Мақолалар

У бўлган-бу бўлган, тайёр кутубхона йўқ бўлган…

Муаллиф Abduvali
Республика ишчи гуруҳи ўрганишлар чоғида “Кўкмозор” маҳалла фуқаролар йиғини Зебо Холиқова кўчаси 39-уйда жойлашган Наманган вилояти Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси Норин педагогика коллежи Ахборот ресурс марказига қарашли 2-сонли филиал биносининг қаровсиз ва ташландиқ ҳолда ётганига гувоҳ бўлди.
Собиқ дала шийпони ўрнида ташкил этилган кутубхона 2006-2013 йилларда Норин тумани ахборот ресурс маркази ихтиёрига бўлган. Аввалига битта мудир ва бир нафар ёрдамчи ишлаган. 6528 дона китоб фонди ҳам бўлган. Аммо улардан ҳозир асар ҳам йўқ.
“Кўкмозор” маҳалласи хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Марямхон Исманованинг айтишича, кутубхона 3-4 йилдан буён умуман ишламайди. Эшиклар ҳам мих билан қотириб ташланган. Ваҳоланки, 16 минг фуқаро яшайдиган атрофдаги 6 та (“Кўкмозор”, “Қўрғонча”, “Шоҳидон”, “Кемабоши”, “Марғизор”, “Тошқин”) маҳаллада бирорта ҳам маърифат ўчоғи йўқ.
IMG_20180625_105801.jpg
Дераза ойлари синган бино эшигининг михларини кўчириб, икки хонали собиқ кутубхона ичига кирганимизда полда қоғозлар уюм-уюм бўлиб ётганига, деворлари моғорлаб, шиплари кўчиб тушганига, ромлар ва девор бурчакларини пўрпаналар босиб ётганига гувоҳ бўлдик. Бир пайтлар мўъжаз ва жозибали маънавият ўчоғининг бугун бундай нохуш аҳволда ётгани инсон қалбига оғриқли таъсир кўрсатади.
Кутубхонага ёндош 38-уйда яшовчи Икром Каримовнинг айтишича, илгари бу кутубхонадан болажонлар ва аҳоли бирдек фойдаланар, ҳамма ўзига мос адабиётни олиб, ўқир ва дунёқараши ҳам ўзгарар эди. Бир неча йилдирки, у ташландиқ бўлиб қолган. 2-3 ой муқаддам барча китобларни бир машинага солиб, номаълум томонга олиб кетишган. Маҳалла ёшлари эса ҳозир қаердан китоб олиб ўқишни билмайди. Бунинг учун туман марказидаги Ҳақлиобод шаҳарчасига яъни 13 километр олисга бориб қайтишларига тўғри келади.
IMG_20180625_104741.jpg
Норин тумани педагогика коллежи директори Саиджон Жўраев эса лавозимга келганига 1 йилдан ошса-да, бироқ кутубхона филиалига бирор маротаба бормаганини айтди. У ҳатто ушбу кутубхона филиалидан фойдаланиш ишлари туман халқ таълими бўлимига тегишли, деб ҳисоблаб келар экан.
Коллежнинг Ахборот ресурс маркази раҳбари Муқаддас Ёдгорованинг ойдинлик киритишича, 2006 йилда филиаллар унинг балансига ўтганида жами 18 та кутубхоначи ишлаган. Ҳар йили штатларни оптималлаштириш жараёнида улар сони қисқариб бораверган. Ҳозирда АРМида 4 та ходим ишламоқда. Оқибатда штат қисқаргач, кутубхона ҳам қаровсиз қолган. Китоблари эса туманда янги ташкил қилинган кутубхоналарга бериб юборилган. Эгаси бўлмаган гўшанинг аҳволи қандай бўлиши сир эмас. Ҳозир ушбу коллеж кутубхонасида ҳам кўп эмас, жами 7281 та китоб бор. Уларнинг олти юздан ортиғи бадиий китоблардир.
68b4a77f-83fc-4464-9864-ad51fd4f20f6.jpg
Аниқланишича, коллежда ўқувчилар сони эса 742 нафар. Битта ўқувчига битта ҳам бадиий китоб тўғри келмаяпти-ку. 2012-2015 йилгача жами 312 та бадиий китоблар дарсликлар билан бепул келтирилган. 2018 йил ва 2016 йилларда коллеж бирорта китоб олинмаган. 2017 йилда 13 та бадиий адабиётлар қабул қилинган.
Норин тумани халқ таълими бўлими кутубхоналар бўйича методисти Жаннатхон Ҳакимованинг айтишича, Ёшлар Иттифоқи билан ҳамкорликда шу йил апрель ойида туман фермерлари ташаббуси билан Норин туман марказида (2744 дона), “Қозоқовул” (2300 дона) ва “Тошлоқ” маҳалласида (3300 дона), “Тўда” маҳалласида (1700 дона) жами 4 та янги аҳоли китобхоналари очилган. Коллеж филиалларидаги 40 минг китобнинг чириб, сарғайиб, бир-бирига ёпишиб кетган, яроқсиз ҳолатга келиб қолганлари далолатнома қилиниб, ташлаб юборганмиз. Ахир, улар бекор ётмасдан аҳолига хизмат қилиши керак-ку.
Норин тумани ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри филиали мутахассиси Ботир Холмирзаев эса бино узоқ йиллардан буён ҳеч кимнинг балансида эмаслигини айтди. Норин тумани ҳокими Дилмурод Қодиров ҳам ҳудди ишчи гуруҳи келишини кутиб ўтиргандек, 2018 йил 19 июндаги 817-сонли қарори билан бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинлари фойдаланиб келган мавжуд биноларни маъмурий бино сифатида балансига ўтказиб беради. Энди ушбу қарор асосида кутубхонанинг кадастр ҳужжатлари “Марғизор” МФЙ биносининг бир қисми ҳисобланганлиги боис унга ўтказилмоқда. Ишчи гуруҳи маҳалладан тадбиркор топиб, бу ерда китоб дўкони ёки кутубхона ташкил қилишга тавсия берди.
Хуллас, у бўлган-бу бўлган, тайёр кутубхона йўқ қилинган. Биз бугун коллеж ўқувчилари бузилиб кетаяпти, мактабда таҳсил олаётган болаларнинг маънавияти саёз, деган гапларга кўп такрорлашга ўрганиб қолдик. Бироқ, уларни лоақал битта бадиий китоб билан таъминлаб бера олмасак, китобхонлик ва мутолаа маданиятини шакллантирмасак, ёш авлоднинг маънавий таназзули борасида ҳар қанча оҳ-воҳлару, ёзғиришлар бесамар ҳавога кетади. Бир пайтлар молия вазирлигининг валломатлари ўйлаб топган ва бюджет пулини “оптимизация” қилиш эвазига тежашдек номақбул амалиёт охир-оқибат маънавий тақчилликни юзага келтираётганига шоҳид бўлиб турибмиз. Балки, яна туман маданият бўлимлари ҳузуридаги кутубхоналарни қайта тиклаш, уларни адабиётлар билан мунтазам таъминлаб туриш мақсадга мувофиқдир. Токи, маънавиятдаги кичик жарликлик ҳам ижтимоий ҳаётга ҳалокатли таъсир кўрсатиши муқаррар.
 
Лазиз Раҳматов, журналист
Манба: ЎзА


Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment