Кун нафаси

Президент солиқ хизмати фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид қарор имзолади

Муаллиф Abduvali

Ўзбекистон Республикаси президенти «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари ҳисобланади:

биринчидан, давлат солиқ хизмати органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатидаги янги имиджини яратиш орқали хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айлантириш, ҳар бир ходим томонидан “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариш;

иккинчидан, экстерриториаллик принципи асосида солиқ тўловчилар ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажариши, бизнесни қонуний, шаффоф ва қулай юритиш учун мақбул шарт-шароитлар яратиш, солиқ тўловчиларнинг қониқиш даражасининг ошишини таъминлаш;

учинчидан, солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг мутлақо янги тизимини яратиш, шунингдек, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик бўйича превентив ва олдини олиш чораларини қўллаш;

тўртинчидан, солиқ тўловларининг ўз вақтида ва бир хилдаги тушумини таъминлаш, маъмурий тартиб-таомилларни максимал даражада камайтириш ва соддалаштириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва иқтисодиётда хуфиёна айланмаларни қисқартириш ҳисобига бюджетларнинг даромад қисмини барқарор шакллантириш;

бешинчидан, текширувдан олдинги таҳлил ва масофавий назорат-таҳлил ишларини амалга ошириш учун маълумотларни тўлиқ йиғиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган замонавий, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чораларини янада кучайтириш;

олтинчидан, давлат солиқ хизмати органлари ходимларига корпоратив этикани сингдириш, давлат солиқ хизмати органларининг стратегик мақсад ва вазифаларига эришиш учун ўз хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш мотивацияси тизимини жорий этиш.

Белгиланишича, 2019 йил 1 январдан давлат солиқ хизмати органлари хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўловини, ягона ер солиғини, юридик шахслардан ер солиғини, шунингдек, банк айланмалари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, бошқа ташқи манбалар асосида декларация қилинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаш тарзида солиқ тўловчиларга сервис хизматлари кўрсатади ҳамда ҳисобланган солиқлар суммаси ҳақида солиқ тўловчининг “шахсий кабинети” орқали хабарнома юборади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банки ва Савдо-саноат палатаси бир ой муддатда хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш якунига кўра ташқи маълумотлар ва солиқ тўловчиларнинг декларациялари асосида давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисобланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар рўйхатини босқичма-босқич кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқлайди.

Белгилаб қўйилишича, 2018 йил 1 июлдан:

давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ўтказилган хронометраж натижаларига кўра охирги ҳисобот даври учун товар (иш, хизмат)лар реализациясидан камайтириб кўрсатилган тушумни ва ходимлар сонини қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда солиқларни ҳисоблашни амалга ошириш ҳақида талабнома юборади, камайтириб кўрсатиш такроран аниқланганда, ушбу ҳаракатлар солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида малакаланади;

учинчи шахслар томонидан солиқ тўловчи-жисмоний шахс учун тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг солиқ солинадиган даромади ҳисобланмайди;

давлат солиқ хизмати органлари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун асос бўладиган кўздан кечириш далолатномасини тузиш орқали солиқ тўловчиларнинг паспортлаштирилишини юритади.



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment