Мақолалар

Олий таълимга қабул: ҳаққонийлик ва шаффофлик қандай таъминланади?

Муаллиф Abduvali

Президентимизнинг 2018 йил 4 июндаги «2018 – 2019 ўқув йилида Ўзбекистон Рес­публикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги қарори ижросини, бу йилги қабул жараёнининг ҳаққоний ва шаффоф ўтишини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? Тошкент давлат юридик университети томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу саволларга батафсил жавоб берилди.

Таъкидланганидек, университетга бу йилги қабул соддалаштирилган механизми билан ажралиб туради. Яъни, абитуриент ўзи яшаб турган ҳудудда ортиқча қоғозбозлик ва оворагарчиликларсиз ҳужжат топшириши мумкин. Бу Адлия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Давлат хизматлари агентлигининг 201 та туман ва шаҳарларда фаолият кўрсатаётган давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.

Бу қандай кечади?

Хорижий давлат фуқароси бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга 16 ёшдан ошган абитуриентлар бакалавриат таълим йўналишига 15 июндан 15 июлга қадар, доимий турган жойидан қатъи назар, ўзи хоҳлаган туман ёки шаҳардаги давлат хизматлари марказига ҳужжат топшириши мумкин. Бунда паспорт, ўрта (11-синф), ўрта-махсус ёки касб-ҳунар ўқув муассасасини тугатгани тўғрисидаги ҳужжат (иловаси билан) ҳамда агар мавжуд бўлса, имтиёзни тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхаси тақдим этилади. Маълумотлар тўғридан-тўғри Давлат тест марказининг махсус «Абитур» базасига электрон шаклда жойлаштирилади. Давлат хизматлари маркази ходими уни расмийлаштириб бўлгач, икки нусхада бланкага чоп этиб, бир нусхасини абитуриентга беради. Ҳужжатларни қабул қилиш хизмати мутлақо бепул амалга оширилади.

Рухсатнома олиш ва  имтиҳонга кириш тартиби…

– Авваллари абитуриентнинг ўз ўрнига бошқа бировни киритиш, рухсатномалар ва ҳужжатлардаги суратларни алмаштиришга уриниш ҳолатлари учраб турарди, – дейди Қабул комиссияси масъул котиби Отабек Бобожонов. – Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жорий йилда қабул комиссияси томонидан абитуриентларга Давлат хизматлари маркази орқали берилган бланка текширилади ва махсус сканер ёрдамида уларнинг паспортидаги биометрик маълумотлар ҳамда бармоқ излари олинади. Шундан сўнг унга рухсатнома топширилади.
Дарвоқе, рухсатномани олиш учун абитуриент 29-31 июль кунлари университетнинг қабул комиссиясига шахсан мурожаат этиши шарт. Шундан сўнг 1-15 август кунлари бўлиб ўтадиган тест синовларига кириш жараёнида олинган биометрик маълумотлари текширилиб, бармоқ излари идентификация қилинади.

Имтиёз кимлар учун?

Ҳуқуқий саводхонликка, юридик билимга эга бўлишни кўпчилик истайди. Хусусан, чет эл фуқаролари, имконияти чекланган шахслар ва шу каби айрим чекловлар мавжуд бўлган ҳолатларда фуқаролар учун қандай имтиёз ҳамда қулайликлар мавжуд?
– 2018 – 2019 ўқув йилидан бошлаб ногиронлиги бўлган абитуриентларга қабул квотасидан ташқари квотанинг 2 фоизи (12 нафар. Камида умумий баллнинг 30 фоизини олган бўлса) миқдорида давлат гранти асосида жой ажратилди, – дейди Адлия вазири ўринбосари, Тошкент давлат юридик университети ректори Есемурат Канязов. – Ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида улар учун барча шарт-шароит мавжуд. Қабул комиссияси таркибига Ногиронлар жамияти ҳамда Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ходимлари киритилган. Кўзи ожиз абитуриентлардан эса касбий (ижодий) имтиҳон қабул қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, 2018 – 2019 ўқув йилида амалдаги ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари бўлган абитуриентларга 5 фоиз (30 нафар) давлат гранти ажратилган бўлиб, тавсиянома берилади ҳамда улар тест имтиҳонларида иштирок этади.
Хизмат вазифасини бажариш асносида вафот этган, оғир хасталикка чалинган, ярадор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари бўлган абитуриентларга эса тавсиянома асосида қабул квотасидан ташқари давлат гранти асосида университетга кириш бўйича имтиёз тақдим этилди. Улар тест синовларини топширмайдилар.
Хорижий давлат фуқароларидан жорий йилнинг 15 мартидан ҳужжатларни қабул қилиш бошланган. Улар суҳбат асосида талабаликка қабул қилинади.
Агар абитуриент ушбу университетга ҳужжат топширишни мақсад қилган, лекин тест синовларида белгиланган хорижий тиллар (инглиз, немис, француз тиллари)дан бошқасини ўқиган бўлса, унга имконият яратилади. Яъни, ушбу тоифадаги абитуриентлар 18 июль куни касбий (ижодий) имтиҳонда қатнашиши ва етарли баллни қўлга киритиши мумкин.

Магистратура-чи?

Университетнинг магистратура йўналишида ҳам бу йил сезиларли янгиликларни кузатиш мумкин. Хусусан, ҳужжатлар электрон шаклда қабул қилиниши, квота 120 нафардан 150 нафарга оширилгани, иккита фандан (махсус ва чет тили) тест эмас, ёзма равишда имтиҳон олиниши, асосийси, 3 та янги мутахассислик (Ҳуқуқ ва бизнес, Молиявий-ҳуқуқий мониторинг, Ҳуқуқ ва ахборот технология­лари) жорий этилиши ва ўқиш муддати икки йилдан бир йилгача қисқартирилгани соҳада келгусидаги самарали меҳнат қилишни ният қилган кадрлар учун яна бир имконият бўлди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment