Ҳикоялар

Манзилига етолмаган йўловчи

Муаллиф Abduvali
 
Нодир (мақоладаги исмлар ўзгартирилган) бир неча кундан бери бетоб бўлган онасига кечагина шифокорлар ёзиб берган дориларни топиб келиш мақсадида вилоят марказига бориш тараддудига тушди. Машинасини ўт олдириб, ёнидаги пулларини чамалаб кўргач, назарида, бир оз камдек туюлди. “Ҳечқиси йўқ, — ўйлади у. — Ҳозир туман марказига чиқиб, шаҳарга кетадиган тўртта йўловчини олиб кетсам, ҳарна ёрдам бўлади…”
 
У ёнига югуриб келган кичкина ўғилчасининг пешанасидан бир ўпиб қўйиб, машинасига ўтирди-ю, йўлга тушди.
 
***
 
Нодирнинг хаёли шаҳарда қиладиган ишларида эди. Аммо у борадиган манзилига бирга кетадиган ҳамроҳлар чиқиб қолишидан умид қилган ҳолда, йўл четида турган одамларни ҳам назардан қочирмасди. Туман маркази борадиган йўлга қайрилганида, тўртта аёл “Тўхтанг” ишорасини қилиб, қўл кўтаришди. Нодир машинани тўхтатганида, аёллар ундан шаҳарга олиб бориб қўйишини сўрашди. Нодир улар билан йўл ҳақини келишгач, биргаликда йўлда давом этишди. Аёллар машинага ўтиришлари билан суҳбатга берилишди, Нодир жимгина йўлдан кўзини узмай борарди.
 
Аёллардан бири — ҳайдовчининг ёнида ўтиргани машинага чиққанидан бери телефонда гаплашишдан бўшамасди. Унинг гап-сўзларидан эри билан гаплашаётганини пайқаш қийин эмасди. Чамаси, аёл шаҳарга қайсидир қариндоши касалхонага тушиб қолгани сабабли уни кўргани бораётганди. У телефондаги суҳбатини якунлагач, Нодир аёлни гапга тутди.
 
– Бирор яқинингиз касал бўлиб қолибдими, опа? — сўради у ёнидаги аёлдан.
 
– Ҳа, эримнинг яқин қариндошларидан бири касал экан, — деди аёл. — У кишидан кунда-кун ора навбат билан хабар олгани бориб турибмиз. Ҳозир эрим шунга баъзи нарсаларни тайинлаб айтяптилар. “Эҳтиёт бўлиб бориб кел”, дедилар.
 
– Беморларнинг ҳолидан хабар олиш катта савоб, болам, — дея суҳбатга қўшилди орқада ўтирган ёши кексароқ аёллардан яна бири.
 
Шу зайлда гап бир-бирига уланди. Нодир ҳам энди зерикмай, узоқ йўлни яқин қилиш мақсадида, йўловчиларнинг суҳбатига қўшилди. Онасининг бетоблиги, ҳозир дори учун кетаётгани ҳақида ҳам гапириб берди. Аёллар Нодирнинг бемор онасига шифо тилашди.
 
***
 
Худди шу лаҳзаларда вилоят марказидан туманга қараб йўлга чиққан Алишернинг “Дамас”ида олти нафар аёл бор эди. У йўлнинг ярмига яқинлашиб қолганида кутилмаганда чуқурлик борлигини кўрди-ю, ундан машинани олиб қочаман деб, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетди. Шу пайт рўпарадан келаётган Нодирнинг бошқарувидаги “Нексия”га кўзи тушиб, шошиб қолди ва бир он нима қиларини билмай қолди. Лекин ана шу лаҳзада катта тезликда ҳаракатланиб келаётган икки машина бир-бирига зарб билан урилди. Икки ҳайдовчи ҳам бир амаллаб машинани тўхтатишди. Бироқ энди кеч эди… Ҳар икки уловдаги аёлларнинг барчаси турли даражаларда тан жароҳатлари олишган, шаҳарга эрининг бемор қариндошидан хабар олгани кетаётган аёлнинг эса аҳволи жуда оғир эди. У тезда шифохонага олиб борилиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, ўша куннинг ўзида вафот этди…
 
Ҳар бири турли сабаблар билан йўлга чиққан йўловчиларнинг ҳеч бири ўз манзилига етмади. Ношуд ҳайдовчининг биргина хатоси туфайли қай бирлари бир умрга тўшакка михланди. Бир оила ўз бекасидан, болалар онасидан, бир эркак суюкли ёридан айрилди…
 
***
 
Минг афсуски, кундалик ҳаётимизда бундай ҳодисалар кўп учрамоқда. Айрим автотранспорт ҳайдовчиларининг шошқалоқлиги, масъулиятсизлиги ёки йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасликлари оқибатида йўлларда турли ҳалокатлар содир бўлиб, аксарият ҳолларда инсон умри завол топмоқда. Ҳайдовчининг биргина хатоси, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаслиги оғир ва аянчли оқибатларни келтириб чиқаришига, айниқса, кейинги пайтда жуда кўп гувоҳ бўляпмиз. Бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатини эса ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
 
Манзил сари шошиб, ўзгаларни унутган, кўзларига топадиган пулидан бошқа ҳеч нима кўринмайдиган йўловчиларга инсоф тилаймиз. Уйидан яхши ниятда оила, бола-чақасини ҳалол меҳнат билан боқиш истагида чиқаётган, қонунларимизга ва йўловчига ҳурматни сақлаган ҳайдовчиларимиз эса омон бўлишсин!
 
Сарвар САФАРОВ.
tasvir.uz


Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment