Ҳикоялар

Қора сочли қаҳрамон

Муаллиф Abduvali

Аркадий Аверченко

Очиғини айтсам, бу гал паришонхотирлик тўғрисида ёзмоқчиман. Ёзганларимдан паришонхотир кишилар хафа бўлишмайди, чунки улар паришонхотирликлари туфайли буни ўқишмайди.
Одатдаги одам учун паришонхотир киши азоб-уқубатнинг ўзгинаси: у баъзида бошқаларнинг янгироқ калишини ўзиникидай бемалол кийиб кетаверади, бошқа бировнинг хотинини худди ўзининг хотинидай ўпиб олади. Берган ваъдаси ҳамиша ёдидан кўтарилади. Бир ишни ишониб топширсангиз, уни албатта унутади.
Тўғриси, менда ҳам баъзан шунақа бўлиб туради.
Бир куни қандайдир ялтироқ китобни сотиб олиб, китоб дўконининг пештахтаси олдида тургандим, ўша фаромуш зот кириб келди-да, ўзини хотираси кучли киши қилиб кўрсатмоқчи бўлди. Менинг олдимга тўғри келиб бидирлади:
— Менга китоб беринг!
Мен унга таажжубланиб қарадим:
— Мен харидорман…
— Нимага бўлмаса сиз пештахтанинг ортида турибсиз? — деди у.
— Мен пештахтанинг ортида эмас, бу томонида турибман, — дедим энсам қотиб.
Унга бу оддий мантиқ етарли бўлмади.
— Демак, мен харидор сифатида пештахтанинг у томонига ўтишим керак экан-да. Мен бир томонда бўламан, сиз қарама-қарши томонда. Қаранг-а!
У мени мушкул аҳволга солиб қўйдим деб ўйлаб, айёрона кўз қисди, аммо шу вақт ҳақиқий сотувчи келиб қолди ва сўради:
— Нима буюрадилар?
Шунда ўша тентак ёйилиб тиржайди ва бамайлихотир деди:
— Ҳў-анавини…
— Сизга нима керак ўзи?
— Менга китоб беринг.
— Қанақа китоб?
Унинг юзида азобли зўриқиш пайдо бўлди ва хижолат бўлиб деди:
— Ҳалиги… бор-ку…
— Сарлавҳаси нима эди?
— Гап шундаки, мен… сарлавҳасини унутиб қўйибман. Мени ҳалиги… Эҳтимол, эсларман…
Сотувчи учун бундай ғаройиб харидорга стул бериб, то эслагунича ўтириб туришини илтимос қилишдан осони йўқ эди, аммо бу китобхон анойилардан бўлмасачи?
— Сиз эҳтимол муаллифини эсларсиз? — деди сотувчи умид билан.
— Йўқ, муаллифини ҳам эслолмайман, аммо бош қаҳрамоннинг сочлари тим қора эканлиги аниқ.
— Э, бу билан иш битмайди. Қорасоч қаҳрамонлар китобларда тўлиб ётибди! Унинг исми нима эди?
— Унинг исми… Худо ҳаққи, эсладим! Бу сўзни, биласизми, бошқа бир китобнинг муқовасида ҳам кўрганман.
— Сиз мабодо нашриётнинг номини айтмаяпсизми?
— Э, қуриб кетсин нашри! Эркак кишининг исми эди. Менга… ҳеч бўлмаса, Тургенов асарлари тўпламини беринг!
Сотувчи таажжубдан ёқасини ушлади.
— Ўраб бераверайми? — деди у ниҳоят енгил тин олиб.
— Кимни? Ўйлаб гапиряпсизми? — жаҳли чиқиб кетди харидорнинг. — Мен ўраб қўйилган китоблардан у сўзни қандай топаман? Ҳар қанақасини беринг… Ҳа, мана буни…
У Тургеновнинг китоби жилдидаги “Том ” деган ёзувга кафти билан уриб хитоб қилди:
— Мана ўша исм, эсладим.
— Том ? Нима у, қиролмиди?
— Э, бошга битган бало! Сизга ким айтди, уни қирол деб?
Харидор ўйланиб қолди ва кейин кафти билан пешонасига урди:
— Ҳа, эсимдан чиқибди! Унинг шахсий уйи бор эди.
Сотувчи оғир нафас олди.
— Эслолмайсизми, унинг уйи шаҳарнинг қайси қисмида жойлашган эди? Даромади яхшимиди? Қуриб кетгур ижарачилар ўз вақтида пул тўлаб туришармиди? А? Бир эслаб кўринг-чи.
Харидор саросимага тушмади, мутлақо хотиржам, таъкидловчи руҳда деди:
— Буни эслолмайман… Аммо кимнингдир қариндоши бўлгани рост.
— Бекор гап. У ҳеч кимнинг қариндоши бўлмаган. Қариндошларни тиқиштиришннг нима кераги бор.
— У уларнинг амакиси эди.
— Кимларнинг?
— Уларнинг-да умуман!
Сотувчи тишларини ғижирлатди. Унга раҳмим келиб кетди.
— Чамамда, мен уни тушундим, — дедим яқинига бориб. — “Том тоғанинг кулбаси”ни сўраяпти. Унга шу китобни беринг, даф бўлсин.
— Ҳа, ҳа! Мендан болалар “Том тоғанинг кулбаси”ни сўрашганди, — қувониб кетди харидор.
Мен жаҳл билан ундан сўрадим:
— Нега энди сиз бир йўла, Томни қора танли деб айтмадингиз. Қора соч деганингиз нимаси?
У менга зарда билан кўз қисиб жавоб қайтарди:
— Унда сиз менга қора соч эмас, малласочли бирорта негрни топиб беринг-чи!
У пул тўлашни ҳам унутиб, китобни қўлтиқлаганча кўчага чиқиб кетди.



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment