Адиблар бир куни

 

photo_2016-11-16_10-09-22Яқинда “Шарқ” нашриётида таниқли ёзувчи Шодмон Отабекнинг “Дўрмон ҳангомалари” тўпламининг тўлдирилган нашри босмадан чиқди. Китобни ўқирканмиз, ижодкорлар нафақат адабий услублари билан, балки ўзига хос феъл-атвори, ҳозиржавоблиги билан ҳам ажралиб туришини кўрамиз. Ҳангомаларни ўқиб, юзимизга табассум югуради.

Қуйида ушбу китобга кирмаган айрим янги ҳангомаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

Устозга эҳтиром

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ёшлик даврида бир куни пойтахтга келиб, шеърларини таҳририятларга тарқатгач, шаҳарни айланиб томоша қилади, Бешёғочдаги Ғафур Ғулом уй музейига боради, кейин ҳозирги Миллий театрга йўл олади. Сўраб суриштирса, спектакль кечқурун бўларкан, у эса Фарғонага қайтиб кетиши керак эди. Иккиланиб турганида шундоққина ёнгинасига оқ мошина келиб тўхтаб, ундан ҳамма шеърларини ёд билган, ўсмирлик пайтидан катта ихлос қўйган машҳур шоир Эркин Воҳидов тушиб келади. Ҳаваскор шоир кўзларига ишонмай анграйиб қолади. Ёнига яқинлашиб, дастхат сўрашга, танишиб олишга ботинолмайди. Қишлоғига бориб Эркин акани кўрдим деса, ҳеч ким ишонмаслигини алам билан ўйлайди.

Орадан кўп йиллар ўтгач, Иқбол ўша илк учрашувни устозга айтади. Шунда Эркин ака ўзига хос бир мутойиба билан ҳазил қилади:

– Шарт бориб, енгимдан тутиб, менга қаранг, мен Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзоман десангиз, қучоқ очиб кўришардим.

Шогирд ҳам устозга муносиб жавоб беради:

– Енгингиздан тутардим-у, аммо қўлим банд эди, аввалроқ этагингиздан тутгандим.

 

“Хотин олиб беринг”

Таниқли шоир ва таржимон Мирпўлат Мирзо “Жаҳон адабиёти” журналини анча вақт бошқаргач, пенсияга чиқиб, ўзининг “камтарона” эътирофича, уйида “жаҳон адабиётини энди ўзи яратиб” юрган кезлар эди. Кунларнинг бирида “Ўзбекистон” нашриётининг директор ўринбосари, таниқли ёзувчи Ашурали Жўраев шоирни ҳузурига чорлаб, шундай таклиф қилади:

– Мирпўлат ака! Сизнинг кўп йиллик ноширлик тажрибангиз бор. Сизни шартнома асосида ишга олсак нима дейсиз?

– Қандай бўларкин?

– Яхши бўлади.

– Унда бир-иккита шартим, йўқ, илтимосим бор.

– Хўп, айтинг.

– Менга матн ёзиш учун алоҳида компьютерчи ажратасиз.

– Хўп.

– Вёрсткачи ҳам керак.

Шунда Ашурали шоирга ажабланиб қарайди.

– Бу кетишда, балки, хотин олиб беринг, ҳам дерсиз?!

 

Иккита бўлгани яхши, аммо…

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик тоби қочиб, шифохонага тушади. Жарроҳлик амалиётидан кейин аранг хушига келади.

– Энди кўзингизни очинг! – дейди врач. Бемор кўзини очади.

– Бошингиз айланяптими? – деб сўрайди врач.

– Шунақага ўхшайди… тепамда турган хотиним иккита бўлиб кўриняпти.

– Хотин иккита бўлса яхши-ку! – врач ҳазил қилади.

Гапиришга ҳам мажоли қолмаган ҳазилкаш адиб бу гапни жавобсиз қолдирмайди:

– Иккита бўлгани яхши-ку, аммо иккаласи битта хотин-да…

«Ёшлик» журналидан олинди.

Мақола 554 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*