Қизиқарли

Бахтли оила қуришнинг 6 қоидаси

Муаллиф Abduvali

Оила инсон учун энг муқаддас даргоҳ. Шунинг учун ҳам барча бирдек уни асрашга ҳаракат қилади. Лекин, арзимаган эътиборсизликлар туфайли кўпчиликнинг оиласи барбод бўлади. Қуйида сизнинг оилавий ҳаётингизни кўнгилдагидек бўлишга кўмак берувчи 6 та қоида баён этилган. Ушбу қоидалар психологларнинг кўп йиллик изланишлари, тадқиқотлари натижалари асосида ишлаб чиқилган.

1-қоида: Айб қидирманг.

Сиз ҳеч қачон турмуш ўртоғингизни айбини ахтарманг. Яъни, унга ишончсизлик билан муносабатда бўлманг ва рашк қилишда чегарадан чиқманг.

Одамлар билан ўзаро муносабатда меъёрни билинг. Сиз ўз севган инсонингизни қандай бўлса, борича қабул қилинг. Ана шунда муҳаббат боғида бутун умр қоласиз. Хуллас, ўз умр йўлдошингизни ўзгартиришга уринманг.

2-қоида: Танқид қилманг.

Оила аъзоларингиздан бири, айтайлик, кичик ўғлингиз сиз учун азиз бўлган буюмни синдириб қўйди. Ёки рафиқангиз ишхонангизга оид ҳужжатлардан бирини кераксиз қоғозларга қўшиб билмай, ёқиб юборганини айтди. Шундай пайтда сиз уларга қаттиққўллик қилманг, жазолашга шошилманг.

Балки тақдири азалда шундай бўлиши битилгандир. Қолаверса, уларга бақириш билан сиз бой берилган нарсангизни қайтариб ололмайсиз. Бундай вазиятда ўзингизни қўлга ола билинг. Бу билан сиз ўз яқинларингизга қанчалар мурувватли эканингизни исботлайсиз.

3-қоида: Аёл учун бу жуда муҳим.

Эркаклар ҳар куни ўз оиласида мазали таом ейишни хоҳлайди. Лекин, ҳар доим ҳам бунинг учун ўз рафиқасига миннатдорчилик изҳор қилавермайди. Бир ривоятда деҳқон аёл иш кунидан сўнг оиласидаги эркаклар дастурхонига бир боғ пичан қўяди. Эркаклар уни ақлдан озиб қолдимикан, деб ҳайрон бўлиб, ундан бунинг сабабини сўрайдилар. Аёл эса: «Мен сизларни бунга эътибор беришингизни қаердан билибман? Икки йилдан буён ҳам ишлайман, ҳам сизлар учун овқат тайёрлайман. Лекин, шунча вақт давомида пичан эмас, таом еганингизни менга бирор сўз билан англатмагансизлар-ку, – деган экан.

Хулоса шуки, бир-бирингизга ўзингизнинг миннатдорчилигингизни изҳор қилинг, меҳнатни қадрланг.

4-қоида: Эътиборли бўлинг.

Қадимдан гуллар севги рамзи ҳисобланади. Улар қиммат турмайди. Аммо, эркаклар ўз жуфти ҳалоли учун гулдастани камдан-кам олиб келишларини ҳисобга олиб, гўё улар жуда қимматбаҳо ёки уларни топиш шунчалик мураккабмикан, деб ўйлаш мумкин.

Аёллар турли саналар, туғилган кунлар ва бошқа маросимларга катта аҳамият берадилар.

Ҳар бир инсон камида ўз оиласига тегишли муҳим саналарни, рафиқасининг туғилган кунини ва турмуш қурган санасини ёдида сақлаши муҳимдир.

Ҳар куни эрталаб ишга жўнаши олдидан аёли эркак кишига яхши бориб келишини айтиб, омад тиласа, унинг кайфияти тоғдай кўтарилади ва бу кайфият унга кун мобайнида ҳамроҳ бўлади, ишларининг унумли бўлишини таъминлайди. Кўп ҳолларда оилавий жанжаллар асосида икир-чикирлар ётади.

Сиз бундай муаммоларга дуч келишни истамасангиз, бир-бирингизга эътибор ли бўлинг.

5-қоида: Мулозаматли бўлинг.

Кўпчилик аёллар учун оиласининг хотиржамлиги ва осойишталигидан ортиқ бахт йўқ. Шундай бўлсада, улар оилавий тинч-тотувликка эришиш учун астойдил тер тўкмайдилар. Сабаби, у сизни оиланинг устуни, деб билади. Сиздан ширин сўз, оила мустаҳкамлигини таъминлашга рағбат кутади. Сиз бу жиҳатларга эътибор бермасангиз, бу бора-бора оила қўрғонининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, сиз сертакаллуф ва мулозаматли бўлинг.

6-қоида: Оилавий муносабатларда уқувсиз бўлманг.

Бахтли оила қуришнинг муҳим жиҳатларидан бири-бу жинсий муносабат ҳисобланади. Бу муносабат кўнгилдагидек кечмас экан, қолган ишлар ҳам рисоладагидек бўлмайди.

Бунинг учун нима энг аввало сиз тартибли ҳаёт тарзини шакллантиришингиз, зарур бўлса, шифокор ва психологларга мурожаат қилиб, улардан зарур маслаҳатлар олишингиз зарур.

Юқорида келтирилган қоидалар бир неча бор синовдан ўтган. Унга амал қилишда чуқур фикрлашингиз, ўзингизга хос хусусиятларни ҳам ҳисобга олишингиз муҳимдир. Ушбу қоидалар сизнинг оилавий муносабатларингизни ривожлантиришга озгина бўлса-да ёрдам беришига ишонамиз.

Тайёрловчи: Элмурод АБДУЛЛАЕВ



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment