Мақолалар

Оила фожиаси: Аёлидан пул оладиган эр ва барча нарсани муҳайё қилиб фарзандидан меҳр кутаётган ота…

Муаллиф Abduvali

…Анча йиллар муқаддам бир таниш савдогар аёл билан суҳбатлашгандим.

– Авваллари эримга пулни қанча сўраса, санамай бераверардим. Ҳозир қачон, қанча олди, ҳаммасини дафтарга ёзиб қўяман, – деганди у қўлларини белига тираб, мамнун оҳангда.

– Ўғлим ҳам отасининг гапларига терс жавоб қилиб: «Менга пул керак бўлса доим онам беради, сиз нега пул топишни билмайсиз?!» – дейди…

…Ўша, аёлидан доим пул олиб юрадиган ношуд эркакни ўйлаб, ундан-да бахтсиз, ҳақоратланган инсон бўлмаса керак, дейман…

Умуман, қарз деб берилаётган пулларни у қайтара оладими? Аслида, оилада ана шундай муносабат ҳукм суриши тўғримикин? Бу воқеани эслашимдан мақсад, газеталардан бирида «Ўғилларимга инсоф кирармикин?» номли мақолани ўқиб қолдим. Умр бўйи савдогарлик билан мол, дунё тўплаган ота бугун оиласи, ўғиллари меҳрига муҳтож экан. Меҳрга зор ота фожеаси ҳар қандай кишини ўйлантиради. Ва ушбу фожеа юқоридаги, хотинидан қарз оладиган эркак хонадонида ҳам юз бермаслигига ким кафолат бера олади? Негаки, пул, давлатдан бошқа нарсани кўра олмайдиган, кўнгил кўзи кўр, калтабин, маънавиятсиз аёллар ҳукмрон бўлган хонадонларда бу каби фожеалар содир этилиши, шубҳасиз.

Ўз ўғилларига инсоф киришини кутиб яшаётган ота омадсиз инсондир. Бу ҳолатга тушишининг асосий сабабчиси энг аввало, унинг ўзидир. Негаки, бир умр бозорда савдогарлик қилиб, мол-дунё топган. Оиласини бут қилиб, фарзандларига шохона ҳаёт яратиб берган. Лекин бирор марта бўлсин, фарзандлари нималар билан маш-ғул бўляпти, китоб ўқишадими, қизиқиб кўрмаган. Ёки, фарзандларининг келажак орзулари ҳақида сўрамаган. Ёхуд аёли болаларини қандай тарбиялаётганига эътибор қилмаган. Афсуски, бу масалалар ҳақида ўз вақтида ана шу одам умуман, ўйламаган.

У каби инсонларга шундай дегим келади: балки, вақтингиз бўлмагандир. Аммо хоҳиш бўлганида вақт топрдингиз. Бунинг ўрнига «Ахир, яхши едириб, олди кийимларни кийдиряпман, оталик бурчимни бажаряпман-ку» дея ўзингизга таскин бериб юравергансиз. Ва сизнинг фожеангиз ҳам ана шундан бошланган.

Доимий равишда савдогарлик билан машғул бўлганлигингизни тушунаман. Аммо қандай бўлса ҳам вақт ва имконият топиб, аҳли аёлингизга, фарзандларингизга нисбатан талабчан бўлиб, уларнинг руҳияти, тар-бияси билан қизиққанингизда эди, ҳозирдагидек ҳолатга тушмаган бўлардингиз. Энди сизга ҳадеб таъна тошларини отиш ҳам ноўрин. Чунки, ғишт қолипдан кўчиб бўлган.

Ҳамма нарсанинг ўз мавриди, чегараси бўлади. Шу боис ҳам ўз вақтида оилани мустаҳкамлашга, фарзанд тарбиясига эътибор бериш лозим. Яқинларимизга меҳр-муҳаббат улашайлик, оқибат ришталарини узилмас қилиб боғлайлик. Ушбу жиҳатларга ўз вақтида эътибор қаратмасак, афсус ва пушаймонда қоламиз. Унда эса кеч бўлади.

Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай киши энг аввало, оиласидаги соғлом муҳитни, фарзандларининг рисоладагидек тарбиясини таъминлаши лозим. Бундан нафақат ўша оила, балки, жамият ҳам манфаат топади.

Раҳима АБДУРАҲМОНОВА



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment