Шеърлар

Ошиқ иймони

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Наҳотки ёнишим бермас натижа,

Кул бўлиб, пойингиз ўпар-ку хоким.

Ёдингиз кўйида ўтар ҳар кечам,

Ўтмишни ҳис этиб яшар идроким.

 

Висолсиз ой кўкни тарк этар охир,

Юлдузлар пойида эзилган булут.

Кўздаги ёшимга қўшилган ёмғир,

Кўнгилдан хотирни қилолмас унут.

 

Ҳақ экан, ёлғизлик ўлимдан оғир,

Дунё сиз томонда, мен қолдим якка.

Сезаман кулбамда ўзни мусофир,

Ҳеч нарса таътимас сизсиз юракка.

 

Умримни бағш айлай, қул қилинг мени,

Гарчи жон эгамдан менга насия.

Ишқингиз ўтида  кул қилинг мени,

Бир бора айтинг бас, севаман дея.

 

Ўн саккиз минг олам омонат, асли,

Дерлар руҳ ишқ билан яшар барҳаёт.

Боқийдир муҳаббат – синоат фасли,

Ва ҳижрон – армонга ёлланган сайёд.

 

Қўрқмайман  қиёмат бўлар онидан,

Розиман дўзахда ёқсалар таним.

Шаккокман – Сиз учун кечдим жонимдан,

Мен учун савобдир сизни севганим.

 

Хуршид НУРУЛЛАЕВ



Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Leave a Comment