Ҳажвиялар

Сиёсий ўйин

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Глюка КУЗДРА,

Россия

Африка мамлакатларидан бири. Бемор шифокор ҳузурида.

Бемор: Дўхтир, қулоқларим ўз-ўзидан тобора кичрайиб бормоқда.

Дўхтир: Шу яқинда нима иш қилгандингиз?

Бемор: Ғозимиз тухумга кирганди, севинганимдан қучоқлаб, ўпиб олгандим.

Дўхтир: Демак… Сиз… Ҳали табобатда кузатилмаган касалга чалингансиз!.. Буни қандай атасак экан… Ҳмм, ҳа, топдим, ғоз иммунитети танқислиги синдроми… Эврика! Инсониятни табриклайман!

Бемор: Раҳмат, дўхтир… оҳ, ўляпман… Ҳа, айтганча, кашфиёт муаллифлари деган жойга менинг исм-шарифимни ҳам ёзинглар-да… (Ҳушидан кетиб йиқилади. Қариндошлари олиб чиқишади).

Дўхтир: (журналга ёзади) Бемор ғоз иммунитети танқислиги синдромидан вафот этди.

Эртаси куни мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнот берди.

Вазирлик: Ўтган ҳафта мобайнида ўлим унчалик кўп бўлмади. Бор-йўғи икки ярим минг киши очликдан, сув танқислигидан, беш минг тўрт юз эллик нафари айниган банан истеъмол қилгани учун ва бир одам ғоз иммунитети танқислиги синдромидан вафот этди.

Журналистларга мавзу топилди-ку…

Журналистлар: (Ёза бошлашди) «Ғоз иммунитети танқислиги синдроми мамлакатда одамлар вафотининг энг асосий уч сабабидан  биридир…»

Шу гапни халқаро ахборот агентликлари мана бундай бера бошлашди.

Агентликлар: Бу жазирама мамлакатда ҳали давоси топилмаган ушбу касаллик билан ҳар куни бир кишининг ёстиғи қуримоқда!.. Бу янги вабо — ғоз иммунитети танқислиги синдроми!

Энди телеканалларга навбат келди:

Телеканаллар: Олдин амалиётда кузатилмаган ғоз иммунитети танқислиги синдроми сабабли ушбу мамлакат аҳолисининг деярли ҳаммаси ғалати йўтала бошлади ва мамлакат бўйича қулоқлар тобора кичрайиб кетмоқда! Аммо соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан бу оммавий қулоқсизланиш важидан ваҳима кўтармасликни, тегишли ташкилотлар зарур чораларни кўраётганини эълон қилди.

Машҳур олимлар ҳам сиёсат майдонига чиқишди. Энди буларнинг ҳам қачондир куни туғиб қолиши керак-ку.

Олимлар: Ҳа, нима дейишга ҳам ҳайронсан киши. Ғоз иммунитети танқислиги синдроми ўзининг номаълумлиги ва давоси йўқлиги билан янада хатарлидир. Лекин барибир, бутун ер шаридаги одам борми, ҳайвону жонзот борми, ҳаммасини биз ишлаб чиққан янги дори билан эмлаб чиқиш фойдадан холи эмас… Бу лойиҳани амалга ошириш учун бизга бир миллиард доллар етиб қолар…

Авиакомпаниялар ҳам қатордан қуруқ қолишсинми?! Улар ҳам сиёсий ваҳимага қўшилишди.

Airways: Биз бу янги бало ўтиб кетгунча қўшимча сарф-харажатлар қилинаётганини инобатга олиб, авиачипталар нархини уч бараварга оширамиз. Эксклюзив парвозларни йўлга қўямиз. Бу рейсларда йўловчи асли ғоз иммунитети танқислиги синдромига учрамаслигининг барча қимматбаҳо чоралари кўрилган бўлади. Унга фақат умрида ғоз гўшти емаган ва умуман ғозлар билан масофадан туриб ҳам алоқада бўлмаган мутахассислар ишга олинмоқда. Бу вабодан жафо чекаётган мамлакатларга олимларимиз яратган янги ампулалардан минг тонна етказиб берамиз.

Европалик бир олим янги бир далилни ўртага ташлади.

Олим: Катталар яширишяпти! Ғоз иммунитети танқислиги синдроми аллақачон Европага кириб келди. Амстердам марказий кўчаларидан бирида ғозни қучоқлаб олганча йўталиб турган африкалик йигитни ўз кўзим билан кўрдим!

Бировнинг тўнига ўт кетса, қўлини иситишдан уялмайдиган газеталар ёза кетишди.

Газеталар: (Йўталиб турган ғозларнинг расмларини чоп этиб) «Ғағилловчи қотиллар шундоққина ёнимизда!!!»

Ҳаммаёқдан қувилган бир сиёсатчи «ақллилик» қилиб дунёга жар сола бошлади.

«Ақлли»: Бу балодан ер шарини қутқаришнинг фақат биттагина йўли бор. Ер юзидаги барча ғозларни қириб ташлаш керак.

Табиатни асраш ташкилотлари вазиятдан фойдаланмоқчи бўлиб ўртага тушишди. Жаҳллари чиқиб кетди-да, ахир!

Ташкилотлар: Э, бизнинг рухсатимизсиз қириб ташлайвераркансизлар-да. Биз рухсат бермасак, қириб бўпсиз! Қириб ташлаш учун ажратилган пулларни фақат бизга кўчиришлари шарт. Сайёрамизнинг қаерида қанақа ғозлар борлигини бизчалик ҳеч ким билмайди! Ўзимиз қириб ташлаймиз. Ожиз табиатимизни бу балолардан ўзинг асра!

Аҳмоқ бўлиб миллионлаб ғоз етиштирган фермерларнинг пайтавасига ўт кетди.

Фермерлар: Эй, жиннилар! Ақлларингни йиғиб олсанглар-чи! Бу ишни қилсанглар мамлакатларимизга катта иқтисодий зарар етказасанлар-ку!.. Ғоз гўшти жуда мазали ва фойдали-ку!..

Матбуот эса фермерларни айблай кетишди.

Матбуот: Барча фермерлар инсониятга хавф-хатар солишмоқда. Уларни ғозларига қўшиб бир таъзирини бериб қўйиш пайти келмадимикин?..

…Африка. Ўша мамлакат, ўша шифохона. Биринчи кириб келган бемор яна шифокор ҳузурида пайдо бўлади.

Бемор: Табиб ҳазратлари, касалимнинг сабабини топдик. Бу ғозни қучоқлаганимдан эмас экан. Ўзи уруғимизда шундай хислат бор экан. Ёшимиз элликдан оша бошлагач, танамиздаги барча аъзолар секин-секин кичрайиб бораверар экан… Қулоғимиз ҳам шундан мустасно эмас-ку!..

Шифокор беморни ҳузуридан чиқариб юбориб, соғлиқни сақлаш вазирлигига янги далолатнома ёза бошлади.

Далолатнома: Шуни маълум қиламизким, мамлакатимизда янги ирсий касаллик кашф этилди. Бунинг баёни ушбу эрур…

Рус тилидан

Маҳмуд БЎРОН

дурустроқ кулдириш синдроми билан таржима қилган.

Манба: od-press.uz

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar