Мақолалар

Тўрдан чиққан ўргимчак ёхуд танангиз ижод учун объектми?

Муаллиф Abduvali
Метрода кела туриб бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Ёнимда ўтирган икки талаба йигит рўпарамиздаги қизларни нигоҳи билан бир-бирига кўрсатиб кулишарди.
Мен ҳам беихтиёр улар томонга нигоҳ ташладим. Буни қарангки, қизлардан бирининг билагига думини гажак қилиб турган чаён тасвири туширилган экан. Шу пайт бекат эълон қилиниб, дугоналар ўрнидан туришди. Эътиборимизни тортган қизнинг дугонаси кулганича вагоннинг тепа тутқичидан ушлаш учун қўлини кўтарган эди,  белини салгина ёпиб турган кофтаси кўтарилиб,  шимининг камар қисмидан  “тўрига ёпишган ўргимчак” кўринди. Буни кўрган ҳалиги йигитлар эса очиқчасига кулишди.
– Қара,  расмнинг зўри бу ёқда экан.
– Топган жойини қара.
Қизлар гап ўзлари ҳақида кетаётганини билиб, лабларини бурди-да, елка оша йигитларга қараб ғудранганча вагондан тушиб кетди. Бу воқеани кузатиб турганларнинг баъзи бирлари уларга ёвқараш қилиб қараган бўлса, яна бошқаси ачиниш билан тикилди. Facebook саҳифаларида айланган ушбу воқеа менда қизиқиш уйғотди.
Атрофдаги кузатишларим шуни кўрсатдики, афсуски, бугунги кунда ёшларимиз орасида урф бўлаётган боди-арт (инглиз тилидан body art — “тана санъати”) нинг тарафдорлари кўпайиб бормоқда. Қизларимиз, келинчакларимизнинг “қош-кўзини попукдек, лабини ғунчадек” қилиб қўйишга чақирувчи татуаж салонлари ҳам ёмғирдан сўнг потирлаб чиққан қўзиқориндек кўпаймоқда. Уларда нафақат қош ва лаб, балки тананинг исталган жойига нақш ҳам солинади. Бу хизматни чўнтак кўтарса бас. Шу ўринда тилимизга кириб келган боди-арт тушунчаси ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.
Мазкур тушунча инглиз тилидан кириб келган бўлиб,  “оммавий маданият”нинг бир тури ҳисобланади ва ижод учун объект сифатида инсон танаси танлаб олинади.  Кўп ҳолатларда тананинг очиқ жойларига игна орқали  танага ранг киргизиб, сурат чизилади (татуировка). Боди-арт ўз мазмунига кўра нудизм, садомазохизм, натуризм, панк ва хиппи маданиятига жуда ҳам яқин. Умуминсоний маданиятга ўзига хос қарама-қарши йўналишда келиб чиққан мазкур маданият турларининг ҳар бирида боди-арт элементларини топиш мумкин.
Бугунги кунда боди-артнинг фейс-арт (юзга расм солиш), нейл-арт (тирноқларни бўяш), менди-арт (танага хина ёрдамида расм солиш), татуировка, пирсинг (тананинг маълум бир қисмини тешиб,  тақинчоқ тақиш), скайс (тишни бўяш), кўз имплантлари (кўзнинг оқига расм солиш), скарификация ёки брэдинг (чуқур яралар орқали танага бирор бир нақшни чизиш, тамға босиш) каби турлари мавжуд. Албатта, боди-арт тарафдорлари аввало омма ичидан ажралиб туриш, ўз таналарини кўз-кўз қилиш, ўзгалар эътиборини тортишни мақсад қилишади ва бу йўлда ҳеч нарсадан қайтмайди. Афсуски, ўсмирлар, ёшлар боди-арт тарафдорларига кўр-кўрона эргашадилар ва таналарига чиздираётган расмларнинг туб моҳиятида маълум бир маъно-мазмун борлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди.
Жаҳон халқлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ҳиндлар, ҳиндулар, Африка, Австралияда истиқомат қиладиган баъзи бир қабилалар дунёқарашлари, диний эътиқодларига кўра таналарига расм чизган, бўяшган, турли хил тақинчоқлар тақишган. Кейинчалик  ўғри, фирибгар, қаллоб, қотил, фоҳишаларга  қилган жиноятига қараб танасига турли хил қизиган темир билан тамғалар босилган.
Натижада XIX асрнинг охирига келиб,  ҳибсга олинган жиноятчилар ўртасида танага турли хил нақшлар (тамғалар) солиш урф бўлади ва айнан уларга қараб қамоқхонада маълум бир мавқени эгаллаши англашилади. Жиноятчиларнинг билаги, қўли, бўйни ва бошқа тана аъзоларига чизилган турли хил татуировкаларга қараб, уларнинг нима жиноят қилганлигини осонгина аниқлаш мумкин бўлган.
Энди юқорида келтирилган воқеага назар ташлайдиган бўлсак, қизларимиз танасига чизилган чаён ва ўргимчак тасвирлари жиноятчилик оламида ўз маъносига эга. Чаён зўравонлик, қасос олиш маъносини билдирса, ўргимчак гиёҳвандларнинг ўзига хос белгиси. Шунингдек, мазкур ҳашарот сурати тананинг қайси жойдалигига қараб жиноят содир этганлиги учун олган жазосининг турини ҳам англаш мумкин экан. Менимча,  қизлар бундан бехабар бўлишса керак, акс ҳолда ўзларига бир умрга бундай тамғани босмаган бўлишарди.

Бу гаплар, албатта, ҳаммага ҳам тегишли. Ёшлик қилиб, ўз таналарига турли ҳашаротларнинг расмини татуаж орқали чиздирган бу қизлар наҳотки ўзларининг эртанги кунларини ўйламаган бўлсалар? Аслида, бундай “оммавий маданият” шакллари онгимизга одатий ҳол бўлиб кўринган нарсалар – компьютер ўйинлари, хориж мультфильм ва бадиий фильмлари, бирор бир машҳур қўшиқчи ёхуд киноактёрга тақлид қилиш, пирсинг, татуаж ва боди-артнинг бошқа турларига берилиш орқали кириб келиб, ўрнашади ва оқибатда ўзлигимизни йўқотишимизга олиб келади. Бу ҳақда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида ҳам таъкидлаб ўтган эди. “Қош устига, лаб остига зирак тақиш,  тананинг турли қисмига расм солиш, ҳар бир гапга инглиз ёки бошқа тилдаги сўзларни қўшиб, ўзини “ўта замонавий ва маданий” деб билиш, аслида ғирт маданиятсизликнинг ўзидир”.

Муқаддас ҳадисларимизда ҳам инсон ўзига, танасига озор етказиш гуноҳ эканлиги қайд этилади, исломда болани бадхулқ этиб тарбиялаш эса жамиятга етказиладиган энг катта зарарлардан бири сифатида  кўрсатиб ўтилади.

Татиуровка хизматини кўрсатувчи “мутахассис”лар билан қизиқиб, уларга қўнғироқ қилдик. Улар бу хизматнинг нархлари турлича эканлигини айтишди. Энг арзони 100 минг, ўртачаси 800 минг, энг қиммати эса 1,2 миллион сўмдан зиёд экан. “Суратчи”ларнинг барчаси татуировкани умуман безарар деб ишонтиришга уринишди. Яралар уч кунда битишини, ҳеч қанақа аллергия қўзғамаслиги ё бирор касаллик юқмаслигини айтишди.

Бу қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини билиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази илмий ходими Индира Тошпўлатова билан боғландик. Унинг айтишича, татуировка  20 дан ортиқ касалликларга олиб келиши мумкин экан. Мисол учун,  татуировка бўёғи таркибида саратонни юзага келтирадиган омиллар мавжуддир. Бўёқлар ўзида симоб сульфиди, хром, кадмий, қўрғошин, титан, альюминий, кобальт каби зарарли металларни сақлайди. Татуировка асбоблари билан гепатит Б, С ҳамда ОИВ инфекциясини юқтириб олиш жуда осон. Татуировкаси бор инсонларнинг гепатит С касаллигига чалиниш хавфи оддий одамларга қараганда 9 баравар юқори бўлади. Шунингдек, “Mycobacterium haemophilum” бактерияси сил ва мохов касаллигини чақиради, одамларда иммун тизимини сустлаштиради. Бу бактерия эса фақат татуировка чиздиргач юзага келади. Кўз татуажи қовоқ терисига зиён етказади. Қош татуажи соч илдизининг йўқ бўлиб кетишига олиб келади. Лаб татуажи эса оғиз атрофида шишлар пайдо қилиб, юқумли касалликларни чақиради.

Сирасини айтганда, гўзаллик ишқибозларининг “гўзаллик қурбонлик талаб қилади” шиори ҳар доим ҳам ўзини оқламайди. Инсон, аввало, ўз соғлигининг, табиий гўзаллигининг қадрига етиши зарур.

Латофат БЎРИЕВА

Манба: uz24.uz



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment