Мақолалар

Гилос етиштириш бўйича Ўзбекистон Испаниядан ўзиб кетди, бироқ…

Муаллиф Abduvali

Ўзбекистонда 2013-2017 йилларда гилос етиштириш плантациялари жадал суратларда кенгайтирилиши туфайли мамлакатда гилос экспорт қилиш сезиларли даражада ўсди ва у экспорт ҳажми жиҳатидан тўртинчи ўринга кўтарилмоқда. Бу билан Ўзбекистон гилос экспорти ҳажми бўйича Иcпаниядан ҳам ошиб кетди, дея хабар бермоқда Fruit-Inform ҳамда EastFruit.com.

EastFruit.com интернет тармоғининг маълум қилишича, Ўзбекистон 2017 йилда 32 минг тонна гилос экспорт қилган, бу Испанияга нисбатан беш минг тонна кўп демакдир.

EastFruit мутахассисларининг тахмин қилишича, 2018 йилда экспорт ҳажми 36 минг тоннадан 38 минг тоннагача ошиши мумкин. Мамлакатда гилос экспорти бундан 5 йил муқаддам атиги беш тоннани ташкил этган, 2016-2017 йилларга келиб, экспорт ҳажми тез суратларда ўсиб кетди. Бироқ бозор талаблари нуқтаи назаридан қараганда гилос мевасининг сифат даражаси (тайёр маҳсулот сифатида) унчалик мақтагулик эмас.

Ўзбекистон Россия ва Қозоғистон бозорларига гилоснинг тахминан 99,5 фоизини етказиб беради. Айнан ушбу бозорларнинг қарамлиги келажакда бизнесни ривожлантиришга муаммо туғдирмоқда. Хушбўй ҳид ва маъзали таъмга эга бўлишига қарамасдан Ўзбекистон маҳсулотларига дунёнинг бошқа мамлакат бозорларида талаб юқори эмас. Шу сабаб экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга бўлган уринишлар ҳали яхши самара бермаяпти.

Меваларнинг кичиклиги, етиштириш технологиясининг эскиргани, саралаш мосламаларининг йўқлиги, совитиш ва қадоқлаш технологияларидаги муаммолар туфайли Ўзбекистон гилос етиштириш соҳасида навлари хилма-хиллиги борасида рақобатбардошлигини йўқотмоқда. Бундан ташқари озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари борасида ечимини топмаган кўпгина саволлар мавжуд, гилос етиштирувчилар мева дарахтларини ҳимоя қилиш учун турли хил, баъзан самарадорлиги исботланмаган кимёвий воситалардан фойдаланадилар. Шунингдек, бозор тартиб қоидалари ҳам мамлакатда экспорт ривожланишини секинлаштирмоқда.

Аммо энг асосий муаммолардан бири маркетингни самарасиз йўлга қўйилганлигидир. Ўзбек компаниялари халқаро кўргазмаларда муваффақиятли иштирок этиб, маҳсулотни реклама қилгандан сўнг эҳтимолли мижозларнинг телефон қўнғироқлари-ю, электрон почта орқали мурожаатларига жавоб бермайдилар. Ундан ташқари уларнинг Интернет саҳифалари ҳам кўп ҳолларда ишламайди. Ўзбекистонлик маҳсулот етказиб берувчиларнинг ишлари талабга жавоб бермайди, дейилади мақолада.

Бироқ ўзбек гилоси жаҳон бозорида юқори салоҳиятга эга. Мавжуд муаммоларга қарамасдан гилос савдогарлар томонидан кам миқдорда бўлса-да Жанубий Корея бозорига етказилади. 2018 йилда ўзбек гилоси илк бор Хитой гилос бозорига кириб борди. Агар яхши гилос навлари ва унинг технологияси тўғри йўлга қўйилса, ўзбек гилоси Европа иттифоқи бозорида ҳам ўз ўрнини топишига шубҳа йўқ. Сабаби Ўзбекистон гилоси Туркиянинг гилосига қараганда эрта пишади. Ўзбек гилосининг рақобатбардошлиги унинг арзонлигидадир, бироқ сифат борасида ҳам рақобатбардошликка эришилса, нур устига аъло нур бўлади. Бугунги кунда Ўзбекистон гилоси сифат жиҳатдан бошқа мамлакат гилосларига қараганда пастроқ ҳисобланса-да, аллақачон Россия бозоридан ушбу мевани етказиб берувчи турк фирмаларини сиқиб чиқара бошлади.

Баҳриддин Асланов тайёрлади, ЎзА



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment