Қизиқарли

Номаълум учар жисмлар борми?

Муаллиф Abduvali

Кейинги пайтларда НУЖ – номаълум учувчи жисмнинг теварагида ғаройиб ҳолатлар бўляпти. Етакчи давлатларнинг ҳукуматлари бирин-кетин уфологик архивларидаги сирларини фош этишмоқда. Аввалига АҚШ 1947 йили Нью-Мехикода НУЖнинг фалокатга учраганлиги ҳақидаги маълумотларни эълон қилди.

ЯХШИСИ УНИ КЎРГАН ОДАМ ЧЕТРОҚҚА ЎТГАНИ АФЗАЛ ЭКАН.

Ўшанда гўёки уч нафар келгинди ҳам ҳалок бўлган эмиш. Ундан кейин эса, Буюк Британияда НУЖлар кузатилганлиги ва мулоқотлар олиб борилганига гувоҳлик берувчи сирли файлларга эркин кириш имконини яратиб берди.

Ҳукуматларнинг бундай фаолликларининг сабаблари нима? Бу ҳақда Россия географик жамиятининг уфологик комиссияси раиси Михаил Герштейн билан бўлган мулоқотда бир мунча аниқликлар киритилди.

***

– Биз нима билан шуғулланаяпмиз? Ёки учар ликопчалар ҳақидаги шов-шувларга қайтяпмизми?

-Ўйлашимча, анча пайтдан бери йиғилиб қолган ҳужжатларнинг сирларини очишнинг вақти келди. Бизда булар ҳақида жуда кўп архив ҳужжатлари бор бўлиб, албатта, буларни кўпчиликка етказишимиз керак. Боиси Рассияда ҳам НУЖларни қадимдан бошлаб кузатишган. «Осмондан тушган»лар ҳақидаги эслатмалар кўҳна қўлёзмаларда, ХVIII асрлардаги нашрларда, ХIХ ва ХХ асрларда чоп этилган газеталарда хабар қайд этилган. НУЖлар бизнинг давримизда ҳам осмонимизни тарк этган эмас. Брежнев раҳбарлик қилган даврда НУЖлар устидаги тадқиқотлар Фанлар Академияси ва Мудофаа вазирлигининг ҳамкорлик дастури асосида ташкил қилинган. Шуни алоҳида таъкидлайманки, давлат уфологик комиссиясининг фаолияти ҳукумат миқёсида қўллаб-қувватлаб келинган.

– Бунинг натижаси ҳақида нима дея оласиз? Америкаликларда ҳар ҳолда учта келгиндининг жасади бор экан. Бизда қандай далиллар бор?

– Америкаликларда ҳеч қандай келгиндининг жасади йўқ. Нью-Мехико яқинидаги Розуэлло ҳудудига СССРдаги ядро синовларини кузатиб борадиган ҳарбий-фазовий ускуна қулаб тушган. Гўёки келгиндиларнинг жасадлари ёриб кўрилганлиги ҳақидаги фильм ўша воқеадан анча кейин пайдо бўлганди. Унда ҳайвоннинг ичак – чавоқлари тиқиб солиб қўйилган манекен тасвирга туширилган эди. Бу фильмнинг мутлақо сохта эканлиги ҳақида унинг муаллифи кейинроқ иқрор бўлган. Унинг бундай шов-шув кўтаришдан мақсади эса, асосан, маблағ жамғариб, олиш бўлган экан. НУЖлар ҳалокатига оид бу ва бундан ташқари, яна ўнлаб маълумотларни уфология ҳодисалари қаторидан батамом чиқариб юбориш мумкин.

Ушбу мавзуга оид бир мисолни келтираман. Петрозаводскдаги катта шов-шувларга сабаб бўлган, аниқроғи, шаҳар аҳолиси 1977 йилнинг сентябрь ойида осмон узра ярақлаган улкан сирли оловни кузатишган эди. Бу ҳодиса текшириб кўрилганида, Ернинг сунъий йўлдошига фазовий кема учирилган бўлиб чиққан. Умуман, ростини айтсам, НУЖлар ҳақидаги 95 фоиз маълумотлар ғирт ёлғон эканлиги фош этилган. Кейинги пайтларда ҳар нималарни НУЖлар, деб ҳисоблашаяпти. Айтайлик, Санкт-Петербург яқинида самолётлар қўнадиган янги трасса ишга туширилди. Самолётлар «Пулково»га қўнадиган пайтда улкан олов каби ёруғлик пайдо бўлиб, бурилаётган пайтда бир зумда ғойиб бўлиб қолади. Ана шундай лаҳзаларга кўзи тушган одамлар ҳайратга тушишиб, «Ана НУЖлар!» дейишади.

– Сиз менинг ўзга сайёраликлар ҳақидаги охирги ишончимни ҳам йўққа чиқаряпсиз…

– Сира ташвиш чекманг, бизда бу борада жуда ишончли далилларга эга воқеалар етарлича бор. Мисол учун, шўро даврида фаолият олиб борган уфолог Феликс Зигель 1978 йилнинг 8 августида Эстония осмонида НУЖларни кузатган. Ғайриоддий ҳодисалар тадқиқотчиси Валентин Фоменко ўтган асрнинг 50-йилларида бир неча километр масофани эгаллаган улкан НУЖни кўрган. У бу ҳодисадан ҳайратга тушган ва ушбу ҳодисага гувоҳ бўлган одамлар билан суҳбатлашиб, бирма-бир сўраб-суриштирган, воқеанинг ҳақиқатда бўлганлигини тасдиқлаган. Ҳисоб-китоб қилиб кўрган Фоменко номаълум жисмнинг баландлиги ва узунлигини аниқлай олган.

– НУЖларга дуч келган одамларга бирор тавсия ишлаб чиқилганми? Дейлик, бирорта одам номаълум жисмни кўриб қолса, нима қилиши керак, яшириниши зарурми, ёки уларни қарши олиши керакми?

– Агар НУЖ жуда яқин бўлса, киши ўзини ҳудди катта итни кўриб қолгандек тутиши керак. Токи, ўша жисмнинг эътиборини ўзига тортмаслик, қўлни силтамаслик, умуман, унинг жаҳлини чиқармаслик керак. Яхшиси, имкони борича яқин атрофга яширинишга ҳаракат қилиш лозим. Ахир, бу жисмнинг эътиборини жалб қилиш қандай хотима билан тугаши маълум эмас. Шундай воқеалар бўлганки, номаълум жисм билан тўқнашган баъзи одамларнинг оёқ-қўллари ҳаракатсиз бўлиб қолган, айримларининг танаси куйиб кетган. Албатта, бундай ғайриоддий ҳодисага дуч келган одам бу воқеанинг қачон ва қаерда бўлганлигини эслаб қолишса фойдали бўларди.

– Келгиндилар ҳар доим ҳам одамларга нисбатан душманларча муносабатда бўлишадими?

– Мулоқотлар турлича бўлади. Яъни, НУЖлар номаълум равишда бизга таҳдид солган пайтлар ҳам бўлган. Шунинг учун бу борада таваккал қилиш тўғри келмайди. Келгиндиларнинг Еримизга келишининг асл сабаблари ҳақида фақат таҳмин қилишимиз мумкин, холос. Таҳминларимиз равшан бўлиши учун бу борада аниқ мақсадга эришмоғимиз керак. Уларнинг ўзларини тутишлари бизнинг куррамиз одатлари мантиғига сира мос келмайди. Қолаверса, номаълум жисмлар биз томонга нима мақсад билан учиб келишаётганини англаб етишимизнинг имкони ҳам умуман йўқ.

Дмитрий ПИСАРЕНКО,

«АиФ» дан Ф.МИРЗАОЛИМОВА таржимаси.



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment