АДАБИЁТ МАЙДОНИДАГИ ФАВҚУЛОДДА ҲОДИСАЛАР Улар ҳар куни ҳам рўй беравермайди

скачанные файлы (1)“Ўн саккизга кирмаган ким бор”. Отам тенгилар ва улардан катта авлод шу асарни севиб ўқишган. Мен ҳам анча ёшлигимда ўқиб кўрганман.

Кейинроқ қишнинг узун кечаларида унинг “Ўзбек характери” ҳикоясини ўқиганману адабиётга, сўзга муносабат, айни пайтда муҳаббат шаклланган. Ҳа, айнан ана шу ҳикоя орқали.

Шукур Холмирзаев ва унинг асарлари ҳақида улкан ҳаяжон билан,  тўлиб-тошиб соатлаб гапириш, қоғоз қоралаш мумкин, аммо юқоридагиларни ёзарканман, адибнинг тажанг чеҳраси-ю “чатоқ феъли” кўз олдимда намоён бўлаверди. Ва яна бир гапи: сўзни исроф қилмаслик керак!

Қуйида адибнинг ўз даврида шов-шув бўлган ва бугун ҳам долзарблиги ва аҳамиятини йўқотмаган мақолаларидан парчаларни эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

“АДАБИЁТ ЎЛАДИМИ?”

…инглиз шоири Байроннинг юздан зиёд хати бир-икки корчалон ноширларнинг қўлига тушиб қолади. Хатларнинг аксарияти оқсоқ лорднинг севгилисига ёзган махфий мактублари экан. Бундан хабар топган Пушкин оёқ тираб туриб олади: “Босиб чиқармаслик керак. Ахир, бизга Байрон шоир сифатида азиз! У – шоирдир! Унинг инсоний ожизликларини ошкор этиш нега керак?!” Шу тариқа мактублар босилмайди. Байронга қўлини бигиз қилгувчиларнинг ҳам тили тушовланади.  Бу одобни қаранг, рус шоири инглиз шоирининг шаъни учун курашибди!

***

Мен фақат шахсий нуқсонлари, ҳатто “кечирилмас қусурлари”га қараб ҳам ёзувчига баҳо бериб, яъни уни сондан чиқариб қўйилишини ҳазм қила олмайман.

***

Инсоф юзасидан эътироф этамиз: ўшанда айрим бадиий асарларга қараганда баъзи мухбирларимиз ёзган мақолаларни ўқиш мароқли туюларди. “Мухбирнинг даври келди!” дер эдик. Ва айтиш лозимки, мустақиллик арафасида унча-мунча амалдор ҳам мухбирлар қилган ишларнинг ўндан бирини қила олгани йўқ. Айни чоғда улар, ўзлари ўйламаган ҳолда, адабиётнинг сифатини талай ўн йилликлар давомида белгилаб келган дастурга зарба бердиларки, натижада номи чиққан талай адиблар нимани ва қандай ёзишни билмай қолдилар. Шунинг самараси ўлароқ улар орасида ҳам бояги савол бош кўтара бошлади: “Адабиёт ўладими ё ўлдими?”

***

Камтар санъаткор Чехов эса “адабиётда муаммони ёритиш” масаласи ҳақида қисқагина қилиб: “Ёзувчи асарда муаммони ёритиши мумкин. Аммо уни ҳал этиш – ҳаётнинг иши…” деган эди. Хулласи калом, муаммо масаласи – кенг ва теран тушунилиши лозим бўлган масаладирки, бизда қишлоқ хўжалиги ёки чорвачиликка дахлдор бирон бир муаммони (мухбирлар ишини!) бадиий асарда ёритиш ва иложи бўлса ҳал этиб бериш фақат фазилат ҳисобланарди! Афтидан, ҳамон шу фикрда юрганлар бор.

***

Биродарлар, мана энди ўз-ўзидан аёнки, “муаммони ёритиш” бобида ҳам адашиб кетган эканмиз. Тўғрироғи, йўлдан оздирилган эканмиз! Фикримга ойдинлик киритай: совет даврида ҳаётимиздаги энг муҳим муаммо нима эди? Ватан озодлиги, сўз эркинлиги, қарамликнинг барҳам топиши! Чўлпон ҳам, Фитрат ҳам, Усмон Носир ҳам ана шу армонда қурбон бўлиб кетди… Хўш, энди бугун ёзувчидан қайси муаммони ёритишни талаб этасиз? Буни асли мухбирдан талаб этиш керак, у боплайди! Бундан чиқди, чин ёзувчининг, асл адабиётнинг проблемасию “тили учида турган гапи!” бошқача экан-да?

***

Мана, энди асл адабиётнинг “асл масаласи”га етиб келдик. У шундан иборат эканки, адабий ҳодисани, яъни асарни ичдан ёритиб ва тўппа-тўғри кўнгилда акс-садо бериб, кишини қаёққадир бошлайдиган бир нур бўлар экан! Илло, инсоннинг ўзи ҳам табиатан қандайдир бекатга – нурга интилади! Гап – ўша нурнинг қандай эканида, холос!

***

Лекин инсон табиатан шунга мойил: излашга, қидиришга, имкониятлар     ахтаришга, яъни табиатга бевосита тақлиддан ҳам устун воситалар – йўллар излашга маҳкумлиги учун оқибат-натижада ҳақиқий санъат вужудга келди ва у шохлаб, тармоқлаб кетди.

“КЕЧИРАСИЗ, ЖАНОБ КАРПЕНТЕР, ВАҚТИМ ЗИҚРОҚ!”

Эндиги баҳсларимиз адабиёт майдонидаги фавқулодда янги ҳодисалар ҳақида бўлади, холос. Ундай ҳодисалар эса ҳар куни рўй беравермайди. Алқисса, баҳс вақтимизни ўғирлайдиган бўлиб қолдики, ундан қочадиган бўлдик.

***

Ўзим ҳақимда шуни айта оламанки, баҳсдан нарида юраман. Маълумингиз, қўрққанимдан эмас, йўқ: нимадан денг? Қаршингдаги баҳсга киришган кишининг сени тушунмаслигидан. Тўғрироғи, тушуна олмагани учун ўзини “ҳақ” деб тураверишидан. Ҳолбуки, билиб турасан: у ғирт ноҳақдир. Шу ўринда Ницшенинг нафақат адабиёт муҳиблари учун, балки ҳар бир эсли-ҳушли инсон учун сабоқ бўлгулик ҳикматларидан бирини келтираман. “Ақли расо одамлар, — дейди у, — ўзларининг юз фоиз ҳақ эканларини билиб турсалар-да, барибир, айтаётган фикрларимда хатолар бўлиши мумкин, дея андишада изтироб чекиб туришади. Нодонлар эса, — деб давом этади у, — ҳар қандай фикрларини ҳам ҳақ деб биладилар. Чунки уларда иккиланиш — шубҳа йўқ”.

***

…кошкийди, адабиётга ўзларича ҳомийлик қилаётганлар асл адабиёт билан халтуранинг фарқига тезроқ етсалар?!

***

Бир куни Карпентернинг қайсидир романини варақлаб чарчаб, ўзининг ушбу романи ҳақида қандайдир дўстига ёзган мактубини ўқий бошладим. Тавба! “Мен чангалзорга (жунглига) кириб қолдим, – деб ёзади у. – Яъни  жумлам шу қадар чўзилиб, шу қадар сермаъно бўлиб кетдики, бугун унга нуқта қўйдим”. “Баракалло”, дедим мен ва романни ёпиб қўйдим: кечирасиз, жаноб Карпентер, вақтим зиқроқ. Менга сал бўлари гапни айтсангизмиди…

“ЁЗУВЧИЛИКНИНГ МАКТАБИ ЙЎҚ…”

Воқеа (мазмун) ёзувчининг кўнглидан, яъни туйғулари чироғидан ўтгач, яъники ҳикоя қаҳрамонлари ёзувчининг ҳис-туйғулари ила йўғрилиб ва айни чоғда ўзининг ҳис-туйғулари ила воқеани у ёки бу даражада ўзгартириб мустақил Одамга айлангач, адиб баъзан унга четдан қараб, ғоят мутаассир бўлиши – ҳатто ҳайратда қолиши ҳам мумкин.

***

Пушкиннинг машҳур гапини эсланг-а: “Я плачу над вымислом!” Ўзи тўқиган – бадиий тўқимани салмоқлаб кўриб… йиғлар экан! Ғалат ҳол, а?

***

Ёлғонни ёзгандан кўра ёзмай қўя қол!

Ёки бўлмасам Хемингуэйга ўхшаб ўшандоқ ҳолатни бошдан кечириш тадоригини кўр.

Хемингуэй шундай қилган. “Тушдан кейинги Мадрид” асарида ўлимни… ўлим олди ҳолатини тасвирлашга ожизлиги, шуни ҳис этмоқ учун испан урушига борганини ёзади…

Қойил, қойил!

Бекзод ЎКТАМ тайёрлади

Мақола 375 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*