чеккаларигача борадиган кемалар йўлга чиқади. Унинг ҳеч қачон ортиқча саволлар бермайдиган бир капитан таниши бор. Кема бортида ва очиқ денгизда эса у буткул хавфсизликда бўлади.

* * *

Икки соатдан сўнг Дэнхеннинг уйида телефон жиринглади:

— Дэнни, илтимос, мисс Райан билан шартнома тузинг. Эртага Кора ролини у ижро этади. Тинчланинг, Дэнни, биласиз-ку, мен билан баҳслашиш фойдасиз. Мен бугунги оқшом учун унинг олдида жуда-жуда қарздорман. Лаббай? Ҳа-ҳа, ҳаммаси жойига тушди, менимча. Дарвоқе, агар у сизга менинг ажойиб гипнозчи эканимни айтиб қолса, ҳайрон бўлманг. Мен ростдан ҳам уни суҳбат орасида ҳушидан кетказиб, ухлатиб қўйдим… қандай бўларди, кофега сиз берган таблеткалардан иккитагинасини қўшиб бердим ва салгина ҳаракат билан ухлатиб қўйдим-да. Кейин эса уни ўликка ўхшатиб грим қилдим ва пулс билинмаслиги учун чап қўлини билагидан сириб боғлаб қўйдим… Майли, ишонмасангиз ҳам ихтиёрингиз. Майли. Эртага эрталаб ҳаммасини батафсил гапириб бераман. Ҳозир шошилмасам бўлмайди — хизматкорим кинодан қайтади ҳозир. Унинг фартугини кийиб олганимни кўрса, нима деб ўйлайди, ахир. Эҳ, Дэнни, афсуски, сиз бугун мени кўрмадингиз-да! Бу оқшом мен умримдаги энг зўр ролимни ўйнадим! Мен ҳақ эканман — Жейк Левит рост­данам қўрқоқ бўлиб чиқди. Ва… о`Дэнни, мен ҳақиқатдан ҳам буюк актрисаман!

Русчадан Ҳамидбек ЮСУПОВ таржимаси.

Мақола 1 082 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*