Мақолалар

«Барби» кўйлагида яширинган хавф

Муаллиф Abduvali

Яқинда бозорда синглим учун ўйинчоқ изладик. Ниятимиз, қирқ кокилли, эгнида атлас либосли қўғирчоқ олиш эди. Бироқ афсуски, бундай қўғирчоқни топиб бўлмади.

Бозорни замонавий, бир-биридан «гўзал» ўйинчоқлар эгаллаган. Айримлари одамга ўхшайди-ю, аммо бироз қўрқинчли. Болалар нигоҳида эса улар «супер қаҳрамон» сифатида гавдаланади. Либоси яримта, қийиқ етмай қолганга ўхшаш «барби»ларни айтмайсизми?! Болага бергани уяласан киши.

— Фарзанд тарбиясига бефарқ бўлмаган ота-она, айниқса, ўйинчоқ танлашда алоҳида эҳтиёткор бўлиши зарур, — дейди психолог Ҳазрат ЖАББОРОВ. — Сабаби, хориж маданиятини ўзида мужассам этган ўйинчоқларнинг бола тарбиясига салбий таъсири катта. Боланинг бир ёшдан мактаб ёшигача бўлган йиллар ўйинчоқ ўйнашга мойил даври ҳисобланади. Айнан болалик ўйинлари уларнинг ижтимоийлашуви, ҳаётни билиши, оила аъзоларининг ролини тушуниши, воқеликни англашига ёрдам беради. Шундай экан, улар қўлидаги қўғирчоқ дунёқараш, хулқ-атвор, келажакда қандай инсон бўлиб вояга етишига бевосита ўз таъсирини ўтказади.

Биргина Ғарбдан кириб келган «Барби»ни ўйнаган қизлар онгида барчани маҳлиё қилиш учун бачкана пардоз ва ярим яланғоч кийинишга даъват этадиган «оммавий маданият» унсурлари шаклланади. Унинг руҳияти ва характерига ғарбона таъсир кўрсата бошлайди. Яна жуфт қилиб қадоқланган қўғирчоқ, бу ҳам етмагандек аёли ҳомиладор кўринишида бўлса, шарм-ҳаё туйғуларини унутиб, уятни оддий ва аҳамиятсиз нарсага айланиб қолишига олиб келади. Эрта никоҳ сабабларидан бирига ҳам айланиши мумкин.

Энди бир ўйлаб кўринг. Ярим очиқ кийимли қўғирчоқ ўйнаган боладан, миллий либос кийишни сўраб бўладими? Аслида болага ўйинчоқлар оилавий қадриятлар, миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик каби хусусиятларни шакллантиришга хизмат қилиши лозим. Буни «Барби», «Супермен», «Ўргимчак одам», «Шрек» сингари қўғирчоқлар орқали сингдириб бўлмайди. Аксинча, ўзбек халқининг миллий қаҳрамонлари «Алпомиш», «Барчиной», «Тўмарис», эртаклардаги «Зумрад», «Қиммат», «Туронботир»ларни гавдалантирган ўйинчоқлар ёрдамида шакллантириш мумкин.

Демак, меҳр тўла бағрига митти она сифатида қўғирчоқни босиб алла айтган қизларимизга чет элдан кириб келган бузғунчи ғояларни эмас, момоларимиз ҳаёси юз-кўзида, эгнида акс этган миллий қўғирчоқларни совға қилайлик. Шунда фарзандларимиз оқила, доно, юксак маънавиятли бўлиб камол топади.

Фарангиз НЕЪМАТОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлими етакчи мутахассиси

od-press.uz



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment