Мақолалар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги мактаб формасига муносабат билдирди

Муаллиф Abduvali

Қуйида ЎМИ Тошкент вилояти вакиллигининг Fitrat.uz веб-сайтида берилган «Қадр топсин қадрият. Мактаб формасига муносабат» номли мақолани тўлиғича келтирамиз.

Маълумки, бир неча кундан бери ижтимоий тармоқларда бир мавзу муҳокамаси айланмоқда. Бу Вазирлар Маҳкамасининг мактаб формаси тўғрисидаги қарори лойиҳаси билан боғлиқдир. Мазкур қарорнинг 2-иловаси 9-бандида:

«Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно», дейилади.

Асосий мавзуга ўтишдан олдин юқоридаги бандда келтирилган маълумотнинг ғализлигига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Қаранг-а, таълим муассасасида бош кийимсиз, яъни рўмол, миллий дўппи кабиларсиз юриши лозим бўлган ўқувчилар тарихий саналарга бағишланган байрам ва бошқа турли тадбирларда уларни кийишлари мумкин экан! Нима сабабдан?! Чунки ана шундай тадбирларда асосан миллийлигимиз ва ўзлигимизни намойиш этишга қаратилган турли чиқишлар, интермедиялар қилинади. Шу ерда ўринли бир савол туғилади: Ўзлигимизни англаш, миллий руҳимизни, диний қадриятларимизни фақатгина тадбирларда кўрсатишимиз лозиммикан?!

Энди асосий масалага тўхталсак:

Шаръий жиҳатдан аёл-қизларнинг авратларини ёпиб юриши фарз саналади, яъни бунга амал қилинмаса гуноҳкор бўлади. Рўмол тақвони кўз-кўз қилиш, ўзгалардан ажралиб туриш, эътиқодини намойиш қилиб, фахрланиш, ўзгалардан устун эканлигини кўрсатиб, кибрга кетиш эмас, рўмол шунчаки фарз амалдир! Бу Аллоҳ таолонинг Каломи Қуръони каримда аниқ ва равшан ифода этилган. Хусусан, Нур сурасининг 31-ояти ҳамда Азҳоб сурасининг 33-59 оятлари бунга яққол далилдир. Аҳли сунна вал жамоат уламоларининг жумҳури сатр аврат борасида иттифоқ қилганлар. Аллоҳ таолонинг фарзини бажарган бандалар қанчалар савобу ажрларга эга бўлиб, Яратганнинг фазли ила бениҳоя мукофотларга муяссар бўлишади, бажармаганлар эса гуноҳкор бўладилар.

Масаланинг миллийлик жиҳатига тўхталсак, тарихий манбаларни кузатамизми, бадиий адабиётдан намуналар ўқиймизми, рўмол қадимдан бизнинг миллийлигимизнинг, ўзлигимизнинг ажралмас бўлаги эканлигига гувоҳ бўламиз. Мисол учун, она сиймоси тасвирланганда сипо кийинган (енги узун, сатр аврати ёпиқ), бошига кичкина рўмол устидан катта рўмолини елкалари узра ташлаб олган муштипар аёл сиймоси гавдалантирилади. Шу ерда ўринли савол туғилади: Наҳотки ўзбек қизларимиз муниса бувижонлари, мўътабар онажонлари кийиб келган либосдан, ўраб келган рўмолларидан жудо қилинсалар?! Бу ўзликни йўқотиш дегани эмасми?!

Масаланинг ҳуқуқий тарафига эътибор берсак, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18-моддасида: “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русм ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади”, деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, эътиқод эркинлиги ҳуқуқи Миллий Конституциямиз ҳамда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда кафолатланган. Бирлашган миллатлар ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлган, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”ни қабул қилган аҳолисининг асосий қисми – 95 фоизидан ортиқроғи Ислом динига эътиқод қиладиган суверен демократик республикамизда мўмин-мусулмонлар эътиқодининг асоси ҳисобланган рўмолга чеклов қўйилса, жаҳон ҳамжамиятининг бизга бўлган ишончи камаймайдими, энг аянчлиси, яхши кунимизни, хайрли ислоҳотларни кўролмайдиган манфур кишиларнинг таънаю маломатлари, юртимизга қарши бонг уришларига имкон яратиб берган бўлмаймизми?!

Аҳолисининг атиги 3% мусулмонлардан ташкил топган Англия, АҚШ, Австралия, қўйинки, бутун дунё бўйлаб ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан исломофобларнинг ғояю қарашларига кураш кетаётган, айнан рўмол масаласида эътиқод эркинлигини таъминлашга бўлаётган тинимсиз уринишлар даврида рўмолга таъқиқ қўйилиши қанчалар тўғри бўлар экан?! Бу давлатимиз, миллатимиз обрў-эътиборини қадрсизлантиришга хизмат қилиб қолмасмикан?! Ислом мамлакатлари ва ҳуқуқ ҳимоясини асосий масала сифатида эътироф этадиган демократик давлатларда бизга бўлган ишончнинг сусайишига олиб келмасмикан?!

Шу ўринда, масаланинг яна бир жиҳатига тўхталиб ўтишни жоиз деб билдик. Аҳоли ва ёшлар ўртасида ҳаё ва ибо, ор-номус, одоб-ахлоқ масалалари диққат қаратишимиз лозим бўлган оғриқли нуқталаримизга айланиб улгурди. Бунга жиноятчиликнинг ошиши, оилавий ажримларнинг кўпайиши, жамиятда салбий ҳолатларнинг юзага келаётганлиги яққол далилдир. Энг ачинарлиси, келажакнинг эгаси бўлмиш ёшларнинг тарбиячилари бўлган аёлларнинг жиноятнинг жирканч кўчаларига кириб кетаётганлигидир. Дарҳақиқат, буюк инсонлар ортида буюк оналар туради. Эътиқод эркинлигини таъминламай рўмолни чеклаш натижасида қанчадан-қанча иқтидорли, салоҳиятли қизларимиз таълим, тарбиядан ажралиб қолиши мумкинлигини тасаввур қилиб кўринг-а! Яна шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлардикки, жамиятда тенглик ўрнатилиши, албатта, ижобий ҳолат, лекин таълим тизимида шаклу шамойилдан кўра сифатга эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Рўмолнинг таълим сифатига ҳеч қандай даҳли йўқлиги дунё тажрибасида яққол исботини топган.

Динини, миллатини, ватанини севган инсон келажагини динисиз, эътиқодисиз тасаввур эта олмайди!!! Эътиқоди, имони мустаҳкам инсонгина Ватан келажаги, юрт равнақи, миллат ривожини ўзининг асосий бурчи деб билади ва бу йўлда садоқат билан хизмат қилади!!!

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев президентликнинг дастлабки кунлариданоқ халқ розилигини энг асосий мақсад қилиб қўйдилар ва бу борада салмоқли, кўзга кўринарли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Эътиқодининг ажралмас бўлаги бўлган рўмолидан маҳрум бўлган аёл-қизлар, маҳрамларининг сатр авратини ҳимоя қилолмаган эркакларнинг қалбида розилик туйғуси бўлиши мумкинми?!

Айрим мутасаддилар мактаб ўқувчилари ҳали ёш бола, буларни диний эътиқод талабларига жалб қилиш тўғри эмас, деган фикрдалар. Эмишки, мамлакатимиз кўп миллатли, шунинг учун болаларни ўқув муассасаларида ажратиб қўйиш яхши эмас ва ҳоказо фикрлар. Лекин фарзандларимиз ёшликдан имон-эътиқод ва миллийлик асосида улғаймаса келажак нима бўлади? Қолаверса, болаларимиз балоғат ёшига етгунча миллий ва диний қадриятлардан маҳрум бўлиб вояга етадиган бўлса, балоғат ёшига етиб динини, эътиқодини танлайдиган бўлса, бу буюк миллат фарзандларини тақдири нима бўлади? Наҳотки, яқин ўтмишдаги миллатимиз бошига тушган воқеалар ибрат бўлмаса?!

Қолаверса, рўмол ёки бошқа бир бош кийимни ҳамма кийишини шарт қилиб қўйиш керак, деган талаб ҳам йўқ. Балки, эътиқоди, ахлоқи нуқтаи назаридан келиб чиқиб рўмол ўраганларга таъқиқ қўйилмаса, деган сўров бор холос.

Ҳудудларида бўлган  суҳбатларда оддий кишилар ҳам муҳокамага қўйилган ушбу масаланинг 9-банди маъқул эмаслигини айтмоқдалар. Ҳар куни муҳтарам Юртбошимиз томонидан халқни рози қилиш борасида улуғ мақсадлар сари дадил қадамлар ташланаётган, қанчадан-қанча маҳбуслар авф этилиб, пешоналардаги қора тамғалардан халос қилинаётган бир даврда мазкур банднинг киритилиши ватанга садоқатли, имон-эътиқодли, меҳнаткаш, ўзининг ор-номусини фарзандларининг ахлоқида кўрувчи халқимизнинг махзун бўлишига сабаб бўлиб қолмасин, деган ташвишдамиз.

Юрт келажаги, миллат тараққиёти, дин ривожига салбий таъсир кўрсатадиган иллатлардан холи бўлиб, ислоҳотларимизнинг хайр ила давом этиши таъминланишини сўраб қоламиз!!!



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment