Ҳажвиялар

Ҳаёл ва аёл

Муаллиф Abduvali

У берилиб ёзаётганди. Ҳикоянинг бош қаҳрамони бўлмиш аёл покиза, серғайрат, одобли, гўзал, оқила, хуллас, фаришта эди.

Аёлдаги фазилатларни у шу тобда хотинига қиёслар, чиройли ва силлиқ чиқаётган жумлалардан ўзича баҳри дили очилиб, ижодга кўнгли сочилиб, равон ёзаётган қаламдан ҳам, фикрлашдан толиқмаётган миясидан ҳам айни пайтда жуда-жуда хурсанд эди.

Шу маҳал хонага оёқ учида юрганча хотини кириб келиб, унинг елкасига қўлини қўйди. Бармоқларидаги қўш тилла узукни кўриб, фикри бўлинди. Бошини кўтариб, уйқусираб турган хотинига қандайдир ғалати қаради.

— Ҳеч нарса керакмасми, жоним? — хотини гапирганда терилган қошлари осмонга кўтарилди, тилла тишлари ярқираб, уйқудан шишган қовоқлари тоғдай кўринди. — Нималарни бичиб-тўқияпсиз?

Унинг лаҳзада ранги ўчиб, юраги орқага тортди. Лекин буларни сездирмаслик учун ёлғондакам тиржайди. Ич-ичидан эса илҳом париси шу дақиқаларда уни ташлаб, узоқ-узоқларга учиб кетаётганини яққол сезди.

— Керакмас, — деди у истамайгина.

Хотини чиқиб кетди. У қаламини қўлдан қўймай, лабини тишлаганича узоқ ўтирди, аммо энди бир сатр ҳам ёзолмади, сўнг боя ёзиб ташлаганларига ҳайрон тикилди. Қаҳрамонининг қошлари ҳам терилмаган, тилла тишлари ҳам йўқ, муомаласи содда, сўзлари самимий, кўнгли очиқ ажойиб аёл. Эрининг ишига бемаврид аралашиб халақит ҳам бермаса керак. Аммо бунча фазилат бир аёлга ортиқчалик қилмасмикан?..

Барибир бошқа ёзолмади. Ноилож қаламни ташлади, қоғозларни йиғди. Қолган ишга қор ёғади энди. Яна озгина кирмай турганида қаҳрамоннинг фазилатларига ҳеч иккиланмай туриб ҳикоя битарди-я…

«Оила даврасида» газетасидан олинди.



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment