Ҳикоялар

Пенcия пули (Ҳаётий ҳикоя)

Муаллиф Abduvali

Она кичик ўғил билан яшайди. Келини ҳам ўғлига ўхшаган ўқитувчи – иккиси эртаю кеч мактабда. Хайриятки, неваралар бор, зериктиришмайди. Лекин улар ҳам улғайиб қолишди, ўқишда – кўчадан бери келишмайди. Кундузлари кампир ҳовлида ёлғиз қолади. Тезроқ ой охирлашини кутади. Чунки учирма бўлиб кетган фарзандлари уни кўришга келишади.

– Нафақа олганингизни эшитиб келишади улар, – дейди кенжаси аччиқланиб. – Бир тийин берманг уларга. Ўзингизга ишлатинг.

– Мен нимамга ҳам ишлатаман, ўғлим, – она ўғлининг асабийлашганидан безовталанади. Муаллимликдан орттиргани – қон босимининг кўтарилишидан ўғли азоб чекишини истамайди.

– Давлатга ҳам беш кетмадим-да, – ўғил онасига ачиниб тикиларкан, унинг анчадан буён қўли қалтираш дардига йўлиққани диққатини тортади. – Фаррошлик энг оғир касб. Ўттиз йил мактабни тоза-озода тутгансиз. Тайинлаган нафақаси бир бозорликка етмайди.

Она жавоб бермайди, тўғриси, нима деб жавоб беришни билмайди. Келини, невараларига ўхшаб ўғли ҳам тезроқ кўчага чиқиб кетишини истайди. Гўё ҳозир фарзандларидан бири кириб келади-ю, кенжаси билан жанжаллашиб қоладигандек.

Хайрият, ўғли жойидан қўзғалди. Она ҳам ўрнидан турди. Ўғлини ишга кузатишга ўрганиб қолган.

– Кузатманг, ойи, бола эмасман-ку, – кенжаси эътироз билдириб, бир дам тўхтади. – Опам келса керак. Нафақангизни мен олганимни айтинг.

Кенжаси айтгандек, опаси эмас, тушга яқин унинг синглиси – қўшни қишлоққа тушган кичик қизи келди. Қўлида гўдаги, кўкракдан сут ичмаскан. Икки бор шишага овқатини тайёрлаб, боласини тинчлантирди. Барибир инжиқлигини қўймади. Зумрашанинг тунда уйқу бермаганидан нолиб, қизи кетишга чоғланди. Онасининг ҳеч нарса илинмагани ажаблантирди уни. Кузатишга чоғланган она кейинчалик қизини кўришга борганида атаганини бермоқчи эди. Лекин қизи боласи учун оладиган овқат жуда қиммат эканидан гап очганди, фикри ўзгарди, тайёрлаб қўйган пулини узатақолди. Қизи ҳар гал ийманарди, бу сафар гина қилгандек бўлиб, пулни олди.

Катта қизи эртаси куни келди. Келмоқчи эмас экан, укаси «Онамни кўришга эмас, нафақасини олишга борасизлар», деб гап қилибди. Аччиқлангани шундан экан. Укасини оқибатсизликда айблаб, анча кўзёш тўкди. Кейин кампир узатган пулни малол билан олиб, ўрнидан турди.

Тушга яқин онадан хабар олгани тўнғич ўғил келди. Тадбиркорлик оғирлашиб бораётганидан нолиди. Укасига ҳаваси келиши, давлат ўқитувчиларга катта маош тўлаши ҳақида гапирди. Онасининг нафақасига кўз олайтирганини танқид қилиб, укасини қурумсоқликда айблади. Машинаси ёқилғисига пул олиш ёдидан кўтарилганини айтиб, онасининг барча пулини қўлга киритаркан, кетишга шошилди…

Барча фарзандлари соғ-саломатлигидан хотиржам она хонаси эшигини очиб, салом бериб кирган ўспирин неварасига қаради.

– Буви, дадам ҳали ойлик олмабди. Бир кило гўштга пул бериб тураркансиз.

Пули йўқлигидан эмас, бир дам олдинги хотиржамлик ўрнига кўнглида уйғонган хавотирдан кампирнинг тилига гап келмади.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment