Мақолалар

Самарқандликлар ва сайёҳлар ҳар куни ҳаётини хавф остига қўймоқда

Муаллиф Abduvali

Шаҳарни икки кун кезган киши Самарқандда пиёдалар эмас, кўпинча машиналар учун шароит яратилган эканда, деган тушунчага эга бўлади, деб ёзади “Самаркандский вестник”.

– Кечирасиз, пиёдалар йўлакчасида юриш ўрнига нега йўл ёқалаб кетяпсиз, – деб сўрайман Ўзбекистон кўчасидан бораётган қиздан. У эса кутилмаган бу саволимдан бироз каловланиб, сўнг шундай деди: “Йўл ёқасида қулайроқ, пиёдалар йўлакчасидан юриб бўлмайди”.

Дарҳақиқат, эътибор берилса, қадимий шаҳарнинг аксарият йўлакларини пиёда кезиб бўлмайди. Ҳар жойда зиналар, очиқ люклар, қурилиш материаллари ва чиқиндилар ҳаракатланишингизга ҳалақит беради. Кечаси ёки қишда бу йўллардан юришни хаёлга ҳам келтириб бўлмайди.

Бугун шаҳарда қурилаётган уйлар, офислар, умумий овқатланиш шохобчалари кўпайгани яхши албатта. Бироқ, шу каби объектлар ёки шахсий хонадонлар соҳибларининг жамоат ҳудудларини ўзбошимчалик билан бу тарзда ўзлаштириш киши таъбини хира қилади.

Масалан, Фирдавсий, Исаев, Бухорий, Кошғарий ёки Шоҳруҳ кўчасида яшаётган уйлар эгалари пиёдалар йўлакчаси устидан болахона қуришган, йўлни тўсиб машинасини қўйишган. Ундайларнинг «мушугини пишт», дейдиган мутасадди йўқ. Ваҳоланки, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунга кўра, айнан давлат идоралари вакиллари кўчалар, пиёдалар йўлакчаларини ободонлаштириши, назорат қилиши белгиланган. Баъзида мутасаддилар зиналар ёки пандус қуриш кераклиги ҳақида эслатиб туришади. Лекин улар давлат талабларига мос равишда қурилганми, йўқми, қайтиб текшириб кўришмайди.

Йўлаклардаги бундай ноқулайликларни аввало, кексалар, ногиронлар ва болали оналар ҳис қилишади.

– Пиёдалар йўлакчалари ва кўчалар қандай аҳволда эканини бир кўринг, – дейишди Беш чинор маҳалласи фуқаролари. – Тез кунда янги ўқув йили бошланади. Фарзандларимиз 29-мактабга қатнайди. Улар яна шу чанг, лой ва чуқурлардан юришадими? Кексалар дўконга чиқишга ҳам қўрқишади. Ушбу муаммо бўйиа мурожаат қилмаган идорамиз қолмади.

Бу кўчалар-ку, майли, шаҳарнинг тарихий ҳудудларидаги ҳолат бундан-да баттар.

– Кўчалар ва пиёдалар йўлакчаларининг сатҳини кўтариш тарихий биноларнинг ташқи кўринишига салбий таъсир кўрсатади, – дея муаммонинг яна бир томонига эътибор қаратади Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича давлат инспекцияси раҳбари Майсара Набераева. – Уларнинг эстетик кўриниши йўқолади, биноларнинг умрини қисқартиради.

– Ҳозир пиёдалар йўлакчаси ва кўчалар ҳолатининг инвентаризациясини олиб борувчи ишчи гуруҳ туздик, – дейди Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Бобур Алиев. – Инвентаризация тугагач, аввало қонунни бузганларни огоҳлантирамиз, самара бўлмаса, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва суд органлари орқали чора кўрамиз.

Айни кунларда шаҳарнинг бош планини ишлаб чиқиш учун таклифлар йиғилмоқда. Уни тузишда мана шу муаммолар ҳам эътиборга олинишини истардик.

“Самаркандский вестник”.



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment