Аждодларимиз «одно»ни билишганми?

скачанные файлы (1)Бобом бор. Ёши етмиш бешда. Момом у кишидан беш ёш кичик, яъни етмишда. Ўзлари айтганларидек, ораларида “беш буғдой пишиғича” фарқ бор. Икковлари ҳам ҳар битта гапни мақол билан бошлаб, бирор ибратли ривоят билан тугатишади. Бунга бутун оиламиз ўрганиб қолган. Одатда ҳамма нарсага аввало уларнинг кўзлари билан қарашга ҳам. Ахир, уларнинг таъбири билан айтганда, “Катта карвон қайдан юрса, кичик карвон ҳам шундан юради”-да!

Дўстларим тинмай қизиқтиравергач, ижтимоий тармоқлардан бирига аъзо бўлдим. Номи ҳам ажойиб: “одноклассники!” Синфдошлар учун махсус тармоқ!

Эҳ-ҳе, ўзим учун саҳифа очдиму, бу оламнинг ажойиботу ғаройиботларига маҳлиё бўлиб, момом айтганича — туш кўргандай бўпқолдим. Тармоқни ўрганганим сайин эса, ўқимишли, ҳар балога ақли етадиган бола эмасманми, муҳим бир кашфиётга қадам-бақадам яқинлашаётган олимга ўхшаб ҳис қила бошладим ўзимни. Нега, қанақа кашфиёт, дейсизми? Мана, эшитинг!

Мен ўзимга шахсий саҳифа очишим билан танишишни истайдиганлар, суҳбатлашишни хоҳловчилар саҳифамда “меҳмон” бўла бошлашди. Саволларида маъни бўлса, қани энди: кимсиз, қаердансиз асли, исмингиз ростданам ўзингизникими, расм кимники… Рости, безор бўлдим. Охири дўстимнинг маслаҳатига кириб, уларнинг кўпини “қора рўйхат”га киритдиму тинчидим. Лоп этиб ёдимга момомнинг гапи тушди: ҳар ким қилса, ўзига қилади. Тўғри-да. Мен улар билан танишмоқчи, гаплашмоқчи эмасман-ку. Бобом айтганлар, чақирилмаган жойга йўнилмаган таёқ, деб… Ўзларидан кўришсин!

Бу тармоққа аъзо бўлиб, шахсий саҳифасини очган жонзот борки, ўзига ғалати номлар қўйиб олади: “Менман ўша олифта”, “Буюк Пётр”, “Қора Шаҳзода”, “Маймунзода Рам”, “Жодугарнинг Қизи”, “Оқбилак Хоним”, “Крутой Парень”, “Профилимга кирма – ўласан”, “Чёрнийга тиқаман – яқинлашма” ва ҳоказо. Ҳатто бирови ўзини “Аватар” деб номлабди. Буларни ўқиб, бобом кўп такрорлайдиган мақол ёдимга тушади: қазисан, қартасан, асл наслингга тортасан. Рост-да, булар бунақа антиқадан ажабтовур, ўқиган одамнинг кайфини учириб юборадиган номларни бекордан бекорга саҳифаларининг бошига чиқариб қўйишмагандир?! Тармоқнинг “пир”и бўлиб кетган бир дўстимдан шу ҳақда сўраб, бошим нақ балога қолди.

— Нима, гарангмисан сен?! – пишқирди жаҳли чиққан ошнам. — Бу ерда шундай қилиш “мода”, билдингми? Ўзингни истаган ном билан аташинг, ҳатто ёшингни, яшаш манзилингни ҳам ўзгартириб ёзишинг мумкин! Яхши-ку, ҳеч ким аслида кимлигингни билмайди…

Унга эътироз билдирмоқчи бўлдиму индамадим. Момомнинг мақолларини ичимда такрорлаб қўяқолдим: “Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич!”

Энди буёғини эшитинг. Бу “одно” деганларида нима кўп, десам, ҳар хил гуруҳлар кўп экан. Бирортасининг фойдаси бўлса, айтинг. “Қизиқарли ҳаётий ҳикоялар” деб номланган бир гуруҳга қизиқиб, унга жойлаштирилган ҳикояларни ўқиб кўрсам, олди-қочдидан бошқа нарса йўқ. Аъзо бўлганлар “мен сендан камми” дегандай бир-биридан бемаъни “ҳикоя”ларни жойлаштиргани жойлаштирган экан. Яна бир томони, ҳамма ўзига керак нарсага қараб интилади-да, бу ерда ҳам яқин фикрлайдиган одамлар ўзаро “дўст”лашади. Бу хилдаги маълумотларни ўрганавериб, тажрибам шу қадар ошдики, саҳифа эгасининг номига бир қараб, унинг рўйхатидаги “дўст”ларининг номларини аниқ-тиниқ санаб берадиган бўлиб қолдим. Рост-да, агар сизнинг “одно”ча номингиз “Жинни” бўлса, рўйхатингиздаги “дўст”ларингиз ҳам шунга яраша: Тентак, Овсар, Девона, Телба…

Демак, хулосани бобомнинг яна бир гаплари билан якунлаймиз: кўр кўрни қоронғида топади…

Айтганча, ўзим ҳам айрим мақоллар, ҳикматли сўзларга жиндак таҳрир киритадиган бўлиб қолдим. Қайсидир халқда бир нақл бор: дўстинг кимлигини айт, мен сенга кимлигингни айтиб бераман. “Одно” мисолида бу нақлга шундай ўзгартириш киритса бўлади: “Друзья”нгда кимлар борлигини айт, мен сенга кимлигингни айтиб бераман. Қалай?

Рости гап, оғайним нега бунча тўлиб-тошиб “одно”ни мақтаганини ҳалигача тушуна олмадиму, аммо боя айтганимдай зўр (эҳтимол, оламшумул, десаям бўлар) кашфиётни эълон қилиш арафасида турибман. Сир сақлай олсангиз, сизга ҳам айтаман: менимча, бизнинг аждодларимиз “одно”дан хабардор одамлар бўлишган-ов! Акс ҳолда, улар тўқиган, момом билан бобомнинг тилларидан тушмайдиган мақоллар нега “одно”га бу қадар мос келади? Ҳали ҳам ҳамма қиёслаб-чоғиштириб чиққан мақолларимни айтмаяпман, ахир уларнинг бутун бошли рўйхатини тузиб чиқишим мумкин! Менинг хулосам шу: бизнинг ота-боболаримиз “одно”ни ҳам олдиндан билишган, худди учар гилам, сеҳрли таёқча, ойнайи жаҳонни билишганидай…

Кеча телевизордан шу мавзудаги кўрсатувни кўриб, момом шундай деб хулоса қилдилар:

— Ҳа, олдинроқ ўйлаш керак эди, қоқиндиқ! Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур…

Хуллас, энди “одно”даги саҳифамни ёпмоқчиман.   Ростданам, ўйлаб кўрмаган эканман, бир балоси бўлмаса, бу тармоқни очишармиди? Қолаверса, бобом тайинлайдилар: ёмондан ҳазар қилиш лозим…

Ёш “ОДНО”ШУНОС.

Мақола 984 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*