Мақолалар

«Гиёҳванд» қизларнинг аччиқ қисмати

Муаллиф Abduvali

Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Арнасой кўчаси, 2-уйда жойлашган наркология диспансерида даволанаётган беморларнинг хоҳиш-истагига кўра даволаниш ишлари аноним, яъни хуфия ҳолатда олиб борилар экан. Мурожаат қилган беморнинг исми шарифи, яшаш манзили сир тутилган ҳолда анкета очилади. Беморлар истаса, кундузи келиб муолажаларни олиб, уйига кетишлари, хоҳласа диспансерда ётиб, даволанишлари мумкин. Озиқ-овқат ҳамда дори-дармонлар соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бепул берилади. Беморларни спорт билан шуғулланишлари учун тринажёр заллари мавжуд.

Минг афсуски, бугунги кунда гиёҳвандликка ўрганган қизларнинг қанчаси кўчада юрибди. Уларнинг ота-онаси шифокорга мурожаат қилишмайди. Касаллик ҳолати кучайиб, атрофдагиларга зарари тегадиган даражага етгандагина диспансерга келишади. Алкоголизм, наркомания ва таксикоманияга чалинган беморларни мажбурий даволаш учун Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизими доирасида махсус даволаш профилактикаси муассасалари ташкил этилган. Унга кўра наркологик касалликларга чалинган ва қоидабузарлик содир этган шахсга нисбатангина мажбурий даволаниш қўлланилади. Нарколог-врач Наргиза Бобожонова иш жараёнида дуч келган энг аянчли воқеаларни сўзлаб берди. Бу икки қиз ҳам шифохонада аноним тарзда даволанган. Уларнинг тақдирлари кимгадир сабоқ бўлади, деган умиддамиз.

МЕҲРСИЗЛИК ШУ КЎЙГА СОЛДИ
– Бозорга тушиб, ўзимга кўйлак сотиб олдим. Кўйлагимни кейин кўриб қолдим. Бошқа пайт келиб олиб кетиш ниятини билдириб, сотувчига телефон рақамимни бердим. У мендан қаерда ишлашимни сўради. Мен айтдим. Эртасига аёл қўнғироқ қилиб: “Иккита қизим бор, кенжатойим қанақадир гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилади. Агар эрим билса мени ҳам, қизимни ҳам ўлдиради. Диспансерга олиб боролмайман, илтимос, ёрдам беринг”, дея дардини тўкиб солди.
Намуна билан суҳбатлашдим. Жуда гўзал, сочлари узун, юзи оппоқ, нозиккина қиз экан. Ҳар қандай одамни суқи кирадиган даражада хушрўй. Оиладаги муҳитни ўргандим. Онаси бозорда савдода, эрталаб кетиб, кечқурун қайтади. Ота­си ҳам ўз иши билан банд. Уйда опа-сингил қолишади. Қизнинг айтишича, ота-онаси ўртасида тез-тез жанжал-тўпалон бўлади. Уйдаги носоғлом муҳитдан безган Намуна кафеда бир қиз билан танишади. Дугона бўлиб қолишади. Дардларини ўша қизга айтади, у эса наша истеъмол қилишга даъват этади. Намуна гўёки дугонаси билан учрашса ўзини яхши ҳис қилаётгандек туюлади. Синглисининг қадам олишларидан шубҳага тушган опа уни кузатади. Уйга кеч қайтаётгани учун онасига шикоят қилади. Сингил эса опасидан қасос олиш ниятида ота-онасига ёмон кўрсатиш йўлларини излаб топади. Опасининг сумкасига уйдаги пулларни солиб қўйиб, ўғрига чиқаради. Шундай қилиб она катта қизининг рост гапига эмас, сингилнинг туҳматларига ишониб, опанинг адабини беради. Шундан сўнг сингил босар-тусарини билмай қолади. Ёш ҳолатига жинсий алоқада бўлади. ВИЧ инфекциясини юқтиради. Бу орада хорижга ҳам чиқиб келади. Қизнинг ҳаётида шунча муаммо бўлишига қарамай, она буни отасидан бекитган. Агар аёл мен билан бозорда тасодифан учрашиб қолмаганида балки қизнинг аянчли аҳволи давом этаверармиди.

Хуллас, Намунага қўлимдан келган ёрдамни бердим, ҳаётини изга солишга ҳаракат қилдим. Аммо унинг ҳаёти фожеа билан тугади. Қизнинг ўлимидан бир кун олдин у билан учрашдим. Энг оғир нарса нима, биласизми, бу дардга чалинганлар ҳеч қачон ўз хатосини тан олишмайди, касалман деб ўйлашмайди. Шу боис бизлар ҳам улар билан ишлашда қийналамиз. Менга азоб берган нарса, гулдай қизи кундан-кунга ботқоққа ботиб кетаяпти-ю, она хотиржам бозорда савдо қилиб ўтирибди. Тўғри, фарзанди учун юраги ачиган, сиқилган. Аммо инсон ҳаётини изга солиш учун ачинишнинг ўзи камлик қилади. Намунага ёрдам бериш, вақтида шифокорларга мурожаат қилиш ўрнига она уни айблаб, уриб-сўкиб ҳақорат қилган. “Сен фоҳишасан, энди ҳеч кимга керагинг йўқ”, деган сўзларни айтган. Ахир қизни шу йўлга киришида энг асосий айбдор она-ку. Аммо у ўз хатоларини тузатиш ўрнига яна боласини айблайди.
Бугунги болалар ота-оналаридан жуда кўп нарсаларни талаб этишади. Аммо оналар ҳам қизининг ҳавойи орзу-ҳавасларига лаббай деб жавоб беришдан олдин бироз ўйласин. Касб-ҳунар коллежида ўқиётган айрим қизларнинг саккиз ҳатто ўнталаб сумкалари бор. Яқинда автобусда бир аёлни телефонда кимгадир мақтаниб сўзлаётганини эшитиб қолдим. Бир ой ичида мактабда ўқиётган қизига учта оқ кофта сотиб олиб берган. Фарзандларимизга инсон ҳаётидан кўра кийим-кечак қадрлироқ эканини ўзимиз ўргатиб қўймаяпмиз-ми? Ундан кўра фарзандимиз билан ёнма-ён ўтириб: “Бугун қунинг қандай ўтди, нима ишлар қилдинг, болам?”, деб савол берайлик. Муаммоси бўлса, унга биргалашиб ечим қидирайлик. Шунда болаларимиз кўчага эмас, бизга талпиниб яшайди.

ҚИЗ ОТАНИНГ ҚУРБОНИ БЎЛДИ
Яна бир қизнинг ҳаётида содир бўлган воқеада ота-онасининг катта айби бор. Сожида беморим бўлган. Бадавлат хонадоннинг яккаю ягона қизи эди. Дадаси кўплаб ресторан ҳамда магазинларнинг эгаси бўлган. Атрофида юрган одамлардан бирининг кўнглини оғритадиган иш қилган. Дадасига кучи етмагач қасос ўтида ёнган душман, аламини қизидан олган. Оқсоч аёл орқали қизни героинга ўргатган. Сожидани яхши бир хонадонга келин қилиб узатишади. Янги ҳаёт ҳам унга ёрдам бермайди. Оқсоч дастлаб героинни қизнинг уйи ёнига олиб келиб туради. Секин-аста таъминловчилар қиздан ўзлари хоҳлаган жойга келишини талаб қила бошлашади. Хумор дардида бўлган Сожида улар истаган жойларга боради. Қора ниятли одамлар қизни абгор қилишади. Қизнинг аҳволидан дастлаб эри хабар топади, сўнг ота-онаси. Ўша вақтнинг ўзидаёқ йигит Сожида билан ажрашади. Вақти соати етиб, Сожида фарзандли бўлди аммо бола ногирон туғилди. Уни ногирон болалар интернетига топширишди. Дозани ошириб юборгани учун ўзи ҳаётдан кўз юмди.
Бу йўлдан аёл кишининг чиқиб кетиши қийин. Чунки аёл организми нозик бўлади. Героин унинг организмига секин-асталик билан ўрнашиб олади. Бу йўлга кирганини билганидан сўнг: “ Энди мен ким бўлдим, эримга керак эмасман, кейинги ҳаётим нима бўлади?” деган умидсизлик уларни қийнайди. Лекин бу балонинг чангалидан омон чиқиб кетган аёллар ҳам бор. Рус миллатига мансуб бўлган 19 яшарли жувон ўзи билмаган ҳолда шу йўлга кириб қолган. Диспансерда даволаниб уйига қайтди. Эри ҳар куни ортидан келиб, меҳр билан: “Сен жудаям кучлисан, албатта, бу балони енгасан”, дея руҳлантириб, уни бу йўлдан чиқариб олди.
Агар бирорта аёл шу йўлга кириб қолса энг биринчи турмуш ўртоғи: “Сен наркомансан, сендан ҳамма нафратланади, ҳеч кимга керак эмассан”, дея ҳақорат қилишни бошлайди. Аммо эркак шу йўлга кирса, аёл охиригача курашади.
Бир онахонни биламан. Ёши 70 га яқинлашиб қолган. Эрталаб қўлларида сумка, иссиқ овқат билан диспансерга келаётган бўлади. Бир куни гапга тутдим. “Нимасини айтайин қизим. Амакингиз ичкиликка муккасидан кетди”, – дейди дарду ҳасратини тўкиб. – Жигарига зарар етмасин, деб пул бермай қўйсам, ахлат яшикларни титкилаб, баклажка, қоғозларни йиғиб сотиб, пулига ароқ олиб ичадиган бўлди. Охири шу ерда даволанишга кўндим».

Ҳозир тирикчилик важидан жуда кўп ота-оналар фарзандларини васийлар қарамоғида қолдириб, хорижга ишлагани кетишяпти. Ҳеч бир инсон бировнинг боласига ўз ота-онасидек эътибор ҳамда меҳр беролмайди. Камситади, хўрлайди, ёшига мос бўлмаган оғир юмушларни бажаришга мажбур қилишади. Охир-оқибат бола ўзини ёлғиз ҳамда ҳимоясиз ҳис қила бошлайди. Ҳаётдан, яшашдан зерикади. Натижада қора ниятли одамларнинг домига тушиб, яшаш завқини улар инъом этган оғудан топдим, деб ўйлайди.
Бу гаплар тўқима эмас. Аччиқ қисматли тақдирни яшаган инсонлар ҳаётидан олинган воқеалар. Агар кимнидир ҳаётида гиёҳвандлик ҳолати аниқланса, кечиктирмай шифокорга мурожаат қилсин. Оиласидаги яқинлари ва шифокорлар бирга ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишса, ўша инсонни соғлом ҳаётга қайтариш мумкин.

Нигора РАҲМОНОВА,
“Оила ва жамият” 
газетасидан олинди



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment