Мақолалар

Урганчдаги томоша: Абитуриентлар учун тиббий кўрикнинг нархи қанча?

Муаллиф Abduvali

Айни кунларда мамлакатимиздаги барча олий таълим даргоҳларида абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш жараёни қизғин давом этмоқда.Амалдаги тартибга кўра ўқишга киришни хоҳловчилар қабул комиссиясига бошқа тегишли ҳужжатлар билан бирга 086-У шаклдаги тиббий маълумотномани ҳам тақдим этишлари керак. Шу боис шаҳар ва туманлардаги марказий поликлиникалар тиббий кўрикдан ўтиш мақсадида келган абитуриентлар билан гавжум. Хўш, уларнинг тиббий кўрикдан ўтиши бепул амалга ошириладими ёки пуллик?

Мазкур жараён Урганч шаҳрида қандай кечаётгани билан қизиқдик. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 696-сонли қарори асосида Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан даволаш профилактика муассасалари раҳбарларига 2018 йил 18 июнда №1/41 –сонли кўрсатма хат тайёрланган.

Унда таъкидланишича абитуриентлар 086-У шаклдаги тиббий маълумотнома олиш учун ўзлари доимий яшайдиган ҳудуддаги оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларидан бериладиган йўлланмалар асосида марказий поликлиникаларда бепул тиббий кўрикдан ўтишлари мумкин.

Йўлланма олмаган бўлса, тиббий кўрик пуллик асосда амалга оширилиши кўрсатилган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддиларининг билдиришича, йўлланма шу масалада мурожаат қилган ҳар бир абитуриентга берилади.

Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ушбу кўрсатма хати ижроси билан танишиш мақсадида Урганч шаҳридаги 3-сон оилавий поликлиникага бордик. Поликлиника бош шифокори мазкур муассаса томонидан абитуриентларга ҳеч қандай йўлланма берилмаслиги,тиббий кўрик шаҳар марказий поликлиникасида пуллик асосда амалга оширилишини таъкидлади.

Масалага аниқлик киритиш мақсадида Урганч шаҳар марказий поликлиникаси мутасаддиларига қўнғироқ қилдик. Анча баҳслашувларимиздан кейин оилавий поликлиника бош шифокори қабулхонасига факс орқали юқоридаги кўрсатма хат нусхаси етиб келди. Ва ниҳоят йўлланмани қўлга киритгач, мақоламиз қаҳрамони бўлган абитуриент билан Урганч шаҳар марказий поликлиникасига келдик.

Марказий поликлиниканинг рўйхатхона қисми ҳамшираси 086-У шаклдаги тиббий маълумотнома олиш касб-ҳунар коллежларини 2017-2018 ўқув йилида тамомлаганлар учун бепул, ундан олдинги ўқув йилларида битказганлар эса муассаса кассасига 53 минг сўм тўлашлари лозимлигини билдирди. Абитуриентимиз касб-ҳунар коллежини олдинги йил тугатгани, оилавий поликлиника йўлланмаси бўйича келганини айтгач, ҳамширалар бепул тиббий кўрикдан ўтиш бўйича бундай тартиб йўқлигини айтиб елка қисишди. Марказий поликлиника раҳбарлари билан мулоқотимиздан кейингина қаҳрамонимизни бепул тиббий кўрикдан ўтиши учун рухсат беришди.

Касб-ҳунар коллежини тамомлаганига бир йилдан кўп вақт бўлган абитуриентлар қайси асосга кўра тиббий кўрикдан пуллик тарзда ўтказилаётгани билан қизиқдик. Муассаса мутасаддиларининг таъкидлашича, бу борада ҳеч қандай ёзма кўрсатма йўқ ва мазкур жараён тизим раҳбарларининг оғзаки топшириғи асосида амалга ошириб келинган. Қизиқ, тиббиёт муассасасида тиббий хизматларнинг қайси турлари пуллик, қайсилари бепул амалга оширилиши тегишли ҳуқуқий–меъёрий ҳужжатларда белгилаб қўйилмайди-ми?

Икки кунлик саъй-ҳаракатларимиз натижаси ўлароқ абитуриентларнинг 086-У шаклдаги тиббий маълумотномани яшаш жойидаги оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пункти йўлланмаси асосида бепул олиши мумкинлиги ҳақидаги эълон муассаса рўйхатхонаси пештоқига илиб қўйилди.

Ўтган йил тест синовларида қатнашиш учун Хоразм вилоятидаги олий ўқув юртларига 26 минг 30 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бу йил олий таълим даргоҳларига ўқишга кириш учун ҳужжат топширувчилар сони 30 минг атрофида бўлиши кутилмоқда. Тиббий кўрик учун касб-ҳунар коллежларини олдинги ўқув йилларида тамомлаган ҳар бир абитуриентдан 53 минг сўмдан ҳисобланса, қанча маблағ бўлишини чамалаб кўраверинг.

Муқаддас динимизда хайр-саховатнинг энг афзали илм толибига қилинганидир, деб бежиз айтилмаган. Тўғри, муаммони ўрганишимиз муассаса ғазнасига тушадиган катта миқдордаги пул маблағларининг йўлига ғов бўлади, аммо чуқурроқ мушоҳада қилиб кўрсак, шундоқ ҳам йўлкира, овқатланиш, репетитор харажатлари, қолаверса, ўқиш учун шартнома пулини тўлашга маблағ топа олмай қийналаётган бўлғуси талабанинг чўнтагига тиббий кўрик сабаб яна қўл солиш инсофдан бўлармикин?

Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи” мухбири.



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment