Ҳикоялар

Ойижоннинг соябони

Муаллиф Abduvali

Пётр Назарет 

Гарчи у биологик жиҳатдан фақат Жозе Атаиднинг ойиси бўлишига қарамай, ҳамма уни “ойижон” деб чақиради. Ҳаммага бирдай Ойижон бўлиш гоҳида унинг ғазабини қўзғатмай қолмасди. Бир гал Жозенинг Жон исмли ўртоғи уни «Ойижон» деб чақирганида, у тутоқиб кетиб «Сени туғиб қўйганманми ўзи, бундан буён мени «холажон» деб чақир!» дея койиб берган. Қўрқиб кетган Жон бир неча бор уни «холажон» деб чақириб кўрди, лекин сал ўтмай қайтиб бошдан ўз билгича «Ойижон»га ўтиб олди.
Эри Бомбайда вафот этгач, Ойижон Шарқий Африкадаги Уганданинг Энтеббе деган жойига ўғли билан кўчиб келган эди. Бомбайга эса иш қидириб, оиласи билан Гоадан келишганди. ўғли Шарқий Африкага тузукроқ ҳаёт илинжида кетиб, давлат босмахонасида яхшигина иш топган, босмахона иши, китоб муқовалаш кабиларни ўрганиб, қўшимча харажатларни қоплашга етарли пул топарди. У икки йилча аввал уйланиб ҳам олганди. Бир неча йил астойдил меҳнат қилиб, ўғил барча шароит муҳайё, учта ётоқхонали, помидор ва бошқа турли сабзавот ҳамда атиргул ўсадиган боғчаси бор замонавий уй эгасига айланганди. Гоа ва Ҳиндистондаги қашшоқлик фасли ойижон учун ортда қолгандай эди.
Фақат батамом эмас. Африкага келганида, у Гоа қанчалик даҳшатли бўлганини гапирарди. Бироқ, эрининг Гоадаги ота-бобосидан қолган уйига тез-тез бориб турар экан, унинг илк гапи «Бе-е, Африка қандай қўрқинчли! ўзимнинг уйимдан айланай!»дан иборат бўларди. Одамлар бу аёл нима исташини билмайдиган, истаган нарсасини топганда эса, уни асло топишни хоҳламаган аёллар тоифасидан деб билишарди. У ризқи қаёқдан келишини билмай ҳалак бўлган онларини ҳеч ҳам унутолгани йўқ. Балки эрталаб кўзини очиб, оиласини қайта илгаригидай камбағал бўлиб қолганини кўрар. У бирор нарсани кўпроқ ишлатиб ё йўқотиб қўймадимми, дея хавотирга тушаверарди.
Бироқ, кунларнинг бирида у ўзининг эҳтиётли аёл эканини унутди. Ойнадан ўғли Жозе билан келини Мариананинг «Фиат-1100» машинасига ўтириб ишга кетаётганларини кузатар экан, бирдан кўзи йўл четидаги Вилли да Кунҳага тушди. У велосипед минишни ташлаган, чунки шу кунларда бу унинг обрўсини пастга урар, лекин бир амаллаб машина сотиб олишга ҳам қурби етмасди. Вилли тиббиёт дўконида ишларди. Юришлари ноўнғайми? Ишга кеч қолмайдими бу аҳволда? Ойижон мўралаб, осмоннинг қорайиб келаётганини кўрди, афтидан довул турадиганга ўхшайди. У Вилли ишхонасига жала қуймасидан аввал етиб бора олармикин, дея хавотирланди. Айтганидай, бир зумда ёмғир бошлади. Қўққисдан қуйиб берган жала Ҳиндистон ва Гоадаги каби кучли эди.
Ойижон тўсиқ оралаб эшикка томон келаётган шарпани кўрди. Ё Алҳазар! «ўзинг кечир!» Унинг юраги қинидан чиқаёзди, курсига ўтирар-ўтирмас эшик тақиллади.
“Ойижон!” – Бу Вилли да Кунҳа эди. Ойижон эшикни очишга қўзғалмади, лекин Вилли асабийлашиб эшикни тақиллатаверди. «Ойижон! Ойижон!»
Овоз ички томондаги эшикни гурс-гурс ураётган каби эшитилгандагина у секин ўрнидан турди. Чивин киришидан сақлайдиган сим тўсиқ орқали ташқарига мўралади. Виллининг боши ҳўл эди. Бир гал тунда кучли жала қуйган, тепаликдаги лойни остонага ювиб тушганди. ўшанда, машинани ташқарига суриб чиқаришга уринишар экан, лойга қоришган қоп-қора ўлик каламушларни кўриб қотиб қолишганди. Каламушнинг думи айни пайтда Виллининг тақир бошидаги яккам-дуккам ҳўл сочларга жуда ўхшарди.
«Ойижон!»
Виллининг кўйлаги жиққа ҳўллигини сезган Ойижон эшикни очди.
«Ичкарига кир!» – деди у.
«Ойижон, соябонингизни бериб туринг, йўқса, ҳаммаёғим ҳўл бўлиб, ишга ҳам боролмай қолишим мумкин.»
Соябон дейдими? Йўғ-е, ўзи биттагина соябони бор холос-ку! Йўқ, ҳеч қанақасига уни бера олмайди. Лекин қандай қилиб, йўқ ҳам дея олсин?
«Атаид хоним, – ялина бошлади Вилли синиқ ясама тишларини кўрсатиб. – Худо ҳаққи, йўқ деманг, бизнинг Илоҳамиз қилган яхшилигингизга катта мукофот беради ҳали».
Худо ва Бокира Аёл тилга олингани учун Ойижоннинг йўқ дейишга тили бормади. Қолаверса, Вилли унга «Атаид хоним» деб мурожаат қилганди. «Майли, пича кутиб тур, ҳозир олиб чиқаман», – деди у кўнгли бўлмай ва ичкарига кириб ўнгиб кетган кичик қора бир нарсани кўтариб чиқди.
«Раҳмат сизга» – деди Вилли ташқарига юраркан соябонни очишга уриниб.
«Илтимос, уни эҳтиёт қил», – деди Ойижон, лекин кўнглида қандайдир афсусланиш туйди. «Бирпас кутиб тур, сочиқ олиб чиқаман сенга.»
Лекин сочиқ олиб қайтгунича Вилли жуфтакни ростлаб бўлганди. Яхшиям кетмасидан аввал соябонни қайтариб олиб келишини тайинлаган экан-а! Уни авайлаб ишлатармикин ишқилиб? Виллини ҳамма маст ҳолда тентираб юришини яхши биларди, балки ҳали шунинг учун ҳўлга ботишини шама қилиб ўтгандир. Атрофдагилар хотини билан ҳар доим жанжал қилишига унинг ичкиликка ружу қўйгани сабаб дейишарди. Ичкилик – гоаликларнинг лаънати одати. Да Кунҳа ҳадеб ичаверганидан боласи ҳам бўлмаган, бу балодан ҳеч қутулолмайди у, дейишарди одамлар. Лекин соябонни олди-ю кетди, боласи тушмагур.
Ойижон эрталабни жуда бетоқат ўтказди. Ёмғир тиниб, кўкда қуёш кўринди. Дарахтлар орасидан ялтираб жилваланаётган Виктория Кўлига назар солди у. Бояги қувноқ кайфиятидан асар ҳам қолмаганди. Назарида, Вилли да Кунҳа соябонни ишхонасида унутиб қолдирадиган ва биров уни ўғирлаб қочадигандай туюлди. ?еч кимга ишониб бўлмай қолди ўзи. Яхшиси, ошхонада овқат тайёрлашга ёрдам бериб, фикрларини чалғитиб тургани маъқул. Акс ҳолда ошпаз ҳам қоидага амал қилмаслиги мумкин. Жозе бу ошпазни Ойижон Гоага кетганда ёллаган, у гоача таом пиширишга устаси фаранг эканлигини айтиб ишга кирган, бироқ, Ойижон унинг ишини ҳамиша кузатиб турмаса бўлмасди. У ошхонада йўқлигида ошпазнинг шакар ёки туздан пича ўғирлаб қўйиш одати бор эди. Ойижон ошхонага ўтиб, ошпазга турли буйруқлар бериб, унинг «масала» деган таом учун гуруч, гўшт ва сабзавотларни тўғри ўлчаяпканлигини текшириб турди. Бекорга ҳеч нарса исроф қилинмаслиги керак ахир. «Масала»нинг янчилишини диққат билан кузатар экан, таомнинг тайёр бўлганига ишонч ҳосил қилгачгина, сал-пал кўнгли жойига тушди.
Ташқарида машина овози эшитилди, оҳ, Жозе билан Марина ишдан қайтишдими? Маринанинг ишхонаси – Жамоатчилик Ишлари Департаменти – Жозенинг иш жойига жуда яқин бўлганлиги учун, у доим йўл-йўлакай хотинини олиб уйига қайтади. Аксига олиб, ошпаз тушлик учун дастурхонни ҳали тузаб бўлмаган, дастурхонга тарелка келтириб қўйилгунча, Ойижон бориб эшикни очди.
Овқатланиб ўтиришаркан, Ойижон ўзини хотиржам тутишга уриниб ўғлидан «Вилли да Кунҳани тушлик қилиш учун уйига келаётганини кўрмадингларми эҳтиёт?» дея сўради. «Йўқ, Ойижон, нега уни сўраб қолдингиз?»
«У соябонимни фойдаланишга олиб турганди!»
«Нима! – таажжубланди Марина, – ахир унинг ғирт пиёнисталигини биласиз-ку, бу маст қургур бор пулини ичкиликка сарфлайди-я. Гаров ўйнайманки, у соябонингизни бирор хизматкорга сотиб, пулига ароқ олиб ичади.»
Ойижон ҳушидан кетишига сал қолди. Жойидан аранг қўзғалиб, хонасига бориб ёнбошлади.
«Ойижон! – чақирди Марина ташқаридан, – сизга нима бўлди, тузукмисиз? Вилли ҳақида айтган гапларимдан хафа бўлдингизми? Ҳазиллашдим-ку ахир, ойижон!»
Лекин у чурқ этгани йўқ.
«Нима бўлганда ҳам соябонингиз жуда эскириб кетган эди, – деди Марина ётоқхонага сочини тарашга ўтаркан, – унинг пулига ичкилик келармиди?»
Бу нарса соябонни сотишдан тўхтатиб қолиш учун етарлими эди! Наҳот Марина қўлбола ичкилик одатдагисига қараганда анча арзон эканлигини унутган бўлса? Шундай бўлмаганда, хизматкорлар ҳар куни ичиб маст бўлиш учун пулни қаёқдан топишарди дейсиз? Ойижон болалари ишга қайтиб кетгунича ўзини ухлаганга солиб ётди.
Вилли да Кунҳа эшик ортида илжайиб турарди. «Ойижон, – тиржаяди у, – мана, олинг соябонингизни.»
Ойижон ялтироқ бир нарса бадбўй суюқликка айланишига тикилиб қараб қолди. Югуриб бориб уни ушламоқчи эди, лекин бармоқлари орасидан сирғалиб, ерга тушай деганда, йўқ бўлиб кетди.
«Яхши қолинг, – унинг устида кулди Вилли да Кунҳа ва қўлларини қанотдай қоқиб осмонга кўтарилди. У аста кўздан ғойиб бўларкан, Ойижон унинг аллақандай бир йиртқичга айланиб қолганини кўрди.
«Йўқол кўзимдан, махлуқ!» – қичқирди у. Гъизиллаб келаётган машиналар шу ондаёқ тўхтаб қолди ва қаттиқ сигнал чалаберди. Бу овоз унинг ақлу ҳушини олди. Чўчиб уйғонди Ойижон. Улар қайтишибди! Икки соатча чамаси кўзи илинибди ўзиям. Ирғиб тураркан, эшикни очишга ошиқди у. Хизматкор ҳамма нарсани тахт қилиб қўйибди. Стол устига пиёла, усти ёпилган чойнакда қайноққина чой, бир кўза сут, шакардон ва Ойижон ўтган байрамга тайёрлаган мевали ширинлик қўйилганди.
Ҳаммалари чой ичишга ўтиришди.
«Вилли да Кунҳани кўрмадингми?»
«Нега Ойижон ҳадеб сўраяпсиз уни, – хит бўлгандай сўради Жозе, – Виллини унутинг, соябонингизни еб қўймас ахир! Қайтиб беради-да уни.»
Эҳ, Жозе нимани ҳам биларди! У бу уйдаги ҳаёт қийинчиликларини четлаб ўтди. Нарсаларнинг қадр-қимматини билгани йўқ. Ундан ёрдам кутолмайман, ўйлади Ойижон.
«Ҳей, – деди Жозе деразадан қараркан, – кеч қоляпмиз-ку!» Кампала Гоа институтидан ташриф буюран жамоа билан бўладиган аёллар хоккейида Марина ҳимоячи сифатида қатнашиши, Жозе эса ҳакамлардан бири бўлиши керак эди-ку. Деразадан қараб тепалик томондаги хоккей майдонини кўрса бўларди. Бир нечта машина тўхташ жойига қўйилган, аллақачон уч-тўрт ўйинчи майдонга тушганди. Гоаликлар спортни жуда яхши кўришар, бирорта ўйинни қолдиришмас, ё ўйинчи ё ҳакам бўлишар, ҳеч бўлмаганда, томошабинликни қойиллатишарди. «Тезроқ бўл, азизам», деди Жозе сакраб ўрнидан тураркан. Улар шошилганча ётоқхонада кийимларини алмаштиришди-да, кўчага отилишди.
Бу ёшларга ҳайронсан, қачон қарама ҳовлиқиб юради, ўйлади Ойижон жаҳли чиқиб. Тўғри-нотўғрининг фарқига ҳеч боришмайди-да.
Ошпаз уйдан чиқиши билан, Ойижон кўчага киядиган кўк гулли узун кўйлагини кийиб, ҳар томонга ёйилиб кетган жўжаларини қидириб юрган она товуқдай лапанглаб ташқарига чиқди. Бошининг орқа тарафига маҳкам турмакланган сочи, кўзларини катталаштириб кўрсатадиган кўзойнаги, қисқа, аммо илдам қадамлари чиндан ҳам товуқни эслатарди.
Асосий йўлга ўтаркан, кўча бўйлаб тез-тез юриб борди у. Уларнинг уй рақами 22, Виллиларники 34 эди. Ойижон Виллининг уйига келиб, эшикни қаттиқ тақиллата бошлади.
«Ҳоди!» – чақирди у.
Чурқ этган овоз йўқ.
Олдиндан билганди-я шуни! Бу одамга ишониб бўлмайди деб айтганди-я.
«Хўжайин ухлаб ётибдилар!» – Бу ҳовлида тентираб юрган ошпазнинг овози эди.
«Нима-нима, ухлаб ётибди дейсанми? Куппа-кундуз куни, соат беш яримда-я? Кимни лақиллатаман деб ўйлаяпти ўзи?
«Бу уйнинг бекаси қаерда?» – сўради Ойижон.
«Бекам ўйинга кетдилар.»
Есим қурсин, у ҳам ўйин жинниси-ку. Бекаси марказий ҳужумчилардан бўлиб, жамоага энг кўп очко келтирадиган ўйинчи эди.
Ойижон асосий ётоқхонанинг деразасига тирмашаркан, овози борича «Ей ярамас, бу ёққа чиқ қани!» дея бақирди. «Биламан, ичкарида писиб ётибсан!»
Панжара олдида кўзларини сузиб бир киши кўринди. «Нима… ким у… нима бўляпти бу ерда?» Ё алҳазар! Ҳатто панжара ортидан лаънати ичкиликнинг ҳиди гупиллаб Ойижоннинг юзига урилди ва у ортга чекинишга мажбур бўлди. Бу гўрсўхта ишхонада ичишдан ҳам уялмайди!
«Соябоним! – хириллаган овозда ўшқирди Ойижон, – қани у?»
«Нима?.. – ўхчиди маст, – қанақа… нима?»
«Менинг соябоним! – қичқирди Ойижон, – бугун эрталаб мендан олиб турувдинг-ку!»
«Сизнинг… нимангиз?.. – алаҳсиди маст гандираклаб. Қўли билан ҳайвонот боғидаги маймунга ўхшаб бошини қашиди, ниманидир эслагандай бўлиб «ҳааа, сизнинг соябонингизми, ҳа, йўқ, у менда эмас.»
«Нима дединг?» – Ойижон бир қадам ортга чекинди ва ёмғирда юмшаб қолган ерга тойилиб кетишига сал қолди. Унинг ўйлагани рост чиқди! Бу одам чиндан ҳам товламачи экан!
«Йўқ, ҳалиги… мен уни жаноб Коелҳога қарзга бериб юбордим.»
«Қанақа Коелҳо, қандай қилиб?»
«Бен – Бенжи. У… у ёмғирда уйига кетмоқчийди. Хотинини кўргани. Қайтариб бераман деб айтди.» Шу гапларни айтиб, бу нусха кўздан ғойиб бўлди.
Ойижон ойнага яқин келди, лекин мастнинг турқини бошқа кўрмади. Бу бетинг қургур маст-аласт бўлиб ётаркан, кутиб ўтиришдан нима фойда? Яхшиси Ойижон Бенжи Коелҳони ахтариши керак. Коелҳо деганлари бунисидан кам эмасди. Одамлар унинг ичволиб хотини билан жиққамуш бўлишини яхши билишарди. Яқинда хотини гоаликлар орасида жанжал кўтариб, эрининг устидан милитсияга арз қилди. Маринанинг тоғаси ишни бости-бости қилишни сўраб, милитсияни ишонтиргунча она сути оғзига келди. Бундай муаммолар фақат гоаликларнинг орасида, бегонани аралаштирмасдан ҳал қилинмоғи керак ахир!
Ойижон йўлдан ўқдай кесиб ўтаркан, ўзича ғудур-ғудур қилиб кетаберди. Ҳали анча юриши керак. ўғли Жозе машина сотиб олгандан буён Коелҳонинг уйигача бўлган масофани пиёда босиб ўтмаганди-я. Лекин айни пайтда у масофа ҳақида мутлақо ўйламаётган эди. Ароқ сотиб олиш учун соябонни сотиш эҳтимоли ҳануз йўқ эмасди.
Ойижон йўлда кетаётганларни зўрға илғар, ҳансираб-ҳансираб борарди. Ахири, кўзлаган жойига етди. У икки асосий йўлнинг бурчагида аёллар шляпасига ўхшаган, эски русумдаги айвонли, ярми ажратилган бир уйнинг рўпарасида тўхтади.
Эшикни тақиллатди у.
Ичкаридан дод-вой эшитиларди. Нима бўляпти ўзи? Бировни ўлдиришяптими? Эшик тугмасини босишга иккиланди Ойижон. Лекин соябон нима бўлади? Аста итарганди, эшик очилди.
«Сен, ҳаромисан, нимага ҳам отамнинг гапига кўнган эканман-а? Қаёқданам сенга уйландим?»
Ойижон оёқ учида юриб ичкарига кирди.
Бир шиппак визиллаб қулоғи олдидан учиб ўтди. «Менга ўхшаган тентак бўлмаган-да, сенга ўхшаганларга ҳеч ким уйланиб ўтирмасди!» Ойижон бетартибликни ёқтирмасди. У шиппакни ердан олди.
Ичкарида жанжал бўлаётгани сезилди. Ойижон меҳмонхонага суқилиб кирди. Коелҳо хоним у ёқдан-бу ёққа ирғишлар, қўлида бир пой шиппак, ерда стул ағанаб ётар, чамаси унинг устидан сакрамоқи бўлган.
«ўзинг уччига чиққан алдамчисан! Аҳмоқ! Сен Африкада катта одамман деб менинг отамни аврагансан! Сенга фақат молу давлатим, сепим керак эди холос! Сендан кўрганим шуми?»
«Вой тақводор ярамас-ей! – Бенжи Коелҳо кўзларини девордаги икки чироқ билан безалган Мадоннанинг портретига қадади. – Художўй иккиюзламачи! Черковингдан бошқасини билмайсан! Бор будингни ўша черковингга икки қўллаб бериб юбординг-ку! Мен бирор чақангни ишлатдимми ўзи?» У Ойижонга ишора қилди: «Мана, сиз айтинг, ишлатдимми?!»
«Мен… мен истайманки…» – дудуқланди Ойижон.
Шу онда Коелҳонинг қўлидаги ёстиқ учиб бориб хотинининг кенг кўкрагига бориб тегди.
Коелҳо хоним ерга энгашиб қандайдир қуролни қўлига олди. Уни боши устига кўтарди у. Бу қурол қора эди. Бу… соябон эди. Айни Ойижоннинг соябони!
Ойижон диванга чўкиб қолди. Ҳаммаси тугади.
«Шиппакни менга беринг!» – деди жаноб Коелҳо Ойижонинг олдига келиб унинг қўлидан юлқиб оларкан. Бир ҳаракат билан крикет ўйинчиси каби уни отиб юборди. Шиппак учиб бориб кўтарилган ҳалиги қора буюмга тегди. Соябон тақиллаб полга тушди.
«Товламачи! – қичқирди Ойижон оёққа қалқиб. – Икковинг ҳам бир-бирингдан баттарсан! Қачон қарама уришганинг-уришган, бошқаларни ҳам жанжалга тортасанлар доим. Ҳеч кимни ҳурмат қилиш йўқ! Ҳатто Худони ҳам! Ҳеч нарсани! Сен топган-тутганингни ичкиликка сарфлайсан, сен эса, хотин бўлиб, эрингнинг кўнглини олишни ва назоратда тутишни билмайсан! Маймунга ўхшамай кетларинг! Иккиюзламачилар! Муқаддас Бокира Аёл олдида ўзингизни кўрсатмоқчимисиз? ўша қишлоғингиз Маликриёдни ташлаб келмасангиз гўрга эди! Лаънат сизларга!» Орага жимлик чўкди. Коелҳолар турган жойида тарашадай қотиб қолди. Девордаги Мадонна ҳиссиз боқиб турарди.
Ойижон бориб соябонни олиш учун эгилди. У қўлини тим мато остига тиқиб, уни юқорига сурди. Кўршапалак уйғониб кетган кўйи қора мато қанот ёзди.
Худди муқаддас бир буюмдай уни ўнг қўлида ушлар экан, Ойижон чап муштини силкиб, ўдағайлади. «Қайтиб соябонимни бировга берганим бўлсин!»
У соябонни боши устига кўтарганча, қувониб у ёқдан бу ёққа юра бошлади. «Улар бир-бирлариники бўлган, бир-бирлари билан яшаган ҳолда ит-мушукдай уришиб-тортишадилар! – деди у. – Мен-чи, мен, неча йиллардан буён Унинг хотираси билан якка-ёлғиз яшадим ва ҳануз Унинг менга қилган азиздан азиз шу совғаси – соябоннинг соясида яшаб, умрим адо бўляпти…»
Одамлар очиқ, илиқ ҳавода соябон кўтарган бу қарияга бир нима бўлганми, дея қараб-қараб қўйишарди. Шу кампирларга ҳайронсан-да ўзи. Гоҳи гоҳида улар худди телбаларга ўхшаб, ўзларига ўзлари гапириб юришади-я…

Инглиз тилидан Аъзам Обидов таржимаси



Муаллиф ҳақида

Abduvali

Leave a Comment