Қизиқарли

Кўзойнак танлашда адашманг

Муаллиф Abduvali

Қадимги Хитойда кўзойнак бўлмаганлиги сабабли ёш аёллар ажинлар тушишининг олдини олиш, кўзни қуёш нуридан сақлаш учун барглардан ясалган бош кийимлардан фойдаланганлар. Ҳиндистоннинг бой хонадон аёллари эса қовоқларига кўзни равшанлаштириш учун қатрон (смола) суртиб юришган экан.

Хўш, аслида кўзойнаклар қачон пайдо бўлган?

Қадимда римликлар ва юнонлар сув билан тўлдирилган шишали шар нарсаларни катталаштириш хусусиятига эгалигини сезиб қолишади. Лекин улар бундай ҳолни вужудга келтиришда жисмнинг қавариқ шакли эмас, балки унинг ичидаги суюқлик асосий аҳамиятга эга эканини англамаганлар. Тадбиркорлар ўз расталарини ана шундай шаклдаги шишалар билан безатишни бошлашди. Сув устида сузиб юрган мевалар чиройли кўринар, унинг ёнида турган таом эса кишиларни янада жалб қиларди.

Замонлар оша тараққий топган техника ҳар қандай муаммони ҳал этишда қўл келиб, бугун бошқа бир қатор мақсадларга хизмат қилувчи кўзойнакнинг кўпгина турлари истеъмолчиларга тақдим этилмоқда.

Яхшироқ кўриш ва бойликни кўз-кўз қилишга хизмат қилган кўзойнак даврлар ўтиши билан мода оламининг ажралмас қисмига, ташқи кўринишнинг ўзига хос рамзига айлангани рост. Ҳатто бугунги кунда кўришдан шикоят қилмайдиганлар ҳам кўзойнак тақяпти. Ишбилармон аёллар эрталаб ишга кетишдан олдин алоҳида синчковлик билан пардоз-андозга берилгандан кўра, урфдаги кўзойнакни тақиб, ўзларига анча қулайлик яратадилар. Ёш мутахассис эса шаффоф кўзойнакда салобатлироқ кўриниб, кишиларга ўзига нисбатан ҳурмат уйғотади.

Бугунги кунда кўзойнаклар асосан шиша ва елимдан тайёрланади. Ҳар иккисининг ҳам яхши-ёмон томонлари бор албатта. Елим шишага нисбатан анча юмшоқ, лекин чидамсиз. Бошқа турдагилардан икки баробар енгиллиги елим кўзойнакларнинг асосий ютуғидир. Ойнали кўзойнак синганда унинг парчалари келтириб чиқарадиган кўнгилсизликларни ҳисобга олмасак, елим мосламанинг жароҳат етказиш ҳавфи анча кам.

Кўзойнак танлар экансиз, у қулай, қулоққа, бурун қаншарига ботмаслиги, асосийси, кўз олдида линза тўғри ҳолатда туриши, яъни кўзга нисбатан симметрик равишда пешонадан ёноққа томон сал эгилиб туриши лозим.

Кўзойнакни жуда эҳтиётлик билан авайлаб тутиш керак. Уни шишасининг қавариқ томони билан столга қўйманг, чунки бундай қилсангиз, линза юзаси бузилади. Кўзойнакдан фойдаланмаётган пайтингизда уни ғилофига солиб қўйинг. Кўзойнакни авайлаб тутсангиз, у сизга кўп йиллар хизмат қилиши шубҳасиз.

Ҳозирда кўзойнакларни исталган жойдан топиш мумкин. Ўзингизга мос ва хосини бемалол харид қилаверасиз.

Кўпчилик кўзойнак харид қилишда унинг гардишига эътибор бериб, линзасини диққатдан четда қолдиради. Афсуски, кўча-кўйда сотилаётган кўзойнаклар тиббиёт талабларига жавоб бермайди. Сифат ва саломатлик талабларига жавоб бермайдиган маҳсулот харид қилиш эса оптик нуқсонлар, хусусан, абберация (линза орқали ўтадиган ёруғлик нурларининг бир нуқтада тўпланмай, ундан сал оғиши)ни келтириб чиқаради. Бу эса кўзнинг чарчаши, бош оғриғига сабаб бўлиб, оқибатда кўриш қобилиятини пасайтиради. Шунинг учун шифокорнинг кўрсатмаларига амал қилиб, ўзингизга тўғри келадиган кўзойнакни ишончли оптика дўконларидан сотиб олганингиз мақсадга мувофиқ.

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА тайёрлади.



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment