Мақолалар

Репетиторсиз талаба бўлолмайсизми?

Муаллиф Abduvali

Кейинги ўн йилликларда таълим жараёнига репетитор атамаси кириб келди. “Репетитор” (лотинча “repetitor” — “такрорловчи одам”) уйда ёки масофадан туриб якка шахс ёки гуруҳга дарс берувчи ўқитувчидир. Репетитор деганда абитуриентларни олий ўқув юртига тайёрловчи мутахассис кўз олдимизга келади. Вақт ўтиши билан бундай ўқитиш усули таълимнинг қуйи, ўрта, юқори босқичларида ҳам намоён бўлмоқда.

“Почемучка” ёки боғча

Бугун ҳатто болаларни мактабга тайёрлов босқичида ҳам шунга ўхшаш таълим-тарбия хизматларини таклиф этувчилар, ўз навбатида, бундай хизматлардан фойдаланувчилар кўпаймоқда. Ўзаро сўзлашувда “почемучка” деб аталаётган ўқув курс¬лари бунга ёрқин мисолдир. Кўпчилик ота-оналар фарзандини ҳам МТМга, ҳам “почемучка”га беради. Пойтахтлик Хуршида Ниёзова шундай оналардан.

— Қизим Моҳинурни шанба, якшанба кунлари нодавлат мактабгача таълим муассасасига берганман, — дейди Хуршида Ниёзова. — МТМга борган болада жамоавий шароитга кўникувчанлик, мустақил ҳаракатланиш, киришимлилик хусусиятлари шаклланади. Аммо машғулотлар “почемучка”дагидек қизиқарли ва ранг-баранг ўтилмайди. “Почемучка”да ҳар бир машғулот ярим соатдан белгиланган. Яъни, болалар ярим соат тасвирий санъат, ярим соат инглиз тили билан шуғулланади. Бу машғулотлар бир-бирини тўлдириб, интеграциялашган ҳолда олиб борилади. Ўйинлар, турли совғалар билан рағбатлантириш болаларнинг қизиқишини оширади. Шу боис фарзандим шанба, якшанбани интиқиб кутади. Агар боғчада ҳам машғулотлар шу тарзда ташкил этилса, қўшимча машғулотга эҳтиёж қолмасди…

Моҳинур пойтахтимиздаги 7-МТМ тарбияланувчиси. Дам олиш кунлари нодавлат таълим муассасасида мусиқа, ҳуснихат, инглиз тили, шахмат, тасвирий санъат, математикадан сабоқ олади. Бунинг учун ота-онаси ойига 140 минг сўм тўлайди.

Авваллари 1-синфга қабул қилинган болалар алифбодаги ҳарфларни деярли танимасди. Ўқув йилининг иккинчи чорагида “Алифбе байрами” ўтказилиб, ўқувчиларнинг бу китобни ўзлаштиргани катта тантана қилинарди. Бугун эса 1-синфга чиққан бола аллақачон ҳарф¬ларни танийди, ҳатто ёзиш, ўқишни билади. Ўзи, мактабга қадам қўйган бола қандай билимга эга бўлиши лозим?

— Таълим замон ва илм-фан ривожланиши асосида ўз олдига талаблар қўяди, — дейди Яшнобод туманидаги 69-мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси Мамлакат Йўлдошева. — Шу боис бугун болани мактабга тайёрлаш жараёни бундан ўн йиллар олдинги ҳолатдан фарқланади. Ҳозир 1-синфга қадам қўяётган бола ҳарфларни таниши, ёза олиши, қисқа сўзларни ўқиши, йигирмагача бўлган рақамларни ёзиб, ҳисоблай олиши лозим. Муайян мантиқий саволларга ечим топишга қодир бўлиши керак. Аслида ҳам болани 7 ёшгача шу талаблар даражасида ўқитиш мақсадга мувофиқ. Шунга кўра, МТМнинг тайёрлов гуруҳида машғулотларни аниқ режа ва дастур асосида олиб бориш белгилаб қўйилган. Афсуски, боғчадан келаётган ҳамма бола ҳам ана шу талабга жавоб бермаяпти. Яқинда мактабимиз бошланғич таълим ўқитувчилари билан ҳудудимиздаги МТМ машғулотларини кузатиб, амалий ва назарий таҳлил қилдик. Маълум бўлишича, МТМда дарс сифатига жиддий эътибор қаратилмайди: машғулот пайти хонага бошқа ходимлар кириб, тарбиячини суҳбатга тортади, болаларнинг диққатини бўлади.

Тарбиячиларнинг аксарияти “Режадаги мавзуларни ўтсам бўлди, материалларни болаларнинг ҳаммаси бир хил қабул қилмаслиги табиий, бу ёшда ёзиш ва ўқишдан чарчаб қолади”, деб “баҳона” қилади.

Ваҳоланки, МТМга қамраб олинмаган ўғил-қизлар учун мактабда ташкил этилаётган қисқа муддатли гуруҳлар ва нодавлат таълим муассасаларида бола ўқиш, ёзишни бемалол ўрганяпти.

Пойтахтимиздаги “Happy trails” нодавлат таълим муассасасининг мактабга тайёрлов гуруҳида 60 дан зиёд 5–7 ёшли бола ўқитилади. 5 ёшли болаларга нутқ ўстириш, ҳарфларни танитиш, ўқиш, расмга қараб ҳикоя тузиш, рус, инглиз тили (сўзлашув тарзида), тасвирий санъат, мусиқа, қўл моторикаси машғулотлари ўтилади. 6 ёшдан ҳуснихат, математика дарслари ҳам ўқитилади.

— Муассасамизда дарслар боғчага бормайдиган болалар учун кунора, боғча болалари учун шанба, якшанба кунлари олиб борилади, — дейди муассаса раҳбари Шаҳноза Назарова. — Гуруҳда болалар 10 нафардан ошмайди. Бу машғулот сифатини таъминлайди. Интерфаол машғулотда мактаб шароитига кўникувчанлик, партада ўтириш тартиби, дарсда иштирок этиш маданияти шакллантирилади. Нутқ ўстириш машғулотларида қўғирчоқлар ёрдамида кичик спектакл¬лар қўйилади, ўйин ўйналади, одоб қоидалари ўргатилади. Машғулотда ота-оналар ҳам иштирок этиши мумкин. Байрам тадбирларини имкон борича табиат қўйнида уюштирамиз. Машғулотдан сўнг ота-оналарга боласининг кунлик натижалари ҳақида маълумот берилади. 5-6 ёшли бола қатъий тартибдаги машғулотда толиқиб қолади деган фикр асоссиз. Аксинча, болада энергия кўп бўлади. Аксарият тарбиячилар кучини қаерга сарфлашни билмаётган боланинг ҳаракатини нотўғри баҳолаб, унга танбеҳ беради. Маҳоратли тарбиячи шу куч-қувватни таълимга йўналтира олади. Биз фаолиятимизни шу тартибда ташкил этишга интиляпмиз.

Мактаб дастури етарли эмас…

Кузатувлар натижасида аниқладикки, нафақат умумтаълим мактаби, ҳатто ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ҳам репетиторлик курсларига эҳтиёж сезади. Бу билимлар беллашуви ёки фан олимпиадасида яққол намоён бўлмоқда. Ғолибларнинг аксарияти ўша фандан қўшимча курсларга борган. Бунга ҳаётда мисоллар жуда кўп.

— Мен худди акамдек халқаро университетда таҳсил олишни истайман, — дейди Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги аниқ фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Сабина Жўрақулова. — Мактаб ўқув режаси эса халқаро талабга жавоб бермайди. Шунинг учун “COMPUS” нодавлат таълим муассасасида мантиқ, математика ва инглиз тили бўйича қўшимча таълим оляпман.

Университет ва институтлар қошида ташкил этилган академик лицейлар ўқувчини бевосита ана шу олий ўқув юртига тайёрлаши белгиланган. Аммо академик лицей ўқувчиси ҳам қўшимча сабоқ олишга мажбур бўляпти. Талабалар ўртасида ўтказган сўровномамизда академик лицейни тамомлаган, аммо олий ўқув юртига кириш учун камида 2-3 йил репетиторга қатнаган ёшлар кўплиги маълум бўлди.

Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ва академик лицейларда муайян фанлар чуқурлаштириб ўқитилса-да, нима учун ўқувчилар яна репетиторга эҳтиёж сезмоқда?

Ўқувчи касбга йўналтирилмаяпти

Олий ўқув юрти талабалари ўртасида сўровнома ўтказганимизда 66 талабадан 63 нафари (95 фоизи) ўқув курслари ва якка тартибдаги репетиторда таҳсил олганини билдирган. 24 нафари (36 фоизи) репетиторликка эҳтиёжнинг ортиб бораётганига мактаб, коллеж ва лицейлардаги таълим сифати талабга жавоб бермаслигини, 42 нафари (64 фоизи) эса олий ўқув юртига кириш имтиҳонларидаги тестлар мураккаблигини сабаб қилиб кўрсатган.

Репетиторга қатновчилар йилдан-йилга “яшараётгани” жамоатчилик орасида мактаб таълимига ишончсизлик ва олий ўқув юртига киришнинг мураккаблигидан ҳадиксираш кучайиб бораётганини кўрсатади.

— Бу ҳолат мактаб ва академик лицейдаги таълим сифати талабга жавоб бермаётганидан далолатдир, — дейди “Тестолог-сервис” нодавлат таълим муассасаси раҳбари Абдушукур Олимов. — Ўқув марказимизга келган ҳар бир болани имтиҳондан ўтказиб, билимини синаб кўрамиз.

Афсуски, академик лицейнинг учинчи курсини тамомлаётган айрим ўқувчилар карра жадвалини билмайди. Аммо у молия ёки иқтисод йўналишидаги олий ўқув юртига киришни истайди. Болада шундай мақсад бор экан, нега маълум фанлардан етарли билим ололмади? Албатта, бу масала билан ота-она, ўқитувчилар, мактаб амалиётчи психологи шуғулланиши лозим эди.

Замон ҳар бир шахсдан яхши ва кучли мутахассис бўлиш учун ихтисослашишни талаб этмоқда. Шу боис ўқувчи мактабданоқ муайян йўналишга ихтисослаштирилган таълим олиши керак. Ҳар йили 400–500 минг ўқувчи мактабни битирар экан, уларнинг аксарияти иқтидори тўғри йўналтирилмагани оқибатида билим ва лаёқати етмайдиган олий ўқув юртига ҳужжат топширади. Айрим ота-оналар фарзандини касбга йўналтиришда уларнинг қизиқишини инобатга олмайди. Натижада малакасиз кадрлар кўпаяди.

— Бир неча йил мактабда ўқитувчи бўлиб ишладим. Аммо кўп муаммолар (улар айнан ўқитувчининг сифатли дарс беришига тўсқинлик қиларди) у ердан кетишимга сабаб бўлди, — дейди пойтахтимиздаги нодавлат таълим муассасаси раҳбари Дилдора Нурматова (исм-фамилияси шартли равишда ўзгартирилди). — Аввало, мактаб раҳбарлари педагогни билим ва малакасига қараб танламаслигидан оғринардим. Мисол учун, биолог бўлсам-да, менга кимё фанидан дарс соати ажратилди. Биологиядан эса кимё мутахассиси дарс ўтарди. Директор эътирозимни инобатга олмади. Тадбирбозлик, ҳужжатбозлик каби ишлар ҳам иштиёқимни сўндирди. Бир синфда 40 дан зиёд ўқувчи бўлгани учун ҳар бири билан якка тартибда ишлашнинг имкони бўлмайди. Шундан сўнг репетиторлик фаолиятимни бошладим. Репетиторга келувчи болада мақсад шаклланган бўлади, кўзи ёниб туради. Билимларни тўлиқ эгаллашни чин кўнгилдан хоҳлайди. Аммо уларнинг билимини синовдан ўтказганимизда аксарияти ҳатто фундаментал билимларни ўзлаштирмагани ойдинлашади. 45 дақиқада ўқитувчи 40 дан зиёд ўқувчи, 40 хил шахс билан қандай қилиб дарс ўтади ва яхши натижага эришади?! Ўша 40 нафар ўқувчи орасида камида 2 нафари тарбияси оғир бола бўлиши мумкин. Бу ҳам синфнинг умумий даражасига, дарс жараёнига, самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Ўқув марказимизда бунга йўл қўйилмайди. Гуруҳга 16 нафардан ортиқ ўқувчи қабул қилинмайди. Шунда ҳам мавзуни тўлиқ тушунтириш, мустаҳкамловчи тестларни қўллашга вақт етмайди. Хусусий ўқув маркази ўқитувчилари тадбир ва семинар ўтказмайди, ҳужжат тўлдирмайди. Асосий вазифаси ўқувчиларга чуқур билим беришдан иборат. Бунда ўзаро рақобат ҳам нодавлат таълим муассасаларини энг малакали кадрни ишга олишга ундайди, педагогдан аниқ натижа талаб қилинади.

Таҳририятга келган хат

Таҳририятимизга Ангрен шаҳридаги 27-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Отабек Бакировдан мактуб келди:

“Сўнгги йилларда чет тилини ўқитиш бўйича бир қанча янгиликлар татбиқ этилди. Бошланғич синф ўқувчилари учун янги дарслик ва ўқув дас¬тури, медиамаҳсулотлар ишлаб чиқилди. Бу кичик ёшдаги ўқувчиларнинг тилни осон ўзлаштиришига ёрдам бермоқда. Аммо юқори синф ўқувчилари чет тилини ўзлаштиришда қийналяпти. Шунинг учун ўқув марказларига мурожаат қилаётганлар кўпайиб боряпти. Мен ҳам инглиз тилини ўрганиш мақсадида шаҳримиздаги ўқув марказига бордим. Аммо бўш жой йўқлиги учун қабул қилинмадим. Суриштирсам, ўқувчиларнинг кўпи абитуриентлар экан. Бундан мактабларда чет тили фани рисоладагидек ўқитилмаяпти деган хулосага келиш мумкин. Репетиторлик дарслари бир ойда ўртача 80 мингдан 150 минг сўмгача нархланмоқда. Бир йил қатнаган ўқувчи 960 мингдан 1 миллион 80 минг сўмгача сарф¬лайди. Бу маблағни ҳамма ота-она ҳам тўлай олмайди. Қолаверса, қўшимча дарслар жисмоний жиҳатдан ўқувчига оғирлик қилади.

Бир неча хусусий ўқув марказлари машғулотларида иштирок этдим. Машғулот давомида хорижда чиқарилган ўқув қўлланмалари, аудио ва видео маҳсулотлардан фойдаланилди. Грамматик маълумотлар, сўзлашув қоидалари, мустақил бажариш учун машқлар, жамоавий шуғулланиш учун топшириқлар берилди. Синфимизда 4 та тилда эркин сўзлаша оладиган дўстимиз бор. У 5-синфдан репетиторлик курсига қатнайди. Бошқалардан яққол ажралиб туради.

“Fly High” дарслиги ўқувчилар учун зерикарли. Биз амалдаги мактаб дарс¬ликлари самаралими ёки репетиторлик курсларида фойдаланилаётган ўқув қўлланмаларими, деган саволга жавоб излаб мактабимиздаги инглиз тили фан тўгарагида “New Headway” қўлланмасидан фойдаланиб кўрдик. Натижада дарс жараёнида тўгарак аъзоларининг фаоллиги сезиларли даражада ошди. Мактаб дарсликлари замонавий руҳда қайта тузиб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўларди”.

Фикримизча, мактубга ҳеч қандай изоҳ шарт эмас.

Фан тўгараги нима билан машғул?

Аслида, умумий ўрта таълим тизимида бошланғич синфдан ўқувчининг иқтидори, лаёқати ўрганилиб, синф раҳбари, мактаб психологи, ота-она ҳамкорлигида касбга йўналтирилиши кўзда тутилади. Дарсда ўқитувчи ҳар бир ўқувчига умумий даражада сабоқ беради. Фан тўгараклари эса дарсдан сўнг ўқувчиларнинг фанлар кесимида алоҳида шуғулланиши учун майдон вазифасини бажариши даркор. Айтайлик, математика фан тўгарагида ўқувчининг билим даражасига мувофиқ топшириқлар мураккаблаштириб борилади. Фанлар чуқурлаштириб ўқитилса, ўқувчи мактабни битиргунга қадар олий ўқув юртига кириш учун етарли билимга эга бўлади.

Барча мактабларда тўгарак жадвали кўринарли жойга илиб қўйилади. Аммо тўгарак машғулотлари жадвал бўйича, қатъий тартибда олиб борил¬яптими?

Масалан, Чилонзор туманидаги 164-мактабнинг жадвалидан 30 га яқин фан тўгараги ўрин олган. Ҳар бир тўгаракда ҳафтада икки ёки уч кун 1 соатдан дарс ўтилиши белгиланган.

— Фан тўгараклари ҳар куни жадвал асосида ишлайди, — деди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Соҳиба Мансурова. — Эрталабки сменада ўқийдиганлар дарсдан сўнг, тушдан кейин ўқийдиган синфлар эса эрталабки тўгарак машғулотларида қатнашади.

Мактаб ўқувчиларини суҳбатга чорладик.

— Мен фан тўгарагига қатнашмайман, — дейди 6-синф ўқувчиларидан бири. — Баъзи ўқитувчилар тўгарак ўтишади, шекилли. Лекин бизнинг синфдан ҳеч ким қатнашмайди…

7-синфда таҳсил олаётган қизлар эса мактабда тўқиш, тасвирий санъат, спорт тўгаракларидан ташқари фан тўгараклари ҳам борлигидан бехабар.

Албатта, дарслар икки сменада ташкил этиладиган муассасада тўгарак машғулотини рисоладагидек ўтказиш мушкул. Бунинг устига педагог икки сменада ҳам дарс берса. Фан тўгараклари учун хоналар тақчиллиги ҳам катта муаммо. Мактабда дарслар бир сменада ташкил этилиб, дарсдан сўнг ҳар бир ўқувчининг фан тўгарагига қатнаши йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ўқитувчилар тўгарак машғулотларини самарали ташкил этаётгани учун қўшимча рағбатлантирилса, репетиторга эҳтиёж сезилмас, педагог қўшимча дарс ўтгани учун ўқувчидан ҳақ талаб қилмасди.

Ўқитувчининг ўзи репетитор…

Дарсдан сўнг айрим ўқитувчилар репетиторлик қилиши сир эмас. Ҳатто айрим МТМ тарбиячилари ҳам машғулотлардан ташқари вақтда шу иш билан шуғулланади.

— Боламни боғчадан олишга келсам, бир қизча дафтарга чиройли қилиб ҳарфларни ёзяпти, — дейди исм-фамилиясини сир тутишни истаган аёл. — Нега менинг ўғлим шундай ёзмаяпти, деб тарбиячидан сўрадим. “Бу болани мен алоҳида тайёрлаяпман. Ойига 45 мингдан, сизнинг болангизга ҳам ўргатайми?” деди у. Шуни ҳаммага машғулот давомида ўргатсангиз бўлади-ку, десам, тарбиячи хушламади. “Мен машғулотларни белгиланган ўқув режа асосида ўтаман. Унга кўра мактабгача таълимда бола фақат босма ҳарфларни ёзишни ўзлаштирса бўлди” деган жавобни олдим. Тарбиячи фаолиятидаги камчиликларини яшириш учун менга нотўғри маълумот бераётганини сездим. Ёзиш ва ўқиш учун турли ўқув қуролларини талаб қилган боғча тарбиячисидан қани ўша дафтарларга нималарни ёзяпти, деб сўрасак, “болангиз ўзи ўйинқароқ”, деб айбни тарбияланувчига юклайди. 45 минг учун “ўйинқароқ бола”ниям ўқитиб, ёздирса бўлар экан-ку…

Бундай ёндашув дарсдан сўнг репетиторлик қилаётган мактаб ўқитувчилари учун ҳам хослигини инкор этиб бўлмайди. Яна ўша мулоҳаза: мактабда фан тўгараклари яхши ташкил қилинганида эди…

Мураккаб тестлар

Абитуриентлар учун тест саволлари умумий ўрта таълим дарсликлари асосида тузиладими ёки қўшимча манбалардан ҳам фойдаланиладими?

— Бир неча йил Давлат тест марказида ишлаганман. Шу тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, тестлар умумий ўрта таълим дарсликлари асосида тузилади, — дейди Абдушукур Олимов. — Узлуксиз таълим олган ўқувчи буни яхши англайди. Аммо муаммо — тестларнинг мураккаблигида. Мисол учун, кимё фани мутахассиси калькулятордан фойдаланиб, тест тузиб ўтирганига гувоҳ бўлганман. Унинг ўзи масалани ҳисоблаш қурилмаси орқали ечаётган экан, кучли ҳаяжондаги абитуриентдан нимани кутиш мумкин?! 2012 йили нодавлат таълим муассасаси раҳбари сифатида расмий хат билан Давлат тест марказига мурожаат қилдим. Тестларнинг мураккаблигини, эксперт сифатида ўзимиз бир соатда 36 та тестдан 19 тасини ечишга улгурганимизни ёздик. Шунингдек, тест вариантларининг мураккаблик даражаси ҳам ҳар хил бўлиб, бир абитуриентга қийин, бошқасига осон савол тушиб қолишини ҳам маълум қилдик. Аслида тест¬нинг бир неча тури бўлиб, бугунгача унинг барча имкониятларидан тўлиқ фойдаланмадик. Ҳали унинг очилмаган қирралари кўп. Тест — абитуриент билимини синовдан ўтказувчи восита, холос. У ҳақиқий билимни китоб ўқиш орқали эгаллайди, тест ёдлаш билан эмас. Тестларни янада такомиллаштириш, ёпиқ тестлардан фойдаланиш масаласини ҳам кўриб чиқиш лозим. Ёпиқ тестда жавоб вариантлари бўлмайди. Абитуриент савол бўйича нимани билса, шуни ёзади. Бунда бир вақтнинг ўзида унинг фикрлаш, ёзма нутқ даражаси ҳам намоён бўлади. Қолаверса, олий таълим муассасасига кириш учун тайёрланаётган абитуриентлар тест ёдлашга ажратаётган вақтини оғзаки ва ёзма нутқини ўстиришга ҳам сарфлаган бўларди.

ОТМга кириш тестлари дарслик асосида тузилади, деб ҳар қанча таъкидламанг, негадир кўпчилик бунга ишонмайди. Умумий ўрта таълим ўқувчиси билимидаги бўшлиқларни англамаган ҳолда, имтиҳондан шундай таассурот билан чиқади.

Бола бир кун дарс қолдирдими, ўша кунги мавзу унда бўшлиққа айланади. Фан ўқитувчиларининг тез-тез алмашиши, ишдан кетиши каби ҳолатлар ҳам болалар билимида бўшлиқлар юзага келишига сабаб бўлади. Ўқитувчининг малака ва маҳорати, билим даражаси пастлиги таълим сифатига қандай таъсир қилишини айтмай қўя қолайлик.

— Биз мураккаб тестлар билан ёшларни қийнамаслигимиз керак, — дейди филология фанлари номзоди Омонулла Мадаев. — Фикримча, абитуриентлар учун тест саволларини тузишда уч мутахассис иштирок этиши лозим — ўқитувчи, методист, олим. Ўқитувчи тест тузиш жараёнида ўқувчиларнинг имкониятини тўғри белгилашда кўмаклашиб туради. Методист бериладиган саволнинг ёш жиҳатдан тўғри келишини ўрганади. Олим “Шу савол болани муайян вазиятда ҳаракатга соладими?”, “Фикрлаш қобилиятини ўстиришга ёрдам берадими?” каби илмий жиҳатларни ҳал қилади. Фикримча, ҳар бир соҳада абитуриент тест жараёнига киришдан олдин иншо ёзиши керак. Иншо унинг тест синовларига кириш ё кирмаслигини белгилаб берсин. Тест абитуриентнинг билимини тўлиқ баҳолай олмайди. Агар шундай бўлмаса, бир ғазални икки ойда ҳам ёдлашнинг уддасидан чиқолмаётганлар, оддий бир мавзуни баён қилолмаётганлар қандай қилиб талаба бўлиб қолди?! Иншо орқали абитуриентнинг ОТМда ўқиш лаёқати текширилади. Фикрлаш доираси, ёзма нутқи, саводхонлиги намоён бўлади. Аҳамият берсангиз, бугунги ёшларнинг ёзиш услуби сўзлашув услубидан фарқ қилмаяпти. Биз равон ёзишни эплолмаётганларни ҳам тест имтиҳонига қўйяпмиз ва улар қайсидир йўллар билан тестни муваффақиятли ечяпти. Тест имтиҳонининг яна бир камчилиги — ҳамма йўналишдаги инс¬титутларга бир хил тузилган. Аслида, мураккаблик даражасига кўра, тест уч хил бўлиши керак. Масалан, ўзбек тили ва адабиёти фани бўйича шундай тестлар борки, уларга фақат филологлар жавоб бера олади. Шунинг учун филология йўналишида имтиҳон топшираётганларга юқори даражали тест саволлари, ижтимоий йўналишдаги ОТМда нисбатан енгилроқ вариантлар, аниқ ва табиий фанлар йўналишидаги абитуриентлар учун эса учинчи даражали тест вариантлари тузилиши мақсадга мувофиқ.

“Биз ўқишга киргизиб қўймаймиз!”

Ёшлар репетиторга асосан ОТМ имтиҳонларига тайёрланиш мақсадида боради. Ўқув курсларининг нархи турлича. Кимдир ҳамёни кўтарганига, бошқа биров нуфузи баланд репетиторга боради. Аммо қўшимча таълим учун ойига фалон сўмдан пул сарфлаган, шунга қарамай фарзанди ОТМ имтиҳонидан “йиқилган” ота-она дардини кимга айтишни билмайди. Чунки репетиторларнинг жавоби тайин: “Ҳаммаси бизга боғлиқ эмас, биз ўқувчини тайёрлаб берамиз, ўқишга киргизиб қўймаймиз”.

Репетитор ва нодавлат ўқув марказларига талаб катта экан, улар фаолиятини тартибга солувчи, мувофиқлаштирувчи меъёрий ҳужжатлар ҳам ишлаб чиқилиши зарур.

Акс ҳолда ота-оналар репетиторлик қилаётган ўқитувчининг илмий даражаси, интеллектуал салоҳияти ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмай туриб, фарзанди эртасини улар қўлига топшириб қўяверади.

Муаммонинг ечими қаерда?

Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил 14 мартда “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ва “Академик лицейларга ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом” қабул қилинди. Бу мазкур таълим муассасаларида ўқитувчи билими ва савиясига қўйиладиган талабнинг ортишига ва таълим сифати кўтарилишига олиб келиши шубҳасиз. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 мартдаги “Академик лицейларга умумий ўрта таълим ўқувчиларини танлаб олиш, ўқишга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, тегишли олий таълим муассасалари ректорлари, академик лицейлар билан ишлаш бўйича тегишли проректорлар ҳамда академик лицей директорлари ва ўқитувчилар академик лицей битирувчиларининг олий таълим муассасасига ўқишга кириш даражасига мувофиқ белгиланган миқдорда устама ҳақ олиши ёки интизомий жарималар қўлланилиши жорий этилди. Энди ҳар бир лицей директори, ўқитувчиси, шу таълим муассасасини тасарруфига олган олий таълим даргоҳи раҳбарлари ҳам ўқувчининг сифатли таълим олишига интилади. Яъни, ўқувчининг олий ўқув юртига кириши нафақат унинг ўзига, балки лицей раҳбариятидан тортиб, ўқитувчилар учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Кўпчилик мутахассислар таъкидлаётганидек, мактаб таълимини баҳолаш мезони, ўқувчилар билимини аниқлаш механизми эскирган.

Ўқувчилар билими ва педагоглар иш сифатини баҳолашнинг аниқ механизми ишлаб чиқилса, мактаб ва ўқитувчилар ўқувчилар натижаси(олий ўқув юртига кириши)га қараб рағбатлантирилса (ёки аксинча, жазоланса), ўз-ўзидан репетиторга эҳтиёж камаяди.

Зилола МАДАТОВА,

“Ma’rifat” мухбири



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment